Австралия

АВСТРАЛИЯ (лот. australis — жанубий) — Жанубий ярим шарда жойлашган  материк.

Умумий  маълумот:

Австралия  шимолдан  жанубга 10°4 Г (Йорк бурни) билан 394 Г (Жануби- Шарқий  бурун)  жанубий континентлар  оралиғида 3200  км га, ғарбдан шарққа 4100 км га 113°05’  шқ.у. (Стип-Пойнт  бурни)  билан 153°34’  (Байрон  бурни)  шарқий континентлар  оралиғида  чўзилган.  Майдони 7682 минг  км2 (Тасмания,  Кенгуру,  Мелвилл  ва  бошқа  ороллар  билан 7704,5 минг  км2 га  яқин).  Австралия—  материклар ичида энг кичиги. Жанубий тропик  чизиғи  Австралиянинг  деярли  ўртасидан  кесиб  ўтади.  Материкни  ғарб,  шимол  ва  жанубдан  Ҳинд  океани,  шарқдан  Тинч  океан  денгизлари ўраб туради. Қирғоқлари унчалик эгрибугри эмасалан шимолда Карпентария, жанубда Катта Австралия қўлтиқлари  бор. Катта ярим ороллари — шимолда Арнемленд ва Кейп-Йорк. Тасмания ороли  Австралиядан  кенглиги 224 км  ли  Басе  бўғози  орқали  ажралиб  туради.  Австралия шимолда  йирик ороллардан Янги Гвинея жойлашган. Австралиянинг  шарқий  соҳили  бўйлаб  беҳисоб  маржон оролларидан ташкил топган Катта Тўсиқ рифи 2300 км масофага чўзилиб  ётади.

Табиати:

Орографияси.  Австралия рельефининг  аксарият  қисми  текислик.  Денгиз  сатҳидан  ўртача  баландлиги (215  м)  жиҳатидан  Австралия материклар  ичида  энг  паст.  Ер  юзаси 95% ининг  мутлақ  баландлиги 600  м  дан  ошмайди.

Фото:Fishki

Йирик  орографик  қисмлари:

1) Ғарбий  Австралия  ясси  тоғлиги — ўртача мутлақ баландлиги 400—500  м,  тизмалар  ва  супа  тоғлардан  иборат;

2) Марказий  пасттекислик — кўп  қисмининг мутлақ бал. 100 м га етмайди. Австралиянинг энг паст нуқтаси ҳам (—12 м) ўша  ердаги ботиқда жойлашган Эйр кўли ёнида;

3) Катта Сувайиргич тизма (материк  шарқида) — ўртача  баландликдаги  айрим-айрим, чўққилари ясси тизма тоғлар.

Австралиянинг энг баланд нуқтаси — Косцюшко  тоғи (2230 м) жанубдаги Австралия Альп  тоғларида.  Австралиянинг  ҳозирги  рельефи  асосан  кембрийгача бўлган даврда вужудга келган  ва  кескин  тектоник  ўзгаришларга  учрамаган, ер юзаси узоқ даврлар ичида  емирилиб,  натижада  қолдиқ  тоғлар  билан  бирга кенг текисликлар вужудга келган.

Катта  Сувайирғич  тизма  емирилган  палеозой бурмали тоғлари ўрнида вужудга  келган.  Налларбор  текислигида,  Мовий  тоғларда, Баркли ва Атертон платоларида  карст рельеф шакллари учрайди. Геологик  тузилиши  ва  фойдали  қазилмалари.  Австралиянинг  аксари  қисми  Австралия платформаси областида жойлашган, шарқий қисми эса Шарқий Австралия бурмали геосинклиналь минтақасига  киради. Кембрийдан аввал вужудга келган платформанинг материк заминидаги  кристалл  ҳамда  метаморфик  жинслари  Ғарбий  плато,  Тасман  ери,  Ғарбий  Австралия қалқони ва бошқа жойларда ер юзасига  чиқиб  қолган;  шарқда (Марказий  пасттекисликнинг ғарбида) эса қуруқлик  ва кўл ётқизиқлари остида кўмилиб кетган,  шунингдек  Шарқий  Австралия платформасида ҳам учрайди. Юқори палеозойда ва  мезозойнинг биринчи ярмида Австралия  платформаси қадимги Гондвана материги билан  туташ  бўлган.  Учламчи  давр  охири  ва  тўртламчи  даврда  рўй  берган  тектоник  ҳаракатлар Австралияни Янги Гвинея ороллари, Малайя  архипелагининг  шарқий  ороллари  ва  Тасманиядан ажратиб юбориб, материкни ҳозирги қиёфасига келтирган. Австралия  платформаси  олтин  ва  полиметаллга,  темир  рудаси  ва  бокситга  бой,  Флиндерс  тизмасида  уран  ва  радий  рудалари  учрайди.  Австралия шарқида  тошкўмир ва қўнғир кўмир конлари бор.

