МEҲРОБДАН ЧАЁН-ТЎЙ АРАФАСИДА

Хоннинг  совчилари  иккинчи  мартаба  келиб  тўй  вақтини  таъйинладилар:  келаси  жумъа махдумнинг  уйида  тўй  ижро  қилиниб,  маросимдан  сўнг  Раъно  ўрдаға  юбориладирған  бўлди. Тўй  вақти  белгилангандан  бир  кун  кейин  тўй  жамарғаси  ҳам  келди.  Хоннинг  ҳадяси  уч  юз тилло  пул,  шу  қадар  қийматка  арзийдирган  шоҳона  сарполар.  махдумга  алоҳида  илтифот қилинған “раисулмакотиблик”1 унвонларидан иборат эди.

Шунчалик илтифотлар ичида гангиб қолған махдум уч кундан бери дараксиз кеткан Анвар тўғрисида  ўйлай  олмади,  фақат  бундан “ҳамоқат”, “андишасизлик”  деган  натижа  чиқариб тинчиди. Нигор ойим эрса ўзини бирмунча босиб олди, гоҳо Анварга юраги ачиб қўйса ҳам, уни ошиғич  келган  тўй  ҳозирлиги  масаласи  ихтиёрсиз  равишда  бу  тўғрини  ўйлай  олмаслиққа мажбур этди.

Раъно!..  Маълумки,  бу  кунларда  Раънога  тикилган  фалокат  беҳад  улуғдир:  фалокатлик, ҳалокатлик кунлар яқинлашадир. Бунинг устига уч кундан бери Анвар дараксиз. Анвар “висол — муҳаббатни ўлдиргучи, ҳажр эса — камолатка эришдиргучидир”, деб Раънони ҳамишаликка таш-лаб кетдими ёки махдумнинг бемаза муомаласидан кўнгли олиниб, араз қилдими? Ҳолбуки ҳозирғи кунлар араз, аччиғ ва фалонларни кўтарадирган вақтлар эмас, ҳеч бўлмағанда бечора қизға гап билан, сўз билан маънавий ёрдам бериб туриш соатларидир.  Бечора Раъно ҳамиша яхшилиқ,  ақллилиқ  кўриб  келган  бир  кишисидан  ҳам  охирда  дағаллиқ  кўрар,  вафосизлиқ бўйини олар эди. Шу дудама фалокат бир неча кун ичида Раъно гулини сўлитаёзди, ҳатто жоду кўзлар ёш тўкишдан хам тўхталдилар.

Раъно сандалда ўлтуриб жумъа куни — мудҳиш жумъа куни тўғрисида ўйлар эди. Бу кун сешанба, жумъагача яна икки кун бор. Фақат икки кунгина… Раъно бундан ортиқни кўз ўнгига келтира олмас, гўё ўзини жар ёқасида кўрган кишидек панжшанба кечдан беихтиёр, гўё савқи

табиъий2 остида орқасиға тисарилар эди. Шундан кейин Анвар тўғрисида хаёл суриб, унга — Анварга қарши ўзида кучлик бир кек сезар, шундай оғир соатларда ташлаб кеткан “йигит” яна бир кўринса, қандай киноялар билан истиқбол қилишини — кутиб олишини ўйлар эди: “Ҳамма даъволарингиз пуч! Сиз, мирзобошилиқдан маҳрум бўламан, деб қўрқдингиз, бизнинг уйда ўн йил  турсангиз  ҳам,  отамнинг  феълини  билмаганмидиниз?  Ҳолонки,  мен  сизни  хондан  ҳам юқори  ўрунға  қўйған  эдим.  Энди  фурсат  қўлдан  кеткач,  нима  учун  келдингиз?..”  Лекин  ул кейинги итоби маъносидан ўзига ҳисоб бермас, агар бунга қарши Анвар: “Қандай иш ва фурсат ўткандан  кейин  келдим?”  деб  сўраса,  эҳтимолки,  Раъно  сукут  қилар,  чунки  ҳозиргача  унинг фикрига вақти ўтадирган бирар чора келмаганидек ва бу тўғрида ўйлаб ҳам кўрмаган, фақат бу фожиъа  қаршисида  такягоҳ3,  деб  Анварни  истаган,  Анвар  эса  кўздан  йўқолиб,  Раънонинг мажруҳ юрагида яна янги бир жароҳат очқан эди.

