МEҲРОБДАН ЧАЁН-БАРИМТА

Кун чошкоҳдан ошиб, Чорсуда халқ олағовири бошланса ҳам, шундаги бўш дўконларнинг бирида уч нафар йигит ҳануз донг қотиб ухлар эди. Чорсуда бўлиб турған тарс-тўполон гўё бу уч  йигитни  аллалар  эди.  Бошиға  биттадан  шапарак  кир  ёстиқ  қўйиб,  остиға  яланқават  тақир кўрпача ёзған ва устига гуппи чопонини ёпиб, яна шу ҳолда баҳузур хуррак отиб ухлаған бу уч йигит мусофирга ўхшар эдилар. Улар пгу йўсун роҳат қилиб ётқанда, тахтабандлик дўкон ёниға ташқаридан  бирав  келиб  тўхтади  ва  ҳамма  товшини  қўйиб,  бақириб  юборди: “Тўхта,  ҳовв Наврўзқул!”

Ухлағучиларнинг иккиси пинагини бузмади, аммо дўконнинг тўрида ётқан чувак бир йигит сўчиб,  бошини  кўтарди,  уйқулиқ  кўз  билан  атрофига  қарағандан  кейин,  ҳамёза  тортди, керишди, сўнгра энг четда ётғучиға кўзи тушиб, ёнидағи йигитни туртди:

— Тўр, Шариф, тур, пешин бўлубту.

Иккинчи йигит кўзини очди:

— Эй, қўйсанг-чи, Раҳем.

— Тур-да, ахи, ана Қобелбой ҳам кеб тўхтабту.

Шарифбой ёстиқдан бурилиб, ёнидағи учунчи йигитка қаради:

— Палаънат, қачон келган экан?

— Ким билсин…. Инисини бо учратдимикин? Кани, уйғот-чи, палаънатини.

Шарифбой  ётқан  жойидан  қўлини  узатиб,  Қобилбойнинг  муртидан  тортди,  Қобилбой ғиншиб уйғонди:

— Тек ёт, Шариф.

— Инингта йўлиқдинг-чи?

—  Йўлиқдим,  икавингга салом айтди, — деди Қобилбой ва юзини улардан четка ўгуриб олди. — Бир оз тинч қўй, ухлайман.

—  Эби,  эби, — деди  Раҳим, — буродаринг  аҳволини  гапур-да,  ахи.  Бар  падари  уйқуки, пешинга чикин1 бўлса; кўчага бўлиб ёткан тўпалангни гўшингга иласанми?

— Кеч келдим, кўб жоврама-чи, Раҳим.

—  Қорунни  тўйғузиб,  сўғун  ухла  акун2,  қорунлар  ҳам  пиёз  бўлиб  тўхтабту,  нонуштани қаерга қиламиз, Шариф?

— Чойхонага қиламиз.

— Кани, сен ҳам кафанингни ёпиниб шунда чикин ётма, палаънатинг бо ухлаб кетдими?

Иккиси туриб кийина бошладилар. Раҳим узун белбоғини тўғрилар экан, бир қанча чақа ва тангалари ерга сочилиб тушти.

— Ўҳў, ўҳў, сабил, — деди Раҳим пулларни териб. — Худо буларни ҳам кўб кўрди чоғи, акун, Қўқонинг бизга тўғри келмади, иш топилмайде, пул сочиладе, оч қоламиз чоғи, Шариф?

—  Қобелбойнинг  Қўқонжоиига  лаънат, — деди  Шариф, — лоақал  темирчи  ҳам  шогирд олмайди, бизга бирон иш топиб бермаса, тўппа-тўғри нар хар Қобелнинг устига минамиз. Буларнинг вақирлашиға уйқуси ўчиб кеткан Қобил, тўнғур-тўнғур бир нарсаларни сўзлаб,

ёстиқдан бошини кўтарди.

—  Чумчуқдек  чирқиллашдинглар-да,  тожиклар, — деди  Қобил. — Ишсиз  қолған бўлсаларинг, Тошкандга кетамиз.

