Мамлакатни ким бошқараяпти? (8)

                                                         (саккизинчи мақола)

                                      А.Ходжаевнинг  санъат ҳақидаги “тушунча”си

 Ўтган йили баҳор фаслининг охирларида ёзувчи Шукруллони зиёрат қилиш мақсадида у кишининг уйларига Мамадали ака Эронов билан бирга бордик. Шу баҳонада у киши билан узоқ суҳбатлашдик. Табиийки, мавзу кўпроқ бугунги кундаги адабий жараён ва маънавий муҳит билан боғлиқ бўлди. Гапдан-гап чиқиб, ҳақиқий миллий санъат ва адабиётни тарғиб қилиш борасида миллий телерадиокомпаниянинг ўзига хос ўрни ва роли қандай бўлиши зарурлиги хусусидаги масала ҳам ўртага чиқди. Мен шунда устоз Шукруллога “телевидение, радиони ҳам кузатиб борасизми?” деган мазмундаги савол билан мурожаат қилдим. Шунда у киши саволимга савол билан жавоб бердилар: “Бу турдаги ахборот воситаси ва унинг раҳбарияти қанақа ишлар билан шуғулланаяти ўзи?” Мен бу мавзуда гап бошласам, дардим достон бўлиб кетишини билганим учун атай сукут сақладим. Кўпни кўрган, қарийб бир асрни қоралаётган устознинг фикрларини билгим келди. Мендан садо чиқмагач, у киши гапларида давом этдилар: “Биласанми, бир куни телевизорни кўриб-кузатиб турсам, яқингинада ажойиб қилиб қайта тикланган Хасти Имомнинг олдидаги майдонда ярим-яланғочларнинг жилпанглаб ўйнаётганлиги намойиш қилина бошланди. Бу ҳолатга  энди инсон боласининг кўзи тушса ҳайратдан ёқа ушлаши аниқ. Бошқаларни билмадиму, айниқса, бизнинг мамлакатимиз, миллатимизда бундай номаъқулчиликни ҳазм қилиш қийин. Ёшим бир жойга борганда ҳар ишга аралашавермай дея ўзимни зўрға қўлга олиб сабр қилиб ўтирувдим. Қарангки, ўша куни кечроқ маҳалламиздагилар бизнинг уйга чиқишиб, “Домла, бу телевидениядагилар қаёққа қараяпти, ўзи? Бу қанақанги шармандагарчилик, шунақаси ҳам бўладими, ахир? Азиз бир қадамжонинг олдида “шайтон ўйин”ларига йўл қўйилаётганлигини нима деб айтса, баҳоласа бўлади? Бундайин ҳақорат, бундайин беҳаёликка чидаб бўлмайди-ку”, – деб қолишди.

            Кейин мен бу гаплардан янада таъсирланиб, миллий телерадиокомпаниянинг раҳбари ким экан ўзи, дея қизиқиб ўша инсон билан боғланишга уриндим. Компаниянинг раиси – Алишер Ходжаев дегани экан. Телефонда у билан боғланишим билан ўзимни танишитириб,  сўрашиб олдик. Табиийки, бу жанобга Хасти Имомдай азиз ва табаррук жойда ярим-яланғоч қизларнинг рақсга тушаётганликлари ва уларнинг ликонглаб бесўнақай ҳаракатлар қилаётганликларини телеканалларда бутун бир аҳолига намойиш этиш шартмикан? Бу ахир миллатимиз, халқимиз маданияти, урф-одати, анъанаси, қолаверса, умуман, маънавиятига зид-ку. Аввало ўшандай муборак масканда бу каби уятсизларни кадрга олишнинг ўзи қайси қолипга сиғаркин? – дедим. Бу гапларимга жавобан раис Алишер Ходжаев: “Шукрулло ака, ахир, бу санъат-ку” деб қолса бўладими?!

       Мен яна: “Бу қанақанги санъат бўлиши мумкин? Бунинг турган-битгани миллий-диний қадриятларимизга бўлган ўтакетган ҳурматсизлик, азиз бир жойни оёқ-ости қилиш билан баробар нарса-ку. Ўзлигимизга хиёнат-ку. Мана шуларни катта ва кенг оммага кўз-кўз этишингиз, энди сизнингча, бу санъат бўлиб қолдими? Санъат, маданият ва унга тескари бўлган нарсалар нима эканлигининг фарқига бормай қолдиларингми? Бу қанақаси бўлди? Бу билан ўзи нима демоқчисиз? – дедим. А.Ходжаевнинг менга ўргатиши ва талмовсираб уқтиришича, бу намойиш этилаётган ҳаёсизликлар барибир юқори-юксак савия – даражадаги санъат эмиш. Ана сизга катта бир ташкилот, маданият ўчоғи бўлган миллий телерадиокомпания раисининг дунёқараши-ю, тасаввур-тушунчаси. Савиянинг нечоғлик саёз-тубанлигини қаранг.  Садқаи раҳбар кет-е, дея шартта гўшакни қўйдим. Кейин Хайриддиннинг телефон рақамини қидира бошладим. Чунки, у кимсан, президентнинг айнан шу масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси. Лекин не ажабки, Хайриддин Султоновга қўнғироқ қилиб тушишга ҳарчанд уринмайин, барча ҳаракатларим зое кетди. Телефон гўшагини бирров олай, жавоб берай демайди. Бундай ҳолатдан роса ҳафсалам пир бўлди. Дарҳақиқат, илгарилари ҳам Хайриддинга бир неча маротаба ана шунга ўхшаган масалалар бўйича гапираман дея сим қоққанларим, уринишларим бекор кетганди. Борган сари унга боғланиш ва у билан гаплашиш анқонинг уруғини қидириб топиш билан баробар бўлиб қолди. Бундан бир неча йил аввал президент аппаратидагилар, хусусан, худди шу Хайриддинни топишда ҳеч бир мушкулликнинг ўзи йўқ эди. Ҳаттоки, ўзи ҳам менга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўраб турарди. Бугунги кунга келиб эса аҳвол бутунлай бир бошқа томонга ўзгариб бораётганлиги мени ҳайрон қолдираяпти. Яъни айни пайтда баъзи раҳбарларнинг ўзига бино қўйиб халқдан борган сари янада узоқлашиб, оёғи ердан узилиб бориши бу яхшиликнинг белгиси эмас, албатта. Санъат, адабиёт тарғиботи учун масъул бўлган шахсларнинг  бири  савиясиз бўлса, яна бири гўшакни олмаса, гаплашишни истамаса, қандоқ кунларга қолдик. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин…

  Устоз-ёзувчи Шукрулло билан бошқа мавзуларда ҳам суҳбатлашдик. Бу борада сўнгра айтармиз.

            Нарзулло ОХУНЖОНОВ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Сарвар отамуродов ва ҳотамжон кетмонов қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари лавозимидан кетди

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда, деб хабар берди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати Telegram-каналида.  Хабар ...

Умидларимни сўндирган хат

2019 йил 26 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz) манзили бўйича шахсан Ш.М. Мирзиёевга юборган охирги хатимга (7932-s/19) шу куннинг ...

Ҳаммасига халқ айбдор-ми?

СВЕТ ЎЧИБ ҚОЛСА — халқ айбдор, чунки ортиқча лампочкаларни ўчириб қўймаганлиги учун чекка ҳудудларга электр энергияси етиб бормаяпти экан (шуни ўйлаб топиш учун олий маълумот ...