Бишкек

БИШКЕК (1926 йилгача  Пишпак,  1926—91 йилларда Фрунзе) — Қирғизистон  Республикаси  пойтахти.  Йирик  саноат- транспорт  тугуни,  Қирғизистоннинг  иқтисодий  ва  маданий  маркази.  Чу  водийсида,  Қирғизистон  тизмасининг  шимолий  этагида, 700—900 метр  баландликда  жойлашган.  Январнинг  ўртача  температураси  — 5,4°, июлники 24,4°. Ўртача  йиллик  ёғин 471 мм.  Шаҳар  майдони 18,4 минг  га.  Аҳолиси 631,3 минг  кишидан  зиёд  (2000);  қирғизлар 34,6%, руслар 47,4%,  украинлар 4,3%, татарлар 2,5%, уйғурлар  2,1%,  ўзбеклар 1,8%, бошқа  миллатлар  7,3% ни ташкил қилади.

Бишкек 4 маъмурий  туманга бўлинган. Ҳозирги Бишкек  ўрнида 1825 йилда  қўқонликлар  томонидан  Пишпак  (қўқонлик  тарихчилар  асарларида  Пишкак)  қалъасига  асос  солинган. 1860 ва  1862  йилларда  рус  қўшинлари  Аштак  довони  орқали  бостириб  келиб  қалъани  эгаллаган  ва  бутунлай  вайрон  қилган.  1864 йилда Бишкек ўрнида Пишпак рус ҳарбий  истеҳкоми  барпо  этилди.  Тез  орада  Бишкек орқали  Еттисув  савдо  тракти (Тошкент  —  Семипалатинск)  вужудга  келди.  1878  йилдан  Бишкек Еттисув  вилоятининг  уезд  шаҳри.  Майда  озиқ-овқат  ва  кўн  саноати  корхоналари  бўлган.  Аҳолиси  савдо-сотиқ,  киракашлик,  боғдорчилик,  сабзавотчилик  ва  ғаллачилик  билан  шуғулланган.  Пишпак 1918 йилдан  Туркистон  Мухтор  Республикаси  таркибида, 1924 йилдан Қора қирғиз (1925  йилдан Қирғизистон) мухтор вилоятининг  маркази.

Бишкек 1926 йилдан — Қирғизистон  Мухтор  Республикасининг, 1936  йилдан  Қирғизистон  Республикасининг  пойтахти.

Бишкекда 1941—45 йиллар  уруши  даврида  янги саноат корхоналари қурилиб фронт  учун  қурол яроғлар  ишлаб  чиқарилган.  Металсозлик  ва  машинасозлик  ривожланди,  урушдан  кейин  Бишкек Қирғизистоннинг энг йирик индустриал  марказига айланди. Шаҳарда 94 саноат  корхонаси, 2,7  минг  кичик  корхона, 42 ассоциация, 2  консорциум, 365 фирма, 10 биржа, 69  акциядорлик  жамияти, 494 масъулияти  чекланган жамият, 18 тижорат банклари,  8  концерн  ва 4 корпорация  бор.  Киме,  кимёфармацевтика саноати корхоналари,  «Қирғизмебель»  бирлашмаси,  уйсозлик  корхоналари,  темирбетон  буюмлар  заводи,  иссиклик электр маркази ишлаб турибди.

