Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 28-қисм

Бу  юк  машинаси  бўлиб,  тепасига  қўлбола  қилиб  юпқа  тахтадан  айвонча  ишланган  эди.

Шофёрнинг ёнида қўлида бола кўтарган хотин ўтирарди. Машина дарҳол тўхтади. Шофёр, юзи қорайган йирик қозоқ йигит кабинанинг ярим очиқ ойнасидан Авдийни қизиқиб томоша қилди.

— Ҳа, йигит, нима, лўлилар калтаклашдими сени?— сўради . у.

— Йўқ, лўлилар эмас. Ўзим поезддан йиқилиб тушдим.

— Маст эмасмисан?

— Мен умуман ичмайман.

Шофер  ва  хотин  ачиниб,  оҳ-воҳ  қилишди.  Ўзаро  қозоқчалаб  гаплаша  бошлашди.  Улар «бечора» деган сўзни кўп такрорлашди.

— Ҳой, менга қара, ўтир машинага. Биз Жалпоқ-Созга кетяпмиз. Бўлмаса чўлда бир ўзинг ўлиб қоласан, бечора. Бу йўлдан машиналар кўп юрмайди.

Авдийнинг томоғига бир нарса ҳиқиллаб тиқилди, йиғлаб юборишдан ўзини базўр тийди, ёш боладай қувониб кетди.

—  Раҳмат,  биродар,—  деди  у  қўлини  кўксига  қўйиб.—  Ўзим  сиздан  ола  кетинг  деб сўрамоқчи эдим. Юролмаяпман. Оёқ ишкал. Раҳмат.

Шофёр пастга тушди. Авдийга машинага чиқишга ёрдамлашди.

— Қани буёққа кел. Сени кўтаришиб юборай, бечора. Э, қўрқма, чиқавер. Тепада жун бор.

Совхозники. Топшириб келаман. Кайтангга юмшоққина ўтирасан. Фақат чекмасанг бўлди.

—  Мен  умуман  чекмайман.  Ташвишланманг,—  жиддият  билан  ишонтирди  уни  Авдий.— Мен кечаси ёмғирда қолиб кетдим. Тоза бўкдим. Бу ер иссиққина экан…

— Майли, майли! Айтдим-қўйдим-да. Дамингни ол, бечора.

Аёл кабинадан бошини чиқариб қаради. Шофёрга алланарса деди:

— Хотиним сўраяпти, қорнинг очдир? — тушунтирди шофёр жилмайиб.

—  Жуда  оч!—  очиғини  айтиб  қўя  қолди  Авдий.—  Раҳмат.  Агар  бир  нима  егулик  бўлса, беринг, ўла-ўлгунча унутмайман.

Авдийнинг назарида бир шиша қўй сути ва ўчоқда ёпилган, ҳиди гуркираб турган оппоқ нон кечаси билан чеккан азоблари учун кўкнинг унга инояти эди.

Овқатланиб булиб, Авдий мой ва тер ҳиди анқиб турган қўй жуни тиқилган қоп-қанорлар устида  ухлаб  қолди.  Машина  кечаси  жаладан  сўнг  тароват  тўлган  чўл  бўйлаб  ҳамон  кетиб борарди.  Тузаладиган  касал  табибга  дуч  келгандай  бу  йўл  Авдийга  шифо  бўлди.  У  машина тўхтаганда кўзини очди.

—  Келдик.  Сен  қаерга  борасан?—  шофёр  пастга  тушиб,  орқадаги  борт  олдида  юқорига қараб турарди.— Ҳой, йигит! Тирикмисан?

— Тирик, тирик! Раҳмат,— жавоб қилди Авдий.— Жалпоқ-Созга етиб келдикми?

— Ҳа, бекатга келдик. Биз энди хомашё омборига борамиз.

—  Мени  қутқардингиз.  Яна  бир  карра раҳмат.  Хотинингизга  ҳам  катта  раҳмат. Нима  деб миннатдорчилик билдиришимни ҳам билмайман.

Авдий тепадан шофёрнинг ёрдамида тушаркан, оғриқдан инграб юборди.

—  Аҳволинг  жуда  чатоқ,  бечора.  Сен  касалхонага  бор,—  маслаҳат  берди  шофёр.—  Таёқ бўлса, анча ишинг осонлашарди.

