Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 42-қисм

III

Эртасига  эрталаб  соат  ўнларда  Бозорбой  Нўйғутов  район  марказига  бориш  учун  отни эгарламоқчи  бўлиб  туриб,  бу  ёққа  қараб  келаётган  отлиққа  кўзи  тушди.  Қизиқ,  Таман қишловида  нима  иши  бор  экан?  Олди  очиқ  сариқ  поча  пўстин,  тулки  тумоқ  кийган  отлиқ кунботар томондан тоғнинг кичик этагидан отни йўрттириб келарди. Эгарда у ўктам ва чапдаст ўтирарди. Бозорбой дарров, отлиқни ҳам, тикилиброқ қараб, саман отни ҳам таниди. Ҳа, чиндан ҳам адашмабди, бу Дўнкўликка миниб олган Бўстон Ўркунчиевнинг ўзгинаси эди. Бўстоннинг кутилмаганда  пайдо  бўлиши  Бозорбойнинг  кўнглини  хира  қилди.  Шу  дилхиралик  билан  у эгарни бир чеккага қўйиб, ўзи хуш кўрмайдиган узоқ қўшнисини кута бошлади. Бўстон мени пойлаб турибди деган ҳаёлга бормасин деб, бир даста сомон билан отни қашлай кетди. Ўзини иш  билан  овора  одамдай  кўрсатди.  Бозорбойнинг  назарида  Бўстон  уни  худди  қўлга туширгандай  ғалати  бир  ҳолга  тушди.  У  ҳовлилар,  қўралар,  қўтонлар,  эрталаб  ўз  иши  билан овора  чўпонларни  ҳаммаси  жойидамикин,  дегандай  кўздан  кечирди.  Албатта,  қишловда Бўстоннинг  хўжалигида  тартиб,  саранжомлик  кўпроқ.  Бўстон  итдай  ишлайди,  илғор  бўлгач, бошқа  иложи  ҳам  йўқ-да (оғзига  кучи  етмаган  ғаламислар-э,  анов  ажойиб  йиллар  бўлсами, Бўстон аллақачон қулоқ сифатида Сибирь қилинарди, деб юришарди), Бозорбой эса, ким бўпти —  жўнгина,  соддагина  осиёлик  чўпон.  Тоғу  чўлларда  ундайларнинг  сон-саноғи  йўқ.  Улар миллионлаб  бош  қўй  сурувларини  суриб  юришади,  улар  ўтган  жойлардан  ўт-ўлан  таги-томиригача  қурийди.  Ундан  кейин  ҳар  кимники  ўзига.  Бўстон — ўзига,  Бозорбой — ўзига.

Бўстон  яқинлашиб  келаркан,  Бозорбойнинг  ҳаёлида  фикрлар  чарх  ура  бошлади: «Бу  қулоқ каллаи  саҳарлаб  нимага  изғиб  юрибди?  Таажжуб? — ақли  етмай  ҳайрон  бўларди  Бозорбой.

Нима бўлдийкин? Сабаб?» Бир кўнгли Бўстонни уйга таклиф қилсаммикин, деди, лекин бевош, бесаранжом ҳовлиси ва ҳаммадан ҳам бадбахт, шўртумшуқ Кўк Турсунни (ахир, уни Гулимхон билан асти тенглаштириб бўлармиди!) кўз ўнгига келтириб, тағин бу фикридан қайтди.

Таман  қишловига  кириб  келаркан,  Бўстон  ҳовли  олдида  отнинг  бошини  тортди,  атрофга аланглаб қаради ва айвон олдида уй эгасини кўргач, шу ёққа қараб юрди. Улар сиполик билан салом-алик қилдилар, Бўстон отдан тушмади, Бозорбой ўз иши билан машғул бўлди. Бу ҳолдан ҳар икковлари ҳам сира хижолатга тушганлари йўқ.

— Уйда экансан, яхши бўлди,— деди Бўстон кафти билан мўйлабларини силаб.

— Уйда бўлмай қаерда бўлардим. Хуш кептилар? Нима гап?

— Гапим бор эди.

— Сенга ўхшаган одам бекор юрмайди,— деди кибр билан Бозорбой.— Тўғри айтдимми?

— Тўғри.

— Иш билан бўлсанг, унда отдан туш.

Бўстон индамай отдан тушди, Дўнкўликни қозиққа боғлади. Одатдагидай, отнинг айилини бўшатиб  қўйди,  от  қоринбоғдан  дам  олади,  бемалол  нафас  ростлайди.  Кейин  атрофга синчковлик билан кўз югуртирди.

— Нима қилиб турибсан? Нимага қараяпсан? — ғаши қўзиб жеркигандай деди Бозорбой.—

Манави тўнкага ўтир,— ўзи оёқ тагида думалаб ётган трактор ғилдирагига ўтирди.