Нигор  ойим  ошиғич  ҳозирликлар  орқасидан  чопиб  юрар,  бешикда  ётиб  зериккан  Масъуд қичқириб  йиғлар  эди.  Бояғи  хаёллар  ичида  ўлтурган  Раъно  узоқ  энтикди  ва  асабий  ҳаракат билан ўрнидан туриб бешик ёниға келди. Тебраткан билан бола тийила бермагач, уни йиғлаған кўйи ташлаб, ҳавлига тушти ва нариги айвонда юмиш қилиб ўлтурғучи онасиға “эмизинг!” деб асабий ҳайқирди, ўзи йўлак томонға қараб ўтди.

Боқчада  Маҳмуд  ва  Мансурлар  қўшни  болалари  билан  ўқ  отиб  ўйнар  эдилар.  Атроф олашовур қор билан ёпилған, сўри остидағи суфанинг четлари ёғин билан нураб, устидан бир неча жойи узун-узун ёрилған эди.

Суфа ёнида тўхтаған Раъно болалар ичидаги Маҳмудни чақириб, сўради:

— Маҳмуд, даданг қаерда?

— Дадам… бозорда.

— Ташқарида ким бор?

— Ичким.

Раъно бошқа сўз айтмай, ўрта эшикка келди. Маҳмуд айтканча, ташқарида ҳеч ким йўқ, тўй муносабати  билан  мактаб  шогирдлари  бир  неча  кунга  озод  қўйилған  эдилар.  Нима  мақсад биландир ташқариға чиққан Раъно меҳмонхона эшигини қулфланған кўриб, машқхонаға қараб келди.  Эшик  занжирини  тушуриб  ичкари  кирди.  Саҳнидаги  бўрё  ва  бордонлари  чувалиб, титилиб ётқан машқхонанинг ҳар бир тоқчасиға кўз ташлаб, бирар нарса излагандек юринди.

Тўрдаги  тоқчадан  устига  кўк  сир  берилган  бир  давотни  олиб  қаради.  Давотнинг  ичидаги лосларини қора-сариқ тусда қуриб қолған кўргач, оёқ остиға ташлаб машқхонадан чиқди.

— Маҳмуд!

Камончасига ўқ қадаб ётқан Маҳмуд ўрта эшикда турған опасиға қаради.

— Ҳмм?

— Бери кел.

Маҳмуд тилар-тиламас опаси — Раънонинг ёниға келди.

— Ҳмм?

Раъно Маҳмудга ўз орқасидан келишка ишорат қилиб, яна машқхонаға қараб кетди. Маҳмуд қўлидағи  камончасини  турли  тарафка  ўқтала-ўқтала  Раъно  билан  машқхонаға  кирди.  Улар иккиси бир неча вақт машқхонада қайси тўғридадир сўзлашиб қолдилар.

Уйда  хат  ёзиб  ўлтурган  Раъно  онасининг  ким  биландир  ҳавли  юзида  кўришиб, сўзлашқанини  эшитди  ва  бир  оздан  сўнг юмалоққина,  тўла-тўкис  бир  бўғоз  хотинни  айвон муюшида  кўриб,  ёзувини  тўхтатишқа  мажбур  бўлди.  Чунки  хотин  Раънони  кўриб  қолған, шунинг  учун  бўғоз  хотин  билан  чиқиб  кўришиш  Раънога  лозим  бўлған  эди.  Раъно  чиқиб кўришди. Нигор ойим танимаған меҳмонни сандалга таклиф қилди.

 — Бу ёққа, айланай, бу ёққа.