Вокзалгача  Авдий  ярим  соат  чўлоқланиб  борди.  Яхшиям,  йўлда  ётган  тахта  бўлагини кўтариб олган экан, ундан қўлтиқтаёқ ўрнида фойдаланди, юриши анча енгиллашди.

Темир  йўл  излари,  кўтарма  кўприклар,  катта,  кучли  чироқлар,  юк  кранлари,  келаётган  ва жўнаётган  поездлар,  вокзал  майдони  ва  умуман,  бутун  бекат  шаҳарчаси  узра  овоз кучайтиргичдан  буйруқлар,  фармойишлар,  эълонлар  янграр,  чўл  узра  таралар,  локомотивлар ҳуштак  чалар,  пассажир  поездларнинг  келгани  ва  кетаётгани  хабар  қилинарди.  Овлоқдан келаётган Авдийга қайнаган ҳаёт дарров билинди. Атрофда одамлар ўз иш-ташвишлари билан югургилашиб  юришар — Жалпоқ-Созни  Туркистоннинг  энг  йирик  бекатларидан  бири  деб ҳисоблашлари бежиз эмасди.

Чўнтакда бор-йўғи ўттиз беш сўм билан қандай қилиш, қайси поездда кетишга Авдийнинг боши  қотиб  қолган  эди.  Энди  нима  бўлади?  Москвагача  қаттиқ  вагоннинг  билети  ўттиз  сўм турар  экан,  у  ҳам  билет  бўлса  ҳали.  Тирикчилик-чи?  Оёғи  бу  аҳволда,  жароҳатлари-чи? Касалхонага борсамикин ёки дарҳол жўнаб кетаверсинми? Авдий ҳаёлга ботганча одам билан гавжум, дим бекат бинолари ичидан оқсоқланиб ўтиб борарди. Унинг тўзган, йиртиқ уст-боши, ажива қилиб ташланган афт-ангори, таяниб бораётган чурик тахтаси одамларнинг эътиборини тортар — ҳамма  унга  аланглаб  қарамоқда  эди.  Авдий  поездлар  жадвали  осилган  майдонга чиққанида, ўзини милиция ходими кузатаётганини пайқади.

—  Қани,  тўхта-чи,  ҳей  йигит! — чақирди  уни  милиционер  яқинлашиб  келаркан.  Унинг жаҳлдор, қатъий қарашлари яхшиликдан дарак бермасди.— Бу ерда нима қилиб юрибсан? Ким бўласан?

— Менми?

— Ҳа, сен.

— Поездга чиқмоқчиман. Жадвал кўряпман.

— Ҳужжат борми?

— Қанақа хужжат?

— Оддий ҳужжат: паспорт, гувоҳнома, иш жойидан справка.

— Бор, мен фақат…

—Қани, кўрсат.

Авдий чайналди.

— Биласизми, ўртоқ, бу мен, ўртоқ, ўртоқ…

— Ўртоқ лейтенант,— ғаши келиб деди милиционер.

— Мен, ўртоқ лейтенант, шуни айтмоқчийдимки…

— Нима демоқчи бўлганингни кейин билаверамиз. Ҳужжатларни ол.

Авдий  товсиллана-товсиллана  чўнтагидан  ғижимланиб  таниб  бўлмас  аҳволга  келган паспортини чиқарди.

— Мана,— деб узатди милиционерга.— Паспортим.

—  Паспортмиш!—  милиционер  Авдийга  ғижиниб  қаради.—  Сен  нимага  мени лақиллатяпсан? Яна паспорт дейди! Ма, ол, ўзингга сийлов. Мен билан бўлимга борасан. Ўша ерда кимлигингни аниқлаймиз.

—  Мен  ахир,  ўртоқ  лейтенант…—  ўзининг  ночор  аҳволидан,  таяниб  турган  тахтасидан, атрофга  бирин-сирин  йиғилаётган  бекорчилардан  хижолат  чекиб  деди  Авдий,—  мен, биласизми, газетанинг мухбириман.

— Ҳали сен мухбирмисан!— хуноби ошди милиционернинг. Назарида уни очиқдан-очиқ ва сурбетларча лақиллатишаётгандай туюлди.— Э, қани, бу ёққа юр-чи, мухбир!

Йиғилган томошаталаблар мазах қилиб кулишди.

— Топган гапини қаранг — мухбирмиш!

—Балки ҳали ташқи ишлар министриман ҳам дерсан?

