Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 29-қисм

IV

Авдий Каллистратовни Жалпоқ-Соз бекат касалхонасига ётқизишди. Тунд юзли қозоқ врачи Олия Исмоиловна касални кўриб, жиддий деди:

— Аҳволингиз унчалар ҳам яхши эмас. Лат еган оёғингизни мутахассис врач кўриши керак. Касал бошқа аъзоларингизга ҳам тарқаб кетмаслиги учун ҳозирча антибиотиклар билан даволаб турамиз.  Лекин  сиз  бошингиздан  нима  кечирган  бўлсангиз,  ҳаммасини  менга  сўйлаб беришингиз керак. Нега қизиқиб қолди, деб ўйламанг. Врач бўлганим учун сўраяпман…

 

Ҳаётда неча юзлаб, минглаб учрашувлар ва айрилиқлар ичида гоҳо шундайи ҳам бўладики, уни Худо етказди дейишдан бошқа иложимиз йўқ. Лекин бундай учрашувдан умуман ҳеч нарса чиқмаслиги ҳам мумкин, бироқ одам боласи буни фақат кейин тушунади — шунда у бир зум қўрқиб кетади ўша учрашув чиппакка чиқса, нима бўларди, деган фикрдан… Ахир учрашувнинг нима билан тугаши Худога эмас, одамлариинг ўзларига боғлиқ-ку.

 

Авдий  Каллистратов  шунга  ўхшаш  воқеани  бошидан  кечирди.  Учинчи  кун  деганда касалхонага Авдийнинг олдига ўша қиз келди. Авдий уни фақат орзулар оламидагина кўрарди. Чунки  қизнинг  кимлигини  билмасди.  Бинобарин,  одам  боласи  дунёда  нималар  ҳақида  орзу қилмайди дейсиз…

 

Кундузи  турли  муолажалардан  сўнг  беморнинг  ҳарорати  анча  пасайди,  кечга  бориб  эса ўттиз еттию учдан юқори кўтарилмади. Лекин оёқнинг шиши ҳамон қайтмаган, бунинг устига ўнг  қовурғасининг  биттаси  синган  экан,  рентгенда  дарз  тушгани  маълум  бўлди.  Умуман олганда,  бемор  соғая  бошлаган  эди.  Авдийнинг  кайфияти  мўътадил,  шикоят  қиладиган  жойи йўқ  эди.  Олия  Исмоиловна  ҳақиқий  врачлардан  экан,  у  билим,  тажрибалари  билангина  эмас,

бутун рўй-равиши билан ҳам даволаркан. Унинг гап-сўзлари, муомаласи, муолажа тайинлаши беморнинг  дилига  умид  ва  ишонч  бағишлар,  касалликни  енгиб  ўтишига  мадад  берарди.  У беморнинг  руҳиятига  донолик  ва  вазминлик  билан  таъсир  ўтказардики,  бошидан  шунча савдоларни  кечирган  Авдий  гоҳо  инсонга  бошқаларнинг  ғамхўрлиги  ва  меҳрибончилиги нақадар зарур бўлишини айниқса, қаттиқ ҳис қилди. Очиғини айтганда, бир чеккаси, у касал бўлгани  ва  яхши  врачнинг  қўлига  тушгани  учун  беҳад  суюнди.  Мўъжаз  дарахтзор  орасида жойлашган кўримсизгина ва сокин бекат касалхонасида у ўзини шунчалар хотиржам ва яхши сезмоқдайди.

 

Ҳиёбонга  қараган,  оппоқ  пардалар  тутилган  дераза  очиб  қўйилган  эди.  Ҳавонинг  иссиғи авжида. Палатадаги икки шериги ташқарига айлангани чиқишган, Авдий ёлғиз ўзи ётар ва тез-тез ҳароратини ўлчарди. У яна ҳарорат кўтарилишини сира истамасди. Дераза нарёғида ўткир пошналарнинг тақир-туқури эшитилди, аллаким навбатчи ҳамширадан уни сўради. Ким бўлди экан? Овоз Авдийга танишдек туюлди. Кўп ўтмай ҳамшира палата эшигини очди.

 

— Мана шу ерда ётибди.

— Салом!— деди қиз.— Каллистратов сизмисиз?

— Мен,— деб жавоб берди Авдий ўз кўзларига ишонмай.

 

Бу ўша Учқудуққа мотоцикл миниб келган ва Авдийнинг ҳаёлини ўғирлаб кетган қизнинг ўзгинаси эди. Авдий ўзини йўқотиб қўйган, қизнинг гаплари қулоқларига кирмас, у ҳақда жуда кўп  ўйлаганлиги  учунгина  нима  деётганлигини  сўзи  ҳали  оғзидан  чиқмасдан  бурун  уқиб оларди.  Қизнинг  исми-шарифи  Инга  Фёдоровна  экан.  Бу  ерга  илмий  иш  билан  шуғулланиш учун  келганига  уч  йил  бўлибди.  Ўшандан,  бери  Олия  Исмоиловна  билан  таниш,  дугона  эди.

Олия  Исмоиловна  унга  Авдий  ҳакида  ҳикоя  қилиб  берибди.  Инга  Фёдоровна  бунга  қизиқиб қолибди. Ахир, сиз ҳам худди мен каби наша масаласи билан машғул экансиз. Мен Мўйинқум нашасини  ўрганиб  юрибман.  У  шундай  деб,  нашанинг  узундан-узоқ  лотинча  номини  айтди. Шунинг  учун  олдингизга  келдим,  танишгани…  балки  сизга  наша  юзасидан  бирон  маълумот керакдир деб ўйладим… Ахир, унинг назарида, журналистларга илмий маълумотлар ҳам зарур бўлади-ку.

