МEҲРОБДАН ЧАЁН-ЧАЁННИНГ НАМОЙИШИ

Бу кеч масжид ҳужраси яна обод, катта шамъни тоқчаға қўндириб, очиқ танчага писта кўмир солиб,  маъ-юс,  бир-бирига  ёнма-ён  ўлтурғучи  икки  муфти  қўлларини  оловға  товлар  эдилар.

Ҳужранинг  тўрдаги  тоқчасиға  беш-олти  дона  қалин  муқовалиқ  китоблар  терилган,  уларнинг варақ  тахида — “Шарҳи  мулло  Жомий”, “Ақоиди  маъ-алҳавоший”, “Ҳикматул-айн”, “Ал-виқоя”, “Сияри  шариф”  каби  сўзлар  ёзилған  эди.  Кун  ботиш  тоқча  девориға  гул  равишида туширилган дуо ёки шунинг каби муқаддас калималар ёзиғлиқ бир қогоз ёпиштирилған. Сирлар билан турланган қозиқларнинг бирига бева хотиннинг декчасидек бир салла илинган эди.

Шаҳодат муфти касавни олиб, чўғни титди ва кенг кўкрагини шишириб нафас олди.

— Ажаб бедаво дард-да.

Калоншоҳ мирзо бошини ирғатиб қўйди.

—  “Сўйган  ёрим  сен  бўлсанг,  кўрган  куним  не  бўлғай”, — деб  давом  этди  муфти. — Улуламир қадрношунос бўлғандан сўнг қийин экан. Шу оқпадарнинг қўл остида ишлагандан девонни ташлаб кеткан беҳроқ.

— Сабр қилинг, домла, сабр: “Инналлоҳа маъассобирин”1.

— Албатта… Ва лекин Султоналидек бемаънига бош эккандан, ҳар рўз ўн таёқ еган яхши.

Хуфтанни  ўқуғандан  сўнг  таҳорат  янгилаб  юргучи  мулла  Абдураҳмон  ҳужра  эшигида кўринди. Кичкина ховонча бошидағи оқ тепчима тўппи ва қора узун соқоли уни ҳиндиларнинг савдогари қиёфатига қўйған эди. Мулла Абдураҳмон ичкари кириб, қозиқдағи саллани оқ тўппи устидан кийди.

— Мен жанобларнинг сўзлари билан уйга овқат буюрмадим-а?

— Лозим эмас, биз уйдан овқатланиб келганмиз.

Мулла  Абдураҳмон  танча  ёниға  келиб  ўлтурди  ва  ер  остидан  Шаҳодат  муфтига  қараб илжайди.

— Шундай қилиб, мирзо Анварни қиз билан қочирдингиз?

—  Қочириш  бўлса,  қочирдиқ  ва  лекин  қордан  қутулиб  ёмғурға  тутилдиқ,  мулла Абдураҳмон.

— Мен эшитдим.

— Куллу явмин батар2 — буниси ундан ҳам қабиҳроқ бўлди… Беш кундан бери юраклар зардобка тўлди, мулла Абдураҳмон, — деди муфти. — Кеча бизникига йўқлаб борған экансиз, Сиз кетибсиз, мен келибман-да, кўб афсус қил-дим. Бу кун мулла Калоншоҳни олиб, сиз билан суҳбатлашиб қайтайлиқ, деган ниятда…

—  Қуллиқ,  тақсир,  қуллиқ, — деб  мулла  Абдураҳмон  қимирлаб  ўлтурди. — Мен  Анвар билан Султонали можаросини фақат кеча мирзо Боисдан эшитдим. Бу тўғрини аниқроқ билиш учун жанобингизнинг хизматингизга борғаним эди… Хўш, ҳаводис нима?

— Ҳаводисми? Қани сўзланг-чи, мулла Калоншоҳ.

Калоншоҳ,  сўзлай  беринг,  дегандек  Шаҳодат  муфтининг  ўзига  ишорат  қилди.  Шаҳодат муфти кўзини юминқираб, ҳаводисдан3 саҳифа очди:

— Ҳаводис шулки, Анвар борасиға сизнинг олған нишонингиз жиддан тўғри тушиб, биз куткандин ҳам зиёдароқ самарага эришкан, яъни мағрур гўдагимиз қизни атиб қочқан…

Мулла Абдураҳмон ҳакимона илжайди, Шаҳодат муфти давом этди:

