АБАШИДЗЕ Ираклий Виссарионович (1909.10.11, Кутаиси губерняси Хони қишлоғи — 1992) — грузин шоири ва жамоат арбоби. Грузия ФА академияси (1960).
Грузия Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раиси (1953—67). Грузия Энциклопедияси бош муҳаррири (1967 йилдан). Асарларидаги асосий мавзу — шоирнинг инсонпарварлик бурчи, Грузиянинг ҳозири ва ўтмишдаги тақдири («Гурия яшнаяпти», 1950; «Яқинлашиш», 1966; «Бу қўшиқлар ҳам — Грузиямга», 1971; шеъ-рий тўпламлари, «Руставели изидан» поэмаси, 1966 ва бошқа). «Юксак маҳорат учун»(1959), «Дўстлар, йўллар, ўйлар» (1979) китоблари муаллифи. Ойбек, Ғафур Ғулом ва бошқа билан ижодий мулоқотда бўлган. Зулфия шеърларини грузин тилига таржима қилган. Ўзбек тилида «Шеърлар» китоби нашр қилинган (1962).
Манба:ЎзМЭ