Юлдузли тунлар-2

2

Бу йилги рўза ёз чилласига тўғри келган, жазирама кунларда тонг саҳардан кечқурун қоронғи тушгунча туз тотмай оч юриш кўп одамнинг силласини қуритар, бунинг устига ташналик азоби қўшиларди. Рўзадорлар кунни қандай кеч қилишларини билмай, тезроқ қош қорайишини интизорлик билан кутишарди.
Ғира-шира қоронғиликда Қува масжидининг минорасидан азон товуши эшитилди. Уруш таҳликаси қанчалик кучли бўлмасин, дастурхон атрофига йиғилган одамлар рўзасини очаётган пайтда очлик ва ташналикдан қийналган вужудлари роҳатланиб, дунё ғамлари бирпасга бўлса ҳам хаёлларидан узоқлашди.
Тоҳир кекса ота-онаси билан бирга ифтор қилмоқда эди. Дастурхондан седаналик иссиқ нон ва ҳандалак ҳиди келади. Нон еб, бир косадан қатиқли ош ичганларидан кейин Тоҳир Андижонга кетиш ҳақидаги гапнинг учини чиқаришга чоғланди.
Шу пайт кимдир қамчи дастаси билан дарвозани тақиллатди. Ҳовлида ётган кекса кўппак ит йўғон ва хирри товуш билан вовуллади. Тоҳир ўрнидан турган эди, отаси:
— Эҳтиёт бўл! — деди овозини пасайтириб. — Аввал кимлигини сўраб бил. Ташқарида ёмғир тинган, лекин осмон булутли, қоронғиликда ҳеч нарсани кўриб бўлмас эди.
Тоҳир дарвозахонага яқин бориб:
— Ким? — деб сўради. Кўппак қаттиқроқ ҳура бошлади. Ташқаридаги одам овозини баландлатиб:
— Тоҳир, жиян? — деб сўради. — Оч, мен тоғо-йингмен!
Тоҳир ташқаридаги овозни таниб, очиқ дарча орқали ичкарига:
— Ая, Фазлиддин тоғойим! — деди-ю, чопиб бориб дарвозанинг занжирини туширди. Ичкаридан чиққан чол-кампирлар меҳмон билан кўришаётганда Тоҳир қорайиб турган икки ғилдиракли соябон аравани кўрди. Аравага қўшилган отнинг эгари устидан кимдир пайпасланиб тушмоқда эди.
— Мулла тоға, арава сизданми?
— Ҳа, жияним. Кўч-кўроним билан келдим.
— Шунақами? — деди Тоҳир ҳайрон бўлиб. Унинг кўнглида боя тоғасини кўрганда ёнган қувонч энди ташвишли ўйлар билан алмашинди. Тоҳирнинг Андижондаги паноҳи — мана шу тоғаси эди. Тоғаси кўчиб келган бўлса, Тоҳирнинг қўрғонга борадиган йўли бекилгани шу. Робия нима бўлади?
— Тоҳир, нега ағрайиб турибсан? Юкларни туширишгин! — деди онаси. — Мулло тоғойинг ёмғирда кўп азоб тортганга ўхшайдир.
— Э, азоб ҳам гапми, опа! Арава лойларга тиқилавериб жонимиздан тўйдирди. Йўллар тирбанд. Қочоқлар беҳисоб.
Тоҳир аравадан юк тушираётиб, отнинг сағрисига қўли тегиб кетди. Шунда қўлига шилимшиқ лой илашганини сезди. Лой отнинг сағрисигача чиққан бўлса, бу бечоралар кела-келгунча қанчалик қийналганикин? Ҳамма ёвдан қочиб Андижонга қараб кетаётганда, бу-лар нега Қувага кўчиб келганикин? Тоҳир қанор қопга солинган юкни аравадан туширмоқчи бўлганда тоғаси:
— Ҳушёр бўл, жуда оғир, икковлашиб кўтаринглар,— деди аравакашга.
Тоҳир қопнинг ичида унча катта бўлмаган пўлат сандиқ борлигини сезди. Мулла Фазлиддин ўтда куймайдиган, сув кирмайдиган бу сандиқни Қуванинг темирчи усталарига буюртма бериб ясаттирган эди. Унинг ичида тарҳлар, лойиҳалар, суратлар сақланарди. Мулла Фазлиддин уч йил Самарқандда, тўрт йил Ҳиротда таҳсил кўрган, ўша ёқдан меъморлик санъати билан бирга мусаввирлик*ни ҳам ўрганиб келган эди. Ҳиротда жангномалар ичига суратлар чизиш одат тусига кирган, мавлоно Беҳзод чизган Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро тасвирлари расмий доираларда шуҳрат топган, лекин Самарқандда, хусусан, Фарғона водийсида одам шаклини чизиш ҳали ҳам қуръон номидан қаттиқ тақиқланиб келмоқда эди. Шунинг учун мулла Фазлиддин ўзи чизган суратларини мана шу пўлат сандиқда доим махфий сақлар эди. Тоҳир қопдаги пўлат сандиқни аравакаш билан кўтаришиб уйга олиб киришди. Мулла Фазлиддин ҳўл бўлиб оғирлашган пиёзи чакмони ва этигини даҳлизда ечиб қолдирди. Оёғига чарм кавуш кийиб, обрез четида бет-қўлини ювди. Сўнг боя Тоҳирлар ўтирган дастурхонлик уйга кирди.