Жаҳлдор  лейтенант  орқасидан  бориб,  кутиш  залидан  ўтишга  тўри  келди.  Энди  ким  дуч келса,  шу  Авдийга  ўгирилиб  қарар,  бир-бирларига  пичирлашар,  кулишарди.  Катта  оғоч ўриндиқда  юклари  билан  ўрнашиб  олган  оила  ёнидан  ўтиб  бораётганда  Авдийнинг  қулоғига узуқ-юлуқ сўзлар чалинди:

Кичкинтой қизча: – Ойи, ойи, қаранг, ким бу?

Аёл: –  Вой, болагинам-эй, бу қароқчи. Кўрдингми, уни милицонер амакинг ушлаб олибди.

Эркак: –  Мунинг нимаси қароқчи. Патак ўғриси. Чўнтаккесар. Худди ўзи.

Аёл: –  Вой,  нима  деяпсан,  Миша.  Кўриниши  ўзи  шунақа  бечора.  Хилватроқ  жойда  дуч келсанг, сўйиб кетади…

Лекин, Авдий учун энг даҳшатли, кутилмаган иш ҳали олдинда эди. Лейтенантнинг ортидан вокзал  ёнидаги  талай  уйлардан  бирининг  эшигидан  ичкарига  қадам  қўйган  Авдий  ўзини деразаси  майдонга  қараган  каттакон  милиция  хонасида  кўрди.  Телефон  қўйилган  столда ўтирган унвони кичикроқ милиция ходими лейтенантни кўриб, ўрнидан турди.

— Ҳаммаси жойида, ўртоқ лейтенант,— деб ахборот берди у.

— Ўтир, Бекбўлат. Мана яна бир меҳмон,— деб Авдийга ишора қилди лейтенант.— Қара, шаҳзодаларга ўхшайди! Яна мухбирман дейди!

Авдий  ичкарига  киргач,  атрофга  аланглаб  каради  ва  сал  бўлмаса  бақириб  юборай  деди. Шағамдай қотди. Не кўз билан кўрсинки! Эшикдан кираверишда чап томонда қалин симлардан қўпол  қилиб  ясалган  ва  хонани  полдан  шипгача  икки  бўлакка  ажратган  тўсиқ  орқасидаги бурчакда худди панжарага солинган махлуқлардай бўлиб чопарлар — наша йиғувчи хуморилар:

Петруха, Лёнька, Махач, Коля, икки қўпорувчи чопар ва яна қандайдир болалар ҳаммаси бўлиб ўн-ўн икки чоғлик одам ўтиришарди. Фақат Гришан кўринмасди. Булар орасида Ўзи йўқ эди.

—  Болалар,  нима  қилди?  Нега  бундоқ  бўлиб  қолди?—  беихтиёр  оғзидан  чиқиб  кетди Авдийнинг.

Чопарлар миқ этишмади. Улар ҳатто қимирлашгани ҳам йўқ. Хуморилар панжара орқасида бир-бирларига  зич  тиқилишиб  ўтиришар,  башаралари  жуда  ўзгариб  кетган,  тумтайган, қовоқлари солиқ эди.

— Танидингми ошналарингни?— ғалати иршайди жаҳлдор лейтенант.

— Албатта!— деди Авдий.— Булар ҳаммаси бизнинг болалар.

— Э, ҳали шундоқми!— ҳайрон қолди лейтенант Авдийга диққат билан разм солиб.— Нима, бу ошналарингми?— сўради у чопарлардан.

Ҳеч ким жавоб бермади. Ҳамма кўзини ердан узмай жим ўтирарди.

