АГАВА (Agave) — чучмомадошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимликлар туркуми. Ватани — Ўрта ва Жанубий Америка. 300 дан ортик, тури Мексика ва унга ёндош ўлкаларда ёввойи ҳолда ўсади.
Европа ва Осиёда (хусусан, Ўрта Осиё, Қрим ва Кавказда) ҳам экилади. Пояси қисқа, қуйи қисмида узун ва қалин (суккулент) ёпирма барглар жойлашган. Агава монокарп ўсимлик, яъни бутун ҳаёти давомида фақат бир марта (6 — 15 йилда , оранжереяларда эса 20 — 30 йилдан кейин ) гуллаб, узун (12м гача) генератив поя чиқаради, унда 17 мингга қадар гул бўлади. Гуллари уруғлаб бўлгандан сўнг Агава қурийди. Агава асосан манзарали ўсимлик сифатида экилади.
Манба:ЎзМЭ