—  Ана-ана,  яна  топди  гавни, — деди  Раҳим. — Валдир-валдир  қиласан,  Қобулбой  акун, Тошканд бориш учун пул кани?

— Пул топилади.

— Пул топилади? — деб кулди Раҳим, — бу бепадар бойбаччангизни қара, Шарифбой.

—  Пул  топилади, — деди  яна  Қобилбой  ва  яхтагининг  чўнтагага  қўл  солдй. — Паст одамларсан-да: биринг темир-чиниг ўғли, иккинчинг шустагарнинг3 боласи…

— Вой-вой, — деди Раҳим, — назари баланд бўёқчининг ўғлидан хафа бўллем!

Қобилбой чўнтагидан  бир  нарса  олиб, уларнинг  оёғи  остиға  ташлади  ва  ўзи  оғзини  катта очиб, ҳамёза тортди.

— Ана пул, керак бўлса ол, сендек ифлосларни бир йил боқади.

Раҳим билан Шарифбойнинг оёқлари остиға икки тилло келиб тушти, улар бир олтинларға ва бир Қобилбойға қараб қолдилар.

— Эби, кимни ўлдурдинг?

— Ота касбим одам ўлдириш эмас.

— Иниси берган, — деди Шариф.

— Қани, ининг билан кўришдингми, Қобел?

— Кўришдим.

— Одами нағз бўлған?

— Одами нағз.

— Акун шу қочиб ёта берайкан-да, — деди Раҳим. — Бирон чора боқсин-да, айтмадинг-чи,

ахи?

— Айтдим… Пайт топиб ҳаммамиз Тошканд кетмакчи бўлдиқ.

—  Бале-бале! — Деди  Раҳим ва  Шарифка  қараб  қош  қоқти. — Тошканд  кетамиз  дегани тексиз4 эмас экан-да, палаънатингни. Ҳай, иш битти, Қобелбой, Тошкандга юрамиз, ўрусингни

ҳам бир кўрайлик5.

Шариф ерда ётқан икки тиллони олиб Қобилға узатти:

— Ма, тиллонгни киссангта тиқ, Қобел.

Қобил олмади.

— Тилло ўзларингга, икавинг бир тиллодан бўлиб ол.

— Аччиғингни қўй, ахи, биз сенга даҳанаки айтдик-да.

Қобил кулди ва парвосиз кийина берди.

— Олмайсанми, палаънат?

— Ўзларингта деяппан-ку, иним сенларга атаб берди.

— Биздан қарзи йўқ-ку, ахи?

— Тушунмаган одамларсан-да, — деди Қобил. — Иним қочиб ётқан ҳолда уларни меҳмон қилолмадим, деб сенларга шу икки тиллони бериб юборди… Энди тушундингми?

— Вой, палаънат… Ҳали сан бизни ўз пулимиз билан бетимизга урдинг?

Қобил  кулди.  Улар  иккиси  бирининг  оғзидан  бири  олиб,  Қобилни  паст  уриб,  Анварни мақтаб кетдилар.

—  Сан  отанг  ўғли  эмассан,  агар  отанг  ўғли  бўлсанг,  мирзо  Анвардек  меҳмондўст бўлайдинг.  Мирзо  Анвар  меҳмоннинг  бетини  кўрмай,  бошидан  тилло  нисор6  қилғанда,  сан налаънат  бизни  туконхонага  қамаб  қўясан.  Буродаринг  бўлмаса,  Қўқонжонингни  кўтариб оғзингга урайдик, мурунингдин мағзи саринг оқиб тушайди!

Қобил бир нарса деб тўнғиллади.

—  Э,  тўнғиллама,  палаънат.  Биз  пул  ошноси  эмас,  одам  ошноси…  Сени  бозори  подшога олиб чиқса, оғзига тиши бор деб саккиз пулга ҳам олмайди, ба худо!

Улар  шу  ҳангаманинг  устида  эдиларким,  Чорсудаги  шовқин-сурон  ичидан  баҳайбат  бир ҳайқириқ  эшитилди:  бозор  ола-говири  бирдан  кесилиб,  бу  учави  ҳам  ташқариға  қулоқ  солиб қолдилар:

 

Эй-й-й-й-й-й-й…

 — Бозор аро йигилишиб гул терганлар! 

Қасам ёдлаб, подшоға сўз берганлар! 

Мирзо Анвар отлиғ элга маълум киши, 

Ўрда ичра қаламкашлик эрди иши. 

Арзимаган гуноҳига қочди, кетди. 

Бундин андак подшога озор етди. 

Унинг дўсти Султонали номлиғ мирзо, 

Бу қочишдан чекмакдадир беҳад изо. 

Мирзо Анвар гуноҳига тойилди зор, 

Халойиқни тўхтатишдан мақсадим бор. 

Эрта пешин асносида Султонали, 

Орсиз Анвар гуноҳига ўлғай, бали. 

Жамиятда ҳозир бўлса осий Анвар, 

Ёки унинг дўсти ошносидин бирар. 

Гуноҳингга Султонали ўлар, десин, 

Эрта пешин вақти, афсус, сўлар десин. 

Имонлик қул нафси учун дўстин сотмас, 

Гуноҳи йўқ ошносини ўтка отмас. 

Қулоқ солган гуноҳсизнинг фарёдига, 

Дард қолмағай, етар ҳар вақт муродига!

Жарчи тўхтади, шовқин-сурон яна эскича давом этди. Жарнинг давомида қулоғи тиккайиб, кўзи катта очилған Қобилбой сукутка кетди…

— Нега хомуш тўхтадинг, Қобел? Акун жарчинг нима деб вақирлайди?

Қобил жавобсиз бошини чайқади.

— Гапур, — деди Шариф. — мирзо Анвар, осий Анвар, деяпти чоғи?

Қобил яна жавоб бермади.

— Забонинг бор, ахи, буродарингни тутканлар-чи?

— Йўқ.

— Бўлмаса нега ундай чикин хомуш тўхтадинг?

— Энди тутмакчилар…

— Энди тутмакчилар? — деб заҳарханда қилди Раҳим. — Дарди харинани тутади.

— Тушунмай ётибсанлар, анови кун биз бир мирзонинг уйига борған эдик-а.

— Ҳай.

—  Ана  шуни,  сен  Анварнинг  дўсти  эдинг,  деб  баримта7  ушлаганлар…  Эртагача  Анвар келмаса, шу Султоналини ўлдурар эмишлар…

Жар  маъносига  энди  тушунган  йигитларнинг  юзида  бирдан  ўзгариш  кўрилди,  кўзларида ғазаб, нафрат ўти ёнди:

—  Бу  хон  йўқ8,  бу  даюс! — деди  Раҳим. — Акун  санинг  лабингга  кесакни  ман  суртай, ўртоғим Шарифни ўлдир? Бу хон йўқ, бу даюс. Азбаройи худо, даюс!

Қобил  лабини  тишлаб,  секинроқ  ишоратини  қилди.  Чунки  хуйланиб  кеткан  Раҳим  бутун дўконхонани бошиға кийиб бақира бошлади.

— Бу хон йўқ, бу даюс! Вой дар даҳанат хонаша!..

— Секин-секин! — деди қўрқувлиқ Қобил ва ўрнидан туриб кетди, — бир фойдаси борми, жинни!

— Вой дар даҳанат хонаша!..

Қобил югуриб бориб, дўконхона эшигидан кўчага қаради.

— Қўй акун, даюсинг мени хам бўғиз қилсин… Вой дар даҳанат…

Раҳимнинг  эскидан  шунинг  сингари  асабий  оғриғи  бор  эди.  Шариф  билан  Қобил  унинг феьлига  яхши  тушунар,  ул  бирар  ҳақсизликка  дуч  келса,  гарчи  масаланинг  ўзига  тааллуқи бўлмағанда ҳам шунинг сингари жинни бўлиб олар эди. Раҳим уч-тўрт дақиқа сўкуниб, титраб дўконхонани бошиға кўтаргандан кейин тинчиди, Қобил дўконхона эшигини ёпиб, ўртоқлари ёниға келди. Учави бир неча вақт хомуш ўлтурдилар.

