Юлдузли Тунлар-1

АРОСАТ
Биринчи қисм
ҚУВА
ҚИЛ УСТИДА ТУРГАН ТАҚДИРЛАР

1

Милодий 1494-йилнинг ёзи. Саратон иссиғида Фар-ғона водийсининг осмонига чиққан қуюқ булутлар куни бўйи ҳавони дим қилиб турди-ю, кечки пайт бирдан жала қуйиб берди. Қизил тупроқли тепаликлар орасидан ўтиб келаётган серсув Қувасой қон қўшиб оқизилгандек қип-қизил бўлиб кетди. Сой бўйидаги мажнунтоллар панасида бир йигит билан қиз шивирлашиб гаплашмоқда эди.
— Робия, инон, мен тирик бўлсам, сенга бало-қазони йўлатмасмен!
— Тангрим сизни ҳам паноҳида асрасин, Тоҳир оға!.. Ёғийнинг* минг-минг аскари бор. Қайси бирига бас келурсиз? Ана, қочқинларга қаранг!..
Тоҳир орқасига ўгирилиб, Қувасойнинг қуйи томонларига кўз югуртирди. Пастда қамишзор ботқоқлик ва унинг устидан ўтган узун ёғоч кўприк бор эди. Кўприкдан чумолидай беҳисоб одамлар, отлар, моллар, аравалар тизилиб ўтиб келаётгани ёмғир пардаси орасидан элас-элас кўзга чалинарди.
Самарқанд подшоси Қўқонни босиб олиб, қўшинига талатган ва Марғилонга ҳужум қилган эди. Босқинчилар шаҳару қишлоқларни талаш билан қаноатланмай, кўҳлик қизларни чўриликка олиб кетишар эди. Бунинг ҳаммасини эшитган одамлар ёвдан қочиб, тинч жой излаб бормоқда эдилар.

— Улуснинг шўри қурсин! — деди Тоҳир. — Касофат подшолар урушмай туролмаса. Биридан қочсанг, бошқасига тутилсанг. Ундан кўра қочмаймиз! Таваккал. Пешонага битилгани бўлур! Тоҳир ёмғирда ҳўл бўлиб, баданига ёпишиб турган қалами яктак устидан ханжар тақиб олган эди. Робия ханжарга қўрқа-писа кўз ташлади-да:
— Қайдам, — деди. — Отамлар мени қўрғонга элтиб қўймоқчилар.
— Қайси қўрғонга?
— Андижон қўрғонида амаким борлар-ку.
Тоҳир Робиянинг ҳозироқ жўнаб кетишидан чўчигандай унинг билагидан олди. Илгарилар ҳуркович оҳудек тутқич бермайдиган Робия ҳозир алланечук ювош бўлиб қолган эди. Унинг хина қўйилган қўллари гулдай чиройли. Бошига отасининг қора жун чакмонини ёпиниб чиққан экан. Ёмғирда ҳўл бўлиб оғирлашган чакмон унинг нозик бўйнига оғирлик қилди. Робия чакмонни елкасига туширди. Шунда ёқасининг битта боғичи ечилиб кетди-ю, қизғиш мармардай силлиқ бўйнининг пасти кўринди. Яшил нимчаси ўн етти ёшлик қизлардагина бўладиган толма белидан қучиб, қаттиқ кўкракларини маҳкам чирмаб турар эди. Болаликдан Робия билан девордармиён қўшни бўлиб ўсган Тоҳир унинг қанчалик жозибали қиз эканини, босқинчи бек ва навкарлар мана шунақа қизларга қанчалик ўч бўлишини гўё энди астойдил ҳис қилди.
Бу йил баҳорда ота-оналари уларни унаштириб қўйган пайтларида ҳам Робия Тоҳирга ҳозиргичалик чиройли кўринмас эди. Рамазон ойи ўтгандан кейин уларнинг тўйлари бўлиши керак. Тоҳир Робия билан ҳадемай бир ёстиққа бош қўйишларига ишониб, бехавотир юрган эди. Бироқ энди уруш довули Қувага яқинлашиб келаётган шу хатарли дамларда Робия унга ҳар қачонгидан ҳам азиз, ҳар қачонгидан ҳам ғанимат кўринди.
Тоҳир Робиянинг Андижон қўрғонида бирорта бўйни йўғон бекнинг тузоғига илиниб қолиши мумкинлигини ўйлади-ю:
— Йўқ! — деди. — Мени десанг қўрғонга борма!
Робия Тоҳирнинг бахмалдай майин мўйлови тагида хиёл титраб турган лабига ва изтироб билан чақнаётган қўнғир кўзларига тикилди.
— Менинг ҳам сиздан йироққа кетким йўқ… Лекин неқилай… Қўрқамен!..
Тоҳир қизни чакмон билан бирга қучиб, бағрига босди. Робиянинг майин соч толалари йигитнинг юзига тегди, бир лаҳза икковининг нафаси нафасига қўшилиб кетди. Тоҳир қизнинг бадани титраётганини сезди-ю:
— Чиндан қўрққанингми бу, Робия? — деди. — Сенга не бўлди?..
— Мен бир ваҳимали туш кўрдим, Тоҳир оға! Илоҳи тушим ўнг келмасин!..
Eнди Тоҳир ҳам хавотирланиб, қизни қучоғидан бўшатди-да, унинг катта-катта бўлиб кетган кўзларига қаради:
— Ёмон тушми?
— Айтишга ҳам тилим бормайдир.
— Тушга нелар кирмас!.. Айт!.. Майли…
— Сизни бир қора ҳўкиз ханжардай шохлари билан сузиб… Йўқ! Йўқ! Эсласам, этим жунжикиб кетадир!
Тоҳир ёмон бир фалокатни олдиндан сезгандай юраги увушди:
— Шошилмай гапир! Сузган бўлса, қон оқдими?
— Қон? Ҳа, ҳа.. Қон тирқираб кетди.
— Ундай бўлса қўрқма. Тушдаги қон — ёруғлик. Отам доим шундай дейди.
— Тангрим шу таъбирни рост келтирсин! Тоҳир оға, мен… Агар Андижонга сиз бормасангиз… мен ҳам кетмасмен. Неки бўлсак, шу ерда… бирга…
Мажнунтол барглари орасидан сирқиб тушаётган ёмғир томчилари қизнинг пайваста қошларига, тиғиз киприкларига теккан. Тоҳирнинг назарида, Робия ёмон бир бахтсизлик бўлишини ҳозирдан сезиб, кўзига ёш олаётгандек кўринарди.

