Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 40-қисм

II

Гулимхон кичкинтойни алдаб-сулдаб, эркалаб бир амаллаб ухлагани ётқизди, ўзи ётмай — эрини  кутди.  Эри  ҳали-замон  келиши  керак  эди.  Ташқарида  итлар  бирдан  баравар  вовуллай бошлади.  Гулимхон  елкасига  иссиқ  рўмолини  ташлаб,  деразага  юзини  босди.  Директорнинг «Газиги» чироқлари билан қоронғуликни ёриб, қўзилайдиган қўйлар сақланаётган катта қўтон олдидан  қайрилди.  Бўстоннинг  машинадан  тушгани,  хайрлашиб,  кабина  эшигини  ёпгани  ва машина  орқасига  кескин  бурилиб  кетганини  Гулимхон  кўриб  турди.  Эри  дарров  уйга  кириб келмаслигини Гулимхон биларди. Бунақа пайтларда у аввал қўтонлар ва саройларни айланади, ғарамхонага  қарайди,  қоровул  Қудурматдан  куни  бўйи  бўлган  иш-ҳушларни  сўрайди,  қўйлар ётиб қолмадими, чала ташлаб қўймадими, қўзилаганлари борми, йўқми, ҳаммасини билмагунча тинчимайди,

Куни билан кўчадан ҳориб-чарчаб келган эрини қайноққина об-ош билан кутиб олиш учун Гулимхон ўчоқ тагига олдиндан ҳозирлаб қўйилган ўтинларни ташлади. Гулимхон иссиқ чой бўлмаса  эрига  ҳеч  нарса  татимаслигини  билади.  У  қачон  келаркин  деб,  остонага  қулоқ  сола бошлади.  Кичкинтой  Кенжаш  отасининг  совуқдан  муздай  бўлиб  қолган  мўйловлари  юзига теккач, иссиққина тўшагида маза қилиб думалаб, лабларини чапиллатиб қўйишини тасаввурига келтирди-да,  Гулимхон  жилмайиб  қўйди.  Одатда  кичкинтойни  Бўстоннинг  ўзи  ўринга ётқизарди. Бундан олдин у билан анчагача ўралашар, ва ҳатто ҳушига келса, эшик, деразаларни маҳкам беркитиб, уйни иситиб, ўзи кичкинани тосга солиб чўмилтирарди. Қўшнилари Бўстон ёши қайтиб, болага ҳаддан зиёд меҳр қўйяпти, илгари у бундай эмасди, дейишарди. Илгари у болаларидан ҳам кўра ишни кўпроқ яхши кўрарди. Мана, энди олдинги болалари вояга етишиб, ўзлари болалик бўлиб қолишди. Ўз кунларини ўзлари кўришади. Улар Бўстонни кўргани келиб туришади.  Лекин,  боланинг  тўрва  қоқдиси  ҳаммадан  ҳам  лазизроқ  бўлар  экан.  Бироқ, Бўстоннинг Кенжашга бунчалар қаттиқ меҳр қўйганлигининг бошқа бир аччиқ сабаби ҳам йўқ эмас. Буни бир Гулимхон билмаса, тушунмаса, ким билади, тушунади. Ахир, улар бир кунмас-бир кун эр-хотин бўламиз, фарзанд кўрамиз деб, ҳеч ҳаёлларига келтиришибдими: ахир, унинг эри Эрназар довонда нобуд бўлмасайди, ва шундан сўнг кўп вақт ўтмай Бўстоннинг биринчи хотини Орзигул қазо қилмасайди, бу ишлар қаёқда эди. Улар ўтган ишга салавот деб қўйишган, лекин  ёлғиз  қолган  чоғларида  ҳар  бирлари  ўз  ҳаёлларига  ғарқ  бўладилар,  кечган  кунларини ўйлайдилар… Кичкинтой — уларни бир-бирларига мустаҳкамроқ боғлаб туради. Ахир, у не-не машаққатларнинг ширин меваси. Ахир довонга йўлни Бўстон бошлаган эди, ўшанда ёрдамчиси Эрназар унинг кўз ўнгида ҳалок бўлди, кўз илғамас чуқур музлик қаърида қолиб кетди… Фақат шу кичкинтойгина Бўстон юрагидаги ўпқонни тўлдириб турар, ярасига малҳам эди. Бинобарин, қадимдан қолган гап бор — фақат туғилишгина ўлимнинг ўрнини тўлдиради.

