Чироқчи туманидаги мактабларга берилган кўмир брикетлар аслида кесак бўлиб чиқмоқда 

Чироқчи туманидаги 93-умумтаълим мактабига берилган 11 тонна кўмир брикет ёниб кулга айланиш ўрнига, бир тутаб кесакка айланмоқда. Бу ҳолат мактаблардаги куз-қиш мавсумига тайёргарликни ўрганаётган Turon24 нашри суриштируви чоғида аниқланди. 

Фото:Turon24

 

“Жорий куз-қиш мавсуми учун келган кўмир брикет бир ёниб ўчади, ҳеч қандай иссиқлиги йўқ, – дейди мактаб ўт ёқувчиси Холбўта Шералиев. – Энг ёмони бир тутаб, кесакка айланади. Шу боис ҳам қанча ёқмайлик синфхоналар исимайди”.

Холбўта Шералиев мактабга куз-қиш мавсумида ёқиш учун берилган гўёки брикет-кўмирлар бўлган брикет шаклидаги кесакларни кўрсатди. “Мана брикет бир ёниб, шундай шаклга киради”, – дейди ўт ёқувчи.

Мактаб директори Тўра Турсуновнинг  маълум қилишича, мактабга жорий куз-қиш мавсуми учун айни кунга қадар 11 тонна брикет келтирилган. “Яна 4 тонна кўмир келтирилиши мўлжалланган. Чунки 15 тоннага буюртма берганмиз. Аммо қачонлиги номаълум” – дейди у.

Тўра Турсуновнинг сўзларига кўра, 93-мактабда 16 та синфхона мавжуд. Мактабда 440 нафар ўқувчи таҳсил олади. Мактаб жамоаси куз-қиш мавсуми бошланган бўлса-да синф хоналари умуман исимаётганини айтишди.

 

Фото:Turon24

“Мактабимизнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги қониқарсиз даражада. Қанча кўмир ёқсак ҳам синф хоналари исимайди. Чунки кўмир сифатсиз. Брикетларда иссиқлик йўқ. Чўғ бўлмайди. Кўмир брикетлар кесак бўлса, қандай ёниши мумкин?”, – дейди мактаб директори.

Ўқитувчилар ўзлари пул йиғиб, синфхоналарни иситадиган замонавий қозонхона қуриш таклифи билан чиқишган.

“Ташаббускор ўқитувчиларга менинг юрагим битта, бундай иш қилолмайман деб айтдим, – дейди Тўра Турсунов. – Хўп, пул йиғилди ҳам дейлик. Лекин қайсидир ўқитувчи кўчага чиқиб, директор ўқитувчилардан пул йиғаяпти деган гапни айтадими? Шунинг учун бу таклифни қўллаб-қувватламадим”.

Фото:Turon24

“Хонамиз совуқ бўлганлиги учун ҳам ҳар бир синф ўзи пул йиғиб, электр печи сотиб олаяпти, – дейди тумандаги 118-мактаб ўқувчиси Ўғилой Холмуродова. – Синфхонамиз совуқлиги сабабли тез-тез шамоллаб қоляпмиз. Бу эса давоматимизга ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Мактаб ўқувчиларидан яна бирининг айтишича, синфхонадаги иситиш тизими қизимайди. Шунинг учун ўқувчилар қалин кийимда ўтиришга мажбур. Имкони бўлмагач, ўқувчилар ўзаро пул йиғишиб, электр печ сотиб олган.

Фото:Turon24

“Синфдошлар пул йиғиб, бозордан электр печ сотиб олдик, – дейди ўқувчилардан бири. – Синф раҳбаримиз директор ўринбосаридан рухсат олган экан. Зора, сал бўлса-да, иситишга ёрдам берса…”

Чироқчидаги 119-мактабнинг юқори синф ўқувчилари Ситора Дўсёрова, Фарангиз Шодиёрова, Сабина Рустамова ва Зарнигор Болтаеваларнинг айтишича, улар ўқиётган мактабда ҳам синфхоналар умуман исимайди.

 

Фото:Turon24

“Чунки иситиш тизими эскирган, шунинг учун ишламайди-да”, – дейди мактаб директори. – “Жорий мавсум учун 15 тонна кўмир берилган ва ўз вақтида қозонхоналар ёқилади. Аммо бундан бир неча йил илгари қурилган иситиш тизимлари эски ва яроқсиз ҳолга келганлиги учун ишламайди.

Туманнинг Чиял қишлоғида жойлашган 90-умумтаълим мактаби “Обод қишлоқ” давлат дастурига кўра 3 миллиарддан ортиқ маблағ эвазига қайта таъмирланган.

Мактаб директори таълим муассасасида замон талаблари даражасидаги 6 та янги қозонхона қурилган бўлиб, улар кўнгилдагидек ишлаётганини айтди. Аммо Turon24 мухбирлари мактабга борган вақтда ушбу қозонхоналаридан фақат биттаси ишлаётгани, у ҳам синфхоналарни етарли даражада иситмаётгани маълум бўлди.

90-мактаб директорининг сўзларига кўра, жорий қиш мавсуми учун етарли даражадаги кўмир ҳалигача етиб келмаган. “Қиш мавсуми учун 11 тонна кўмир беришган, – дейди у. – Бу етмайди, албатта. Шунинг учун ҳам октябрь ойида яна 30 тонна кўмирга буюртма берганмиз. Декабрь ойида берамиз дейишган”.

Сентябрь ойида Халқ таълими вазирлиги маҳаллий ҳокимликларни куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, ўқувчиларга яхши таълим олишлари ва уларга қулай шароитларни яратиш учун зарур чораларни кўришга чақирган эди.

Шунга қарамай, Қашқадарё вилояти Қамаши туманида мавжуд 89 та умумтаълим мактабига 1 312 тонна нам брикет ва сифатсиз кўмир етказиб берилаётгани аниқланган эди.

Turon24да эълон қилинган мақола ортидан Қамаши туман прокуруратураси мақолада тилга олинган таълим муассасаларининг раҳбарларидан нега журналистни мактабга киритгани ва суратга олишга рухсат берганини сўраб-суриштирган, содир бўлган ҳолат бўйича мактаб директорларидан тушунтириш хати ёздириб олган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни халқ таълими тизимини янада ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган, унда мактабларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг бориши ҳам муҳокама қилинган эди. Йиғилишда Халқ таълими ва Молия вазирликлари маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда 2 ҳафта муддатда мактабларни куз-қиш мавсумига тўлиқ тайёрлаш чораларини кўриши зарурлиги таъкидланган эди.

Чироқчи туманидаги 93-умумтаълим мактабига берилган 11 тонна брикетларнинг сирти кўмир, ичи кесак бўлиб чиқмоқда.

Манба:Турон24

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Самарадаги автоҳалокат оқибатида 3 нафар ўзбекистонлик жароҳатланди

2019 йил 17 июнь куни соат 19.00да Самара вилоятида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 6 киши, жумладан, 3 нафар Ўзбекистон фуқароси жароҳат олди. Бу ҳақда ТИВ ...

Ўқитувчининг ой тўлмай тугаган ойлиги

Мен ӯқитувчиман! Президент ойлигимни кӯпайтира олмас экан, иқтисодиёт кӯтармас экан буни. Майли... Шунга лойиқдирман балки. (more…)

Даромад чакки эмас, буромад қандай?

  Бугун бизнинг иқтисодий аҳволимиз қандай. Расмий маълумотлар бўйича иқтисодий аҳволимиз ёмонга ўхшамаябди. Шу ўринда эътиборимизни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар ...