Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Резолюция 217 А (III) билан 1948 йил 10 декабрда қабул ва эълон қилинган

МУҚАДДИМА

Инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси эканлигини эътиборга олиб;

инсон ҳуқуқларини менсимаслик ва уни поймол этиш инсоният виждони қийналадиган ваҳшиёна ишлар содир этилишига олиб келганини, кишилар сўз эркинлиги ва эътиқод эркинлигига эга бўладиган ҳамда қўрқув ва муҳтожликдан ҳоли шароитда яшайдиган дунёни яратиш инсонларнинг эзгу интилишидир деб эълон қилинганлигини эътиборга олиб;

инсон охирги чора сифатида зулм ва истибдодга қарши исён кўтаришга мажбур бўлишининг олдини олиш мақсадида инсон ҳуқуқлари қонун кучи билан ҳимоя этилиши зарур эканлигини эътиборга олиб;

халқлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашиш зарурлигини эътиборга олиб;

Бирлашган Миллатлар халқлари инсоннинг асосий ҳуқуқларига, шахснинг қадр-қимматига, эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилигига, ўз эътиқодларини Низомда тасдиқлаганликлари ҳамда янада кенгроқ эркинликда ижтимоий тараққиёт ва турмуш шароитларини яхшилашга кўмаклашишга аҳд қилганликларини эътиборга олиб;

аъзо бўлган давлатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ялпи ҳурмат қилиш ва унга риоя қилишга кўмаклашиш мажбуриятини олганлигини эътиборга олиб;

мазкур ҳуқуқлар ва эркинликларнинг характерини ялпи тушуниш ушбу мажбуриятларнинг тўлиқ адо этилиши учун катта аҳамиятга эга бўлишини эътиборга олиб;

Бош Ассамблея
мазкур Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини барча халқлар ва барча давлатлар бажаришга интилиши лозим бўлган вазифа сифатида эълон қилар экан, бундан муддао шуки, ҳар бир инсон ва жамиятнинг ҳар бир ташкилоти доимо ушбу Декларацияни назарда тутган ҳолда маърифат ва таълим йўли билан бу ҳуқуқ ва эркинликларнинг ҳурмат қилинишига кўмаклашиши, миллий ва халқаро тараққийпарвар тадбирлар орқали ҳам унинг бажарилиши таъминланишига, Ташкилотга аъзо бўлган давлатлар халқлари ўртасида ва ушбу давлатларнинг юрисдикциясидаги ҳудудларда яшаётган халқлар ўртасида ялписига ва самарали тан олинишига интилишлари зарур.

1-МОДДА
Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак.

2-МОДДА
Ҳар бир инсон ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар ушбу Декларацияда эълон қилинган барча ҳуқуқ ва барча эркинликка эга бўлиши зарур.

Бундан ташқари, инсон мансуб бўлган мамлакат ёки ҳудуднинг сиёсий, ҳуқуқий ёки халқаро мақомидан, ушбу ҳудуд мустақилми, васийми, ўз-ўзини идора қиладими ёки бошқача тарзда чекланганлигидан қатъи назар бирор бир айирмачилик бўлмаслиги керак.

3-МОДДА
Ҳар бир инсон яшаш, эркин бўлиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига эгадир.

4-МОДДА
Ҳеч ким қулликда ёки эрксиз ҳолатда сақланиши мумкин эмас; қуллик ва қул савдосининг барча кўринишлари тақиқланади.

5-МОДДА
Ҳеч ким қийноққа ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни хўрловчи муомала ва жазога дучор этилмаслиги керак.

6-МОДДА
Ҳар бир инсон қаерда бўлишидан қатъи назар, ўзининг ҳуқуқ субъекти сифатида тан олинишига ҳақли.

7-МОДДА
Барча одамлар қонун олдида тенгдир ва ҳеч бир тафовутсиз қонун билан тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгадир. Барча одамлар ушбу Декларацияга зид бўлган ҳар қандай камситишдан ва шундай камситишга ундайдиган ҳар қандай гиж-гижлашдан тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгадир.

8-МОДДА
Ҳар бир инсон унга конституция ёки қонун орқали берилган асосий ҳуқуқлари бузилган ҳолларда нуфузли миллий судлар томонидан бу ҳуқуқларнинг самарали тикланиши ҳуқуқига эга.

9-МОДДА
Ҳеч ким асоссиз қамалиши, ушланиши ёки қувғин қилиниши мумкин эмас.

