Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 26-қисм

Инсон руҳининг ўз-ўзини англаш фожиалари нега энди Исодан бошланади. Худди илгари ҳаммаёқ бўм-бўш бўлгандай? Ким ўзи Исо? Нимага керак буларнинг бари? Наҳот мангу тавба қилиб  ўтмоқ  учун  фақат  бир  баҳона  ахтарган  бўлсак?  Ва  нима  боисдан  у  то  хочга кўтарилгандан буён ақллар ҳамон ўзига келолмайди, ҳамон гаранг? Ахир, ўшандан бери қанча замонлар  ўтиб,  жуда  кўп  мангуликка  даъвогар  бўлган  нарсалар  унутилиб,  хоки  туробга айланмадими? Бунда одамларнинг ҳаёти кунба-кун камолот касб этиб боради, деган ақоид доим эсда  турдимикин?  Бугун  янги  туюлган  нарса  эртасига  эскиради,  жуда  яхши  деб  топилган нарсалар эртага ундан ҳам гўзалроқлари олдида ўз тусини йўқотиб, хиралашиб қолади. Шундай экан, нега Исонинг сўзлари эскирмай, ўз кучини йўқотмай келади? Унинг туғилишидан тортиб, то хочга михлангунча бўлган ҳодисалар ва кейин ундан насллару замонларга ўтган нарсалар— наҳот  инсониятга  шун-чалар  зарур  эди?  Наҳот улардан  қочиб  қутулиб  бўлмасди?  Ва  ниҳоят, инсон  тарихида  бу  ўтилган  йўлнинг  маъноси  нимадан  иборат?  Одамлар  нимага  эришдилар?

Нима  қарорга  келдилар?  Натижа  нима  бўлди?  Агар  бундан  кўзда  тутилган  яширин  мақсад инсонпарварлик,  алломалар  айтмоқчи,  гуманизм  ғояси  бўлса,  яъни  ақл-идрок  ато  этилмиш хилқат сифатида инсоннинг ўз-ўзига томон ташлаган қадами, руҳнинг ўз ичида ўзи интиҳосиз ва адоқсиз камолотга интилиши бўлса, ахир, бу йўл аввал-бошдан шунчалар мушкул, оғир ва шафқатсиз қилиб солинадими? Ким бундай қилди, нега? Одамлар ҳар бирлари ўзларича талқин ва  тафсир  этадиган  насроний  гуманизмдан  то  умумжаҳонийгача,  ижтимоий-махдуд гуманизмдан  то  синфий  ва  мутлақо  мавҳум  гуманизмгача — шуларсиз  ҳаёт  кечиришлари мумкинмиди, йўқми? Бизнинг асримизга келиб, ўша йўлда аллақачон эскириб қолган диннинг маъноси нима?

 

Ростдан  ҳам,  нима  кераги  бор?  Ахир,  ҳаммага  ва  ҳат  болаларга  бари  аллақачон  маълум. Ахир,  материалистик  илм-фан  христиан  ва  бошқа  динларнинг  ақидалари  қабристонига  ўз қозиғини қокиб ташламадими, бирдан-бир тўғри йўл — тараққиёт ва маданият йўлидан уларни қатъият ва шаҳд-шиддат билан супуриб ташламадими? Ҳозирги одам учун динга риоя қилиш эҳтиёжи йўққа ўхшайди, унга куни битган ақидалар хусусида тарихий маълумот бўлса, кифоя.

Ахир, буларни бари ўз кучини йўқотди, эскирди, ўтди. Лекин биз нимага келдик? Ўша раҳм-шафқатли, фидойи, ҳаётий дунёқарашлар томонидан аллақачонлар аччиқ кулги остига олинган ва йўл чеккасига улоқтириб юборилган ғоя эвазига биз нима топдик? Нимамиз бор бизнинг? Шунга  ўхшаш  ёки  ундан  ўткирроқ  ва  ортиқроқ  нимага  эгамиз?  Ахир,  янгилик  эскиликдан албатта яхши бўлиши керакмасми? Бор бизда ўша янгилик, бор! Янги қудратли ақида тобора кучга  киряпти — бу  ортиқ  даражадаги  ҳарбий  куч-қудрат  ақидаси.  Инсон  боласи  кун-бакун, туғилгандан  то  ўлгунгача  бу  кучлар  уруш  чиқарармикин  ёки  ўзини  босиб  турармикин  деган буткул  ваҳима  ичида  яшаганмиди  ҳеч?  Ҳозир  шу  қурол  эгалари  худо  бўлмаса  бошқа  ким? Фарқи  шундаки,  ҳозир  топинмоқ  учун  меҳробларига  ядро  снарядлари  сурати  нақшланган черковлару,  таъзим  ва  қуллуқ  бажо  келтирмоққа  генераллар  йўқ,  холос…  Нимаси  дин  эмас

бунинг?