Унинг чакмонидан ўтган ёмғир калта енглик абосини нам қилган эди. Лекин ёз оқшоми илиқ бўлганлиги учун кийим алмаштириш эсига келмади. Йўлда қаттиқ толиққанлиги учун дуруст овқат ҳам емади. Фақат бир-икки тилим ҳандалак едию уч-тўрт пиёла чой ичди. Аравакаш йигит икки коса тўла қатиқли ош ичгандан кейин отларига қараш учун ҳовлига чиқиб кетди.
— Оббо! Мулла Фазлиддин-ей! — деди Тоҳирнинг отаси узун оқ соқолини ўйчан эзғилаб. — Зап келибсизда. Шу нотинч кунларда бирга бўлганимизга не етсин!
— Ҳамма ёғийдан қочганда биз аждаҳонинг комига яқин келиб қолганимиз ғалати бўлди, —деб мулла Фазлиддин жиянига маъюс кўзлари билан қаради.
— Бирон сабаб билан келгандирсиз-да, мулла тоға?— сўради Тоҳир.
— Сабаб шуким, жиян, уруш бошланса, қурилиш тўхтайди, меъморнинг кераги бўлмай қоладир…
— Ие, ахир, сизни подшонинг ўзи хизматига олган эмасмиди?
— Подшо Ахси қўрғонида мудофаа билан овора. Тошкент хони Маҳмудхон ҳам Хўжанд томондан бизга қарши қўшин тортиб келмоқда эмиш. Қашқар ҳокими Абубакир дуғлат деган яна бир босқинчи шарқдан Ўзганнинг устига бостириб келмишдир.
Тоҳирнинг кекса отаси қўрқиб, ёқасини ушлади:
— Ё тавба! Бу ёқда Самарқанд қўшини… Уч томонимиздан ёғий бостириб келибдими, а? Бу не кўргулик, мулла Фазлиддин? Ахир бу подшолар сал муроса қилсалар бўлмайдими, а? Ҳаммаси бир-бирига қариндош эмиш-ку. Шу ростми?
— Ҳа, рост. Тошкент хонига бизнинг подшомиз куёв бўладир. Қўқонни талаб, бизнинг устимизга қўшин тортиб келаётган Самарқанд подшоси Султон Аҳмад мирзо эса бизнинг подшомиз билан бир отадан бўлган оға-инидирлар. Яна бу икки подшо бир-бирларига қуда бўлмоқчи эдилар. Самарқанд подшосининг қизи бизнинг валиаҳдимиз Бобур мирзога беш яшарлигидан унаштириб қўйилган эди. Шундан билингки, оға инига, қайнота куёвга қарши қилич кўтариб чиқмишдирлар!
— Ё пока парвардигор! Охирзамон дегани шумикин, мулла Фазлиддин?
— Билмадим, почча. Ҳар қалай, ёмон тождорларнинг замонаси охирлаб қолаётганга ўхшайдир. Кошки, ўзлари билан ўзлари олишиб, бизни тинч қўйсалар! Урушнинг бутун жабру жафоси эл-улуснинг бошига тушадир.
— Шўримиз бор экан-да!
— Ҳа, толе бўлмаса қийин экан! Мен не-не орзулар билан илм-ҳунар ўрганиб келган эдим! Ватанимиз бўлмиш Фарғона водийсида Самарқанддагидек, Ҳиротдагидек мадрасалару кўркам обидалар қурмоқчи эдим. Бу салтанату подшолардан не қолур? Ҳаммаси ном-нишонсиз кетгай! Биздан ёдгорлик бўлиб қолса Улуғбек мадрасасидек, Навоий Унсиясидек санъат асарлари қолур! Мулла Фазлиддин оғзидан чиқиб кетган сўнгги гаплардан хавотирланиб, эшик томонга қараб қўйди. Унинг сарой аҳлига яқин юриб, айғоқчилардан юрак олдириб қўйганини Тоҳир ҳам сезди.
— Мулла тоға, сўзлайверинг, бу ерда ҳамма ўз-ўзимиз… Андижон қўрғонидан нечун сизга жой бермадилар?
Мулла Фазлиддин сўнгги кунларда бошдан кечирган мудҳиш ҳодисаларни эслаб, бир лаҳза оғир сукутга кетди…
Ўтган куни хуфтон пайтида мулла Фазлиддин ўзларидан беш-олти уй нарида турадиган бир
хаттот ошнасиникида ифтор қилиб ўтирганда қандайдир номаълум кишилар унинг уйига
бостириб киради. Ҳовлидаги ит вовуллаб қўймаганда уни қилич билан чопиб ташлайдилар.
