Эрта қайтган турналар (қисса)-1

 

Ўғлим Асқарга
Оқсой, Кўксой, Сариқсой — кезмаган ер қолмади, Лекин ҳеч бир
ўлкадан ўхшашинг топилмади…
Қирғиз халқ қўшиғи

* * *
Иовга элтди чопар шумхабар: «Ўғлонлар кўксига санчилмиш
ханжар…»
«Иов» китобидан

* * *
Қайта-қайта даласини шудгор қилар қўшчилар,
Қайта-қайта сепадилар ерларига уруғ, дон,
Қайта-қайта ёмғир билан сийлар уларни осмон…

Умид билан ер ҳайдайди одамлар,
Умид билан уруғ сочар одамлар,
Умид билан денгиз кетар одамлар…
«Тҳерагатҳа», 527-536-бетлар.
Қадимги Ҳиндистон адабиёти ёдгорликларидан

Биринчи боб

Совқотиб, дағал шол рўмолга ўраниб олган муаллима Инкамол опа география дарсида Цейлон ҳақида, океаннинг Ҳиндистонга яқин қирғоқларида жойлашган ўша афсонавий орол ҳақида ҳикоя қилар эди. Цейлон мактаб харитасида бепоён ерга нисбатан бир нуқтадай кўринар эди. Яхшилаб тингласанг, нималар йўқ у ерда, маймунлару филлар ҳам, бананлар ҳам (қандайдир мевалар), дунёда энг яхши чой ҳам ва турли-туман ёввойи мевалар, нотаниш ўсимликлар ҳам бор. Ҳаммасидан ҳам уёқ доим шундай иссиқ бўлади-ки, йил бўйи бемалол юраверасан: этик ҳам, қалпоқ ҳам, пайтава-ю пўстин ҳам керак эмас. Ўтинни-ку, умуман, кераги йўқ. Шундай бўлгач, кўрай териб келиш учун далага боришнинг, бурнинг ерга тегай-тегай деб шох-шабба, ўтин орқалаб келишнинг кераги ҳам йўқ. Мана яшаш деб шуни айтади-да. Маза қилиб юравер, ҳоҳласанг офтобда исин, хоҳламасанг сояда ёт. Цейлонда кеча-ю кундуз ҳаво иссиқ, шундай роҳатки, ёзнинг ниҳояси кўринмайди. Қанча хоҳласанг шунча чўмилавер, хоҳла эрталабдан кечгача. Зериксанг туяқушларни қувла, туяқушларми, албатта бор у ерда. Уёкда бўлмай қаерда бўлсин яна бу каттакон овсар қушлар. Цейлонда ақлли қушлар ҳам бор, масалан, тўти. Агар хоҳласанг уни тутиб оласан-да, сайрашга, кулишга, ҳатто рақс тушишга ҳам ўргатасан. Тўти шундай қушки, ҳамма нарса қўлидан келади. Айтишларича, шундай тўтилар ҳам бор эканки, ҳатто ўқишни ҳам билармиш. Овулдагилардан кимдир ўқишни биладиган тўтини Жамбул бозорида кўрган экан. Тумшуғига газета тутсанг шариллатиб ўқиб ташлайверармиш…
Э-ҳе, нимасини айтасан, ажойиботларнинг ҳаммаси Цейлонда. Ҳеч нарсани хаёлингга келтирмай бемалол яшайверасан. Муҳими, плантация эгасининг кўзига кўринмасанг бўлгани. Қўлида қамчиси билан юради. Худди қулларидай цейлонликларнинг елкаларига қамчи билан тушириб қолади. Золим! Қулоқ-чаккасига қарсиллатиб туширсанг-да, кўзларидан олов чиқиб кетса. Қамчисини тортиб олиб, ўзини ишлашга мажбур қилсанг. Эксплуататорлар-у капиталистлар эркалигини йиғиштириб қўйсин, бошқа гап йўқ: ўзинг учун ўзинг ишла, ўз чориғингни ўзинг судра, вассалом! Ахир ўшалардан фашистлар келиб чиқади-да… Уруш ҳам ўшаларнинг иши… Овулларидан қанча киши ҳалок бўлди-ю, онаси ҳар куни йиғлайди, ҳеч нарса демайди-ю, йиғлайди, отасини ўлдириб қўйишларидан қўрқади. Қўшни хотинга эса, бир фалокат бўлса, қаерга бораман тўрт болам билан, дейди…