Катта Артезиан ҳавзаси, Виктория штати  соҳилларида нефть ва газ топилган.

Иқлими:

Австралиянинг  шимолий  қисми (20°  ж.к.  гача)  экваториал  муссонли,  ўрта  катта қисми (20°—30° ж.к. лар оралиғи)  тропик  чўл  ва  жануби-ғарбий  чеккаси  қишда  ёғин  кўпроқ  ёғадиган  субтропик  иқлимли  минтақаларга  киради.  Австралия Жануби ярим шардаги энг иссиқ қуруқлик, унинг  2/3 қисми чўл ва чала чўллардан иборат.

Фото:Planet Today

Қирғоқлардан материк ичкарисига томон  ёғин миқдори тез камайиб боради, лекин  кўп  йиллик  ёғинсиз  даврлар  бўлмайди.

Ёзда (дек.—фев.) қуруқлик ғоят қизиб (температура 36° дан ортади) материк устида паст  босим  области  вужудга  келади,  унинг  жануб чеккаларидагина  баланд  босим  қарор топади, шу сабабли жануби-ғарбда ва  Налларбор текислигида ёгин тушмайди.

Температуранинг мавсумий ўзгариши асосан тропик  ва  субтропик  минтақаларнинг  ички  районларида  кўпроқ  намоён  бўлади.  Январь ойида 40° дан юқори иссиқ температуралар шимимоли- ғарбда (Марбл-Бар) бўлади. Мутлақ максимум  температура 53,1° Клонкаррида (Квинсленд) кузатилган. Мутлақ минимум температура  Австралиянинг  ички  районларида — 4,6°гача  тушади. Фақат Австралия Альп тоғларида  совуқ барқарорроқ бўлиб туради. У ерда  — 22°гача  совуқ  қайд  қилинган.  Текисликларда тупроқнинг юза қатлами аҳён- аҳёндагина музлайди. Йил давомида иккита  мавсум — қуруқ  ва  ёғингарчилик  мавсумлари кузатилади. Муррей текисликларида момақалдироқли жалалар, жануби- шарқдаги  тоғларда  муссон  ёмғирлари  ёғади.  Шарқий  соҳилнинг  кўп  қисмида  иқлим тропик денгиз иқлими, иссиқ. Шимолда ёғинларни шимоли-ғарбий муссонлар  келтиради. Бу ерда ёғин соҳилда 1500 мм,  10°— 20° жанубий континентда 400—500 мм. Австралияда энг  кўп  ёғин (2243 мм)  Кэрнсда  ёғади.  Энг  кам ёғин (300—250 мм) материк ғарбида  ёғади.  Катта  Сувайирғич  тизмаси  Тинч  океандан эсувчи илиқ ва нам шамолларни тўсиб, Австралиянинг шарқий соҳили ва ички  районларида  ёғин  тақсимотини  мураккаблаштиради. Қишда (июнь— авг.) Австралиянинг  айниқса  жануби  ва  жануби-шарқий  қисмлари  совиб (12°, 5°), юқори  босим  области  таркиб топади. Ички сувлари. Австралиянинг60% майдони оқмас  ички ҳавзага, 7%  Тинч океан ва 33% Ҳинд  океани ҳавзасига мансуб. Австралияда оқар сувлар  кўп  эмас.  Океанга  қуйиладиган  дарёлар  қисқа,  тоғлардан  бошланади,  сув  миқдори доимий эмас. Энг серсув дарёси  Муррей (Марри), йирик ирмоғи — Дарлинг.  Ички  берк  ҳавзани  кесиб  ўтувчи  қуруқ  ўзан (крик)лар  кўп,  уларда  фақат  ёғингарчилик вақтларидагина сув оқади.

