Етти ёшли миллионер

Суратдаги болакай етти ёшда, исми — Райан. YouTube’да канали бор унинг — Ryan Toys Review деб номланади. Канал, албатта, болакайнинг ота-онаси томонидан юритилади ва унга Райаннинг турли ўйинчоқларга билдирган муносабатлари (тақризлари дейлик) жойлаштириб борилади. Каналга 17,3 миллион (ўн етти миллион уч юз минг!) киши обуна бўлган (бирортаси мажбурий эмас). Forbes нашри ҳисоб-китобларига кўра, Райан сўнгги бир йил давомида YouTube’даги канали орқали 22 миллион доллар пул ишлаб топган. У ўтган йилги рейтингда 11 миллион долларлик даромад билан 8-ўринни эгаллаган эди. Ақл бовар қилмайди, шундай эмасми?

Энг топармон видеоблогерлар рейтингида актёр ва пранклар муаллифи Жейк Пол 21,5 миллион долларлик даромад билан иккинчи ўринни, спорт трюкари ҳақидаги Dude Perfect канали муаллифлари эса 20 миллион долларлик даромад билан учинчи бўлган (тўлиқ 10 талик рейтинг бу ерда. Бунақа хабарларни ўқиганингдан сўнг, шартта YouTube’га кириб, пул ишлашни бошлаб юборгинг келади-ю… Ўзбекистонда YouTube очилмайди-да. Нега очилмаётганини, нега ўзбекистонликлар ҳам миллион бўлмаса ҳам, йилига минг-минглаб доллар пул ишлай олмаётганини ҳеч ким билмайди. АКТ вазирлиги ҳам, «Ўзбектелеком» ҳам.

 

Оқибат эса шу — «чириган Ғарб»да етти яшар болалар эфирда ўйинчоқ ўйнаб миллионер бўляпти.

Манба:Телеграммдаги Daryo—LIVE канали

Аудиолар