—  Ҳей,  сизлардан  сўраяпман!—  жаҳли  чиқди  лейтенантнинг.—  Жавоб  бермайсизларми? Майли,  кўрамиз  ҳали.  Товага  тушган  қисқичбақадай  сакратаман  ҳали.  Ҳаммангга  уч  юз  ўн еттинчини  берганда,  мени  эслаб  қоласанлар.  Инсон  қадами  етмаган  жойларга  бориб  ўтира-санлар. Ёшмиз дейсанлар-да. Ёшлигингга қараб ўтирмаймиз. Илгари суд бўлмагансанлар-да, а. Бу  ҳисобга  ўтмайди.  Ҳа,  ҳа,  бу  ҳисобга  ўтмайди.  Ашё  билан  қўлга  тушдинглар!—  у  полда сочилиб ётган Авдийга таниш, наша билан тўлдирилган юкхалталар ва жомадонларни кўрсатди. Уларнинг айримлари очилган, айримлари йиртилган, у ер-бу ерда наша сочилиб ётар, хонани ёввойи гиёҳнинг оғир ҳиди тутганди. Стол устида телефон ёнида оғу солинган гугурт қутилари ва  шиша  идишчалар  турарди.—  Кўрсатиб  қўяман  жавоб  бермасликни!  Хафа  бўлишди  булар тағин! Ашё билан қўлга тушдинглар-ку!— деб такрорлади лейтенант тажанглиги ортиб, жаҳл устида унинг овози жаранглаб чиқа бошлади.— Мана, далил! Мана, ашёвий далиллар! Мана, сенларга афюн!— у наша тўла юк халталарни тепиб кўрсатди.— Шайкаларингдан битта аблаҳ қочиб  қутулди-да.  Лекин  у  ҳам  ҳали  шу  ерга—  панжарага  келиб  ўтиради,  ярамаслар! Турларинг!  Тур,  кимга  айтяпман!  Ялпайиб  ўтириб  олганини  қаранг!  Тикка  бу  ёққа  қараб турларинг! Кўзингни олма! Кимга айтяпман кўзингни олма деб! Сенларга ўхшаган ярамаслар мени  вагоннинг  тагидан  отишди.  Мендан  раҳм-шафқат  кутмаларинг  энди!  Аблаҳлар, мишиқилар, қуролланиб олишибди! Яна нималарни истайдилар! Ҳаётим борича сизлар билан олишаман.  Мен  қандай  олишишни  биламан.  Ҳамма  поездларда,  ҳамма  йўлларда  сизларни қутурган итдай тутиб оламан! Мендан ҳеч қаёққа қочиб қутулолмайсанлар!— кўпириб-тошиб қичқирарди  у.—  Сенлардан  сўраяпман  ким  манави  жулдурвоқи?  Мухбирмиш!  Ким  бу рўдапо!—  Лейтенант  Авдийнинг  қўлидан  тутиб,  панжара  олдига  судраб  борди.—  Айтларинг яхшиликча! Ошналарингми?

 

Бир  зум  ҳаммалари  жим  қолишди.  Авдий  чопарларнинг  бадқовоқ  башараларига  разм соларкан,  ҳеч  ўз  кўзларига  ишонгиси  келмасди.  Шуларми  кечагина  чўлда  поезд  тўхтатган?

Шуларми  сўриб-сўриб  наша  чекиб,  кайф  сурган?  Шуларми  уни  ўлгудай  уриб,  вагондан улоқтирган?  Шуларми  чапдаст  болалар?  Мана  энди  камарсиз  шим  кийиб,  яланг  оёқ  бўлиб (заруратга олиб чиққанда қочиб кетмасинлар деб, шундай қилсалар эҳтимол), шўрларига шўрва тўкилиб, панжара ичида ночор тумтайиб ўтирибдилар.

—  Охирги  маротаба  сўраяпман  сенлардан,—  ғазабидан  бўғилиб  деди  лейтенант.—  Мен тутиб келган манави тавия ошналарингми, йўкми?

—  Йўқ,  ошнамиз  эмас,—  ғўдинглаб  ҳамма  учун  жавоб  қилди  Петруха,  Авдийга  истар-истамас қараб қўяркан.

—  Нега  ундай  дейсан,  Пётр?—  ҳайратга  тушди  Авдий  панжара  томон  судралиб яқинлашаркан.—  Нима,  мени  эсдан  чиқардингларми?—  таъна  қилгандай  сўради  у  панжара ортидагилардан.—  Сизларга  жоним  ачийди,—  деб  кўшиб  қўйди  у.—  Қандай  қилиб  бундай бўлди?

— Таъзия билдирадиган жой эмас бу ер сизга,— силтаб ташлади уни лейтенант.— Мен энди ҳар биттангдан алоҳида-алоҳида сўрайман,— пўписа қилди у чопарларга.— Ким ёлғон айтса,— бу бари бир маълум бўлади,— унга яна бир модда қўшилади. Қани, сен айт,— деди у Махачга қарата.

— Бизданмас,— деб жавоб берди у тупук сочилган лабларини қийшайтириб.