Мана,  ниҳоят  қадам  товушлари  эшитилди,  Гулимхон  эрининг  қошига  югуриб  чиқди, этигини ечишга қарашди, сув, совун, сочиқ келтирди. Эрининг қўлига индамай сув қуйди, улар одатда, кейин — чой устида бафуржа ўтириб гаплашишади. Ўшанда эри: «Мана, энди қулоқ сол,  дунёда  нималар  бўлмайди-я»,—  дейди-да,  кўрган-билганларини  ҳаммасини  бир  бошдан оқизмай-томизмай ҳикоя қилиб беради. Улар икковлари мана шундай ёлғиз қолган пайтларида ўзларини жуда яхши сезишади. Бу бир-бирларига жуда яқин бўлиб кетган одамларнинг ўзаро гапи,—  у  худди  таниш  соҳилга  ўхшайди,  қаери  паст,  қаери  чуқур-олдиндан  маълум.  Эсида, Орзигул  қазо  қилганига  бир  йилдан  ошган,  барча таъзия  маросимлари  ўтган  эди.  Улар  алоҳа турмуш қурадиган бўлишди. Ўшанда Бўстон унинг кўл бўйида жойлашган қишлоқ чеккасидаги уйига  тоғдан  тушиб  келди.  Ўшанда  улар  Бўстоннинг  отини  отхонада  қолдириб,  одамлар  кўз ўнгида  ўзларини  биргаликда  ғоятда  ўнғайсиз  ҳис  қилиб,  автобусга  ўтириб,  район  ЗАГСига боришди,  зарур  қоғозларга  тезгина  қўл  қўйиб,  тезгина  чиқиб  кетишди,  кейин  яна  автобусга ўтиргилари, кўчаларда таниш одамларни учратгилари келмай кўлга караб юришди, сўнг соҳил бўйидан  унинг  бева  бошпанасига  ўтишди.  Кузнинг  қуруқ  кунлари.  Қилт  этган  шабада  йўқ. Иссиқкўлнинг тиниқ мовий юзаси ҳар қачонгидан ғоятда сокин ва шаффоф эди. Ўшанда Бўстон тилоғоч  бутазори  ўсган  соҳилга  тушган  сўқмоқнинг  бошида  қирғоққа  боғлаб  қўйилган  икки қайиқни  кўриб  тўхтади.  Қайиқлар  оҳиста  чайқалишар,  сувнинг  қумлоқ  таги  яққол  кўриниб турарди.

«Қара, атроф сув, тоғлар, ер — мана шунинг ҳаммаси ҳаёт. Манов икки қайиқ эса тоб сен билан  менга  ўхшайди.  Тўлқин  бизни  қаёққа  бошлаб  кетади — ҳали  кўрамиз.  Бошимизга нималар  тушди,  нималар  кечирдик — то  тирик  эканмиз,  доим  хотирамизда  туради,  биздан қочиб  кетмайди.  Ке,  доим  бошимиз  қовушиб,  бирга  бўлайлик.  Мени  чол  десанг  ҳам  бўлади. Қиш  кирса,  қирқ  тўққизга  тўламан.  Сенинг  болаларинг  эса  ёш,  уларни  ўқитиш,  одам  қилиш керак… Юр, буд-шудни йиғиштирайлик. Балиқчининг қизисан. Сени тоғларга олиб кетаман… Мен бир ўзим яшолмайман, тоқатим қолмади…»

Гулимхон  негалигини  ўзи  ҳам  билмаган  ҳолда  йиғлаб  юборди,  Бўстон  уни  узоқ  юпатиб турди… Кейин ўзлари ёлғиз қолган чоғларида турмуш ҳақида гаплашишар экан, Гулимхон тез-тез соҳилдаги ўша икки қайиқни эсларди. Шунинг учун ҳам, энг яқин одаминг билан қиладиган суҳбатинг  худди  таниш  соҳилга  ўхшайди,  деб  ўйларди  у.  Бироқ,  бу  сафар  эри  назарида одатдагидан  сал  ташвишлироқ  кўринди.  Бўстон  даҳлиздаги  лип-лип  қилиб  турган  чироқнинг ёруғида йирик дағал қўлларини сочиққа атай эринмай артарди. У хотинига қараганда бўйи анча баланд, бир оз қисилган кўкимтир кўзлари норизо боқар, шамоллар ялайвериб пишиган чўнг ва қуйма  даҳани  қурч  каби  қорайган  эди.  Тинчликмикин  ишқилиб?  Қўлларини  артиб  бўлгач, Бўстон Кенжаш тепасига борди. Ўз қўли билан ясаган ёғоч каравот олдида чўк тушиб ўтирди, ўғлини эркалаб дағал лабларини унинг юзига босди, кичкинтой отасини сезиб, ўрнидан ширин қимирлаб қўйди, буни кўрган Бўстон беихтиёр жилмайди.

 

—  Мен  йўғимда  бу  ерга  Бозорбой  келган  эмиш,—  деб  сўз  қотди  у  овқатга  ўтираркан.— Хосияти йўқ бу ишнинг…

Гулимхон бу сўзларни ўзича тушуниб, қизариб кетди, жаҳлини босиб хафа бўлиб деди:

— Мен нима қилай ахир? Ўзлари уйга бостириб келиб қолишди. Бўри болаларини тутишган экан, кўрсатамиз дейишди. Кенжаш ёпишиб олса бўладими — ёш болага ўйин-да… Чой қўйдим кейин олдиларига.

