Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 38-қисм

Бозорбой  кўл  бўйларига,  таниш  яйловларга  яқинлашган  сайин  ўзига  ишончи  ортар, дадиллашарди.  Олган  ўлжаси  билан  мақтангиси  келиб  қолди.  Чўпон  улфатларимдан биронтасиникига  қўниб  ўтсаммикин,  ўлжаларни  кўрсатиб  кўзини  куйдирсаммикин,  юзта-юзтадан қилиб бўриваччаларни ювсакмикин, ахир уларни яхшилаб пулласам, мен ҳам қарздор бўлиб қолмасман, деб ўйлади. У чала ичилган шишани сув бўйида ташлаб келгани учун ачина бошлади; эх, қанийди, ҳозир бир кўтарсанг!.. Унинг шунчалар ичгиси қистади! Лекин барибир ичида  бунга  ҳали  улгураман,  аввало,  бўричаларни  омон-эсон  еткизиб  бориш,  қоринларини тўйдириш  керак,  улар  жуда  чидамли  бўлсалар  ҳам,  лекин  ҳали  сут  эмиб  юрган  тойлоқ, кўзларини  ҳам  энди-энди  очганга  ўхшайдилар,  кўр,  ана  чақчайиб  туришларини…  Ишқилиб, хуржунда  ўлиб  қолмасалар  бас.  Бозорбой  бу  пайт  ўзини  даҳшатли  тезлик  билан  қувиб етаётганларини  ҳаёлига  ҳам  келтирмасди.  Худо  билади,  ҳали  буларнинг  охири  нима  билан тугайди…

Буқа  гўштини  бурунларидан  чиққунча  еб  тўйган  бўрилар  орқага  қайтдилар.  Олдинда — Акбара,  орқароқда — Тошчайнар  борарди.  Улар  қоя  остидаги  инимизга  тезроқ  етиб  олсак, болаларимиз билан яйраб давра олиб ётсак, оёқ-қўлимизни ёзсак, ана ундан кейин чала ейилган буқа тепасига борсак, ялангликда таланиб кетмасин тағин, дейишарди.

Ҳаёт-да бу энди, шунинг учун айтишган экан-да, бўрини оёғи боқади деб… Ахир, тайёр этни кўрса, бошқа бўрилар қараб туришармиди — бу бировники-ку, деб тортиниб ўтирмай, талаб, ғажиб кетаверадиганлар ҳам йўқ эмас. Ана, иннакейин жанжал-тўполон чиқади, қон тўкилади. Лекин ҳақ ўз номи билан ҳақ, куч ҳам ҳақ томонда…

Ҳали инига етмасдан, ҳали узоқдан Акбаранинг юраги бир кори ҳол бўлганини сезди. Худди ёнгинасида аллақандай қуш соя каби парпираб учаётгандай, ботиб бораётган қуёшнинг сўнгги нурларида  англаб  бўлмас  ваҳим,  харосонлик  билан  туйди.  Юксак  тоғ  зирварларида аксланаётган  қонли  шафақ  шуълалари  борган  сайин  қорайиб,  дилига  ташвиш  ва  қўрқинч соларди. Инига яқин қолганда, у янада қаттиқроқ югурди. Тошчайнарга қайрилиб ҳам қарамади.Ниҳоят,  у  англаб  бўлмас  ваҳимага  тушиб,  елдек  учиб  кетди.  Шунда  ҳавода  димоғига  бегона ҳидлар  урилди  ва  унинг  ваҳимаси  янада  ортди:  терлаб-пишган  отнинг  ўткир  ҳиди  ва  яна қандайдир кўнгилни беҳузур қилувчи сассиқ ис анқирди. Нима бу? Қаердан келяпти? Акбара жилғадан сакраб ўтди, буталар орасидан йилдиримдай югуриб камарга чиқди ва лип этиб қоя остидаги  инига  ўзини  урди.  Ҳувиллаб  колган  бўм-бўш  уясининг  ҳамма  бурчакларини  овчи итдай искаб чиқди ва пишқирди, бир зум қотиб қолди, сўнг ўзини ташқарига отди, ин оғзида Тошчайнар билан тўқнашди, худди барига у айбдордай, худди эри эмас, ғаним-ёвдай уни алам устида тишлаб олди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ Тошчайнар аввал уяга кириб чиқди, сўнг Акбара орқасидан  югурди  ва  жилға  бўйида  унга  етиб  олди.  Акбара  эс-ҳушини  йўқотгудай  бўлиб, изларни ҳидлаб юрар, юз берган воқеани англашга уринарди. Шу яқин ўртада бу ерга аллаким келган, у излардан шуларни ўқиди — мана, от сўлагининг ҳиди анқиб турибди, сочилган сули, мана, от тезаклабди, мана, ҳиди кўнгилни айнитадиган шиша, Акбара уни ногоҳ искаб кўриб, азбаройи  нафрати  қўзиб  ёли  тикка-тикка  бўлиб  кетди,  мана,  одамнинг  қор  устидаги  излари. Кирза этикдан тушган излар. От миниб, жирканч нарса солинган шиша кўтариб келган қаттол ёв бостириб кириб, болаларини ўғирлаб кетибди! Уларни еб қўйган бўлса-чи! Шунда Акбара яна гуноҳсиз Тошчайнарга ёпишди, уни қутуриб тишлаб ташлади, кейин қўрқинчли ириллаб, из кетган томонга шитоб билан югурди. Тошчайнар унга эргашди.