— Энди сен айт,— буюрди лейтенант Лёнькага.

— Бизданмас,— деди Лёнька ва оғир хўрсинди.

— Бизданмас,— деди маллабош Коля.

Ҳаммалари бир бошдан Авдийни танишни истамадилар.

Қизиқ, чопарларнинг бу қилиқлари Авдийнинг ҳамиятига тегди. Уларнинг ҳаммалари бир оғиздан,  қатъий,  ҳеч  қандай  шубхага  ўрин  қолдирмай  ундан  воз  кечишгани  Авдий Каллистратовга  ҳақоратлаган  ва  хўрлагандан  бадтар  алам  қилди.  Авдийнинг  бир  зумда иситмаси чиқиб кетди, бошига ёрилгудай сирқироқ оғриқ кирди.

— Нима бўлди, нега мени танимайман деяпсизлар?— каловланиб сўрарди у.— Ахир мен…

— Гап бундоқ, «Нью-Йорк таймс»нинг мухбири,— майна қилиб уни тўхтатди лейтенант.— Кўп гапирдингиз, етар. «Ахир мен», «ахир сен». Бўлди, бас. Бошимни айлантирма. Сенсиз ҳам иш бошдан ошиб-тошиб ётибди. Жўна, бу ердан. Оёқ тагида ўралашаверма. Булар билан ишинг бўлмасин. Уларга қарши қонун бор. Шафқатсиз қонун. Оғу тайёрлагани, тарқатгани ва сотгани учун  дарҳол  жазога  тортилади.  Улар  билан  гап  қисқа.  Сен,  мухбир  ошна,  тезроқ  бу  ердан туёғингни шиқиллат. Жўна. Бошқа кўзимга кўринма.

Жимлик чўкди. Авдий Каллистратов оғирлигини дам у оёғига, дам бу оёғига солиб, кетишга шошилмасди.

— Сен ўртоқ лейтенантнинг сўзларини эшитдингми?— шу пайтга-ча аллақандай коғозларни тўлдириш билан машғул милиционер ўртага тушди.— Эсинг борида жўна. Раҳмат дегину чиқиб кетавер.

—  Сизда  манави  эшикнинг  калити  борми?—  деб  сўради  Авдий  темир  эшикнинг  осиғлик қулфини кўрсатиб.

—  Сенга  нима?  Бор,  албатта,—  деб  жавоб  берди  лейтенант  Авдийнинг  нега  шундай  деб сўраганлигини тушунолмай.

— Унда очинг эшикни,— деди Авдий.

—  Яна  нима  хоҳлайдилар?  Э,  кимсан  ўзинг!—  тутақиб  кетди  лейтенант.—  Жонингдан тўйдингми! Мен сени!

—  Ана-ана!  Мени  дарҳол  панжарага  ташлашингизни  сўрайман.  Жойим  ўша  ерда!— Авдийнинг  чеҳраси  ловуллаб  ёнар,  яна  унинг  қаттиқ  жазаваси  тутганди.  Вагонда  нашани ташқарига сочиб ташлаганда худди мана шундай бўлган эди.— Мени қамоққа олишлари ва суд қилишларини  талаб  этаман!—  деб  қичқирарди  Авдий.—  Мен  ҳам  мана  шу  адашган бадбахтларнинг бириман! Дунё разолат ва ярамасликларга тўлиб кетди! Худди улар каби мен ҳам  жавобгарман.  Мен  ҳам  наша  йиққанман.  Эшикни  очинг.  Мен  улар  билан  бирга  ўтирай. Судда  улар  тасдиқлашади  айбим  борлигини!  Гуноҳларимизга  тавба  қиламиз,  дилимиз  пок бўлади…

Милиционер шунда қоғозларини бир чеккага йиғиштирди-да, ўрнидан дик этиб турди.

— Э, бу ғирт жинни-ку, ўртоқ лейтенант. Қаранг башарасига. Жиннилиги шундоқ кўриниб турибди.

—  Ақл-ҳушим  жойида,—  деб  эътироз  билдирди  Авдий.—  Мен  улар  билан  тенг  жазо тортишим керак! Жинни бўлиб нима қилибман?

— Шошма, шошма,— иккиланди лейтенант.

Транспорт милициясидай оғир ишда шунча йиллар хизмат қилиб бунақа тентакликни энди кўриши эди: айтсанг, биров ишонмайди сира.