Улар бир-бирларига ёвқараш қилиб туришарди. Очиғи, Бозорбойга Бўстоннинг ҳеч нарсаси ёқмайди. Чет ёқаларига барра қўзи териси ёпиштириб тикилган ёқаси очиқ почапўстин кийган бўлса,  ўзига,  пўстини  кенг  кўкрагига  ярашиб  турган  бўлса,  ўзига;  соғ-лом,  бақувват,  ўктам, кўзлари тиниқ, тани мисдай бўлса, ўзига; Бозорбойдан беш ёш катта бўлса, ўзига: кеча кечаси билан  Гулимхоннинг  қучоғида  ётган  бўлса,  ўзига;  унинг  булар  билан  неча  пуллик  иши  бор, ахир.

— Қани, айт гапингни, қулоғим сенда,— деб бошини силкитди Бозорбой.

— Биласанми, нима иш билан келдим,— деб бошлади Бўстон.— Кўряпсанми, хуржун ҳам олиб келганман, ана эгарга боғлаб қўйибман. Ўша бўри болаларни менга бер, Бозорбой. Уларни жойига қайтариш керак.

— Қайси жойига?

— Инига дейман-да.

— Ана холос! — лабини қийшайтирди Бозорбой.— Мен бўлсам, бошим қотиб ўтирибман, илғор  чўпонимиз  нечук  қадам  ранжида  қилдилар  деб.  Ишларини  ташлаб  чопиб  келганини қаранг. Бўстон, эсингдан чикқанга ўхшайди, мен сенинг қўйчивонинг эмасман. Мен ҳам худди сенга ўхшаган одамман. Менга хўжайин эмас-сан.

— Гап унда эмас! Олдин сен гапни эшит. Кечаги бўлган ишни бўрилар эсларидан чиқариб юборадилар, десанг, қаттиқ хато қиласан, Бозорбой.

— Менга нима! Эсидан чиқармаса чиқармас, ишим нима, сенинг ҳам бу билан нима ишинг бор?

—  Ишимиз  шуки,  бўрилар  кеча  кечаси  билан  қўра  атрофида  изғиб  улиб  чиқишди.  Энди боласини қайтармагунча, улар тинчлик бермайди. Мен бўриларни биламан.

Бўстон унинг олдида илтимос билан келган эди. Шундан Бозорбой ўзини кўрсатгиси, мазах, майнавозчилик қилгиси келди. Ўз оёғи билан келиб, қуллуқ қилиб турибди. Мунақаси тушингга ҳам кирмайди. Бозорбой қулай фурсатдан фойдаланиб қолишни кўзлади. Бунинг устига ичида заҳарханда кулиб қўйди: кечаси билан ухламай чиқишибди,  ажаб бўпти; Бўстон Гулимхонни қучоғида олиб ётолмаган бўлса, ажаб бўпти, хўп бўпти. Баттар бўлсин! У Бўстонга қинғайиб кўз қирини ташлади-да, деди:

—  Бошимни  қотирма,  Бўстон!  Топибсан  аҳмоғингни!  Бўри  болаларини  қайтариб  бериш учун олганим йўқ. Ўзингга кўп бино қўяверма! Ҳар кимни кўзлагани бошқа. Сен — ўзингча, мен — ўзимча. Хотининг билан ухлолдингми, ухлолмадингми, менга бунинг алоқаси йўқ.

— Ўйлаб кўр, Бозорбой. Дарров йўқ дема.

— Нимасини ўйлаб кўради буни?

—  Бекор  қиляпсан,—  ўзини  зўрға  босиб  деди  Бўстон.  У  катта  хато  қилиб  қўйганини англади.  Энди  охирги  чора  қолган  эди.—  Ундоқ  бўлса,—  деди  у  ҳамон  ўзини  оғирликка солиб,—  ке,  ҳаппа-ҳалол  савдолашиб  қўя  қоламиз,  сен  сотасан,  мен  оламан.  Сен  бари  бир уларни пуллайсан, яхшиси, менга пуллаб қўя қол. Нархингни айту — қўлни ташла!

—  Сотмайман! — Бозорбой  ўрнидан  сакраб  туриб  кетди.—  Сенга  ҳеч  қачон  сотмайман!

Гапини қаранг — сот эмиш! Сенинг пулинг бору меники йўқми! Тупурдим ўша пулларингга!

Мен буларни сотиб, пулига ичаман, лекин сенга сотмайман, билдингми? Ким бўлсанг, ўзингга, тупурдим ҳаммасига! Менга қара, ҳой, тезроқ, отингга ўтиргин-да, яхшиликча бу ердан жўнаб қол!