Бугун бу ерга аравани миниб келган хизматкор йигитнинг оғзига латта тиқиб, қўл-оёғини боғлайдилару қазноққа ташлайдилар. Сўнг уйга кириб, тинтув ўтказадилар ва пўлат сандиқни кўрадилар. Лекин уни очишнинг иложини тополмай, қулфини болта билан уриб синдиришга киришадилар.
Қилич билан чопилган ит қаттиқ вангиллаганда девордармиён қўшнилар бир фалокат бўлганини сезадилар. Улардан бири чиқиб мулла Фазлиддиндан хабар олмоқчи бўлса, дарвоза қаршисидаги дарахт панасида бир одам тўртта отнинг жиловидан ушлаб турибди. Унинг юзи қора ниқоб билан бекитиб олинган, фақат кўзлари кўринади. Ичкаридан эса пўлат сандиқ қулфига урилаётган болта товуш эшитилади… Мулла Фазлиддинга қадрдон бўлган қўшни унинг уйига ёмон одамлар тушганини сезади-ю, дарҳол хаттотникига чопади. Ундан воқеани эшитган мулла Фазлиддин уйига югуриб келди. Пўлат сандиқнинг қулфини синдириб очиб, ундаги қоғозларни титкилаётган босқинчилар уй эгасини кўриб, дарчадан айвонга сакрашди.
— Тўхта, нобакор! — деб мулла Фазлиддин биттасининг қаршисидан чиққан эди, юзига қора ниқоб тутган айиқдай зўр йигит уни елкаси билан уриб четлатди-да, кўчага отилди. Бошқалари ҳам кўчадаги отларига миниб, бир лаҳзада ғойиб бўлишди.
Мулла Фазлиддин уларни қувлаб етолмаслигини сездида, тўс-тўполон бўлган уйга қараб интилди ва очиқ ётган пўлат сандиқнинг тепасига келди. Токчада қўшалоқ шам ёниб турибди. Унинг ёруғида аралаш-қуралаш бўлиб кетган, баъзи жойлари йиртилган лойиҳалар ва чизмалар кўзга ташланди. Сандиқ ичида подшоҳ инъом қилган олтиннинг бир қисми ҳамёни билан турган эди. Шу йўқ. Лекин ҳозир мулла Фазлиддиннинг кўзига олтин ҳам кўринмас эди. Унинг бутун хаёли сандиқ тубидаги махфий тагқутини бекитиб турган силлиқ мис парчасида эди. Уни чапга секин сурган эди, тагқутининг калит солинадиган жойи очилди. Мулла Фазлиддин атрофига аланглади — уйда бошқа одам йўқ, қўшниси қазноқдаги хизматкорнинг оёқ-қўлини ечиш билан овора эди. Мулла Фазлиддин қўйнидан кичкина калит олиб, тагқутининг қулфига солди. Қулф очилгандан кейин тагқутининг мис қопқоғини секин кўтарди-ю, юпқа жилд ичидаги суратларни очиб кўрди… Кекса боғбоннинг дарахт пайванд қилаётган пайти… Чилмаҳрам тоғларидаги ов тасвири… Энг пастда чанг чалаётган гўзал бир қизнинг сурати…
Бу — Умаршайх мирзонинг қизи. Андижон чорбоғида подшоҳ оиласи учун тиллакори кўшк қурган пайтларида ўн саккиз ёшлик Хонзода бегим унинг мусаввир ҳам эканлигини билиб қолиб, ўзининг суратини чиздирган. Мулла Фазлиддин бу ишни яшириқча қилган. Агар шариат пешволари унинг одам суратини чизганини билиб қолишса, соғ қўйишмайди. Яна тағин гўзал малика билан яшириқча тил бириктириб сурат чизгани қизнинг подшоҳ отасига маълум бўлса борми, мулла Фазлиддинни тилка-пора қилиб ташлашлари ҳеч гап эмас.
Шу сабабли ҳозир уни энг қаттиқ қўрқитган нарса— бу суратнинг босқинчилар қўлига тушиб қолиш эҳтимоли эди. Хайриятки, улар сандиқ тагида махфий тагқути борлигини сезишмабди. Лекин сандиқни отларига ўнгариб кетишса нима бўларди? Унда тагқутидаги суратларни ҳам албатта топиб олишарди!..
Хизматкор йигит сал ўзига келгандан сўнг, мулла Фазлиддин ундан ва қўшнисидан воқеанинг тафсилотларини сўраб билди, ўзининг кўрганларига буни таққослаб, шундай хулосага келдики, унинг уйига тушганлар — оддий ўғрилар эмас, балки қайси бир зўравон бекнинг йигитлари. Улар уйни тинтиб нимани қидиришган? Тарҳларни ташлаб кетишибди. Демак, суратларни излашган… Мулла Фазлиддиннинг сурат чизишини биладиган одам… унда қасди бор бек юборган бўлиши керак бу йигитларни!..
