МEҲРОБДАН ЧАЁН-ҚОП ЙЎҚОТДИНҒИЗМИ?

Султонали  мирзо “Қушбеги”  маҳалласига  келиб,  бир  дарбозага  кирди.  Қоронғи  йўлакдан юриб бориб, ички эшикни тақирлатди. Ичкаридан “Ҳозир!” деган товуш эшитилгандан кейин бир неча қадам орқаға қайтиб келди. Бир оздан сўнг ичкаридан беқасам чопонини елкасига хом ташлаған, маҳсисиз оёғиға сағри кафш кийиб кўйлакчан баданини чопони билан ўраған қирқ ёшлар  чамалиқ  бир  йигит  чиқди  ва  Султонали  мирзога  салом  бергандан  сўнг,  шошиб чопонининг енгини кийди, келиб кўришди.

— Марҳамат, тақсир.

Бу  киши  молтопар  хотинни  олиб,  суяги  тинчиб  қолған  Холбой — Гулшаннинг  эри  эди.

Уйида  эрта-кеч  бекор  ётиб,  Гулшаннинг  топиб  келганига  қаноат  қилар,  фақат  ош  пишириб ҳавли  супурар  эди.  Бошқа  оилаларда  хотинлар  уй  иши  билан  бўлиб,  эркаклар  кўча  ишини қилсалар,  Холбой  аканинг  оиласи  тамоман  шунинг  зиддига  қурилған  эди.  Султонали  мирзо Гулшаннинг ўрдаға кетканлигини эшитиб силласи қуруди, бир неча вақт фикрга толиб қолди.

— Ўрдаға кетканлигини аниқ биласизми?

— Бундан чиқиб бир жойга бормоқчи эди, — деди Холбой, — агар иши битса — тўғри ўрдаға кетмакчи, битмаса уйга қайтиб келмакчи эди. Шу чоққача қайтиб келмагани учун, ўрдаға бордими, деб ўйлаб туриппан.

— Сиз ўша борадирған жойини биларсиз?

— Пайқолмадим, тақсир.

Султонали мирзо тинкаси қуруғандек орқасиға тисланиб, йўлакнинг тоқчасиға ўлтурди ва манглайини қашиди:

— Кеча янгамни ҳеч ким йўқлаб келдими?

Холбой бир оз ўйланиб соқоли остини чимчилади.

— Йўқлаб келган экан, мен уйда йўқ эдим.

Султоналининг туси ўзгариб, бошини қимирлатиб қўйди, шипка, кўчага қаранди.

—  Агар  янгам  келса,  мени  айтасиз,  мен  яна  қайтиб  келаман…  Уйдан  силжимай,  мени кутсин, катта бир иш бор, дурустми?

Султонали”  мирзо  Холбойдан  ваъда  олиб  кўчага  чиқди,  илдам-илдам  оёғ  қўйиб,  келган томонига йўл солди. Қинғир-қийшиқ кўчалар бўйлаб борар, кўчада кўринган ҳар бир хотинни текшириб  оёғ  босишиға  қараб  ўтказар  эди.  Бозорчаға  етканда  теваракдан  жумъа  азони эшитилди. Кўчада дуркум-дуркум салла ўраган халқ масжидларга қараб оқар, ул эрса жумъани унутиб  аллақаёққа  чопар  эди. Солиҳ  махдум  кўчасини  босиб  тўғриға  ўтди,  ўн  қадамча  юриб тўхтади. Бир оз тараддудланиб турғандан сўнг, орқасига қайтиб, Солиҳ махдум кўчасига кирди.

Дарбоза  қия  очилиб  турар,  ташқари  кишидан  холи,  меҳмонхона  қулфланган  эди.  Султонали мирзо  боқча  эшигида  тўхтаб,  тирқишдан  мўралади.  Хотин  киши  йўқлиғига  қаноатлангандан кейин, боқчаға қадам бости ва секин-секин юриб ичкари ҳавлининг эшигида тўхтади.

— Мирзо Анвар, ҳов мирзо Анвар!