— Мендан кўп хавотирланма, Робия. Мен бир деҳқон одаммен. Ҳаво очилса, далага чиқиб қўшимни ҳайдаймен. Ўроғимни ўрамен. Ёғийнинг менга не иши бор? Лекин сен… эҳтиётингни қил. Андижон қўрғонида амакиларинг бор…
— Андижонда сизнинг ҳам мулла тоғойингиз борлар-ку! Ё бирга кетайликми?
Тоҳир ўйланиб қолди. Унинг Андижонда меъмор бўлиб ишлайдиган Фазлиддин тоғаси эл орасида танилган машҳур одам. Қувасой ботқоғининг устидан ўтган мана шу узун ёғоч кўприк ҳам мулла Фазлиддин чизиб берган тарҳ* бўйича қурилган. Андижон аркида мулла Фазлиддин самовий нақшлар ва кошинлар билан безаб қурган девонхона тождор Умаршайх мирзога маъқул бўлгандан кейин унга тўбичоқ от ва бир ҳамён олтин инъом қилганини Тоҳир ҳам эшитган. У тоғасининг шаҳар қўрғонидан ташқаридаги Боғот маҳалласида туришини билади. Мулла Фазлиддин Қувада турган пайтларида Тоҳирга хат-савод ўргатган эди. Энди жияни паноҳ истаб борса, қаноти тагига олиши мумкин. Лекин бу ерда чол-кампирлар нима деркин? Тоҳир — ёлғиз ўғил, жавоб бермасликлари мумкин. У Андижонга Робия туфайли боришини эса ота-онасига айтишдан уялади… Балки буни Робиянинг акаси Маҳмуд айтар?
— Робия, майли, иложи бўлса, Андижонга бирга кетурмиз. Лекин дадамларни кўндириш осон эмас… Маҳмуд оғанг эшикдами?*
— Дўконга чиққан эдилар. Ифторгача келурлар. Нима эди?
— Ифтордан сўнг бизникига ўтсин. Маслаҳат бор.
— Хўп, мен айтамен.
Робия юзини Тоҳирнинг кенг кўкрагига босди:
— Тангрим бизни бир-биримизга кўп кўрмасин! — деди-да, мажнунтол шохлари орасидан чиқди.
Сой бўйида турган бўш мис кўзани ёмғир томчилари чертиб-чертиб қўяди. Робия кўзага қараб сувга келганини эслади ва уни тўлдириб, уйлари томон кўтариб кетди. Қаллиқлар одамларнинг кўзидан йироқда — яшириқча учрашиб юрар эдилар. Қиз узоқлашиб кетгандан кейин Тоҳир ҳам мажнунтолларнинг панасидан чиқди. Шунда Робиянинг тушига кирган қўрқинчли воқеа унинг эсига тушди-да, номаълум бир хатар вужудига ларза солиб ўтди…

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Давомини ўқинг)

_____________
* Ё ғ и й — ёв.
* Т а р ҳ — чизма, лойиҳа.
* Э ш и к — бу ерда уй, ҳовли маъносида.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шовруқ рўзимуродни ким ўлдирди? самарқанд ii (давоми)

 Алвидо: мен бутун оламни забт этдим.                            Эдгар Аллан По, “Буюк Темур” китобидан. Жомбой билан Самарқанд оралиғи 3 дақиқалик йўл. Яъни 6 километр. Биз ...

Жонсўз бир хабар ва қўрқунч бир кeч

12. ЖОНСЎЗ БИР ХАБАР ВА ҚЎРҚУНЧ БИР КEЧ Агар олған ҳисобимиз тўғри чиқса, бу гал унинг Марғилонға қуруқ қатнаб юришининг еттинчи қайтаси эди. 1267-инчи йилнинг кузи — бу ...

Юлдузли тунлар-28

2 Архиён қўрғонини қамал қилаётган Бобур энди асосий кучларини Косонсой томонга буришга мажбур бўлди. У Аҳмад Танбалга келадиган ҳар қандай кўмакнинг йўлини тўсмоқчи, керак ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400