Ўқитувчимисиз ва сизга ҳамма эҳтиром кўрсатишини истайсизми? У ҳолда Хитой, Малайзия ёки Тайванда дарс беришингизни маслаҳат берган бўлар эдик.

Сабаби халқаро сўровномалардан бирининг натижаси айни шу давлатларда ўқитувчиларнинг омма томонидан юқори даражада ҳурмат этилишини кўрсатмоқда.
Бироқ Бразилия, Исроил ва Италия каби кўзга кўринган мамлакатлар ўзига хос «ўқитувчилар обрўси индекси»да қуйи ўринларни эгаллаган. Индекс Британияда жойлашган Иқтисодиёт ва Ижтимоий Тадқиқот Миллий Институти ҳамда Varkey Foundation ташкилоти томонидан тайёрланган.
Буюк Британия мазкур рейтингнинг юқори ярмидан жой олган. Мазкур сўровномага таянилса, британ ўқитувчилари ўз жамиятида АҚШ, Франция ва Германиядаги ҳамкасбларидан кўра яхшироқ ҳурмат қилинади.
Бироқ рўйхатнинг энг юқори поғонаси Хитойга насиб этган. 35 минг иштирокчи ўртасида ўтказилган сўровномага кўра, хитойлик ўқувчиларнинг 81 фоизи ўз ўқитувчисини ҳурмат қилади. Бу борадаги халқаро ўртача кўрсаткич эса 36 фоиз.
Ҳурмат қилиш маданияти

Европа ва Жанубий Америка давлатларининг аксарида «ўқувчилар ўз ўқитувчисини унча ҳурмат қилмайди,» деган қараш шаклланган.
Аммо ўқитувчини эъзозлаш маданияти Осиё, айниқса, Жанубий Корея ва Сингапур каби давлатларда юқори даражага кўтарилган.
Айнан шу давлатлардан бўлган ўқувчиларнинг халқаро имтиҳонлар ва мусобақаларда кўрсатаётган натижаси ҳам юқори. Тадқиқотчилар буни ўқитувчиларнинг кўп даражада ҳурмат қилиниши малакали ходимларни таълим тизимига жалб этиб келиши билан изоҳлайди.
Ўқитувчиларнинг бирор мамлакатда қанчалик даражада иззат қилинишини билишнинг яна бир усули – бу ота-оналарнинг ўз фарзандига ушбу касбни раво кўриш-кўрмаслигини аниқлашдир.
Хитой, Ҳиндистон ва Ганада кўплаб оилалар фарзандининг ўқитувчи бўлишини истайди.
Россия, Исроил ва Японияда эса бунинг аксини кўриш мумкин.
Буюк Британияда ота-оналарнинг 23 фоизигина фарзандини ўқитувчи бўлишга ундайди.
Тадқиқотда ўқитувчиларнинг иш шароити ҳам ўрганиб кўрилган.
Тадқиқ этилган мамлакатларнинг аксариятида – бу дарс соатлари энг узоқ бўлган Янги Зеландия бўладими ёки кам бўлган Мисрми – одамларда ўқитувчиларнинг иш соатлари тўғрисида нотўғри қараш шаклланиб қолган.
Дунёда самарадорлиги энг юқорилардан бўлган икки таълим тизими – Канада ва Финландия – бундан мустасно. Бу давлатлардаги омма ўз ўқитувчиларини сидқидилдан ва ҳаддан зиёд меҳнат қилишига ишонади.

Меҳнатга яраша ҳақ
Тадқиқот беш йил олдин таълим тизимига нисбатан муносабатларни ўрганган ўхшаш илмий ишни ҳам давом эттирган.
Беш йил ичида таълим тизими ва ўқитувчиларнинг касбий ҳаётида ўзгаришга учраган энг катта нарса – бу меҳнат ва самарадорликка яраша ҳақ тўлашнинг оммалашишидир. Беш йил олдин ўқитувчиларнинг кўрсатаётган натижасига муносиб ҳақ олиши масаласи дунё бўйлаб кўп муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Тадқиқот ўқитувчилар аҳамиятини оширишни кўзлаган Varkey Foundation хайрия ташкилоти томонидан эълон қилинган.
Фонд асосчиси Санни Варкей шундай дейди: «Мазкур индекс, ниҳоят, барчамизга маълум бўлган ҳақиқатни илмий жиҳатдан исботлаб берди – ўқитувчининг жамиятдаги обрўси ва ўқувчиларнинг кўрсатаётган натижаси ўртасида ўзаро боғлиқлик борлигини.»
“Энди биз бемалол ўқитувчини эъзозлаш нафақат ахлоқий бурч, балки мамлакат маориф тизимининг равнақ топиши кафолати эканини бемалол айта оламиз.”
Қаерда ўқитувчилар энг кўп ҳурмат қилинади?
- Хитой
- Малайзия
- Тайван
- Россия
- Индонезия
- Жанубий Корея
- Туркия
- Ҳиндистон
- Янги Зеландия
- Cингапур
Муаллиф: Шон Коглан