—  Чамаси,  нисфи  шаб-ярим  кеча  асноси,  дўстим,  деб  ёнида  қиз,  Султоналининг  уйига келган.  Султонали  тойг  отқунча  икки  гўдакнинг  қўйнини  пуч  ёнгоққа  тўлатиб  чиққан,  эрта билан  улар  уйқуда  ётқанда,  Султонали  ўрдаға  югуриб  келган;  воқиъани  тунқотарға  сўзлаб, тунқотар  хонға  йўлиқиб,  хоннинг  буйруғи  билан  ёнлариға  ясовуллар  олиб  келсалар,  ошиқ-маъшуқ йўқ, улар жойида Султоналига аталған бир сабнома4 бор… Чамаси, Султонали аблаҳлик қилиб, Анварни бад олдириб қўйған ва тонг вақти, улар уйқуда экан чоқда ғойиб бўлиб, яна шубҳани ортдирған бўлса керак. Султонали Анвар билан қизни тутиб бералмаса ҳам, баҳарҳол хонға яхши кўриниб, Анварнинг ўрнини олишқа муваффақ бўлди. Барча ҳаводис мана шундан иборат.

Абдураҳмон ҳикояни эшиткандан кейин, бир неча вақт сўзсиз ўлтурди. Танчадаги оловни тузатар экан, ер остидан муфтиларга қараб илжайди.

—  Мирзо  Боисдан  ҳам  шу  маолни5  эшиткан  эдим, — деди  ниҳоят. — Жанобларнинг фикрлари балки тўғридир, аммо мен бу маолдан бир оз шубҳа қиламан…

— Яъни, масалан?

Абдураҳмон қўлини ўйнаб, яна бир оз сукутда ўлтурди, сўнгра лаби оҳиста-оҳиста очилиб юмила бошлади:

— Бу ҳаммаси Султонали билан Анварнинг ўюнидир, деб ўйлайман… Бу андишамга бир неча  сабаблар  ҳам  бор.  Жаноблардин  махфий  эмасдирким,  биз  ўзаро  қандай  яқин  бўлсақ, Султонали  билан  Анвар  ҳам  ўзаро  шундай  қалин  дўст  эдилар.  Бинобарин,  ақлға “қарға қарғанинг кўзини чўқур эканми?” деган савол келадир; жаноблар шу борани қандай тушундилар экан.

Шаҳодат муфти Калоншоҳка қараб қўйди, Калоншоҳ парвосизроқ кўринар эди. Орада яна бир неча вақт сукут ҳукм сурди.

—  Султонали  сармунший  бўлиш  учун  дўстидан  кечса  ҳам  мумкин, — деди  муфти. — Иккинчи тарафдан, сизнинг фикрингиз ҳам эҳтимолдан баъид6 эмас.

— Султонали дўстидан кечмай туриб ҳам бу найрангни қилса мумкин эмасми, домла? — деб кулди Абдураҳмон. — Масалан, хон олмоқчи бўлған қизни қочирғучи Анвар икки бошдан-ку,  қайтиб  сармунший  бўлолмайдир,  бошқа  тарафдан,  хиёнаткор  дўсти  бўлиб  танилған Султоналининг ҳам ҳаёти таҳлика остида турадир… Бас, шу ҳолда бу найранг тўқилған бўлса, яна  тўғриси,  шу  ҳийлани  Султоналининг  амнияти  талаб  қилған  бўлса,  сиз  билан  мен  ғайраз қандай мантиққа суяна оламиз?

Шаҳодат муфти ўрнидан турди, Абдураҳмоннинг ёнига келиб, орқасини қоқди:

— Раҳмат, ўғлим, раҳмат. Сени туққан онангға ва ўқутған устозингга раҳмат.

Абдураҳмон ерга қараған ҳолда илжайди. Шаҳодат муфти унинг ақлиға таҳсин ўқуй-ўқуй, нос чакиб ўз жойиға ўлтурди.

— Мулла Калоншоҳ-а, шу гап бизнинг ақлимизға асло келмабти-да?

Шаҳодат муфтининг хурсандлигига қўшулмай, тунд ўлтурғучи Калоншоҳ, парвосиз қўлини оловға иситди.

— Мен шу андишани ҳам қилған эдим, — деди бир оздан кейин Калоншоҳ, — лекин ақлим бовар қилмаған эди ва хозир ҳам бу фикрга қўшула олмайман.

— Сабаб?

— Боис шулки, Султонали Анварга суиқасд қилмағанда ҳам унга ҳеч гап йўқ эди. Аммо ул хонға қаробат7 ҳосил қилиш учун азтаҳидил Анварнинг қасдиға тушканким, бунда шубҳа йўқ.