Изтиробли ўйлар туни билан мулла Фазлиддин кўзига уйқу қўндирмади. Урушнинг алғов-далғовида тобора бўйни йўғон бўлиб кетаётган бебош беклар эсига тушгани сари кўнгли безовта бўларди.
Андижонлик беклардан Ҳасан Ёқуб дегани шу йили баҳорда мулла Фазлиддинни чорбоғига чақиртириб, катта бир иш топширмоқчи бўлди.
— Мирзо ҳаммомидан ҳам улканроқ бир ҳаммом қурдирмоқчимен… Ёзда салқинлайдиган мармар хо-налари бўлсин… — Ёқуббек овозини пасайтириб давом этди. — Чиройлик асира қизлар сотиб олғаймен. Олтиним етарли. Ўша қизлар ҳаммомнинг мармар ҳовузида чўмилганда мен ўлтириб томоша қиладиган махфий туйнуклари ҳам бўлмоғи лозим. Уқдингизми? — деб Ёқуббек хахолаб кулди-да, гапнинг хулосасини айт-ди.— Ана шу ҳаммомнинг тарҳини ўзингиз чизинг. Қурилишига ҳам сиз саркор бўлинг. Қанча ҳақ тиласангиз берай. Хўпми? Меъморликни муқаддас бир санъат деб ишонган мулла Фазлиддин Ёқуббекнинг шаҳвоний ниятларини эшитиб нафрати келди:
— Жаноб бек, узр, мен ҳаром ишдан қўрқамен!..
— Нимаси ҳаром?.. Мен ҳаммомни ўз ақчамга қурдиргаймен!
— Ҳаммомга махфий туйнуклар қўйиб қурадиган саркорлар бошқа… Сиз ўшаларга мурожаат қилинг. Менга Мирзо ҳазратлари покиза бир даргоҳ қурдирмоқчилар. Шу кунларда мадраса тарҳини чизиш билан бандмен. Рухсат этинг, мен борай… Ўринларидан турганда Ёқуббек мулла Фазлиддинга ўқрайиб кўз тикди:
— Лекин мен айтган гап шу ерда қолсин, жаноб меъмор. Акс ҳолда…
— Албатта, бу гап шу ерда қолур! Лекин сиз ҳам мендан озурда бўлманг. Ора очиқ! Маъқулми, жаноб бек?
— Маъқул!
Мулла Фазлиддин шу билан бу бўйни йўғон бекдан қутулдим, деб ўйлаган эди. Лекин бундан ўн беш кунча бурун Аҳмад Танбал деган бир бадавлат бек мулла Фазлиддинни сўроқлаб, кечки пайт унинг уйига келди. Икковлари холи қолганда Аҳмад Танбал чўнтагидан бир ҳамён олтин олди-да, мулла Фазлиддинга узатди:
— Тақсир, мана шу олтинни олингу битта сурат чизиб беринг.
— Қанақа сурат?
Ёши йигирма бешлардан ошган бўлса ҳам, юзига ҳали дуруст соқол чиқмаган, кўсанамо Аҳмад Танбал оғзини меъморнинг қулоғига яқинлаштириб шивирлади:
— Маликамизнинг сурати керак менга!
— Қайси маликамиз? — сергакланиб сўради мулла Фазлиддин.
— Чорбоғда тиллакори кўшк қурганингизда кўргансиз… Хонзода бегим… Ўзи ҳам сизнинг санъатингизга ихлосманд эмиш-ку…
Мулла Фазлиддиннинг юраги така-пука бўлиб кетди. Наҳотки бу бек пўлат сандиқдаги суратдан хабардор бўлса!
— Ким сизга шундай деди?.. Мен меъмормен… Мен фақат иморатларнинг суратини чизамен…
— Мендан яширманг, жаноб меъмор! Мен шариат пешвоси эмасмен. Сурат чизишни бизда ман қилганларига мен ҳам қаршимен! Ҳиротда Шоҳруҳ мирзо Бойсунқур мирзо учун қурдирган саройнинг деворлари гўзал қизлар сурати билан безалган экан. Тўғрими?
— Тўғри-ю, лекин… Ҳар жойнинг ўз тошу тарозиси бор. Агар Хонзода бегимнинг сурати ҳақида сиз айтган гапни подшоҳ ҳазратлари билиб қолсалар, нима бўлишини ўйлайсизми?
— Билмагай! — деб шивирлади Аҳмад Танбал. — Икковимиздан бошқа ҳеч ким огоҳ бўлолмагай! Хўп денг! Манг, олтинни олинг!
— Шошманг, бек. Мени сурат чизади, деб сизга ким айтди?..