Бўрилар сира адашмай ис олиб боришар — суриб, қичаб олға кетиб боришар, дарадан чиқар ерни  кўзлашар,  яна  олға,  олға  таъжил  ила  югурик  қадам  ташлашар,  одамлар  турадиган жойларни, улуғ кўл бўйла-рини мўлжал олишарди…

Бозорбой  эса  дарадан  чиқиб,  отни  яланг  тоғ  этакларидан,  паст-баланд  адирлар,  ёзги яйловлардан йўрттириб борар, ниҳоят, мана олисда қорайиб кўлнинг бир чети кўринди. Яна бир соатларда  уйга  етиб  олади.  Бу  орада  қуёш  ернинг  у  чеккасига,  тоғ  тизмалари  орасига  ботди, унинг сўнгги нурлари лов этиб, сўнди. Иссиққўл томондан аёзли шамол эсди. «Тойлоқлар совуқ қотиб  қолмаса  эди»,—  деб  ўйлади  Бозорбой,  лекин  уларни  ўраб  қўядиган  нарса  йўқ  эди.

Бозорбой уларни тирикмикин, деб хуржунга қараб қўймоқчи бўлди. Булар ўлиб қолса, биров бошига урадими! У отдан тушди, камарларни бўшатиб, хуржунни очиб қарамоқчи эди, шу пайт от оёқларини кериб, ҳаммаёққа сачратиб овдирата бошлади. Шунда бирдан сийишдан таққа тўхтаб, қаттиқ пишқирди-да, ўзини чеккага отди, жилов озорбойнинг қўлидан чиқиб кетишига сал қолди.

— Тек!— деб қичқирди Бозорбой отга.— Тек тур!

Лекин  от  худди  ўтдан  қўрққандай  ўзини  чеккага  урмоқчи  бўларди.  Шунда  Бозорбой орқасига  қарамаёқ  нималигини  билди.  Бир  зум  ичида  муздек  бўлиб  қолган  елкаси  билан  у қувлаб  келаётган  бўриларни  ҳис  қилди.  Бозорбой  жонҳолатда  отга  ёпишди,  унинг  ёлидан маҳкам тутиб, ўзини эгарга олди, от шу заҳоти пишқириб, елдек чопиб кетди. Бозорбой совуқ ел жиҳатидан  бошини  эгиб  олди,  атрофга  аланг-жаланг  қаради.  Нарироқда  икки  бўри  чопиб келарди.  Қашқирлар  югуриб  адир  устига  чиққанларида,  от  жонивор  уларни  пайқаб  ҳуркиган экан. Энди бўрилар отнинг йўлини тўсиб чиқиш пайида эдилар. Бозорбойнинг эсига шу тобда Худо тушди, унга ялиниб-ёлвора бошлади. Бошқа пайтда Худонинг гўрига ғишт қалашдан ҳам тоймасди  бу  одам.  Қайси  гўрдан  келиб  қолган  геологларни  бўралаб  сўкарди: «Олтинларинг томоқларингга тиқилсин!» Хотинини қийнаганларидан афсусланар, ундан узр-маъзур сўрарди: «Сенга сўз бераман! Тирик қолсам, чертсам, одам эмасман!» Бўри болаларини олганига тавба қиларди: «Нима қилардим олиб! Нимага кирдим инига? Ҳаммасини тошга уриб, бошини ёриб ташламайманми? Энди, нима қилдим, қаёққа қўяман уларни?» Хуржун тасмалар билан маҳкам тортиб боғланган, уларни йўл-йўлакай ташлаб кетиб бўлмайди. Бунинг устига шом қоронғуси тушяпти, кимсасиз тоғ ёнбағирларига хуфтон қораси бостириб келмоқда — дунёда ҳеч кимнинг ўладими, қоладими, у шўрлик билан иши йўқ.