Австралия чўлларидаги сувлар шўр. Ер ости сувлари  кўпинча  минераллашган,  захираси  катта.  Улар  бир  неча  артезиан  ҳавзада  тўпланган, бундай сув 200 м, баъзан 500  м гача чуқурликдан чиқади. Шўр кўллар  ичида энг йириги Эйрнинг ёзда майдони  баъзан 15000 км2 га етади. Ундан жанубда  Торренс, Гэрднер, Ғарбий платода Амадиес кўллари бор. Австралия ер ости сувларига  бой.  Умумий  майдони 4800 минг  км2  ни  ташкил  қилган 33 та  артезиан  ҳавзаси  мавжуд; булардан энг йириклари — Катта  Артезиан,  Муррей,  Мортон-Кларенс,  Юкла, Оффисер, Жоржина. Ер ости сувларидан  қурғоқчил  районларда  суғориш,  саноат  ва  транспорт  эҳтиёжлари  учун  фойдаланилади.

Тупроқ  ва  ўсимликлари:

Австралиянинг  органик  дунёси  бўр  даври  ўрталаридан  бошлаб бошқа қуруқликлардан ажралган  ҳолда ривож топган, шунинг учун флора  таркибида эндемик турлар кўп (75%).  Австралия махсус флора областини ташкил қилган.  Ички  Австралиянинг  катта  қисми  қумли  ва  тошлоқ  чўллар (Катта  Қумли  чўл,  Виктория  ва  Гибсон  чўллари)  билан  банд.  Чўлларни  бўз  ва  жигарранг  бўз  тупроқли,  асосан  эвкалипт  ва  акация  буталаридан  иборат  тиканакли  қалин  чакалакзорлар  билан  қопланган чала чўллар ўраб олган. Бир оз  сернамроқ чала чўллар бутазор — скрэблар билан банд. Чала чўл ва саванналардан  табиий  яйлов  сифатида  фойдаланилади.

Фото:pro-mix.net

Бўр даврига кадар Австралиянинг Жанубий Америка  ва  Африка  билан  қуруқлик  орқали  туташганлигини протейлар ва баъзи игна барглиларнинг  умумий  оилага  мансублиги  тасдиқлайди. Шимол, шарқ, жануби-шарқ ва  жануби-ғарбда  ёғин  миқдори  орта  боради  ва  бу  ерларда  қизғиш-қўнғир  ва  қизил  тупроқли саванналар учрайди. Материкнинг  шимоли-шарқи  доимий  яшил  тропик  ўрмонлар  билан,  жануби-шарқи  эвкалиптли  субтропик ўрмонлар билан қопланган. Чала  чўл  ва  саванналар  яйлов  аҳамиятига  эга.  Товар  маҳсулот  берувчи  ўрмонлар  Австралия майдонининг  қарийб 2%ини  ташкил қилади.

Ҳайвонот  дунёси:

Австралия фаунаси  ўзига  хос бўлганлигидан уни алоҳида Австралия  зоогеографик  областита  ажратилган.  Австралия фаунасида  юксак  сут  эмизувчи  ҳайвонлар (одамлар  четдан  келтирган  динго итидан ташкари) деярли йўқ. Материкда мезозой ва учламчи давр фаунасининг  вакиллари  ҳозиргача  сақланган.

Фото:Телеграф

Macалан, тухум қўювчи сут эмизувчилардан  ехидна ва ўрдакбурун, балиқлардан икки  хил нафас олувчи цератод, қопчиқли сут  эмизувчилардан кенгуру, айиқлар (коала)  ва бошқалар.  Австралиянинг кўп ёввойи ҳайвонлари одамларнинг хўжалик фаолияти ва тартибсиз  ов  қилиши  натижасида  камайиб  кетган.

Австралия учун  типик  қушлар:  какаду  тўтиси,  эму туяқуши, катта оёкли товуқлар, қора  оққуш, жаннатқуш, товусдум ва б. Европадан хонаки ҳайвонлар келтирилган.