Чақириш  уч-тўрт  такрорлангадан  кейин,  йўлакдан  гурс-гурс  оёқ  товши  келди.  Султонали мирзо ўзини эшикнинг ёниға олиб, яна чақирди. Ичкаридак: “Йўқлар!” де-ган жавоб бўлди.

— Қаёқдалар?

— Жумъага кетдилар.

Султонали роҳат нафас олғандек кўриниб, кўзини эшик остонасиға тикди:

— Сиздан сўраб кетсам ҳам бўлар, синглим… Шу ерга бир хотин келдими?

— Йўқ… Ҳа, боя бир хотин адашиб кирган эди, — деган жавоб бўлди.

Султоналининг кўзи олаланиб, пешонасида қатор ажинглар зоҳир бўлди.

— Адашиб кирди?

— Ҳа.

— Адашиб кирганига қанча бўлди?

— Боя, эрталаб.

Султонали  бошини  чайқади.  Раънога  раҳмат  айткандан  кейин,  ташқариға  қараб  юрди.

Кўчага чиқиб яна бояғича оёғини қўлиға олғандек, югуриб кетди. Ўрдағача бир ярим чақирим чамаси  йўл  бўлиб,  ул  бу  масофани  ўн  беш  дақиқа  ичида  бости.  Ҳавонинг  совуқ  бўлишиға қарамай,  манглайидан  тер  қуйған  ҳолда  ўрданинг  биринчи  дарбозасига  кедиб  етди.

Дарбозабонлар ёнида тўхтаб сўзлашди, манглай терини артиб, дарбоза суфачасига ўлтурди.

— Қоп йўқотдинғизми, тақсир, — деб кулди дарбозабонлардан бири.

— Ўхшаш… Жаноб жумъага чиқдиларми?

— Чиқмадилар.

Султонали мирзо дамини ростлаған каби бир оз сўзсиз ўлтурди.

— Ҳарамга бирар хотин кирдими?

— Битта кирмади, — деб кулди дарбозабонларнинг бири. — Беш-ўни кирди чамаси…

Султонали  унинг  ҳангамасига  кучланиб  кулди,  аммо  яна  оғиз  очишға  мажолсиз  каби ўлтуриб  қолди.  Чунки,  энди  бундан  нарига  югура  олмас,  қўли  шундан  ортиқчаға  етмас  эди.

Кўзини ерга тикиб, икки соатдан бери қилган ҳаракатларининг шамолға кетканини хотирлади.

Абдураҳмон  ва  шериклари  ўзларининг  ифлос  мақсадлариға  етмасалар,  деб  энтикди,  айниқса мирзо  Анварнинг  душманлари  олдида  обрўси  тўкулиши  унга  оғир  туюлди.  Бу  оғирлиқнинг устига Абдураҳмон тўғрисида қилған ўзининг худраъйлигини1 хотирлағач, яна ҳам кўнгли ғаш тортди. Бу жиҳат билан гўё емонлиқнинг бош омили Султоналининг ўзи бўлиб чиқар, “Агар мен  Абдураҳмонни  ўрдадан  чиқариб  юборишқа  исрор  этмасам,  мирзони  бу  ишка  мажбур қилмасам, балки бу адоватлар бўлмасмиди?” деб ўйлар, Анварнинг таъна қилмаслиғини билса ҳам,  яна  маънак  эзилишини,  унинг  юзига  қаролмаслиғини  чамалар  эди.  Андишаси  шу жойға еткандан кейин ўрнидан турди, дарбозанинг кичкина эшикчасини очиб, ичкарига кирди. Тўғри йўлни қўйиб, қор остида босилиб қолған собиқ гулзорлар ичи билан айланиб юрди. Ички ўрда қўрғонлари  остида  яроғлиқ  йигитлар  айланиб  турар  эдилар.  Султонали  мирзо  юра-юра ўрданинг чап муюшига, қоровул йигитлардан бирининг яқиниға етиб, у билан сўрашди, бир-икки оғиз сўзлашиб, ўрданинг шарқиға юзланди. Бундаги дарбоза беклари билан борди-келди айтишиб: “Жумъа кун нима қилиб юрибсиз?” деган саволга: “Бу кун жаноб кўнтил очмоқчилар, деб эшиткан эдим” жавобини берди. Булар ёнида ҳам бир оз ўлтуриб, яна қўзғалди, ўрданинг шимол қисмиға ўтди. Ҳарам ва хон оиласига махсус янги дахма теварагида уч-тўрт нафар қора қулчалар ичида Ўрмонбек ўқ ўйнаб юрар эди. Султонали мирзо дахмага қараб борди, “кичкина хон”ға  таъзим  қилғандан  сўнг,  дахманинг  бир  чеккасига  ўлтуриб,  қуръон  ўқуди.  Аммо  кўзи ўйнаб  юрған  болаларда,  тили  қироатда  эди.  Фотиҳадан  сўнг  қорихонанинг  айвон  муюшига чўнқайиб болаларнинг ўюниға томоша қилди. Ўрмонбек камончага ўқ қўйиб отар, ўқлар кўкка кўтарилиб  турли  масофага  бориб  тушар,  қулчалар  отилған  ўқларни  териб  келиб  Ўрмонбекка берар  эдилар.  Отилған  ўқлардан  бири  Султоналининг  оёғи  остиға  келиб  тушти.  Султонали энггашиб ердан ўқни олди, ўқнинг уринган патини тўғрилаб ўлтурди. Шу ҳолда қулчаларнинг бири югуриб етди. Гап-сўзсиз ўққа қўлини узатқан эди, Султонали қулчанинг бўйи етмайдирган қилиб қўлини юқори кўтарди.

