Туркия мадҳияси муаллифининг онаси ўзбек бўлганми?

Меҳмет Акиф Эрсойнинг ким бўлганини биласизми? Бу одам Туркия тарихида жуда ҳам катта из қолдирганлиги, унинг Туркия мадҳиясини ёзганлиги билан изоҳланади. Ахир унча-мунча одам ҳам мадҳия муаллифи бўлавермайди. Дунёда атиги 200 дан сал ошиқроқ давлат бўлса, мадҳия муаллифлари ҳам шунча бўлар-да! Яна туркий халқларнинг энг йириги бўлган Туркиянинг мадҳиясига муаллифлик қилиш ҳам чакана нарса эмас!

Меҳмет Акиф 1873 йилнинг 20 декабрида ўша давр дунёсининг энг муҳим стратегик шаҳарларидан бири, Усмонийлар давлатининг пойтахти Истанбул шаҳрида дунёга келди. Отаси Ипекли Тоҳир афанди косоволик албанлардан, онаси Омина Шарифа хоним Туркияда ўтроқлашган бухоролик ўзбеклардан эди. Ҳа, ҳа, эшитганингиздек. Турк мадҳияси муаллифининг волидаси ўзимизнинг ўзбек аёли бўлган.

Отасининг вафот этиши Меҳмет Акифнинг режаларини ўзгартириб юборди. Бунинг устига яшаб турган уйи ҳам ёнғин туфайли кулга айланди. Давлат хизматчилари тайёрлайдиган Мулкия ўқув юртига тўлашга пул тополмай, ветеринарлар тайёрлайдиган билим юртида ўқишини давом эттирди. Бир неча йил Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ветеринар бўлиб ҳам ишлади. Болқон ярим ороли, Онадўли ва Арабистондаги эпидемияларни тугатишда жонбозлик қилди.

Имкон топилганда Истамбул университети ва Қишлоқ хўжалиги мактабида мударрислик ҳам қилиб турди.

1920 йилда Бурдур округидан Турк парламентига депутат этиб сайланди.

Усмонийлар империясининг инқирози вақтида Эрсой истиқлолнинг ҳақиқий ҳимоячисига айланди. Унинг Онадўли масжидларида сўзлаган нутқлари шу қадар машҳур бўлиб кетдики, бу маърузалар ўша пайтда брошюра қилиб чоп этилиб, турк аскарларига тарқатилган эди.

1921 йилнинг 17 февралида давлат мадҳияси матнини ёзиб парламентга тақдим қилди. Парламент ўша йилнинг 12 март куни мадҳияни тасдиқлади. Ўшандан бери мактаблар, давлат идораларида Давлат байроғи ва Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк сурати билан бир қаторда Эрсой ёзган мадҳия ҳам туради. Қирқ сатрли Эрсойнинг бу асарини салкам юз йилдан буён миллионлаб туркияликлар ёддан билади.

Республика даврида бир қанча университетларда тарих ва адабиётдан дарс берган Меҳмет араб, форс ва француз тилларида мукаммал сўзлашарди. Меҳмет Акиф Эрсой шарқ адабиётини жуда яхши билар, шу билан бирга, Виктор Гюго, Альфонс де Ламартин, Эмиль Золя ва Жан-Жак Руссоларнинг асарларини ҳам севиб ўқирди.

Давлат мадҳиясининг муаллифи бўлгани учун уни турклар “Миллат шоири” дейдилар. Унинг барча шеърий асарлари 7 китобдан иборат “Сафоҳат” номли тўпламда жам бўлган.

Камол Отатурк сиёсатига қарши чиққан Эрсой 1926 йилда Туркияни тарк этиб, Мисрда қўним топди. Турк мадҳияси муаллифи Мисрда Давлат университетида дарс бера бошлади.

Ўша даврда у Қуръони Каримнинг шеърий таржимаси устида иш бошлади. Аммо жигар циррозига чалингач, 1936 йилда Туркияга қайтиб келди. Шифокорларнинг қанча уринишига қарамай, касалликни енгиб бўлмади. Ўша йилнинг 27 декабр куни Меҳмет Акиф Эрсой вафот этди. Уни Эдирнекапидаги қабристонга дафн этишди.

Бурдур шаҳридаги университет унинг номига қўйилган.

 

Матнни аудио шаклида тингланг:

 

Манба: “azon.uz”

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Россия қирғизистонда атом электр станциясини қуради

20-январь куни Дубайда бўлиб ўтаётган «EXPO-2020» халқаро кўргазмаси доирасида Қирғизистон билан Россия кам қувватли атом электр станциясини қуришга келишиб олди. Бу ҳақда ...

Энди қирғизистондаги барча масжидларда жума маърузалари қирғиз тилида айтилади

Қарорни бажарилишини муфтият, вилоят, туман ва шаҳар имомлари назорат қилишади. Фото:Спутник Бундан кейин диний иш қоғозлари ва жума маърузалари қирғиз тилидагина ...

Ўзбекистонда автомобиллар мажбурий техник кўрикдан ўтказилади

Ҳукумат қарори билан Мажбурий техник кўрикка тақдим этилмаган автотранспорт воситаларининг ҳисобини юритиш, уларнинг ҳолатини аниқлаш, шунингдек фойдаланишга яроқсиз, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400