— Эшитдик-да!
— Кимдан?.. Ҳасан Ёқуббекданми?..
— Ҳасан Ёқуббек бир боғбондан эшитган экан…
«Демак. Аҳмад Танбалнинг бу ерга келганидан Ҳасан Ёқуббек хабардор! — ўйлади мулла Фазлиддин.— Булар биргалашиб мени қўлга тушурмоқчи бўлса керак. Сендек қурбақатахлит бек учун Хонзода бегимнинг суратини чизиб бериб мен аҳмоқ эмасмен!».
— Жаноб Аҳмадбек, камина боғларнинг суратини чизганда бир четига боғбонни ҳам тасвирлашим мумкин. Меъморлик санъати буни инкор этмайди. Аммо маликанинг суратини чизиш учун менда на санъат бор, на ҳақ ва на журъат!
— Хуллас, менинг сўзимни ерда қолдирмоқчимисиз?
— Бошқа иложим йўқ. Мени маъзур тутинг, жаноб бек. Бундай таклиф билан келиш сиз учун ҳам хатардан холи эмас!
— Э, мен буздиллардан* эмасмен! — деб Аҳмад Танбал қаҳр билан ўрнидан турди ва йирик тишларини иржайтириб қўшиб қўйди: — Лекин сиз менинг шахтимни қайтарганингиз учун ҳали пушаймон бўлурсиз!
Бу таҳдид мана энди тўртта босқинчининг қиёфасига кириб, қоронғида унинг уйига бостириб келган бўлса ажаб эмас. Қуролсиз, навкарсиз мулла Фазлиддин Аҳмад Танбалдай юз-икки юзтадан қуролли йигитлари бор бекларга қандай бас келади? Лекин «бўлари бўлди», деб индамай юраверса, бу қутурган бек эртага бешбаттар ёмонликлар қилиши мумкин эмасми? Мулла Фазлиддин эрталаб подшоҳ инъом қилган тўбичоқ отни минди-да, шаҳар доруғаси* қабул қиладиган маҳкамага йўл олди. Узун Ҳасан исмли ингичка, новча доруға аскарликка одам олиш ва шаҳарни яқинлашиб келаётган душмандан ҳимоя қилиш ташвиши билан банд экан. Мулла Фазлиддиннинг арзини қаёққадир кетмоқчи бўлиб шошилиб турган пайтда тинглади-да:
— Тарҳларингизга тегмай, ҳамёнингизни олиб кетган бўлса, бу — тўқайдан чиққан ўғриларнинг иши, — деди. — Ёғий ташвишидан қутулсак, тўқайларни ўғрилардан тозалагаймиз… Ҳозир аҳволни кўриб турибсиз!..
Қўл қовуштириб тикка турган мулла Фазлиддин доруғага яқинроқ келди:
— Менинг бошқа гумоним бор, жаноб доруға, — деди. Сўнг Аҳмад Танбалнинг сурат чиздирмоқчи бўлганини, рад жавоби олганда эса аччиқланиб кетганини айтиб берди.
— Кимнинг сурати? — деб доруға қизиқиб қолди.
Мулла Фазлиддин Хонзода бегимнинг номини тилга олишга қўрқди.
— Парилар суратимиди? Яхши тушунмадим.
— Сандиғингизда парилар сурати бормиди? Босқинчилар шуни олиб кетибдирми?
— Сурат ўзи бўлмаса нени олиб кетсин! Мен ҳазрати олийлари буюрган мадраса тарҳини чизиш билан бандмен. Сураткашликка вақтим йўқ. Сандиқда хомаки лойиҳаларим бор эди, холос.
— Улар жойида қолганми, ахир? Ундоқ бўлса Аҳмадбекдан нечун гумонсирамоқдасиз?
— Сабабини айтдим, жаноб доруға! Тафтиш ўтказишингизни сўраймен!
— Аҳмадбек — султонлар авлодидан эканини унутган бўлсангиз, мен эслатиб қўяй. Ҳазрати олийларининг катта хотинлари Фотима бегим Аҳмадбекка қариндош бўлурлар. Фотима бегимнинг чақириғи билан Султон Аҳмадбек бугун азонда пойтахтимиз Ахсига кетдилар. «Агар ўша бек сандиқдаги суратларни қўлга туширса, Ахсига элтиб, подшоҳ оиласига кўрсатмоқчи бўлганми?— деган ўй мулла Фазлиддиннинг ичини музлатиб ўтди. — Булар менинг қонимга шунчалик ташнами? Балки Аҳмад Танбал Хонзода бегимни ҳам шу сурат орқали қўлга туширмоқчидир? Ҳали уйланмаган бу бек подшога куёв ва Хонзода бегимдек гўзал қизга эр бўлишни жон-дили билан истаса керак!»