Орага  сукут  чўкди.  Шу  пайт  кимдир  ҳиқиллаб,  сўнг  ҳўнграб  йиғлаб  юборди.  Бошини деворга ўгириб олган Лёнька йиғламоқда эди. Петруха унинг оғзини юмишга уринар, қулоғига бир нарсалар деб пўписа қиларди.

—  Гап  бундай,  ўртоқ,—  деди  лейтенант  кутилмаганда  юмшоқлик  билан  Авдийга.—  Юр, ташқарига чиқайлик, менга ҳаммасини бир бошдан гапириб берасан. Қани, чиқайлик. Юр, юр, рост айтяпман.

Улар  яна  йўловчилар  тиқилиб  кетган  кутиш  залига  чиқдилар.  Лейтенант  Авдийни  бўш скамейкага бошлаб келди, ўтиришга таклиф этди, кейин ўзи ҳам ёнига ўтирди.

—  Сендан  жуда  ҳам  илтимос  қиламан,  ўртоқ,—  деди  у  бирдан  дўстона  бир  самимият билан,—  бизнинг  ишимизга  халал  берма.  Мабодо,  мендан  ўтган  бўлса,  кўнглингга  олма. Ишимиз ўзи шундай, жуда қийин. Ўзинг ҳам кўрдинг-ку. Илтимос, борадиган жойингга жўна. Сен озодсан. Фақат бизга бошқа борма. Тушундингми, а?

 

Авдий  аҳволимни  қандай  тушунтирсам,  ушланган  чопарлар  ҳақидаги  фикр-мулоҳазаларимни қандай баён қилсам экан деб, ўйлаб, ҳаёлини йиғиштираётган эди, лейтенант ўрнидан турди-ю, одамлар орасини ёриб ўтиб, жўнаб қолди.

Йўловчилар  бекорчиликдан  тағин  Авдийга  аланг-жаланг  кўз  ташлай  бошлашди:  у  турли-туман одамлар йиғилган шу халойиқ ичида ҳам отнинг қашқасидай кўзга ташланиб турмоқда эди.  Кийимлари  йиртилган,  афт-башараси  кўкарган,  ғурра  бўлган,  қўлтиғига  тахта  қистириб олган  бир  ҳоли-бир  сар  Авдий  одамларнинг  ғашини  келтириб,  нафратини  қўзирди.  Устига-устак, уни ҳозиргина милиционер бу ерга ташлаб кетган эди.

 

Авдийнинг  аҳволи  тобора  ёмонлашарди…  Қаттиқ  иситмалай  бошлаган,  боши  сирқираб оғрирди. Кеча бўлиб ўтган воқеалар, тунги жала, шишиб, юролмай қолган оёғи, ниҳоят, оғир жазога  дучор  бўлган  чопарлар  билан  ҳозирги  учрашув — Авдийга  булар  ҳаммаси  энди  ўз кучини кўрсатмоқда эди. Авдийнинг бадани увишиб, тинмай қалтирай бошлади, жисми худди ёниб кетаётгандай эди. У кунишиб, бўйнини ичига тортиб ўтирар, ўрнидан туришга мажоли йўк

эди. Қуриб кетгур қўлтиқтаёқ эса оёқлари тагида ётарди.

Шунда  мурдадай  бўлиб  қолган  Авдийнинг  кўз  ўнги  туман  билан  қопланди.  Одамларнинг хира тортган, ёйилиб кетган гавдалари, афт-ангорлари яна чўзилиб, бужмайиб, бири узра бири қалашиб кетарди. Авдийнинг кўнгли беҳузур бўлар, фикрлари чувалашар, нафас олиши тобора оғирлашарди. Авдий одам тиқилинч, ҳавоси дим шу бегона залда бир ўзига келиб, бир ўзидан кетиб ўтирарди. «Вой, мазам қочиб кетяпти,— ўйларди у,— одамлар ҳам кўп ғалати бўлишади-да. Ҳеч ким ҳеч кимга керак эмас. Ҳаммаёқ бўм-бўш, тирик зот қолмагандай».