 

Фақат содиқ от жониворгина кўркувдан эсини йўқотиб, бор кучи билан чопиб бормоқда.

Лекин Бозорбой ҳаммадан ҳам ёнида милтиқ йўқлиги учун ачинарди. Милтиғи бўлса, уларга курсатиб қўярди: битта-битта отиб қулатар-ди, ўқни эса кеткизмасди. Милтиқ топилмас матоҳ эканми  денг!  Ҳамма  чўпонларнинг  уйида  бор.  Лекин  ким  уни  доим  ёнида  олиб  юради!  Эҳ, билганда-ку!  Бозорбой  йиртқичларни  қўрқитиш  учун  жони  борича  бўкирарди.  Унинг  барча умиди отдан эди. Яхшиям асл, зотдор от…

Ҳаёт-мамот пойгаси…

Ўғирланган бўри болаларини хуржунга солган отлиқ билан изма-из Акбара ва Тошчайнар хуфтон қоронғулиги тушган тоғ ораларидан ана шундай қочди-қувди бўлиб борардилар. Олиб қочилган  тойлоқларининг  ҳидини  сезган  бўрилар  ўзларича  ёлворар,  ўзларича  тавалло қилардилар. Кошкийди, от бир мартагина, бир зумгина қоқилса! Агар буқа гўштини бунчалар кўп емаганларида, қувиш қандай бўлишини кўрсатиб қўймасмидилар, аллақачон қароқчига етиб олиб,  уни  кўз  юмгунча  пора-пора  қилиб  ташламасмидилар,  насл  қолдириш  йўлидаги  азалий, омонсиз  курашда  қонли  ўч  олиб  адолатни  тикламасмидилар?  Мўйинқум  чўлларида  сайғоқ сурукларини  тумтарақай  қувган,  уларни  ўзларига  керак  томонга  буриш  учун  янада  шиддат солиб  югурганлари  ҳам  гапми?  Лекин  катта  овга  бўрилар  қоринларини  тўйдирмасдан, шиддатли қувғинга олдиндан тайёрланиб чиқардилар.

Болаларни боқиш учун устма-уст бўкиб эт еган Акбара, айниқса, қийналиб чопмоқда эди. Лекин  у  ҳам  бўш  келмас,  жони  борича  югурар,  агарда  отлиққа  етиб  олса,  бир  зум  ўйлаб ўтирмай,  нима  билан  тугашидан  қатъий  назар,  ўзини  жангга  ташларди.  Шукрки,  ёнида Тошчайнари  бор,  суянчиғи  ва  енгилмас  мададкори,  лекин  нима  деманг,  ҳар  кимнинг  гўри бошқа…  Акбара  ҳар  қандай  ўлимга  тайёр  эди,  ишқилиб  етиб  олса,  ишқилиб,  учқур  отда кетаётган шу кишини қувиб етса бас… ишқилиб…