— Ўқни беринғ, ака, тақсир қафа бўлати!

Султонали ҳазиллашкан бўлиб, ўқни юқорида кўтариб тураберди.

— Сен Гулшан опани танийсанми?

— Танисам не?! Беринғ ўқни! — Шошма хувари, Гулшан опа бу кун ҳарамга келдими?

— Келса не?..

— Ўқ ўйнаб бўлғандан сўнг Гулшан опани менга чақириб бер, дурустми?

— Қўп.

Султонали  ўқни  қулчанинг  қўлиға ушлатди,  аммо  яна  қўйиб  юбормай  қўрғон ости  билан

юриб турған йигитларга қаради…

— Аниқ чақириб берасанми, ўглим?

— Қўп дедим-қув.

— Мени танийсан-а?

— Сизни? Сиз мирзо — тақсир.

Султонали  ўқни  бериб  юборди.  Қулча  югуриб  Ўрмонбек  ёниға  кетди.  Султонали  қўрғон остидағи йигитларга кўз қирини ташлаб, уларни ўзидан парвосиз топди. Чунки унинг ҳозирги иши,  яъни  бола  орқалиқ  ҳарам  билан  алоқа  тутиш  қўрқинчли  саналар,  башарти  бу  хил  гап сезилиб  қолса,  катта  фалокатларга  ҳам  сабабчи  бўлар  эди.  Ўрмонбек  яна  бир  оз  ўқ  отқандан сўнг, зерикиб, камончани ерга ташлади ва ўзи ҳарам дарбозасига қараб жўнади. Қулчалар ҳам уни  таъқиб  этдилар.  Султонали  мирзо  болаларни  ҳарамга  киргизиб  қабрларға  яна “фотиҳа” ўқуди ва секин-секин орқасиға қайтди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


 

1  Худраьй — ўжарлик, ўзбилармонлик.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ҳукмнома

19. ҲУКМНОМА Ўткир, қонсираған ханжарини белига осиб, ойболтасини кўтарган жаллод қушбегининг ҳукмига мунтазир эди. Қушбегининг ўнг томонида қўрбошидан тортиб шаҳар ...

Шавкат раҳмон -манзара

Оқ сукунат портлар саҳарда, кун нурида ёниб, ярақлаб, чопиб кирар совуқ шаҳарга ялангоёқ яшил дарахтлар. Бир зумдаёқ девор.тар ошиб, Кўчаларга тарқаб кетдилар. ...

От кишнаган оқшом (қисса) 15-қисм

15 Улоқ ердан қимирламади. Шунда баковул зотни оширди. — Чавандозлар-ов, эшитмадим деманглар, устига яна бир гўсам серка қўйилди! Чавандозлар чуҳ-чуҳ, дея отларини улоққа ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400