Авдий  бу  бирпасдан  сўнг  ўтиб  кетади,  яна  ҳушим  ўзимга  келади,  ўшанда  анави қамокдагиларга балки бирон ёрдамим тегиб қолар, деб умид қиларди. Куни кечагина уни ўласи қилиб  уриб,  поезддан  улоқтириб  юборганларини  у  ҳозир  ҳатто  эсламас  ҳам  эди.  Бу  қабиҳ жиноятчилар,  нодон  қотиллар  унинг  раҳмини  эмас,  ғазабини  келтиришлари,  унда  интиқом ҳиссини  уйғотишлари  керак  эди  аслида.  Лекин  ҳаёлпараст  Авдий  Каллистратов  ҳаёт

сабоқларини  ўзлаштиришни  истамас,  бунда  ҳеч  қандай  мантиқнинг  фойдаси  йўқ  эди.  Наша йиғувчиларнинг  патароти — ўзининг  ҳам  патароти  эканлигини  у  ғайришуурий  бир  тарзда тушунарди.  Бу  фидойи  раҳмдиллик  ғояси  ҳам  тамомила  енгилганлигидан  дарак  берарди. Чопарларни  ҳалокат  чоҳидан  ҳалос  этиш  унинг  қўлидан  келмади.  Уларга  ўз  таъсирини ўтказолмади.  Шу  билан  бирга  ҳар  нарсани  кечириб  юборавериш  ҳам  ожизлик  аломати эканлигини  тушунмай  иложи  йўқ  эди,  бу  ҳали  қанчалар  оғир  оқибатларга  олиб  бориши мумкин…

 

Лекин барибир, дунёда яхши одамлар қуриб кетгани йўқ, вокзалдаги тасодифий йўловчилар ичидан  ҳам  шундай  киши  топилди.  Авдийнинг  рўпарасидаги  скамейкада  юкларини  олиб ўтирган,  бошини  рўмол  билан  ўраган,  сочлари  оқарган  хотин  унинг  мазаси  қочиб,  ёрдамга муҳтож бўлиб қолганлигини сезди.

— Гражданин,— деб гапини бошлади-да, шу заҳоти оналарча меҳрибонлик билан сўради:— Тобинг қочдими, болам? Касал бўлиб қолганга ўхшайсан-ку?

— Тобим қочяпти, лекин сиз ташвиш чекманг,— деб илжайишга уринди Авдий.

—  Ҳеч  қандай  ташвиши  йўқ.  Вой,  Худойим-эй,  нима  гап  ўзи,  бирон  ердан  йиқилиб тушдингми?  Иссиғинг  жуда  баланд-ку,—  деди  у  Авдийнинг  пешонасига  қўлини  теккизиб кўриб.— Кўзларинг ҳам қизариб кетибди. Менга қара, болам. Сен ҳеч қаерга кетмай шу ерда ўтир. Мен бориб билиб келай, балки биронта врач топилиб қолар, эҳтимол, сени касалхонага ётқизиш керакдир. Сени бу аҳволда қолдириб бўлмайди…

— Қўйинг, овора бўлманг,— дерди унга Авдий овози ичига тушиб кетган ҳолда.

—  Йўқ,  йўқ.  Сен  бирпас  ўтира  тур.  Мен  дарров  қайтиб  келаман…  Болали  қўшни  аёлдан нарсаларига қараб туришни сўради-да, раҳмдил хотин қайгадир кетди.

Орадан  қанча  вақт  ўтди,  Авдийнинг  эсида  йўқ.  Унинг  жуда  мазаси  қочди.  Нима бўлаётганлигини энди фаҳмлади: томоғи қаттиқ оғрирди. Ҳатто тупугини ютолмасди. «Ангина бўлса  керак,—  деб  ўйлади  Авдий.  У  шунчалар  ҳолдан  тойган  эдики,  шу  ернинг  ўзида  полга узала тушиб ётгиси келар — устидан босиб, топтаб ўтсалар ҳам майли эди — фақат кўз юмса бас, кўз юмса бас эди…

 

Авдийнинг кўзи эндигина илинган экан, бирдан кутиш залидаги халойиқ ҳаракатга келди, ғовур-ғувур  эшитилди.  Авдий  кўзини  очди  ва  милиция  хонасидан  чопарларни  олиб чиқишаётганини кўрди. Уларни тўрт томондан милиционерлар ўраб олганди. Тажанг лейтенант олдинда — одамлар  унга  йўл  бўшатишар,  унинг  орқасидан  қўллари  боғланган  чопарлар келишарди. Петруха, Махач, Лёнька, Коля, икки қўпорувчи ва яна аллакимлар — ўн кишининг ҳаммаси шу ерда эди. Уларни соқчилар вокзалдан қатор қилиб олиб чиқишарди.