— Шу бевафо дунёга бир иш қиламиз, Қобелбой, — деди яна кўзи олаланған Раҳим. — Даюсингни зиндони қаерга?

— Зиндонини нима қиласан?

— Ана ман бор, ана Шариф, ана сан, — деди Раҳим. — Шу тунга учавимиз бориб ё ўламиз, ё шу бечорангни рўшнолиққа оламиз.

Қобил манглай остидан Шарифка кўз юборди. Шариф кулимсиб, Раҳимга қаради..

— Э, сенга чи бало шуд?9

— Ҳеч чи, — деди Раҳим. — Акун биз дунёга нима олиб борамез, ҳай ўллук; дунёга ўн тилло пулимиз қолайдими, ё уйга сочини тараб тўхтаған хотунимиз қолайдими?

— Йўқ, қолайтикони йўқ, — деди кулиб Шариф.

— Дасташа гир, — деди Раҳим. Шариф билан Қобилға икки қўлини чўзиб, улар иккиси ҳам илжайган кўйи қўлларини бердилар. — Лафзатон якми?

— Як-як, Раҳим дав.

— Ҳазилаш нест?

— Нест.

— Тамом, — деди икки қўлини бўшатиб Раҳим. — Шуд.

Бу  аҳдлашишдан  сўнг  учави  ҳам  хомуш  қолдилар.  Ташқарида  шовқин-сурон  давом  этар, узоғроқ жойдан қаландарлар талқини эшитилар ва дўкон ёнидағи бир каллапаз зўр бериб ёғлиқ хасипини махтар эди. Полос устидаги чўпларни ўйнаб ўлтурган Қобилбой узоқ сукутдан бош кўтарди.

— Меним бир неча ерларга боришим керак экан.

— Қаёнға?

— Кеча мени олиб кеткан бўзчининг уйига, ундан кейин инимнинг олдиға.

— Нима учун?

—  Балки  Султоналининг  қамалиши  ёлғондир,  агар  чин  бўлса,  иним  билан  албатта кенгашиш керак. Ўрунсиз кучаниб қолмайлиқ-да.

Шариф Қобилнинг сўзини маъқуллаб, бош ирғатди.

— Ҳай, кет, — деди Раҳим. — Биз шу ерга бўламиз, ханжарларни чархка тоблаймиз. Кўб тўхтама, палаънат.

Шариф ва Қобил унинг жиддиятидан кулимсишдилар. Қобил дўкондан чиқди.

Абдулла Қодирий

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)


1 Чикин — …гача.

2 Акун (акнун) — энди.

3 Шустагар — мато оҳорловчи.

4Тексиз — бекор.

5 Шу вактларда Тошканд ўрус қўлида эканлиги унутилмасин (муал.).

6 Нисор — сочиш.

7 Баримта — гаров.

8 Бу хон эмас… (муал.).

9 Э, сенга нима бало бўлди?

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бизда ким кўп йиғлайдир?

10. БИЗДА КИМ КЎП ЙИҒЛАЙДИР? Ғайри машруъ талоқ хати текканига олти ойларча фурсат ўтиб кеткан эди. Кумушнинг гўзаллик таърифини ғойибона эшитиб, оғзининг суви келгучи ...

Чингиз айтматов:қиёмат 29-қисм

IV Авдий Каллистратовни Жалпоқ-Соз бекат касалхонасига ётқизишди. Тунд юзли қозоқ врачи Олия Исмоиловна касални кўриб, жиддий деди: — Аҳволингиз унчалар ҳам яхши эмас. Лат ...

От кишнаган оқшом (қисса) 50-қисм

50 Остонадан ичкари мўраладим. Чойхона тўла одам бўлди. Чойхона ҳавоси дим бўлди. Нафасим қайтиб кетди. Ташқари сўриларда-да одам мўл бўлди. Бировлаб санаса юзлар бўлди. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400