Ўзгалар  тарафидан  сўзланган  фикр  ёки  бақс  ҳар  қанча  мантиқий  бўлганда  ҳам Калоншоҳнинг қарши чиқиш феъли бор эди. Унинг бу феълига яхши тушуниб қолған Шаҳодат  муфти бош чайқади.

— Биз янглишамиз.

Калоншоҳ яна юқоридағи сўзини такрорлади:

—  Бачи  маъни  янглишамиз?  Мулла  Абдурахмоннинг  ўзи  ҳам  ўйлаб  кўрсин,  башарти Султонали дўстлиқ юзасидан Анварни қочириб юборғанда ҳам унга ҳеч бир зарар йўқ эди. Бас, Султоналининг  ҳамма  ҳаракати  тўғри,  Анварга  хиёнат  қилиши  мансаб  умидида  эканлиги шубҳасиз.

Орада ўз фикрига қарши шунча раддия ўтса ҳам, парвосиз, гўё муроқабада8 ўлтургучи мулла Абдураҳмон яна илжайиб бош кўтарди.

—  Султоналининг  Анвар  билан  ати-қатилиғи  ўрдадан  ҳ.ар  кимга  маълум-ку,  домла.

Башарти  ўз  уйида  турған  Анварнинг  хиёнати  тўғрисида  Султонали  ўзини  тағофулға  солса, мардумнинг  кўнглига  нима  гап  келар  эди,  айниқса,  жанобларингиз  қандай  андишага  тушар эдингиз… Ожизнинг фикримча, ул найрангбозлар бир ўқ билан неча қўшни урганлар, масалан, жанобга Султоналининг садоқати зоҳир бўлди, сармуншийлик вазифасига беозор ўлтуриб олди ва учунчидан, мардум кўзини бўяди.

—  Баҳарҳол…  баҳарҳол  Анварга  қарши  чиқмағанда  ҳам  Султоналини  на  хон  ва  на  биз айблай олар эдик.

— Хўш?

—  Хўш-пўши  йўқ, — деди  қизишиб  қолған  Калоншоҳ, — биравнинг  устига  айб  қўйиш учун,  шаръан  шоҳидлар  ло-зим,  даъвони  исбот  қилиш  герак…  Хах-хах-хах,  сен  фалончи гуноҳкор билан дўст эдинг, деб кишини айблаш. Масалан, ушбу даъвони қилғучи ўзингиз ҳам уларнинг  маслаҳати  устида  бўлмағансиз;  фақат  шундаймикин,  деган  мулоҳазада  сўзлайсиз, ҳолбуки, сизнинг сўзингизнинг шаръан тўрт пуллик қиймати йўқ, ука…

Калоншоҳ  жуда  қизишиб  кетди, “шаръан  сўзингизнинг  тўрт  пуллик  қиймати  йўқ,  ука” таҳқири билан мулла Абдураҳмон ҳам бўзариб олди.

—  Меним  сўзим  бир  мулоҳаза,  тақсир,  мулоҳаза  шаръан  исботка  буюрилмаған.  Ҳоказо, ўзингиз  айтканча,  гўё  маснад9  учун  жон  отиб  юрған  Султоналининг  зоҳир10  ҳаракатига  ҳам ишониб бўлмайдир.

— Шунинг каби, сизникига ҳам вусуқ11 йўқ.

— Мен айтаяпман-ку…

Жанжалнинг каттага кетишини фаҳмлаган Шаҳодат муфти Абдураҳмоннинг сўзини бўлиб, ораға тушди:

—  Баҳс  нима  ҳожат?  Мулла  Калоншоҳники  ҳам  тўғри,  сизники  ҳам  ҳақиқат…  Аммо ҳозирги  масаламиз  қайси  фикр  тўғрилиғи  устида  эмас,  қайси  йўл  билан  Султоналини  бу ўрундан олиб ташлаймиз борасида.

Кўб  йиллардан  бери  бирга  юриб,  ўз руҳига  тушуниб  қолған  Шаҳодат муфтининг  бу  сўзи билан Калоншоҳ озғина ёришди.

—  Ана  бу  бошқа  масала, — деди, — мулла  Абдураҳмоннинг  фикрини  тўғрими,  эгрими, суриштирмай, унга фақат бир тадбир деб қарасангиз бу бошқа гап, аммо маҳзи ҳақиқат12, деб билиш бус-бутун хато.

Шаҳодат муфти бу масалани ёпиб, иккинчи тарафка ўтишка шошилди. Чунки Абдураҳмон яна бир илжайиб икки оғиз сўз айтса алоншоҳнинг оғзини тикиш оғир ошар, Шаҳодат муфти буни яхши онглар эди.