Авдий зўр бериб, не машаққат билан тахтасини қўлтиғига қистирди-да, чопарлар орқасидан лўкиллади. Назарида жон-жаҳли билан ҳаракат қилаётгандек бўлса ҳам, лекин негадир барибир маҳбусларни  қувиб  етолмади.  Йиғилган  оломон  орасидан  у  томонга  ёриб  ўтиш  осон  эмасди. Лекин чопарларни қандоқ олиб кетишаётганини яққол кўриб турди: вокзал эшиги олдида орқа дарчаси панжарали ёпиқ машина турар— икки милицонер чопар болаларнинг қўлтиқлариданкўтариб, ичкарига жилдириб юборишарди.

 

Кейин  машинага  соқчи  ўтирди  ва  эшик  ёпилди.  Лейтенант  ҳайдовчининг  ёнига  чиқди. Шундан сўнг машина вокзал майдонидан жўнаб кетди. Халойиқ ҳар турли тахминларни бичиб-тўқирди.

— Қароқчиларни ушлашибди. Бир гала.

— Анави уйларга кириб одамларни ўлдириб юрганлар шулар бўлса керак.

— Вой, қўрқиб кетяпман-е…

— Э, қароқчими шулар! Таги ҳўл болалар-ку ҳаммаси!

—  Бола  дейсан-а?  Ҳозирги  болалар  дуч  келган  одамни  ўлдириб  кетади.  Ҳеч  нарсага қарамайди.

—  Э,  қўйинглар-э,  барака  топкурлар.  Булар  наша  йиғадиган,  банги  болалар.  Нашага келишган. Ҳар куни қанчасини тутишади юк вагонларда!..

— Шунча тутгани билан яна ёпирилиб келаверишади булар…

— Қандай замонларга қолдик…

Чопарларнинг  аччиқ-аламли  ҳикояси  ана  шундай  тугади.  Негалигини  ўзи  ҳам  билмайди:

Авдийнинг юраги бўм-бўш бўлиб қолди…

Авдий  қаерда  ўтирганини  яхши  эслолмай  кутиш  залига  юрди.  У  оёқларини  базўр  судраб босар, боши оққан томонга кетмокда эди. Шунда бояги сочлари оқарган хотинга дуч келди.

— Ҳа, мана ўзи, мана!— деди ўша хотин оқ халат кийган ҳамширага.— Сен қаёққа кетиб қолдинг, болам. Ахтариб юрибмиз. Мана, ҳамшира қиз келди. Иситмалаб турибсан шекилли.

Юқумли касал эмасмикин, деб хавотир олишяпти.

—  Ундаймас,—  зўрға  овози  чикди  Авдийнинг.  Ҳамшира  Авдийнинг  пешонасига  қўл теккизди.

—  Иссиғи  баланд,—  деди  у.—  Нима  бўлди?  Сиздан  балчиқ  иси  келяпти.  Ичингиз кетяптими?— ўсмоқчилаб сўради у.

— Йўқ.

— Майли, фарқи йўқ. Медпунктга борайлик. Доктор кўради.

— Майли, мен тайёрман.

— Нарсаларингиз қаерда?

— Нарсаларим йўқ…

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-2

Ўша куни, отаси уни ўзи билан шаҳарга олиб кетишини айтганида у еру кўкка сиғмай юрди. Тоқатсизланганидан, қувонганидан тарс ёрилиб кетгудай бўлди, аммо гап шундаки, у бу ...

Эврил турон: йўлдаги ўйлар, фикрлар, мулоҳазалар (давоми)

(Давоми) Юқорида сиз “31 миллионли элдан 99 фоизи”... дедингиз. Бу фикр ҳақиқатга унча тўғри  келмайди. Келади. Ҳаёлан ҳар бир ўзбекнинг уйига бирма-бир кириб чиқинг. ...

Мeҳробдан чаён-шоирнинг сирри

Ўн  беш  куннинг  ичида  махдумнинг  меҳмонхонаси  расмий  бир  маҳкамага  айланаёзди. Ўрдаға ариза билан мурожаат қиладирған ҳар ким, ҳатто расмий кишилар ҳам аввал маслаҳат ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400