— Тентак бўлма, Бозорбой. Мундоқ эркакларга ўхшаб гаплаш. Сенга нима фарқи бор, кимга сотишнинг?

—  Ўзим  биламан!  Менга  ўргатма!  Ақлим  ўзимга  етади.  Менга  қара,  ҳой,  бу  партия мажлисларида ўзингни кўрсатиб мақтанишни биласан, андоқ қилодирмиз, мандоқ қилодирмиз деб,  ҳамманинг  бошини  қотирасан.  Э,  агар  хоҳласанг,  мен  ўша  партия  мажлисида  бир пўстагингни  қоқайки,  ҳеч  эсингдан  чиқмайдиган  бўлади,  уйингни  тополмай  қоласан.

Хоҳлайсанми?!

— Вой-бу! — чин юракдан ҳайрон бўлди Бўстон Бозорбойдан ўзини беихтиёр қўли билан тўсиб,— сен мени қўрқитгунча, мундай тушунтириб бер-чи, сени қайси ит талади?

—  Мени  ит  талабдими!  Ажаб  бўпти!  Сен  ҳукуматга  қарши  иш  қиляпсан.  Билдингми! Сендан  бошқа  ақлли  йўқ!  Хўжайинлар  ҳамма  ерда  бўриларни  йўқотинглар,  деб  тайинлаб юрибди.  Сен  бўлсанг,  бўриларга  ачиниб,  уларни  кўпайтирмоқчисан — шундайми?  Қулоқ бошинг  билан  ўйлаб  кўр,  ахир!  Мен  бутун  бошли  бўри  боласини  қуритдим.  Демак,  давлатга жуда  катта  фойда  еткиздим.  Сен  эса,  уларни  инига  қайтармоқчисан.  Ўссин,  унсин,  бўрилар кўпайсин — шундай демоқчимисан? Ниятинг шуми? Яна мени сотиб ҳам олмоқчисан.

—  Сени  сотиб  олиб  бошимга  ураманми!  Бўри  болаларини  олмоқчиман.  Бекор  мени қўрқитяпсан, судга берадигандай дўқ-пўписа қиляпсан. Сен олдин сал каллангни ишлат, нима қиляпсан,  шундан кейин қандай одам бўлдинг!  Зўр экансан,  аввал катта бўриларни йўқотгин эди!  Айниқса,  она  бўрини!  Инини  топиб  борибсан-ку,  ахир.  Кучинг  етмаса,  бошқаларга айтишинг керак эди, шундай-шундай деб. Кучи етадиган одам қилсин эди бу ишни.

— Ким экан у — сенми?

—  Мен  бўлсам,  нима!  Ана  энди  катта  бўриларни  топиб  бўпсан.  Тутқич  бермайди.  Ини бузилгандан  кейин  кетади  боши  оққан  томонга.  Думини  тутқизмайди.  Энди  атрофдаги  дуч келган мол-ҳолни бўғизлаб кетаверади. Одамдан қасдини олади. Қани ушлаб кўр-чи, уларни. Буни ўйлаганмидинг?

—  Гапир-а,  гапир.  Яхши,  бўрига  ҳам  адвокат  чиқибди.  Ким  ишонади  бу  гапларингга? Одаммиди  улар  сенга,  бўри-ку  битгани.  Қачон  қараса,  бошни  айлантирганинг-айлантирган. Лақиллатмай  қўя  қол.  Ичингдагини  шундоқ  кўриб  турибман!  Сенга  бошқа  нарсани айтмоқчиман.  Агар  бу  ерга  бир  жиғини  эзиб  қўяй  деб  келган  бўлсанг…—  Бозорбой  сўзини тугатмай  тақир  бошидан  қалпоғини  шарт  тортиб  олди-да,  худди  буқадай  Бўстонга  хезланиб келди.  Улар  пишиллаб  нафас  олганча  бақамти,  юзма-юз  туриб  қолдилар,  бир-бирларига  еб юборгудай бўлиб қарашарди.

— Хўп, қани, нима демоқчисан? — овози хириллаб сўради Бўстон.— Бўл, вақтим йўқ!

—  Биламан,  сен  Худо  урган  зиқнасан,  доим  ўз  фойдангни  кўзлайсан.  Шунинг  учун мажлисма-мажлис  юрганинг-юрган,  чўпонлар  менсиз  ҳал  қилиб  қўйишмасин  деб.  Лекин бировнинг  косаси  оқарганлигини  кўролмайсан.  Ичингни  ит  таталайди-  бошқанинг рўшнолигини  кўрганда.  Аммо  буни  ҳеч  ким  билмайди.  Ўлжани  сен  олмадинг,  сен  бўри болаларини қўлга туширмадинг, юрагинг куйиб кетяпти илон чаққандай кечаси билан тўлғаниб чиқасан, бировнинг бахтини кўргани кўзинг йўқ!