Гарчи Бозорбой чиндан ҳам учқур от минган бўлса ҳам, лекин бундай қараб, бўрилар қадам-бақадам яқинлаб, ўнг биқинидан етиб келаётганлари, уни кўл томонга ўтказмаслик учун йўлни кесиб  чиқаётганларини  кўрди.  Ғаддор  ғажирлар  отлиқни  тоғ  томонга  қараб  ҳайдашга  зўр бермоқда  эдилар.  Шундай  қилсалар,  эртами,  кечми,  барибир,  албатта,  юзма-юз  тўқнашар эдилар. Улар ниятларига эришай деб қолган ҳам эдилар: ҳуркиб кетган от ўзини йўқотиб қўйиб, ўнг  ёқдан  даф  этаётган  бўрилардан  қўрқиб,  бошини  тоғлар  томонга  буришга уринмоқда  эди. Бироқ отни онгли махлуқ — одам бошқариб бормоқда эди, у йиртқичларнинг ниятини англаб турарди, бўрилар худди шу нарсани ҳисобга ололмасдилар, бу уларнинг фожиаси эди.

Бозорбойни яна бир нарса қутқариб қолди. Тақдирнинг марҳамати билан олдинда чироқлар кўринди. О, омаднинг келганини қаранг! Улар Бўстон Ўркунчиев қўрасининг чироқлари эди. Ҳа-ҳа, ўша илғор қулоқ Бўстон, ҳеч жини ёқтирмайдиган Бўстон. Лекин ҳозир ким кимни яхши кўрадию, ким кимни ёмон, суриштириб ўтирадиган пайт эмасди. Нима фарқи бор. У ҳозир ҳар қандай қимирлаган тирик жонни кўзига суртишга тайёр. Ишқилиб, одамлар яшайдиган жойга етиб келди-ку — бундан ортиқ қувонч бўлиши мумкинми одамга! У ахир, қутулди! У ўзида йўқ хурсанд бўлиб, отни яна товони билан қистади, шунда от қўралар, одамлар томонга шамолдеқ учди.  Бироқ,  ана  энди  қутулдим  дегунча,  Бозорбой  учун  яна  бир  аср  вақт  ўтгандай  бўлиб кўринди лекин, мана, Бўстон қурган электр движокнинг пулемётдай тариллаган овози эшитилиб қолди, мана, чўпонларнинг итлари бўри исини сезиб, айюҳаннос кўтариб, Бозорбойнинг йўлига пешвоз чиқишди. Айни чоқда, бўрилар ҳам қолишмас — борган сари яқинлашиб келишар, от ҳолдан  тояр,  Бозорбой  жондорларнинг  қайноқ  тафтини  сеза  бошлаган  эди. «Худойим,  ўзинг қутқар! Ё Баҳоваддин, ўзинг мадад бер,— деб илтижо қиларди Бозорбой,— сенга етти қорани қурбон қиламан!»

«Омон қолдим! Қутулдим!»— шодланиб қичқирди Бозорбой.

Албатта, у бир соат ўтмай ўз ваъдаю таваллоларини унутади. Одам боласи ўзи шундай…

Унинг  қошига  чўпонлар  чопиб  келишди.  Бозорбой  уларнинг  қўлларига  ўзини  отди, тўхтовсиз шу сўзларни такрорларди:

— Бўри, мени бўрилар қувишди! Сув, сув беринглар!

Бўрилар  эса  афтидан,  кетмай  шу  атрофда  айланиб  юришар,  чидам  билан  ниманидир кутишарди.  Бўстоннинг  қўра,  қўтонларида  югур-югур  бошланди.  Чўпонлар  чопиб  юришар, қўраларнинг  эшикларини  беркитишар,  ҳой-ҳуйлашиб  қоронғида  бир-бирларини  чақиришар, улардан бирови том бошига чиқди-да, милтиқдан неча маротаба варанглатиб ўқ қўйди. Итлар тинмай  вовуллашарди,  лекин  қўралардан  ташқарига  чиқишмасди.  Ўзларини  ёруғроққа олишарди. Итларнинг қўрқоқлиги эгаларини дарғазаб қиларди.

—  Ату!  Олкиш!  Ол!  Э,  булар  бўрибосар  эмас,  пўқбосар!—  кимдир  бўғилиб  хириллаб итларни қистарди.— Ол, бос! Оқтош, Йўлбарс, Жойсан, Барпалон! Бос! Ату, Ату! Э, ўлларинг, думларингни қисмай! Бўридан қўрқиб ўтирибсанларми?!