Табиат  районлари:

Австралиянинг  текислик  қисмларидаги  субэкваториал,  тропик  ва  субтропик  минтақаларида  географик  зоналлик  яққол  кўринади.  Йиллик  ёғин  миқдори 200—250 мм бўлган чўл зонаси  катта майдонни эгаллаган. Плато ва ясси  тоғликлар тошлоқ чўллардан иборат. Австралия Альп тоғларида баландлик ландшафт минтақалари аниқ намоён бўлган.

Австралиянинг  табиий  ландшафтлари  одамлар  томонидан жуда ўзгартириб юборилган.

Табиатни  қўриқлаш  кўпроқ  Жанубий  Австралияда  яхши  йўлга  қўйилган.  Маунт  Буффало,  Косцюшко,  Саут-Уэст (Тасмания  ороли),  Уайперфилд  ва  Уилсонс-Промонтори,  Эунгелла ва бошқа миллий парклари бор.

Кашф  этилиши  ва  тадқиқ  қилиниш  тарихи:

Фото:placefound.ru

Австралия  ҳақидаги  дастлабки  ноаниқ  маълумотлар  европаликларга  португал  денгизчилари  орқали 16-асрда  етиб  келган.  Аммо Австралиянинг  шимолий  қисмларини  баъзи бир индонез қабилалари қадимдан  билишган  бўлса  керак.  Австралияни 1606 йилда    голландиялик  В.  Янсзон  кашф  қилган  ва Янги Голландия деб атаган. Бир неча  ойдан сўнг испаниялик Л. Торрес Австралиянинг  Кейп-Йорк  ярим ороли шимолидаги  бўғоздан  сузиб  ўтди.  Бу  бўғоз  кейинчалик  унинг  номига  қўйилган.  Ява  оролига  қатнаб  турган голланд денгизчилари 1640 йилда   материкнинг ғарбий, қисман шимол ва жанубий соҳилларини кашф этган. 1642 йилда   Тасман Австралиядан жануброқда сузиб, Тасмания  оролини  топди  ва  материкнинг  Антарктидадан  узоқда  жойлашганлигини  исбот  этди.  Ж. Кук 1770 йилда    Австралиянинг  шарқий  соҳилларини кашф этди ва уни Янги Жанубий Уэльс деб атади. М. Флиндерс ва Н. Боден  тадқиқотлари билан Австралия жанубий соҳилларининг  кашф этилиши тугалланди. М. Флиндерс  материкни  Австралия («Жанубий  Ер»)  деб атади ва 19-асрдан шу ном билан машҳур  бўлиб қолди. Австралиянинг ички қисми европаликларнинг чорва моллари учун яйлов ва  сув  қидириш  мақсадларида  ўрганидди.

Кўпдан-кўп  географик  тадқиқотлар  натижасида  бутун  Австралиянинг  табиат  бойликлари  асосан  ўрганиб  бўлинди.  Бу  эса  қитъанинг  хўжалик  жиҳатдан  тез  ўзлаштирилишига  олиб  келди.  Кейинги  вақтларда  қазилма  бойликлар  қидириб  топиш  борасида  хусусий  тадқиқотлар  олиб борилмоқда. Австралияда Австралия давлати жойлашган. 

Манба:ЎзМЭ

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Базилика

БАЗИЛИКА (юн. basilike — шоҳона бино) — тарҳ (план)да чўзиқ тўғри тўртбурчак шаклидаги катта маҳобатли бино. Ички қисми қатор устунлар билан узунасига кетган бир неча (асосан ...

Иван данилович калита

ИВАН I Калита (? - 1340) - Москва князи (1325 йилдан), Владимирнинг князи (1328 йилдан). Москва князи Даниил Александрович (1261 — 1303) нинг ўғли. Москванинг сиёсий ва ...

Аюқа

Аюқа Хон АЮҚА (1647 — 1724) — қалмиқлар  хони.  Ҳокимият  тепасига 1672 йили  келиб  Волга  бўйларидаги  барча  қалмиқларни  бирлаштирган  ва  ўз  мулкини  анча  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400