 

Авдий Каллистратов гоҳида турмуш-тутмуш ҳақида ана шундай ҳаёлларга берилиб кетарди. Бу сафар ҳам, тафаккурнинг ўлчовсиз узунлигида у ўтмиш ичига, ўзидан неча замонлар олдин бўлиб ўтган воқеаларга улар худди ҳозир рўй бераётгандай, кириб борди. Янги сувлар кўҳна қирғоқлардан шундай оқиб ўтади. Шунда у ўша кунларнинг ибтидосига, ҳайит арафа — жума кунига кайтди. У Мураббийни қидириб топмоқчи, ўз ташвиш-надоматларини баён қилмоқчи, неча юз йиллар кечиб, сўнг келадиган замонларнинг таҳликаларини айтмоқчи, тарих саҳнасида янги  Худо — ўзининг  муфсид  ва  ҳаммабоп  дини  билан  ер  юзидаги  жамики  одамлар  онгини заҳарлаган,  ҳатто  ҳарбий  кучлардан  ҳам  устун  чиққан  Худо-Гулиаф  пайдо  бўлганлигини маълум этмоқчи эди. Нима дерди бунга Мураббий, не даҳшат, ҳаросонликка тушарди: ҳарбий устунлик учун қутуриб мусобақа ўтказаётган инсоният охири қаерга боради, ахир? Ва мабодо, у иккинчи маротаба бизнинг гуноҳларимизни елкасига ортиб, яна хоч узра кўтарилсайди, ўшанда ҳам  таъқибкор  ва  ҳужумкор  устун  ҳарбий  куч  дини  томонидан  асоратга  солинган  одам болаларининг раҳмини келтиролмасди…

 

Бироқ таассуфки, у Мураббийни тополмади. Иуда сотган ва уни ушлаб олиб кетган эдилар. Ва  Авдий  ҳувиллаб  ётган  Ҳефсиман  боғида  барча  бўлиб  ўтган  ва  энди  бўлажак  нарсаларни ўйлаб  йиғлар,  дунёда  ўзини  ёлғиз  сезарди.  У  шундай  орқага  тисарила-тисарила,  ҳали  ўша замонлар  шимолдаги  чакалакзор  қоронғи  ўрмонларда  яшайдиган,  ёғочдан  чопиб  ясалган санамларга топинадиган, ва ҳали унинг Авдий деган исмини ҳам билмайдиган бобокалонлари

оша Ҳефсиманда ҳозир бўлган эди. Авдий исми анча кейинроқ бориб маълум бўлади ва унинг ўзи ҳам узоқ йигирманчи асрда дунёга келади…

Авдий  Мураббий  ушлаб  олиб  кетилган  ўша  анжир  дарахти  остида  узоқ  йиғлаб  ўтирди. Кошкийди шунча ўртангани, бағрини тиғлаганига яраша оламнинг маъюс тақдири ўзгарса…

 

Кейин ўрнидан турди. Ғамбода бир ҳолда шаҳар сари йўл олди. Тунги Қуддус деворлари ортида халойик ҳайит арафаси осуда уйқуга чўмганди. Ёлғиз у юраги таҳликага тўлиб, сарсари шаҳар кезар ва яккаш суроқларди: қани, Мураббий, унга не бўлди? Кейин унинг ҳаёлига ҳали ҳам кеч эмас, ҳали Мураббийни қутқариш мумкин, деган фикр келди ва йўлида учраган барча дарчаларни  тақиллатишга  тушди: «Одамлар,  туринглар,  хатар  келяпти!  Ҳали  вақт  бор, Мураббийни  қутқарайлик!  Мен уни  Россияга  олиб  кетаман. Ока  деган  дарёда  бир  холи  орол бор…»

 