—  Туф  сенга-ей! — тоқати  тоқ  бўлди  Бўстоннинг.—  Ҳали  сенга  ўхшаган  аблаҳ  билан гаплашиб ўтирибманми! Э, ўзим аҳмоқ! Билганимда қадам босмасдим! Бас, етар! Тамом! Энди берсанг ҳам, олмайман. Бор, ишингни қил!

Ҳазилакам  жаҳли  чиқмаган  Бўстон  отни  қозиқдан  зарда  билан  ечди,  қоринбоғни  шундай тортдики, от дош беролмай тебраниб кетди, сўнг шаҳд билан ўзини эгарга олди. Шунчалар қони қайнаган  эдики,  ҳатто  орқасидан  Бозорбойнинг  хотини  чақирганини  ҳам  эшитмади.  Шўрлик хотин пичагина кеч қолди. Уйдан эшикка чиқиб, у эри ким биландир қўлларини пахса қилиб, қаттиқ-қаттиқ  гаплашаётганлигини  кўрди. «Ким  бўлди  бу? — ўйланиб  қолди  у.—  Бўстонга ўхшайди-ку  сиёқидан,  нима  қилиб  юрибди  экан,  биз  ёқларда?»—Шунда  у  эркаклар  нимадир тўғрида тортишаётганларини пайқади. Шошилиб улар томон юрди. Лекин улгуролмади. Бўстон саман  отига  миниб,  анча  нарига  бориб  қолган  эди,  кўриниши  ғоятда  дарғазаб  эди.  Тулки тумоғини  бостириб  кийди-ю,  отига  қамчи  босди,  от  учиб  кетди,  эгасининг  пўстини  барлари худди қанот каби силкинарди.

— Бўстон! Бўстон! Шошма! Тўхтаб тур! — қичқирди Кўк Турсун, лекин Бўстон қайрилиб қарамади — ким билсин, балки эшитмади, балки ўгирилиб қарашни истамади.

—  Нега  кишини  хафа  қилдинг?  Нимани  талашдинглар! — суриштира  кетди  Кўк  Турсун Бозорбойдан.

— Ишинг бўлмасин! Ўчир овозингни, нега уни чақирасан? Киминг бўлади?

— Юз йилда бир уйингга келибди, сен бўлсанг! Э! Ким сени бундай қилиб туққан ўзи, а?!

Одам эмас, ваҳшийсан, ваҳший!

Хотинининг сўзларидан Бозорбойнинг баданига ўт туташди. У жингиртоб бўлиб, дик этиб тўнка устига чиқди-да, Бўстоннинг орқасидан бўкира кетди:

— Онангни…палон-пистон! Ким деб ўйловдинг мени! Малайинг борми сенга бу ерда! Ҳе, онангни палон…

— Бас! Бас қил! — Кўк Турсун шаҳд билан бориб эрини тўнкадан тортиб туширди.— Мана, яхшиси, мени ур! Нега кишини шарманда қиласан? Нимага?

—  Қоч,  эй,  мараз! — силтаб  ташлади  уни  Бозорбой.—  Сенга  ким  қўйибди!  Ҳим-ҳи, Бозорбой  унга  ялинармиш!  Ма,  ол,  бўрилар  сеники!  Оласан-а,  оласан!  Кўраман  олганингни! Ҳали ким деб қўйибсан мени!

—  Вой,  шўрим!  Ҳали  бўриларни  деб  шунча  ғавғоми! — ажабланди  Кўк  Турсун.—  Вой, қуриб кетсин матоҳ бўлмай! Қиёмат қўпдими! Вой, шарманда…

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шавкат раҳмон-дарё

Қўйвормайди кўҳна ўзаним, кундуз яшар самарларимда. Сайрагандай қумри, булбуллар товлангувчи камарларимда. Тоғлар тиниқ қорини берар, яшил водий — ёниқ гулларин, кечаларнинг ...

Бахт ва бахтсизлик

8. БАХТ ВА БАХТСИЗЛИК Ошни сузиб келтиргач, меҳмонни ошға таклиф қилишдан бурун яна тоқчадаги кўвачани олиб бир пи-ёлани тўлдирди ва Отабекка узатди. — Ичинг буни ҳам, ...

Мeҳробдан чаён-“фотиҳа — муҳри худодир”

Махдум чувирлашиб ўқуб ётқан болаларға тўхталиш ишоратини бериб, ўзи ирғиб ўрнидан турди  ва  шошқанча  мактабхонадан  чиқиб,  саҳн  ўртасида  турған  икки  нафар  машҳур  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400