Ўргимчак тўрига ўхшаш ёпишқоқ бир бало атрофини ўраб келаётганини сезган мулла Фазлиддин жон-жаҳди билан бу тўрни йиртиб чиқиб кетишга уринди:
— Жаноб доруға, мен сиздан адолат истаб келдим! Подшоҳ ҳазратлари мени сизнинг ҳимоянгизга топширган эдилар! Агар босқинчиларни топиб жазо бермасангиз, мен подшоҳ ҳазратларининг ҳузурларига паноҳ истаб кетишга мажбур бўлурмен!
— Аммо шуни билингки, жаноб меъмор, ҳазрати олийнинг ҳузурига сиздан ҳам олдин баъзи бир гапларингиз етиб бориши мумкин!
— Яъни, қайси гапларим, жаноб доруға?
— Баъзи меъморлар ўзларини подшоҳлардан ҳам баланд қўярмишлар. «Бу тахту салтанатлар беному нишон йўқолур, фақат меъмору мусаввирлар яратган зўр санъат асарлари тирик қолур», деган густохона ақидалар бизга маълум!
Мулла Фазлиддин бугун Қувада поччасининг уйида бехосдан айтиб юборган бу эътиқодини бошқа ишонган одамларига ҳам айтган пайтлари бўлган эди. Ана шу ишонганларидан аллақайсиси айғоқчилик қилиб, бу гапни доруғага етказганини, энди доруға буни подшоҳга дастурхон қилиб олиб бориши мумкилигини сезди-ю, баданидан совуқ тер чиқиб кетди. Лекин доруғага сир бой бериш қанчалик хатарли эканини пайқаб:
— Бу ҳаммаси иғво! — деб хитоб қилди: — Жаноб доруға, сизнинг устингиздан иғво қилувчилар ҳам оз эмас! Буни билурсиз! Мен Андижонда неки бино қилган бўлсам, ҳаммасига Мирзо ҳазратларининг номларини битмоқдамен! Аркдаги девонхонани кўринг! Чорбоғдаги кўшкни кўринг! Мен уларнинг бирор жойига ўз номимни ёзибменми? Қани, иғвогарлар далил келтурсинлар! Мен ҳаммасига Мирзо ҳазратларининг муборак номларини битганмен! Демак, тарихда менинг номим эмас, Мирзо ҳазратларининг номи қолсин, деганмен! Шундоқми, йўқми? Қани айтинг!

Доруға бу мантиқли далилларни рад этолмасдан:
— Шундоқликка шундоқ, аммо…
— Аммоси йўқ, жаноб доруға! Сиз мени босқинчилардан ҳимоя қилиш ўрнига, айғоқчиларнинг туҳматига ишонадирган бўлсангиз, мен алҳол Ахсига бориб, Мирзо ҳазратларига арз қилурмен!..
Узун Ҳасан бу дўқни писанд қилмай:
— Майли, боринг, арз қилинг! — деди. — Лекин шуни билингки, атрофимизни ёғий босган бу хатарли дамларда подшоҳга меъмордан кўра навкар зарурроқ! Аҳмадбекдек, мендек жанговар беклар учун подшоҳ ҳозир сиздеклардан қанчасининг баҳридан ўтур!
— Ахсига борганда кўрурмиз, — деб мулла Фазлиддин маҳкамадан шахт билан ташқарига чиқди. Унинг важоҳати ҳозироқ Ахсига, подшоҳ ҳузурига арзга борадиганга ўхшарди. Лекин у отланиб уйига қайтаётганда сал ҳовуридан тушди-ю, Узун Ҳасан айтган сўнгги гапларда аччиқ бир ҳақиқат борлигини сезди. Ёв қуршовида қолаётган Умаршайх мирзо битта меъморни деб юз, икки юздан навкари бор зўравон бекларга қарши бормаслиги аниқ. Аҳмад Танбал бугун Ахсида — шоҳ саройида. Агар у мулла Фазлиддиннинг малика суратини чизгани ҳақида гап тарқатса… Лекин Аҳмад Танбал буни қандай пайқаганикин? Мулла Фазлиддин Хонзода бегимнинг суратини чизиш учун у билан тиллакори кўшкда пинҳон учрашганда буни зимдан кўриб қолган канизлар ёки савдарлар* бўлса, Аҳмад Танбал шунинг бир четини эшитиб, ҳалиги ҳамённи кўтариб келганмикин? Босқинчи йигитларини ишга солиб ҳам мақсадига етолмаган бу ёвуз бек энди шоҳ саройига бориб пешгирлик қилиши мумкин. Агар у ўзи эшитган миш-мишни ҳарамдаги аёллар орқали подшоҳнинг қулоғига етказса… Умаршайх мирзо бўй етган қизининг қаёқдаги бир меъмор билан яши-риқча учрашиб, сурат чиздирганини ўз шаънига катта иснод деб билиши аниқ. Шоҳ исковучлари ишга туширилса, мулла Фазлиддин яшириб юрган суратни топиб олиб, Аҳмад Танбалнинг гапига далил қилиш қўлларидан келади. Ана ундан сўнг шоҳ қизига иснод келтирган мусаввирни минг қийноқларга солиб ўлдиришлари турган гап!