—  Буни  айтаётганим  йўқ.  Майли-ку-я,  ўзи  келар  ёр-ёр,  ўзи  кетар  ёр-ёр.  Хосиятсиз  одам дейман-да…

— Нима қипти шунга?— унинг нима демоқчилигини англолмай деди Гулимхон.— Ўзингиз ҳам бўриларни отгансиз-ку. Ана, териси бултурдан бери осилиб ётибди, хўпам яхши ошлашган экан терисини,— у девордаги бўри терисига ишора қилди.

— Туришга-ку турибди-я,— жавоб берди Бўстон хотинига бўш пиёлани узатаркан. Гапинг рост, мен ҳам бир пайт бўри отганман. Нима қилайлик, дунё шундай қурилган экан, бир ёқда одам бор экан, бир ёкда бўри. Лекин мен ҳеч қачон бўри уясини тўзғитмаганман. Шумқадам Бозорбой деганинг бўлтириқларни ўғирлаб олибди, катта бўрилар эса омон қолибди, энди улар тоза  қутуришади.  Ҳаммадан  бизга  ёмон  бўлади.  Бўрилар  шу  атрофда  ин  қуришган,  аламини биздан олмасалар гўргайди…

Гулимхон унинг сўзларидан донг қотиб қолди. У ҳамма хотинлар га ўхшаб оҳ-воҳ қилди, хўрсинди, елкасига оғиб тўкилган соч ўримларини тузатди.

— Вой, шўрим! У шумқадамнинг ўзи нима қилиб бизнинг томонларда адашиб юрибди экан? Бўрининг инига тегиб нима бор? Одам ачинади. Ҳайвон бўлса ҳам, боласи ўзига ширин. Ҳамма билади буни. Ўшанда бу ақлимга келмаганини қаранг.

— Мен бошқа нарсани ўйлаяпман,— деди ташвишланиб Бўстон.— Қандай бўри экан бўлар? Ановлар эмасми?— Бўстон жим қолди. Сўнг қўшиб қўйди:— Қудурматнинг гапига қараганда, бўрилар Бозорбойни Бошат дараси томондан қувиб келишганмиш.

— Нима қилди?

—  Анови  келгинди  бўрилар — Тошчайнар  билан  Акбара  бўлмасин  дейман-да  ишқилиб.

Шундай бир жуфт бўри бор.

— Вой, қўйинг, ҳазилингиз қурсин! — қиқирлаб кулиб юборди Гулимхон.— Ҳеч замонда бўриларнинг ҳам одамлардай оти бўладими? Ҳазиллашасиз!

—  Ҳазилинг  нимаси!  Ҳазил  гап  эмас.  Бу  бўриларни  биз  биламиз.  Ўзимизнинг  бўриларга ўхшамайди.  Кўрган  одамлар  бор.  Жуда  қаҳри  қаттиқ  бу  бўриларнинг.  Иккови  ҳам  кучли. Қопқонга  тушмайди.  Отаман  десанг,  кўзга  кўринмайди.  Қурмағур  ароқхўр  Бозорбой  келиб-келиб  уларнинг  инларига  дуч  келиб  қолганини  қара.  Бутун  наслини  қуритибди.  Тағин  сен уларнинг ўз отлари борлигига ҳайрон бўлиб ўтирибсан! Эркаги Тошчайнар шунақанги кучлики, ҳатто отни ағдаради. Онабоши Акбара эса ҳаддан ташқари ақлли, мен бунақа ақлли даррандани кўрмаганман! Шунинг учун жуда хатарли.

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-75

* * * Невараси кетгандан кейин малика Байда хасталик тўшагини йиғиштирди, илгариги фиғон чекишлар ва қарғашларни ҳам бас қилди. Унинг фикру зикри — энг садоқатли ва ...

Ўзбeк ойим — оғма,  зайнабнинг дарди

6. ЎЗБEК ОЙИМ — ОҒМА, ЗАЙНАБНИНГ ДАРДИ Юсуфбек ҳожи чала-думбул табиатлик хотинининг феъли хўйини яхши билгани учун ўткан воқиъларни, яъни Отабек сирларини унга очмаслиққа ...

Юлдузли тунлар-82

СEКРИ ҚАЙТА КЎЗ ОЧГАН БУЛОҚ 1 Бобурнинг махсус таклифи билан Ҳиротдан Аграга келаётган мавлоно Хондамир, шоир Шиҳоб Муаммий ва мударрис Иброҳим Қонуний уч ойга яқин йўл ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400