Авдийнинг фикрича, дарё ўртасидаги ўша оролда Мураббий ҳар қандай хавф-хатардан эмин бўлади. Шу ерда у дунёнинг буқаламунликлари ҳақида ўй суради. Эҳтимол, шу ерда Унга янги башорат  келар  ва  у  олис-олис  замонларга  одамзод  учун  янги  йўл  топар  ва  одамзодга  янги илоҳий  баркамоллик  бахш  этар,  токи  шунда  у  ўз  зиммасига  ихтиёрий  тарзда  ортган маҳдиулёлик бурчи ва мақсади қонли йўллардан ўтмагай, хорлик, хўрлик ва азоб-уқубатларга гирифтор бўлмагай. Ҳолбуки, у девона одамлар ва адолат деб, шу барча азобларни ўз устига олишга, таъқибларга дош беришга тайёр! Таъқиблар эса ашаддий ва шиддаткор! Ахир, келажак наслларнинг  бахт-саодати  учун  у  ўша  ҳалокатли  вазифани  ўз  зиммасига  олди.  Инсонни  азал адолатсизликларга  дахлдорлик  зулмидан  халос  этиш  йўли  танланганда  бундан  қочиб қутулмоқнинг  иложи  ҳам  йўқ.  Зотан,  табиий  нарсаларда  адолатсизлик  бўлмайди.  У  фақат одамлар  ўртасидагина  мавжуд  ва  одамлардан  бошланади.  Бироқ,  мақсадга  шундай ғайритарихий йўл билан етиб бўлармикин? Аммо Мураббийнинг ушбу сабоғи инсон ўз шахсий манфаатларини қондириш учун интилганда, диёнат ва имон овозини ўчирганда, босганда, ўзини оқлаш  учун  сон-саноқсиз  баҳоналар  тўқиганда,  мен  ёмонликка  қарши  ёмонлик  билан  жавоб беришга мажбур бўлдим деганда, ҳар сафар унутилмасмикин? Шу сабоқ унутилмаслиги учун бир  оз  бўлса-да,  ишонч  бормикин?  Хилқатлар  гултожи  инсонни  фаровонлик  ва  кулфатларда,

қашшоқлик ва дов-давлатмандликда, ҳукм сурганда ва ҳукм сурмаганда ҳар доим унга ҳамроҳ ҳалокатли.  ҳирсу-ҳаваслардан  қайтариб  бўлармикин?  Хилқатлар  тожи  инсонни  бошқалар устидан ҳукмронлик юритиш иштиёқи ҳамда жазавасидан қайтариш мумкинми? Мудом кўнгли-ҳушига  нима  келса,  шуни  қилишдан  қайтариш  мумкинми?  Ахир,  ўзига  бино  қўйиш  ва такаббурлик инсон куч-қудратда бўлган чоғда уни хукм юритиш ва зўрлик кўрсатишга ундайди,

куч-қудратдан айрилган чоқда ҳам, ялтоқилик, мунофиқлик ва доғулилик билан яна ўша мақсад сари интилади. Шундай экан, ҳаётнинг асл маъноси нимадан иборат, асл мақсад нима, ниҳоят, бу саволга ким жавоб бера олади. Софлиги ва ҳаққонийлиги ҳеч кимда шубҳа уйғотмайдиган шундай жавоб борми ўзи?

 

Мураббий,  сен,  инсон  яхшилик  ва  мурувват  йўлига  кирсин  деб  оғир  жазони  бўйнингга олдинг.  Ахир,  шу  икки  нарса  аслида  оқилни  аҳмоқдан  ажратади.  Инсон  ер  юзида  қийналиб яшайди, унда ёмонлик томирлари жуда чуқур илдиз отган. Ҳур фикр билан қанотланган ақлни, ўзида ёвузлик сарқитини бамисоли юқумли касалликдай буткул қуритган ва қақшатган мумтоз зотни — бизнинг мутлақ идеалимизни шу йўл билан тарбиялаб бўлармиди? Ох, қанийди шунга эриша  олсак!  Илоҳо,  нега  ўз  устингга  шунчалар  оғир  юк  олдинг,  тузатиб  бўлмас  дунёни тузатаман деб? Халоскорим, андак тўхта, ахир, сен уларни деб, ўлим азобини қабул қиляпсану, улар  эса,  кейин  устингдан  куладилар.  Ҳа,  ҳа,  ха-холаб  куладилар,  бошқалари  эса  минглаб йиллар ўтгач, моддий илм-фан Худога бўлган ишонч тамалларини батамом йўқотгандан, Сен бошдан кечирган барча нарсаларни чўпчак деб атаганган сўнг айримлари Сени мазах ва масхара қилажаклар: «Савдойи!  Тентак!  Ким  шундай  қилсин  деди?  Кимга  керак  бу  хочга  михлаш томошаси? Кимни ҳайрон қолдирмоқчи бу билан? Нима берди бу одамга? Уни қилча бўлсин ўзгартиролдими, бошқача қилолдими?» Сенинг жасоратингни бемаъни деб топадиган насллар ана  шундай  ўйлаяжаклар,  Улар  бу  вақтга  келиб,  модда  қурилишининг  азал  моҳиятини топажаклар  ва  ернинг  тортиш  кучини  енгиб,  коинот  қаватлари  сари  йўл  олиб,  бир-бирлари билан  очкўзлар  каби  осмонларни  талашажаклар,  сайёраларда  ҳукмрон  бўлгали  уринажаклар,