10-МОДДА
Ҳар бир инсон ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш ва унга қўйилган жиноий айбнинг қанчалик даражада асосли эканлигини аниқлаши учун тўлиқ тенглик асосида унинг иши ошкора ва адолат талабларига риоя қилинган ҳолда мустақил ва холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга.

11-МОДДА
1. Жиноят содир этганликда айбланган ҳар бир инсон ҳимоя учун барча имкониятлар таъминланган ҳолда, очиқ суд мажлиси йўли билан унинг айби қонуний тартибда аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланишга ҳақлидир.

2. Ҳеч ким, содир этилган вақтда миллий қонунлар ёки халқаро ҳуқуқларга кўра жиноят деб топилмаган хатти-ҳаракати ёки фаолиятсизлиги учун жазога ҳукм қилиниши мумкин эмас. Шунингдек, жиноят содир этилган вақтда қўлланиши мумкин бўлган жазога нисбатан оғирроқ жазо берилиши мумкин эмас.

12-МОДДА
Ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш, уй-жойи дахлсизлигига, унинг ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номус ва шаънига ўзбошимчалик билан тажовуз қилиниши мумкин эмас. Ҳар бир инсон худди шундай аралашув ёки тажовуздан қонун орқали ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга.

13-МОДДА
1. Ҳар бир инсон ҳар бир давлат доирасида эркин юриш ва яшаш жойи танлаш ҳуқуқига эга.

2. Ҳар бир инсон ҳар қандай мамлакатдан, хусусан ўз мамлакатидан чиқиб кетиш ва ўз мамлакатига қайтиб келиш ҳуқуқига эга.

14-МОДДА
1. Ҳар бир инсон таъқиб туфайли бошқа мамлакатлардан бошпана излаш ва ўша бошпанадан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

2. Бу ҳуқуқдан носиёсий жиноят содир этиш учун ёки Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мақсад ва принципларига зид хатти-ҳаракат туфайли таъқиб пайтида фойдаланиш мумкин.

15-МОДДА
1. Ҳар бир инсоннинг фуқаро бўлиш ҳуқуқи бор.

2. Ҳеч ким ўзбошимчалик билан ўз фуқаролигидан ёки ўз фуқаролигини ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас.

16-МОДДА
1. Балоғат ёшига етган эркаклар ва аёллар ирқи, миллати ёки диний белгилари бўйича ҳеч қандай чеклашларсиз никоҳдан ўтишга ва оила қуришга ҳақли. Улар никоҳдан ўтишда, никоҳда турган вақтларида ва уни бекор қилиш вақтида бир хил ҳуқуқдан фойдаланади.

2. Никоҳдан ўтаётган ҳар икки томоннинг эркин ва тўлиқ розилиги асосидагина никоҳ тузилиши мумкин.

3. Оила жамиятнинг табиий ва асосий ҳужайраси саналади ва жамият ҳамда давлат томонидан ҳимоя қилинишга ҳақли.

17-МОДДА
1. Ҳар бир инсон якка ҳолда, шунингдек, бошқалар билан биргаликда мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга.

2. Ҳеч ким зўравонлик билан ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас.

18-МОДДА
Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русм ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади.

19-МОДДА
Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тусқсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади.

20-МОДДА
1. Ҳар бир инсон тинч йиғинлар ўтказиш ва уюшмалар тузиш ҳуқуқига эга.

2. Ҳеч ким бирор бир уюшмага киришга мажбур қилиниши мумкин эмас.

21-МОДДА
1. Ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллар воситаси орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эга.

2. Ҳар бир инсон ўз мамлакатида давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга.

3. Халқ иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асоси бўлиши лозим; бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқидан, яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозим.

22-МОДДА
Ҳар бир инсон жамият аъзоси сифатида миллий куч-ҳаракатлар ҳамда халқаро ҳамкорлик воситасида ва ҳар бир давлатнинг тузилиши, шунингдек, ресурсларига мувофиқ ижтимоий таъминотга ва ўзининг қадр-қимматини сақлаш, шахсининг эркин ривожланиши учун зарур бўлган иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳалардаги ҳуқуқини амалга оширишга ҳақли.

23-МОДДА
1. Ҳар бир инсон меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, адолатли ва қулай иш шароитига эга бўлиш ва ишсизликдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга.

2. Ҳар бир инсон ҳеч бир камситишсиз тенг меҳнат учун тенг ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

3. Ҳар бир ишловчи киши ўзи ва оиласи учун инсонга муносиб яшашни таъминлайдиган адолатли ва қониқарли даромад олишга, зарур бўлганда ижтимоий таъминотнинг бошқа воситалари билан тўлдирилувчи даромад олиш ҳуқуқига эга.