Мулла Фазлиддин Хонзода бегимнинг суратини чизиш билан нечоғлиқ хатарли ишга қўл урганини энди астойдил ҳис қилди. Агар сурат қўлга тушса, у қиз ҳам маломатга қолади. Дунё бусиз ҳам ташвиш-таҳликага тўла!.. Мулла Фазлиддин тагқутидаги малика суратини титроқ қўллар билан жилддан олди. Иғвогар аблаҳларга далил қолдирмаслик учун буни йўқ қилиши керак! Мулла Фазлиддин ўчоқда ёнаётган оловга яқин борди.
Рангли бўёқлар билан ишланган мўъжазгина суратдаги гўзал қиз шу пайт унга тирик бир одам бўлиб кўринди. Аланга ёлқинида қизнинг киприклари, лаблари билинар-билинмас нафис ҳаракатлар қилаётганга ўхшаб кетди. Қизнинг ақлни шоширадиган жозибаси бор эди. Бу жозиба мулла Фазлиддинни ҳар галгидай яна сеҳрлаб олди, бояги таҳлика хаёлидан узоқлашиб, қалбида илиқ туйғулар уйғонди. «Наҳотки мен бу қизга ошиқ бўлсам? — ҳайрат ичида ўйланди мулла Фазлиддин. — Қора халқ орасидан чиққан мендай бир сураткашнинг шоҳ қизига муҳаббат қўйиши кулгили эмасми? Йўқ! Мен фақат ўзим чизган суратга— ўз ижодимга меҳр қўйганмен, холос! Бошим омон бўлса, бундай суратни яна чизгаймен!»
Шу ўй билан суратни ўтга ташламоқчи бўлиб эгилди. Қиз тасвири оловга яқинлашганда юзи қизариб бўғриққандек, кўзлари эса чақнаб кетгандек кўринди. Мулла Фазлиддин тирик одамни ўлдираётгандек, севиклисини ўтга ташлаётгандек сесканиб орқага чекинди. Ички бир овоз уни «Қўрқоқсен!» дегандек жеркиди. «Душманларинг устингга бостириб келаётгани йўқ-ку! Аҳмад Танбал ҳам Ахсида. Билиб қўй, сен бундай гўзал суратни иккинчи марта чиза олмассен! Тасвирга бунчалик тирик жозиба бахш эта олганинг— такрорланмас бир илҳомнинг натижаси. Ботир бўлсанг, қутқариб қолурсен!»
Мулла Фазлиддин суратни тагқутига қайтариб солди-ю, хизматкор йигитни чақирди.
— Кўчларни йиғиштир! Аравани қўш! Қувага жўнагаймиз!.. Тез!.. Тезроқ!..
Мана ҳозир опасининг уйида ўтириб, юз берган воқеани поччаси билан жиянига сўзлаб берар экан, пўлат сандиқда Хонзода бегимнинг сурати борлигини уларга ҳам айтмади. Бу сирни у ҳеч кимга билдирмоқчи эмас эди…
— Во дариғ! — деб Тоҳирнинг отаси оғир ух тортди:— Бизнинг суянган тоғимиз сиз эдингиз, мулла Фазлиддин!.. Энди сиз ҳам қувғинга учраган бўлсангиз.
— Начора? Ҳаммамизнинг ҳам тақдиримиз қил устида турибди!
— Подшоҳга арзга борсангиз, додингизга етмасмикин, мулла тоға?
— Бу тўполонлар босилса, бир марта бориб арз қилишим аниқ. Агар додимга етса етди, етмаса, яна Ҳиротга қайтиб кетурмен! Алишер Навоий Шифоия деган бино қурдирмоқчи, деб эшитган эдим. Оламда биз учун ёнган ягона умид чироғи ўша сиймо бўлиб қолди.
— Ҳирот орзусини қилманг, мулла Фазлиддин, Фар-ғонада ҳам ҳунарингизнинг қадрига етадиган одамлар бор. Қуванинг кўприги сизнинг режангиз билан қурилган эди. Халқ ҳалигача сизни дуо қилиб юрибдир.
— Халқ! Қани энди бу кўприкдан фақат халқ ўтса! Эрта-индин бу кўприкдан ёғий қўшинлари ўтиб келур! Халқнинг бошига ёғиладиган балоларни ўйласам, бугунги жалалар селга айланиб, ўша кўприкни оқизиб кетмаганига афсус қиламен! Агар ёғий, бу томонга ўтолмасин деб, ўша кўприкни ҳозир ёндириб юборсалар, мен жон деб рози бўлур эдим!