Хотин қистатмай сандалга чиқиб ўдтурди, кўзи Раънода экан, фотиҳа ўқуб рўймол-лачагини тузатди:

 —  Танимаған  хотин  нима  қилиб  юруйди,  деб  ўйларсизлар,  айланай, — деди  хотин  ва чўнтагидан  бир  қоғоз  чиқарди, — Мирзо  бир-икки  кундан  берли  бизникидалар…

Танисаларингаз  керак,  ўргулай,  мен  мирзо  Султоналининг  кўчлари4  бўламан…  Китобсиз зерикдим, уйда бир китобим бор эди, деб боя — эрта билан шу қоғозни берибтилар, айланай…

Хотиндан  бу  сўзни  эшитиб  Нигор  ойим  ачиниш  ва  уялиш  вазиятига  кирди.  Танчадан нарироқда тик турған Раъно Нигор ойимдан қизғанғандек, келиб хотиннинг қўлидағи букланган қоғозни олди.

 — Мирзодан уятлиғмиз… Айниқса уч кундан бери қаёқларда қолди, деб ич-этимни едим, — деди  Нигор  ойим,  тақдирга  ҳеч  нарса  деб  бўлмас  экан…  Биз  мирзо  билан  уланишармиз  деб ўйлаған эдик.

 — Тақдири азал, айланай, — деди хотин. — Мирзо ҳам юртда иккита ақил бўлса биттаси.

Сизлардан  ҳануз  миннатдор  зканлар;  шундай,  шундай  иш  бўғандан  кейин  келишка  андиша қилиб қоғанлар-да, айланай.

Улар шу сўзда экан, Раъно уйга кирди:

“Холамға, сўнгра Раънога  Беҳад  салом ва  дуо.  Мендан ранжимангиз,  на  учунким,  шундан бошқа чорам йўқдир. Хат олиб борғучидан Шайхи Саъдий куллиётини5 бериб юборсангиз, бўш соатларимдан  фойдаланар  эдим.  Раънога  маълум  бўлсинким,  бундан  сўнг  сенга  меним машқларим (шеър дафтарим) керак бўлмас ва ўзинг билан олиб юришинг ҳам эхтиётдан эмас.

Агар хафа бўлмасанг, шуни ҳам бериб юбор. Соғлиқ аҳволотингиздан ёзингиз.

Аддои Анвар”.

Хат шу қисқа жумлалардан иборат, яна шундай ҳам бўлса Раъно учун қийматли эди.

Ҳали  ёзиб  бошлаган  қоғозни  нима  учундир  йиртиб  ташлади,  айвондагиларнинг  ўзаро сўзлашиб турғанларидан фойдаланиб, жавоб ёзишқа шошилди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1Раисулмакотиб — мактаблар раиси.

2 Савқи табиъий — табиий ҳаракат.

3 Такягоҳ — суянчиқ.

4 Кўчлари — хотинлари.

5  Куллиёт — шоирнинг асарлар тўплами.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 37-қисм

37 Биродарлар, неча-неча қорабайирлар кетига қараб-қараб кетди. Неча-неча жайронлар кишнаб-кишнаб кетди. Неча-неча саманлар гўшт бўлиб кетди! Қишлоқда отлар кишнамай қолди. ...

Юлдузли тунлар-67

ЛАХЎР. ПАНИПАТ. ДEҲЛИ ЯНГИ ҚИРҒОҚЛАР 1 Қўшин илгарилаган сари ўрмон қалинлашиб борар эди. Чинордай баланд банъян дарахтларининг очиқ илдизлари шохларидан пастга осилиб ...

Мeҳробдан чаён-зулм ўчоғи

Худоёрхонға 1283-нчи  йилда  учунчу  мартаба  тахтка  чиқиш  насиб  бўлди.  Унинг  охирға салтанати  хонлиқ  истибдодининг  аччиғ  зулм  ва  таъаддиларининг  жонсўз  қора  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400