Совуқ синф хонасида жунжиккан, болалар йўталининг тўхташини тоқат билан кутиб турган Инкамол опа Цейлон, денгизлар ва иссиқ мамлакатлар ҳақидаги ҳикоясини яна давом эттирди. Эшитаётганларига гоҳ ишониб, гоҳ ишонмай (жуда ажойиб таърифланар эдида ўша ўлкалар) Султонмурот Цейлонда яшамаётганига ич-ичидан афсус қила бошлади. «Ана яшаш-у, ана сенга ҳаёт!» — ўйлар эди у кўз қири билан дераза томонга қараб-қараб қўяркан. У буни қойиллатарди. Гўё муаллиманинг сўзини тинглаётгандай бўларди-ю, ўзи эса деразадан кўз узмасди. Аммо ташқарида ўзгариш йўқ эди. Ташқарида ёғингарчилик. Бўралаб қор ёғарди. Қор учқунлари деразага урилиб шитирларди. Ойналар муз билан қопланган. Дераза ойналари хира. Деразаларнинг замаскалари ҳар жой-ҳар жойидан кўчиб, сиёҳга беланган дераза токчасига тушиб ётарди. «Цейлонда замасканинг кераги йўқ, — ўйларди у. — Кимга ҳам керак? Дераза у ёқда турсин, уйларнинг нима кераги бор. Чайла қуриб олиб, тепасини япроқлар билан ёпиб олгин-да, яшайвер…»
Деразадан ҳамиша шамол уриб турар, ҳатто ромларнинг тирқишларидан ҳуштак чалиб ўтаётгани эшитиларди. Деразанинг ўнг ёнбоши айниқса совуқ эди. Чидашга тўғри келади. Дераза ёнига уни Инкамол опанинг ўзи ўтқазиб қўйган. «Сен Султонмурот, — деган эди у, — синфда энг бақувватсан. Совуққа чидай оласан». Авваллари совуқ тушгунга қадар, бу жойда Мирзагул деган қиз ўтирарди, уни Султонмуротнинг жойига кўчирдилар. У ер унчалик совуқ эмас. Шундай бўлса ҳам уни шу ерда, мана шу партада қолдирганлари яхши эди. Барибир совуқни Султонмурот тўсиб турарди. Ўтиришарди-да ёнма-ён. Энди бўлса танаффус пайти ёнига борсанг қизариб кетади. Бошқалар билан гаплашиб тураверади-ю, Султонмурот келиши биланоқ қизариб қочиб қолади. Орқасидан қувиб юриши ноқулай. Кулгига қолади. Бу қизлар ҳар хил уйдирмалар тўқишга жуда уста. Дарров ёзувлар пайдо бўлади: «Султонмурот — Мирзагул — ошиқ-маъшуқ». Бир партада ўтиришганида-ку, ҳеч нарса бўлмасди…
Ташқарида гупиллаб қор ёғарди. Ҳаво очиқ кунлари синф хонасидан туриб қарасанг шундоқ кўз олдингда тоғлар туради. Мактабнинг ўзи ҳам тепаликда, овулдан анча баландлиқда жойлашган. Овул пастда, мактаб тепада. Шунинг учун бу ердан, мактабдан туриб атрофни кузатиш осон. Узокдаги қорли тоғлар худди расмдагидай кўринади. Ҳозир эса қоронғида уларнинг ғамнок туриши зўрға кўзга чалинади.
Қўл ҳам, оёқ ҳам увушиб қолади. Ҳатто белинггача совқотади. Эҳ, синф шундай совуқки. Авваллари, урушдан олдин мактаб қуритилган қўй қийи билан иситиларди. Худди кўмирнинг ўзи эди: зўр ёнарди. Энди бўлса похол олиб келишади. Похол печкада гур этиб ёнади-ю, ҳеч қандай иссиқ бермайди. Бир-икки кун ўтгач, похол ҳам тугайди. Похолдан фақат кул қолади.