4. Ҳар бир инсон касаба уюшмалари тузиш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун касаба уюшмаларига кириш ҳуқуқига эга.

24-МОДДА
Ҳар бир инсон дам олиш ва бўш вақтга эга бўлиш, шу жумладан иш кунини оқилона чеклаш ҳуқуқи ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътили олиш ҳуқуқига эга.

25-МОДДА
1. Ҳар бир инсон ўзининг ҳамда оиласининг саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун зарур бўлган турмуш даражасига эга бўлиш, жумладан кийим-кечак, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва зарур ижтимоий хизматга эга бўлишга ҳамда ишсизлик, касаллик, ногиронлик, бевалик, қарилик ёки унга борлиқ бўлмаган шароитларга кўра тирикчилик учун маблағ бўлмай қолган бошқа ҳолларда таъминланиш ҳуқуқига эга.

2. Оналик ва болалик алоҳида ғамхурлик ва ёрдам ҳуқуқини беради. Барча болалар, никоҳда ёки никоҳсиз туғилишидан қатъи назар, бир хил ижтимоий ҳимоядан фойдаланиши керак.

26-МОДДА
1. Ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга. Таълим олишда ҳеч бўлмаганда бошланғич ва умумий таълим текин бўлиши лозим. Бошланғич таълим мажбурий бўлиши керак. Техник ва ҳунар таълими ҳамманинг қурби етадиган даражада бўлиши, олий таълим эса ҳар кимнинг қобилиятига асосан ҳамма учун етарли имконият доирасида бўлмоғи керак.

2. Таълим инсон шахсини тўла баркамол қилишга ва инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликларига нисбатан ҳурматни кучайтиришга қаратилмоғи лозим. Таълим барча халқлар, ирқий ва диний гуруҳлар ўртасида бир-бирини тушуниш, хайрихоҳлик ва дўстликка хизмат қилиши ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни сақлаш борасидаги фаолиятига ёрдам бериши керак.

3. Кичик ёшдаги болалари учун ота-оналар таълим турини танлашда имтиёзли ҳуқуққа эгадир.

27-МОДДА
Ҳар бир инсон жамиятнинг маданий ҳаётида эркин иштирок этишга, санъатдан баҳраманд бўлишга, илмий тараққиётда иштирок этиш ва унинг самараларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

28-МОДДА
Ҳар бир инсон ушбу Декларацияда баён этилган ҳуқуқ ва эркинликлар тўлиқ амалга оширилиши мумкин бўлган ижтимоий ва халқаро тартиб бўлиши ҳуқуқига эгадир.

29-МОДДА
1. Ҳар бир инсон жамият олдида бурчлидир, фақат шу ҳолатдагина унинг шахси эркин ва тўлиқ камол топиши мумкин.

2. Ҳар бир инсон ўз ҳуқуқи ва эркинликларидан фойдаланишда ўзгаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини демократик жамиятда етарли даражада бўлишини ҳамда ҳурмат қилинишини таъминлаш, ахлоқ, жамоат тартиби, умум фаровонлигининг одилона талабларини қондириш мақсадидагина қонунда белгиланган чекланишларга риоя этиши керак.

3. Ушбу ҳуқуқ ва эркинликларни амалга ошириш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мақсад ва принципларига ҳеч зид бўлмаслиги керак.

30-МОДДА
Ушбу Декларациядаги ҳеч бир нарса бирор бир давлат, кишилар гуруҳи ёки алоҳида шахслар мазкур Декларацияда баён этилган ҳуқуқ ва эркинликларни йўқ, қилишга йўналтирилган фаолият билан шуғулланиши ёки ҳаракат қилиши мумкин деб талқин этилмаслиги керак.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Андижоннинг сўконғич ҳокими устидан тергов бошланди

Андижон вилоят прокуратураси Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев иши бўйича тергов ишини бошлади.  (more…)

Ҳукумат талабларимизни бажармагунча гаровдаги аскарлар қўйиб юборилмайди

«Ҳукумат бизнинг талабларни бажармади, демак, биз бу ердаги аскарларни қўйиб юбормаймиз»,- деди Алмазбек Атамбаевнинг маслаҳатчиси Фарид Ниязов. Унинг журналистларга берган ...

Ўзбекистонда кучишлатар тузилмалар исёнларни бостириш учун машқ қилишмоқда

1-3 август кунлари Республика миқёсида биринчи маротаба Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғи раҳбарлигида Кучишлатар тузилмаларнинг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400