Бишкек Бухоро—  Тошкент—Олмаота  газ  қувури  оркали  газ  билан  таъминланган. 2  темир йўл вокзали, «Манас» халқаро аэропорти  бор.  Темир йўл  орқали  Тароз  шаҳри (собиқ  Авлиёота) билан боғланган.Шаҳар  меъморлиги 1872 йилги  дастлабки  режа  бўйича  шаклланиб,  тўғри  бурчакли  кесишган  кўчалар  билан  бирга унча катта бўлмаган маҳаллаларга  бўлинган.  Уйлар,  асосан,  пахса  ва  синчдан  бир  қаватли  қилиб  қурилиб,  сомонли  лой  билан  сувалган. 20—40-йилларда  Маданият  вазирлиги  биноси  (1926), Ҳукумат уйи (1934), Тиббиёт институти (1939) ва  вилоят  ижроия  қўмитаси  бинолари (1938) қурилган.  Бишкекни  қайта  қуриш режаларига (1939, 1948—58, 1971)  кўра  шаҳар  кўчалари  кенгайтирилди,  микрорайонлар  барпо  этилди.  Шаҳарда  2—4  қаватли  зилзилабардош  турар  жой  ва  жамоат  бинолари  қурилди. 50—70- йилларда  Тинчлик  проспектида  янги  микрорайонлар вужудга келди. Опера ва  балет театри (1955), шаҳар кутубхонаси  (1957—62), шаҳар марказидаги майдонда  бинолар ансамбли (1956), қишлоқ хўжалиги вазирлиги  (1954—60),  Спорт  саройи (1974),  Тасвирий санъат музейи (1974) бинолари  бунёд этилди. 1996/97  ўқув  йилида 77 умумий  таълим  мактабида 93,3 минг  ўқувчи,  ҳунартехника билим юртларида 5,7 минг 394 ўқувчи,  ўрта  махсус  ўқув  юртларида  11,7  минг  ўқувчи  ўқиди,  мактабгача  тарбия  муассасаларида 16,2 минг  бола  тарбияланди. Шаҳарда 8 олий  ўқув  юрти  (Қирғизистон  миллий  университети,  Қирғизистон Россия  славян  университети,  техника  университети,  қишлоқ хўжалиги академияси,  тиббиёт  академияси,  Халқаро  интститути,  физкультура  институти,  санъат  институти)  фаолият  кўрсатади.  Янги  коллеж,  лицей  ва  гимназиялар,  халқаро,  давлат хусусий  мактаблари  очилмоқда.  Бишкекда  Миллий  Фанлар  академияси,  тармоқ  илмий  тадқиқот  институтлари мавжуд. Қирғизистон  Республикаси  давлат  кутубхонаси, 22 йирик  оммавий  кутубхона, 7 музей, 6 театр, 10 кинотеатр,  «Қирғизфильм»  киностудияси  ишлаб  турибди (90-йиллар охирлари).  Бишкекда «Қирғизистон»  Матбуот  уйи,  Қирғизистон  энциклопедияси  Бош  таҳририяти, «Илим»  нашриёти,  йирик  полиграфкомбинат,  республика  ахборот  органи — Қирғизистон  телеграф  агентлиги  жойлашган.  Республикада  128  газета, 15 журнал  чоп  этилади. 1974  йилдан «Бишкек оқшоми» шаҳар газетаси нашр  этилади. Маҳаллий радиоэшиттиришлар  қирғиз ва рус тилларида олиб борилади. 9680 ўринли 32 касалхонада 3792 врач  ва 7253 дан зиёд ўрта маълумотли тиббий  ходим  ишлади (90-йиллар  охирлари).  Бишкек ва  унинг  атрофида  Иссиқота  курорти,  кардиология  санаторийси,  дам  олиш  уйлари,  профилакторийлар  жойлашган.  Бишкек—  республикада  туризм  маркази.  Туристик  меҳмонхона  ва  базалар  бор.  Бошқа  республикалар  ва  мамлакатлар  билан темир йўл, автомобиль, ҳаво йўллари  орқали боғланган.

Манба:ЎзМЭ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ақш мустақиллик декларацияси

АҚШ МУСТАҚИЛЛИК ДЕКЛАРАЦИЯСИ — 1876 йилда Шимолий Америкадаги Англия мустамлакаларида миллий озодлик уруши давом этаётган пайтда қабул қилинган ҳужжат. Унда Шимолий ...

Г-ҳарфи

Г — ўзбек Кирилл алифбосининг тўртинчи ҳарфи. Яқин тил орқа, портловчи, жарангли ундош. Сўз боши (гул, гўзал), ўртаси (югур, эгар), охири (барг, тонг)да келади. Сўз охирида ...

А-ҳарфи

  A — ўзбек кирилл алифбосининг биринчи ҳарфи. Унли, тил олди, лабланмаган товушни ифода этади (масалан, арча, барча). 1929—39 йилларда амалда бўлган. ўзбек лотин ...