Афсуски, Талас тоғлари табиати иссиқ ўлкаларникидай эмас. Табиати бошқача бўлганида яшаш ҳам бошқачароқ бўлармиди. Ўз филлари бўларди. Худди буқаларни миниб юргандай филларни миниб юришарди. Нима бўпти, қўрқиб ўтирмасди. Биринчи бўлиб ўзи қоқ калласига, иккала қулоқлари орасига миниб оларди-да, худди дарсликдаги расмдагидай овул бўйлаб айланиб юрарди. Одамлар ҳар томондан: «Қаранглар, югуринглар, Бекбойнинг ўғли Султонмурот фил миниб юриб-ди!» — дейишарди. Ана ўшанда Мирзагул кўрарди-ю, ҳаваси келиб афсусланарди балки… Ўзига зеб берганини қара-ю! Яқинига йўлаб бўлмайди. Аччиғи чиқса маймун билан газета ўқийдиган тўти топади. Уларни фил устига, орқасига ўтирғизиб қўяди. Жой етади, филнинг устига бутун синф болалари билан ўтирса ҳам бўлади. Рост! Буни у биров айтмаса ҳам билади.
Тирик филни у ўз кўзи билан кўрган, буни ҳамма билади, тирик маймунни ва бошқа хил йиртқичларни ҳам кўрган. Бу ҳақда овулда ҳамма билади, ўзи неча марта айтиб берган. Ҳа, ўшанда омади келиб, уларни кўрган эди…
Урушгача, нақ урушдан бир йил олдин бўлиб ўтган эди унинг ҳаётидаги бу унутилмас воқеа. Ўшанда ҳам ёз эди. Пичан ўришаётган эди. Отаси Бекбой ўша йили Жамбулдан шу ердаги МТСнинг нефт омборига ёнилғи таширди. Ҳар бир колхоз ёнилғи ташиб келишга транспорт ажратиши керак эди. Отаси ҳазиллашиб ўзини ўзи мақтаб қўярди: мен, дер эди, оддий аравакаш эмасман, баҳоси йўқ аравакашман, мен учун, отларим ва аравам учун колхоз ҳукуматдан ҳақ олади. Мен, дейди, колхоз ҳамёнига даромад келтираман. Шунинг учун бухгалтер кўрган жойида отдан тушиб салом беради…
Отасининг араваси фақат керосин ташишга жиҳозланган эди. Кузовсиз, шундоқ тўрт ғилдирак устида темир қисқичларга ўрнатилган иккита темир бочка-ю олд тарафда, энг олдинда, аравакаш ўтирадиган жой. Араванинг бор-йўғи шу. Аравакашнинг жойига икки киши ўтирса бўлади, аммо уч кишига торлик қилади. Лекин отлар шундай зўрки, улардан яхшисини тополмайсан. Отасининг отлари ажойиб, бақувват эди.
Бурул ахта Чопдор билан тўриқ ахта Чонтор. Уларга урилган жабдуқ ҳам пишиқ, ўзи ҳам лоп-лойиқ. Бўйинтуруқлари бойваччаларникидай ноёб, кўпдан қилинган абзаллари арава мойи билан мойланган. Минг тортсанг ҳам узолмайсан. Бундай узоқ йўлда шундай бўлиши ҳам керак-да. Отаси пишиқ, тартибли иш қилишга ўрганган. Доим отларни бир маромда йўрттирарди. Чопдор билан Чонтор баъзан ёлларини силкитиб, бир маромда чопиб, худди иккита балиқ баравар сузаётгандай сояланиб келардики, уларни томоша килиш гаштли эди. Одамлар ғилдирак товушларини узокдан эшитибоқ: «Бекбой яна Жамбулга кетяпти», — дейишарди. Бориш-келиш учун икки кун кетарди. Бекбой ортига қайтар экан, юзлаб километр йўл