— Халос, халос, — деди муфти, — менда воқиъ ҳолоғи фараҳ13 ҳам фақат шунинг устида, йўқса,  илми  ғайбни14  ким  билибдир.  Аммо  мулла  Абдураҳмон  мулоҳазасининг  қиймати шундаким, Султонали муаммосини тез ҳал қилса бўлур.

Муфтининг  сифориш15  сўзлаши  билан  Калоншоҳ  жуда  ҳам  ўзига  келиб  қолди  ва “ҳалли қандай” деб ёвошқина сўраб ҳам қўйди.

— Ҳалли осон, жуда осон, — деди муфти. — Биз мулла Абдураҳмоннинг мулоҳазаси айни билан жанобга бир ариза ёзамиз, халос.

Мулла Абдураҳмон намойишкор Калоншоҳка қараб, ўнг қўли билан манглайини қашиди…

Аммо Калоншоҳ қаноатланмағандек қилиб бош чайқади.

—  Хон  Султоналининг  садоқатига  қаиоат  ҳосил  қилған,  яна  шу  ҳолда  бу  аризага ишонадирми?

—  Агар  ҳақиқатни  айтилса,  хон  ўзидан  бошқа  ҳеч  кимга  эътимод  қилмайдир, — деди муфти, — хайр, Султоналига эътимод қўйған ҳам бўлсин, яна бу тақдирда ҳам биз аризани ёза берамиз. Нега? Агар ишонса, Султоналини ўрдадан ҳайдар, ишонмаса, яна бизга нима зарар; бу гап .сизга қандай ўхшайди, мулла Абдураҳмон?

Абдураҳмон кўзини катта очиб, тўғри топқан каби бош ирғатди.

— Аризамиз ўрунласа кўб яхши, билъакс, ўрдадан ўзимиз ҳайдалурмиз, — дсди Калоншоҳ.

— Нима учун? — деб сўради муфти.

— Ахир аризани ким берганлиги маълум-ку.

— Йўқ, — деди муфти. — Биз ариза остиға имзо қўймаймиз, Калоншоҳ.

— Имзосиз ариза муътамад16 бўлмас.

—  Муътамад  бўлсин-бўлмасин  бизга  нима  зарар;  баҳарнавъ  шу  эҳтимолни  хоннинг қулоғиға еткарсак бас-да, Калоншоҳ.

— Кимнинг дастхати билан ёзасиз?

— Бу осон, сиз бунисидан хотиржамъ бўлинг, Калон-шоҳ!

Калоншоҳ ноилож ариза ёзишқа роғиб17 бўлди. Аризанинг шу мажлисда, мулла Абдураҳмон қузурида ёзилиши мувофиқ кўрилиб, муфти таҳрирга ўлтурди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Оллоҳ сабр қилғучилар билан биргадир (Оят) (муал.).

2 Куллу явмин батар — кундан-кун баттар.

3 Ҳаводис — ҳодисалар, воқеалар.

4 Сабнома — сўкиб, таҳқир қилиб ёзилған хат (муал.).

5 Маол — мазмун, маъно.

6 Баъид — узоқ.

7 Қаробат — яқинлик.

8 Муроқаба — мушоҳада қилиш.

9 Маснад — мартаба.

10 Зоҳир — ошкора, очиқ.

11 Вусуқ — ишонч.

12 Маҳзи ऀҳақиат — фақат тўғри гап.

13 Менда воқиъ ҳолоғи фараҳ — мендаги ҳалиги хурсандлик.

14 Илми ғайб — ғойибни билиш, келажакда бўладиган воқеани олдиндан билиш.. Бу хусусият фақат Оллоҳга хосдир.

15 Сифориш — меҳрибонлик, ҳурмат.

16 Муътамад — ишончли.

17 Роғиб — мойил.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 10-қисм

10 Тарлонни бойловга ташладим. Отхонадаги баланд охурга боғладим. Гўнг чиқариладиган тешикни жанда билан кечалари ёпиб қўйдим, кундузлари очиб қўйдим. Тарлонга арпа ем бериб ...

Юлдузли тунлар-73

* * * Ғира-шира қоронғиликда ўнг қирғоқдан катта бир қайиқ чиқиб, кемага қараб кела бошлади. Кеманинг пастки қаватидан қўрчибоши: — Ким у қайиқдаги? — деб сўраганини Бобур ...

Эврил турон: асов от қисмати (баллада)

Журъат йўқ ерда, йўқ эрк, йўқ иттиҳод Йўқ озодлик, йўқ тенглик , йўқ жалодат                                                         (Муқанна) (more…)


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400