оламнинг  чеки  бўлмаса-да,  уларга  барибир  оз  кўринажак.  Ер  юзида  қўлларидан  ҳеч  иш келмагач,  кибру-ҳаволарга берилиб ва барча нарсаларни унга қурбон қилароқ,  Сен Мурувват тамалини ўрнатмоқни ҳаёл сурган заминнинг кулини кўкларга совуришдан ҳам тоймаяжаклар.

Ўйлаб кўр, ахир, улар ўзларини Худодан ҳам юқори деб турганларида Худони тан олармидилар. Ҳамма-ҳамма  нарсаларнинг  кулини  кўкка  совурмоқчи,  Сенинг  ҳам  Хотирангни  буткул  йўқ қилиб  ташламоқчи  бўлаётганлар  учун  Сен  фақат  мажзубсан,  холос.  О  шўрлик,  о  содда Мураббийим,  юр,  бирга  Волга,  Ока  томонга  қочайлик,  ўша  дарё  ўртасидаги  хилват  оролга борайлик, у ер Сен учун мисоли кўкдаги юлдуздай бўлади, ҳар ёқдан кўринади-ю, ҳеч кимнинг қўли етмайди. Ўйлаб кўр, ҳали кеч эмас, ихтиёримизда ҳали бир кеча ва тонг бор, балким, Сен раҳмсиз қисматдан қутула биларсан? Ҳушингни йиғ, наҳот Сен танлаган йўл бирдан-бир тўғри йўл бўлса?

Азобдан Авдийнинг кўзлари лўкиллаб оғрир, у тунги дим Қуддус кўчаларини тинмай кезар, Яратган томонидан ер юзига азобли ва фоже қисмат учун, одамларга мангу сабок ва зикр учун юборилган  Зотга  ўз  фикрини  уқтиришга  уринарди…  Лекин  одамзоднинг  табиати  шундай-ки, ҳеч ким бу маломатни ўз ҳисобига олмайди ва ҳар ким ўзича баҳона қидиради гўё бунинг унга ҳеч  дахли  йўқ,  гўё  дунёнинг  ишлари  унинг  иштирокисиз  ҳам  битади,  нима  бўпти,  битса, битаверсин…  Ўша  холис  ниятда  қанчалар  битмас-туганмас  киноя  яшириниб  ётибди,  инсон табиати шунчалар ҳисобга олинмаган унда…

Шаҳар  дарвозаси  атрофида  айланиб  юраркан,  Авдий  уч  оёқли  дайди  итга  дуч  келди.  Ит тўртинчи лат ёган оёғини қорнига босиб турарди. Ит Авдийга мунглиғ ва ақлли кўзлари билан малқайди.

—  Нима  қилиб  юрибсан,  чўлоғим,—  деди  у  итни  кўздан  кечираркан.—  Сен  ҳам  мендай саргардон экансан, менга эргаш.