 

У Худойим-ей, илмий маълумот дейди-я. Баногоҳ пайдо бўлиб лолу ҳайрон қилиб қўйдинг-ку.  Сўзларинг  қулоғимга  эмас,  юрагимга  оқиб  киряпти.  Фақат  кўзларингни  кўраётирман.

Назаримда,  дунёда  бошқа  ҳеч  кимда  бундай  кўзлар  йўқ.  Мунажжим  сон-саноқсиз  юлдузлар ичидан мана шундай ўз юлдузини топади. Лекин, бехабар одамларга барча юлдузлар мутлақо бир хил бўлиб кўринади. Авдий қизнинг нигоҳидан гўё қанот боғлаб учарди…

 

Буларнинг барини Авдий кейин ёлғиз қолгач ва ўзини босиб олгач, бирма-бир хотирасида тиклади.  Ўша  илк  дамларда  эса  у  худди  жинни  бўлиб  қолгандек  эди.  Рост,  Инга  Фёдоровна буни  унинг  иссиғи  чиқаётганига  йўйган  бўлиши  мумкин.  Ахир,  фақат  тентак  одамгина дабдурустдан: «Доим сизни ўйлаганимни қаердан билдингиз?»— деб сўрайди-да.

 

Қиз жавоб ўрнига қошларини ҳайрон бўлиб чимирди. Шунда у янада гўзалроқ кўринди ва сирли жилмайиб қўйди. Агар қиз шу бемаъни, маза-матраси йўқ сўзларни бачканалик ва ёки суюқлик  деб  қабул  қилса  борми,  Авдий  унда ҳеч  қачон  ўзини  кечирмас, умр  бўйи  қийналиб ўтарди.  Лекин  Худонинг  марҳаматчилиги,  қиз  унинг  сўзига  алоҳида  аҳамият  бермади.  Бунга одоб-икроми йўл қўймади. Шундан сўнг улар қизнинг Учқудуққа мотоциклда боргани, биринчи

марта қандай кўришганларини кула-кула эслашди. Авдий шу унутилмас учрашувдан бир кун кейин  чўлда  Петруха  ва  Лёнька  деган  чопар  болалар  билан  вертолётдан  қочиб  ўтлар  ичига беркинганларини гапириб берди. Инга Фёдоровна қотиб-қотиб кулди. Маълум бўлишича, Инга Фёдоровна вертолётга Тошкентдан келган махсус илмий экспедиция билан бирга учган экан.

Тошкентдаги  илмий-текшириш  институтларидан  бири  ёввойи  нашани  у  ўсадиган  ерларда кимёвий-биологик  қуритиш  устйда  шуғулланаётган  экан.  Шунда  Авдийга  банг  билан  кураш икки томонлама олиб борилаётганлиги аён бўлди: ҳам гиёҳвандлик йўқотилмоқчи, ҳам оғули гиёҳлар  қуритилмоқчи.  Лекин  буни  ҳал  қилиш  дунёнинг  ҳамма  жойларида  ҳам  осон  эмасга ўхшайди.  Инга  Фёдоровнанинг  тушунтиришича,  нашанинг  ўсиши  ва  кўпайишига  йўл

қўймайдиган  кимёвий  дориларни  топиш  қийин  эмас.  Аммо  бу  усул  нашадан  ҳам  баттароқ фалокатга  сабабчи  бўлади,  у  ерни  хароб  қилади.  Ва  у  камида  икки  юз  йилга  ишдан  чиқади.

Гиёҳвандлик билан кураш йўлида табиатни хонавайрон қилиш — бу ҳам ақлдан эмас: таёқнинг икки учи бор. Инга Фёдоровна олиб бораётган илмий-текшириш доирасига шу мураккаб табиат муаммоларини ечишнинг энг оқил йўллари ва усулларини ахтариш ҳам кирарди. О, Худойим-ей, деб ўйларди Авдий, агар табиат фикр қилиш қобилиятига эга бўлганда, ўз ҳолича ўсиб ётган гиёҳлар  билан  инсоннинг  маънавий  бузилиши  ўртасидаги  даҳшатли  ўзаро  боғлиқлик  унинг елкасига қанчалар оғир юк бўлиб тушарди. О, даҳмаза!..

 

* * *

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-хайрул-умури авсатуҳо

Деҳқон "озғина бер" деб тилангучига нима беришини билмаган ҳолда йўлакдан чиқиб кетди. Махдум  терлаган,  довдираган  йўсунда Анвар  билан  ичкарига  юрди.  Бир оз  сўзсиз  ...

Чингиз айтматов:қиёмат 4-қисм

  Тонгга яқин чўлга салқин тушди. Ер ючида неки қимирлаган жон-зот бор, бари енгил нафас олди. Ўтиб бораётган дим, таффот тун билан шўр босган тала-тузни ўртаб, ...

Қоронғи кунлар

2. ҚОРОНҒИ КУНЛАР Отабек Марғилондан қайтиб келгандан кейин ўн кунлар ўтказиб уста Алимдан бир хат олған эди. Уста Алим хатида қутидорға учрашқанини ҳамма ...