босганга сира ўхшамас, одамлар ҳайрон қолишарди. «Бекбойнинг араваси худди рельсларда юрадиган поезднинг ўзгинаси-я!» Улар бекорга ҳайратланмасдилар. Толиққан ёки сўлиғи ўйнаган уловни арава ғилдиракларининг овозидан ҳам пайқаса бўлади. Ёнингдан ўтгунча жонингни суғуриб олади. Бекбойнинг отлари эса доим енгил йўрғалайди. Балки шунинг учун ҳам энг қийин сафарларни унинг зиммасига юклашгандир.
Шундай қилиб, ўтган йили энди ўқиш тугаб, таътил бошланганида отаси шундай деб қолди:
— Шаҳарга бирга олиб борайми? Султонмурот азбаройи қувонганидан нафаси бўғзига тиқилай деди. Бўлмаса-чи. Отаси унинг шаҳарни кўришни кўпдан бери орзу қилиб юрганини қаердан биддийкин? Ахир ҳали шаҳарда бирор марта ҳам бўлмаган. Қойил иш бўлди-да!
— Яна бу ҳақда мақтана кўрма, — жўрттага қўрқитиб қўйди отаси. — Бўлмаса укаларинг шундай жанжал кўтаришадики, кейин бирор жойга бориб бўпсан.
Тўғри гап. Ажимурот, ундан уч ёш кичкина-ю, ҳеч нимада, ҳеч қачон акасига ён бергиси келмайди. Эшакдай қайсар. Гоҳо отаси уйдалигида Ажимуротнинг дастидан унинг оддига ҳам боролмайсан. Отасининг елкасидан тушмайди. Гўё ёлғиз унинг ўзи-ю, бошқалар ҳисобда йўқ.
Иккита сингиллари, улар ҳали кичкина эдилар ўша пайтлар, ҳатто ўшалар ҳам йиғи-сиғи билан аранг ота меҳрига муяссар бўлишарди. Намунча бу кичиги отасига ёпишмаса, деб қўшнилар ҳам ҳайрон эдилар. Орувхон момодан, баджаҳл, чўпдай, қалтироқ товушли аёлдан ҳамма қўрқарди. Шу кампир бир эмас, неча марта қоқшол қўллари билан Ажимуротнинг қулоғини бураб огоҳлантирган эди:
— Сен шумтаканинг отангга ёпишиб олганинг яхшилик аломати эмас! Ер юзида бир фалокат рўй берадиганга ўхшайди! Бу қандай гапки, ўғил бола тип-тирик отасига тўймай юрса! Бу қанақа бола, ўзи! Ҳой, одамлар, мана мени айтди дерсиз, бу бола бизларнинг бошимизга бир балони ёғдиради!
Онаси ғудраниб, туфлаб қўйиб, Ажимуротнинг танглайини кўтариб қўярди-ю, аммо Орувхон кампирга ботиниб бир сўз деёлмасди. Кампирдан ҳамма ҳайиқарди. Орувхон момо бежиз айтмаган экан. Шундай бўдди ҳам. Ажимуротга қийин бўлди. У энди кап-катта, учинчи синфда ўқийди, бировга билдирмайди, айниқса, онаси олдида ўзини тутади-ю, аммо ўзи ҳамон йўл пойлайди, отасининг бугунми-эртами фронтдан қайтишига илҳақ бўлади. Ётиш олдидан пичирлаб, худди катталардай, кечки дуосини ўқийди: «Э худо, э худо, ишқилиб, эртага отам қайтиб келсин». Ҳар куни шу аҳвол. Қизиқ, ўзича, ухлаб турса ҳамма нарса ўзгаради-ю, мўъжиза юз беради, деб ўйлайдими.
Агар отаси урушдан эсон-омон қайтиб келса, майли, уники, фақат Ажимуротники бўла қолсин. Майли, у Ажимуротни қўлларидан, елкасидан туширмасин. Фақат келса бўлди. Ишқилиб, нима бўлса ҳам у билан эсон-омон юз кўришсин. Унга, Султонмуротга ана шу бахтнинг ўзи етарли. Отаси қайтса бўлгани.