«Чиндан ҳам, — ўйлади Тоҳир ўзича, — ёғоч кўприк. Ёғ сепса ёнур. Ёғий фақат шу кўприкдан ўтиши мумкин. Кечув ҳам йўқ. Ҳаммаёқ ботқоқлик, қамишзор. Агар кўприк ёндирилса ёғий ўтолмагай!» Тоҳир кутилмаган жойдан нажот йўлини топгандай бўлди. Тасаввурида гавдаланган ёнғин алангасидан гўё унинг бадани қизиб кетгандай туюлди. Робияни бало-қазодан асрайдиган энг зўр қалқон ана ўша олов бўлиши мумкин! Тоҳир қалтис истакдан кўзлари ёниб отасига қаради. «Айтсаммикин? Йўқ! Розилик бермас. Ёлғиз ўғилмен. Тоғам… нозик одам, аралашмагани маъқул. Таваккалчи йигитлардан топишим керак!».
Тоҳир секин ўрнидан туриб, ҳовлига чиқди.
Осмонни тўлдирган булутларнинг йиртиғидан бирда-ярим юлдузлар кўриниб қолади. Уйлар чироқсиз. Кўчалар сукутда. Аҳён-аҳёнда кучуклар ҳургани эшитилади.
Ифторни қилиб чиққан Маҳмуд Тоҳирга дарвоза олдида учради. Робиянинг акаси бўлган бу косиб йигит Андижон қўрғонига кетишдан гап очган эди:
— Э, бу ниятлар ҳаммаси пучга чиқди! — деб Тоҳир унга тоғасидан эшитганларини айтиб берди. Маҳмудни ҳам бирдан ғам босиб:
— Энди қайдан нажот излаймиз, э худо! — деди.
— Ўзинг учун ўл етим, деган гап бор, Маҳмуд… Юр, дарвозахонага кирайлик. Бир сир айтамен. Оғзинг-дан чиқарма! Кўприкни ёндирамиз!..
— Қандай қилиб? — ҳайрат билан сўради Маҳмуд.
Тоҳир унга ўзининг режасини шивирлаб тушунтирди.
— Ёғ сепсак, ёғоч тез ёнгай. Билдингми?
— Жинни бўлибсен! Кўприкда соқчилар бор-ку.
— Ўзимизнинг беклар қўйган соқчиларми? Ҳали ёғий яқин келса ҳаммаси қўрғонга қочгай. Ўшанда биз…
— Йўқ, шошма! Ахсидан бизнинг подшомиз қўшин тортиб келаётган эмиш. Бу кўприк ҳали ўзимизга керак!..
— Подшойинг қўрғонидан чиқса шу кунгача чиқар эди! Ана, Марғилон ҳам бой берилибди! Подшодан дарак йўқ!..
— Билмасам, кадхудо* гузарда ишонтириб айтди. «Подшо ҳазратлари йўлда, эрта-индин ҳимоямизга етиб келишлари аниқ!» — деди.
— Чиндан йўлга чиқибдими-а?
— Ҳа, ўз қулоғим билан эшитдим! Бултур подшомиз ёғий билан Хўжанддан нари Ховосга бориб урушган экан-ку. Қува Ахсига Ховосдан ёвуқроқ* эмасми?
— Ёвуқликка ёвуқ-ку!.. Зора сен айтганинг рост чиқса-я, Маҳмуд?

— Ҳа, ахир, кўприкка соқчиларни бекорга қўйганларми?.. Подшомиз эрта-индин келиб жонимизга оро киргай… Мана, кўрурсен!..
Шу топда Тоҳирнинг кўнглида ҳам умид учқунлагандай бўлди. У қоронғи осмоннинг узоқ бир четида— Сирдарёдан нарида жойлашган Ахси томонга интизор кўзлар билан тикилди.

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

______________
* М у с а в в и р — рассом.
* Б у з д и л — эчкиюрак, қўрқоқ.
* Д о р у ғ а — шаҳар ҳокими.
* С а в д а р — хос хизматкор.
* К а д х у д о — қишлоқ оқсоқоли.
* Ё в у қ — яқин.

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 37-қисм

Тоғларга турнақатор тизилиб кўтарилиб боришар,  гаплашишга фурсат йўқ, бунинг устига хотини билан уришиб Бозорбойнинг таъби тирриқ бўлган эди.  Индамай йўл босишарди. Қиш ...

От кишнаган оқшом (қисса) 54-қисм

54 Во дариғо, шундай кунлар-да бўлади! Босган қадамимиз кетимизга кетади. Жамики ишларимиз чаппасига юради. Омад деганлари саломини-да бермайди. Оғзимиздаги ошимизни-да ...

Мeҳробдан чаён-раъно

Исм  билан  жисм  аксар  бир-бирисига  мувофиқ  тушмайдир.  Меним  ёш  вақтим,  айниқса, гўзаллик  қидирған  мағрур  чоғларим  эди.  Оиламиздами,  бошқа  ердами  баҳарҳол  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400