— Ит ўз оти билан ит-да!— деб эътироз билдирарди бошқа товуш.— Нимага бақирасан? Бу итлар  отлиқни  этигидан  тортиб  туширади.  Лекин,  бўрига  яқин  йўлолмайди.  Тўғрими?  Нима дединг! Бўрига қарши биронта ит боролмайди. Қўй, индама! Акиллайверсинлар!

Лекин  бўрилар  нега  уни  қувалаб  келишди,  Бозорбой  анчагача  эслолмади.  Фақат Бозорбойнинг  отига  қараётган  йигит  бирдан: «Бозорбой  бойке,  хуржунда  нима  бор? Қимирлаётганга ўхшайди»,— деб сўраб қолувди, ана шундагина у эслади.

—  Хуржунда  дейсанми?  Э,  бури  болалари-ку  улар!  Э,  қуриб  кетсин!  Тўртта  бўлтуруқ.

Бошатда ини бор экан. Тўғри инидан олдим. Шунинг учун бўрилар орқамдан қувиб келишди.

— Шундай демайсизми! Боплабсиз-ку. Тоза қўлга туширибсиз-да! Инидан дейсизми? Хўп омон қолибсиз-да тағинам…

— Хуржунда ўлиб қолишмабдими? Чопганда бўғилиб, эзилиб кетмабдими ишқилиб!

— Нега эзилади! Ўрикмиди сенга эзилади! Улар итдай чидамли бўлишади, оғайни.

— Қани, кўрайлик, қанақайкин?

Хуржунни  туширишди  ва  Бўстоннинг  уйига  қараб  юришди.  Бунақа  муҳим  ишлар  одатда Бўстоннинг уйида қилинади. Бу ерлар, қўра, қўтонларнинг эгаси ўша… Лекин ҳозир Бўстоннинг ўзи  уйда  йўқ.  Районда  навбатдаги  йиғилишга  кетган.  Илғор  чўпон  Бўстон  Ўркунчиев  яна навбатдаги президиумда ўтириши керак эди.

Бозорбойни Бўстоннинг уйига худди қаҳрамонлик кўрсатган одамдек олиб боришди. Унинг шунга  рози  бўлишдан  бошқа  чораси  қолмади.  Майли,  бир  қўниб  ўтса,  ўтибди-да,  ахир,  у меҳмон-ку.

Бу уйнинг остонасига Бозорбойнинг биринчи келиши эмас. Кўп йиллардан бери Бозорбой бу ердан етти чақирим нарида Бўстонга қўшни ерларда чўпонлик қилади. Ана шу вақт ичида Бозорбой бу ерда уч марта бўлди: биринчи марта чўпон Эрназар Ола Мўнгу довонида музлик камарга  йиқилиб  нобуд  бўлганда,  унинг  таъзиясига  келган  эди;  иккинчи  маротаба  Эрназар ўлгач,  олти  ойдан  кейин  Бўстоннинг  олдинги  хотини (Орзигул  бечора  жуда  ҳам  яхши  хотин эди, дейишади) вафот қилганда, маъракасида қатнашган эди, ўшанда атроф-теваракдан тумонат одам  йиғилган,  отлар,  тракторлар,  юк  машиналарнинг  саноғига  етиб  бўлмаганди.  Учинчи маротаба худди бўйнидан судрагандай қилиб олиб келишган эди. Область раҳбарлари бу ерда ишлаб чиқариш семинари ўтказадиган, Бўстон Ўркунчиев чўпонларга ўз илғор тажрибаларини сўйлаб  берадиган  эди.  Бозорбойнинг  ҳеч  келгиси  йўқ  эди.  Лекин  қочиб  қутулиб  бўлмади, мажбур қилишди. Ярим кун ўтириб ваъз эшитишга тўғри келди: қўзилар ўлмаслиги учун нима қилиш  кераклигидан  тортиб,  қандай  қилса,  кўпроқ  жун  ва  гўшт  топшириш  мумкинлигигача.