Шундан  сўнг,  ит  то  тонг-азонгача  Авдий  билан  санғиб  юрди.  Ит  жуда  зийрак,  ҳамма нарсани  тушунарди.  Тонг  отди.  Шаҳар  уйғонди.  Унинг  ҳар  кунги  ташвиш,  югур-югурлари бошланди.  Бозорлар  ва  майдонлар  саҳро  бадавийларининг,  юк  ортган  туялари,  турли-туман мол-товарларга  тўла  от-аравалар,  эшак-хачирлар,  елкалари,  бошларида  нарса  кўтарган ҳаммолларга тиқилиб кетди. Бозор қизигандан қизиди, ола-ғовур, олди-сотди авжига минди… Бироқ, кўпгина Қуддуси шарифликлар шаҳарнинг оқ деворли ибодатгоҳига қараб йўл олишди, сўнг  оломон  у  ердан  қайнаб-тошиб  Рум  прокуратори  Понтий  Пилат  саройига  томон  юрди. Уларга  Авдий  Каллистратов  ҳам  қўшилди:  у  гап  Мураббийнинг  тақдири  устида бораётганлигини  англади.  Оломон  билан  бирга  Ирод  саройига  етдилар,  лекин  қўролланган посбонлар  уларни  нойиб  қошига  қўймадилар.  Улар  сарой  олдида  кутиб  қолдилар.  Кун эрталабдан қизиган, аммо халойиқ ҳамон оқиб келарди.  Турли-туман одамлар бу ерга турли-туман  истак-хоҳишлар  билан  йиғилмоқда  эдилар.  Серғулув  оломон  ўртасида  нима  гаплар бўлмайди дейсиз: бировлар пайғамбар Исони Рум нойиби ўзига берилган ҳуқуқ баробарида афв этади, Қуддуси шарифдан истаган томонга чиқариб юборади, фақат бу ерга ҳеч қачон қайтиб келмасликни шарт қилиб қўяди, дейишар, бошқалари эса ўлимга ҳукм қилинганлардан бирини

ҳайит  шарафига  албатта  озод  қиладилар  ва  бу  Исо  бўлади,  деб  айтишар,  учинчи  бировлар Исони  Худо  Яхвенинг  ўзи  ҳамманинг  кўз  ўнгида  қутқаради,  деб  ишонишарди.  Лекин ҳаммалари  ҳам  саройда  нима  бўлаётганидан  бехабар  интизорлик  билан  кутишарди.  Оломон ичида таги-туги йўқ тахтни деб, бошидан айрилаётган девона устидан мазах қилиб кулгувчилар ҳам  топилар,  нега  нойиб  гапни  чўзяпти,  калласини  олиш  керакми,  шартта  олиш  керак,  ади-бадини  кўпайтириб  нима  қилади,  қуёшнинг  қиздираётганини  қаранг,  ҳали  кун  пешингача Ғулқофда ҳамма офтобда сарғайиб адабини ейди, дегувчилар ҳам йўқ эмасди. Бу Исо деганга гап топиб бериб бўларканми? Истаган одамнинг бошини айлантириб ташлайди. Албатта, у ерда ҳозир тоза шакаргуфторлик қилаётгандир, нойибни лақиллатиб ўтиргандир, Худо кўрсатмасин, нойиб ҳали уни қўйиб юбориши ҳам мумкин, бу ерда аҳмоқ бўлиб кутганимиз қолади… Исо ҳам хўп ғалати зот экан-да,  роса ваъдаларни қуюқ килди, лекин қани ўша Янги Салтанати? Мана энди, ўзини итдай осиб ўлдиришади… Шундай бўлар экан-да дунёда… Авдий уларнинг гап-сўзларини эшитиб, фиғони ошарди. «Уялмайсизларми ахир шундай дегани! Ношукур, ноинсоф бандалар! Инсон руҳининг ўз-ўзи  билан  улуғ  курашини  ерга  уриб  бўладими,  ахир!  Таҳқирламанглар  уни!  У  билан фахрланиш  керак,  одамлар,  унинг  кўзи  билан  ўзингизга  қаранглар!»—  кўксини  тиғлаб, кўзёшлар  тўкиб  нола-фарёд  чекарди  Авдий  Каллистратов,  Қуддус  Шариф  одамлари  орасида.

Лекин ҳеч ким унга қулоқ солмасди, биров ҳой, сен ҳам бормисан деб, писанд қилмасди. Ахир, ҳали у узоқ йигирманчи асрда туғилиши ҳам керак эди…

 

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-35

6 Кечаси ёққан қалин қор ҳар бир томни, деворни, ҳар бир дарахт ва гумбазни майин оқ ҳошия билан безаб чиққан. Бобур Бўстонсаройнинг юқориги қаватидан шаҳарга қараб турибди. ...

От кишнаган оқшом (қисса) 48-қисм

48 Улоқ келди. Тарлонни гижинглатиб-гижинглатиб бордим. Улоқни искатиб-искатиб олдим. Улоқ бутидан кўтариб-кўтариб кўрдим. Улоқ бир тана бўлди. Эллик-олтмиш килолар келди. ...

Ой этак билан ёпилмас

4. ОЙ ЭТАК БИЛАН ЁПИЛМАС Чой тугалган эди. Отабек фотиҳа ўқуб, ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди. — Турма! Юсуфбек ҳожи тарафидан берилган амирона буйруғ Отабекни қайтадан ўлтуриб ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400