Отаси Чуй каналидан қайтиб келганида уйларида содир бўлган ўша воқеанинг яна такрорланишини у шундай хохлардики. У қурилишга бурноғи йили ёзда кетган эди, ўшанда ҳам аравакаш бўлиб беш ойга кетган эди. Ёз бўйи ва кузи билан ўша ерда тупроқ ташиганди. Стахановчи бўлган эди.
Уйга у намозшомда кириб келди. Тўсатдан ҳовлида ғилдирак товушлари эшитилди, отлар пишқириб қолди. Болаларнинг ҳаммаси ҳовлига отилишди. Отаси! Қорайиб худди лўлига ўхшаб қолган, озиб-тўзиб, соч-соқоли ўсиб кетганди. Усти боши ҳам, онаси кейин таърифлаганича, дайдиларникига ўхшарди. Фақат этиклари яп-янги хромдан экан. Ажимурот биринчи бўлиб югуриб бориб отасининг бўйнига осилади, ёпишиб олиб маҳкам қучоқлаб олади-ю, сира қўйиб юбормайди, шу кўйи нуқул йиғлаб бир сўзни такрорлайди:
— Отажон, отажоним, отажон…
Отаси уни бағрига босаркан, ўзининг ҳам кўзларига ёш қалқийди. Қўшнилар чиқишади. Икковига қараб улар ҳам йиғлашади. Онаси бўлса бирдан довдираб қолганидан айланиб-ўргилиб юрар, Ажимуротни отасининг бағридан тортиб олмоқчи бўларди:
— Отангни қўйиб юбор энди! Етар, сен бир ўзинг эмассан-ку. Бошқалар ҳам кўришсин. Қандай ақлсизсан-а, худойим-ей, қара, одамлар кўришмоқчи…
Унинг бўлса парвойи фалак…
Султонмуротнинг ичидан нимадир узилиб томоғига тўпдай қадалиб қолгандай туюдди. Оғзи шўр бўлиб кетди. Тағин ҳеч қачон ва ҳеч нимага йиғламайман, дейди. У шу заҳотиёқ ўзини қўлга олди. Тетикланди.
Дарс ҳамон давом этарди. Инкамол опа энди Ява, Борнео, Австралия ҳақида ҳикоя қиларди. Яна ажойиб ўлкалар, мангу ёз. Тимсоҳлар, маймунлар, пальмалар ҳамда ҳар хил нотаниш нарсалар. Кенгуру бўлса ғаройиботлар ғаройиби! Боласини қорнидаги халтасига солиб олиб, югуриб юраверади. Ўйлаганини қаранг кенгурунинг, аниқроғи, табиатнинг…
У кенгуруни кўрмаган. Кўрмаганми, кўрмаган. Афсус. Лекин филни, маймунни ва бошқа ҳайвонларни яқиндан томоша қилган. Қўл чўзсанг етадиган ердан..

Чингиз Айтматов

Эрта қайтган турналар

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эсини киргизди

15. ЭСИНИ КИРГИЗДИ «Кундашлик уйда кунда жанжал» деганлар. Албатта буни айткучи киши ўйламасдан ва билмасдан айтмагандир. Жилла, ҳар куни жанжал бўлмағанда ҳам ҳафтада, ўн ...

Мeҳробдан чаён-хайр энди, раъно!

Хотин-қизлар  жинсидан  иродаси  кучлик,  ҳатто  эрлардан  ҳам  жассурроқ  шахсларни  кўб учратамиз.  Шунинг  билан  бирга,  уларни  нақадар  кучлик  иродага  молик  ...

Юлдузли тунлар-78

3 Панипатда оғир ярадор бўлган Тоҳир уч ойгача ўрнидан туролмай ётди. Саройдан юборилган табиб унинг этидаги яраларни дуруст муолажа қилди-ю, лекин қовурға ва қўл ...