Бир  сўз  билан  айтганда,  планни  қандай  бажариш  тўғрисида.  Топган  оҳанжама  гапларини қаранг, унинг ўзи билади нима қилишини: қишда емни ўз вақтида бер, ёзда тоғларда барвақт туриб, кеч ёт, хулласи калом, яхши ишла, молдан, қўйдан кўзингни узма. Жон куйдир Бўстон ва бошқаларга  ўхшаб.  Бироқ  бировнинг  иши  яхши  чиқади,  бошқасиники  мундоқроқ.  Бировнинг иши ўнгидан келади, бировники келмайди. Мисол учун, Бўстоннинг қўрасида движок патиллаб турибди — кечаси  билан  уйларда  ҳам,  саройда  ҳам,  ҳовлиларда  ҳам  чироқ  ўчмайди.  Хўш, нимага? Чунки у иккита агрегатни қўлга киритган — биттаси ишдан чиқса ёки ремонтга турса, шу  заҳоти  иккинчиси  ишга  тушади.  Бошқа  чўпонларда  эса,  шу  билан  бирга  Бозорбойда  ҳам движок  қурғур  йил  бўйи  битта.  Ўзи  битта  бўлгандан  кейин  одамни  кўп  овора  қилади:  бир қарасанг ишлайди, бир қарасанг, ишламайди, дам ёнилғи бор, дам йўқ, гоҳ бир жойи синган, гоҳ бир жойи чиққан, гоҳ унга қараб турадиган йигитча ҳамма нарса жонига тегиб, шаҳарга кетиб қолган — шаҳарда ёшларнинг ошиғи олчи, қишлоққа қараганда юз карра яхши яшашади. Ана шунақа  ишлар.  Ҳамма  ҳисоботларда  барча  чўпон  бригадалари  электр  чироғи  билан таъминланди, деб айтилади, аслида эса ҳеч вақо йўқ…

Шундан  кейин  ким  яхши?  Албатта,  Бўстон  яхши.  Бунинг  устига  ичмайди.  Ким  ёмон?

Бозорбой ва унга ўхшаганлар. Бунинг устига улар ичишади. Хўп, ёмон бўлсанг, бўйнингга бир урсинлару ҳайдаб юборсинлар, тамом вассалом. Ваҳоланки, кетаман деб, ариза бериб кўр-чи, дарров сенга милицияни тўғрилашади, паспортни олиб қўйишади, ҳеч қандай ҳужжат-пужжат беришмайди; бор, акаси, ишингни қил, кетишга рухсат йўқ, дейишади. Ҳозир ҳеч ким чўпон бўлишни истамайди, аҳмоғи йўқ, дейди. Ҳамма шаҳарда яшасам, деб ишқивоз. Шаҳарда ишни тугатасану  маза  қилиб,  маданий  ҳордиқ  чиқарасан,  бўлмаса,  квартирангда  ётиб  дамингни оласан. Ҳамма нарса тайёр, олдингда муҳайё, ўт ёқиш керакмас, сув олдингда, чироқ кечасию кундузи  бор,  ҳожат  ҳам  шундоқ  бурнингни  тагида…  Ўтардаги  турмуш  ҳам  турмушми?  Мол болалайдиган маҳал-ку салкам бир ярим минг бош сигир-бузоқни эплашинг керак, на кечаси тиним бор, на кундузи, бир ярим минг қорамолнинг бари бошингда мўнграб туради. Шиптир-шилта  кечмай,  кўр-чи,  ичмай  кўр-чи,  хотинингни,  чўпон-чўлиқларингни  урмай  кўр-чи,  ғирт ҳайвоннинг ўзи бўласан-қоласан… Хўш, кейин ким ёмон? Бозорбой ва унга ўхшаганлар…

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-18

Ўн биринчи боб Улар югуриб боришар, шафқатсиз бир нигоҳ эса милтиқнинг мўлжал нуқтасидан мушкани уларнинг биридан иккинчиси, учинчисига тўғрилаб таъқиб этарди. Бу нигоҳ ...

Юлдузли тунлар-76

2 Уч ойдан бери муттасил кўтарилиб бораётган жазирама иссиқлар ҳиндча ашора деб аталадиган тўртинчи ойга* келиб жуда авжига чиқиб кетди. Ёмғир фаслининг бошланишига ҳали ...

Иситма орасида

6. ИСИТМА ОРАСИДА Саратоннинг иккинчи куни... Марғилоннинг шимолида бўлған Б... маҳалласининг кунчиқар томонида жанубга қараб бурулған тор кўчанинг юқориғи бурчагида отининг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400