Лайлак олиб келиб ташлаб кетган пақилдоқлар

Бугун ўзим шу пайтгача билмаган бир нарсани билиб олдим. Пиротехника савдоси билан шуғулланган шахслар 8 йилдан 10 йилгача қамалиши мумкин экан.

Бу ҳақда ЎзА га интервью берган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Қутбиддин Бурҳонов маълум қилаяпти.

Бу интервьюни ўқиб очиғи қўрқиб кетдим. Ўзи охирги пайтларда анча қўрқинчли хабарлар чиқаяпти. Тиланчилик қилиб маъмурий жазо олган тиланчи қайта тиланчилик қилса 1 йилгача қамалиши мумкинлиги, ахир тиланчи кўпда, ҳаммаси қамалаверса ким қолади

ёки мана пиротехника савдоси билан шуғулланганлар 8-10 йилга қамалишлари мумкин экан. Бу йил кўча-куйларда пақилдоқ ҳар йилгидан кўпроқ пақиллаётганини ҳисобга олсак бу иш орқасидан ҳам кўпчилик қамалиб кетади-ёв бунақада.

 

Орада 5-6 йил пақилдоқни овозини ҳатто янги йилда ҳам эшитмай қолгандик. Ўшанда пиротехника маҳсулотлари деганлари ўта қаттиқ назорат қилинган эди.

 

Аммо, негадир бу йил болаларни қўлида пақилдоқ кўпайиб қолгандай. Маҳалламиздаги болалар пақилдоқ пақиллатишни бошлашганига бир ойдан ошди.

Ҳайрон қолаяпман: Чегара ўтказмаса, айланма йўллар аллақачон ёпилган бўлса кўча-куйда болалар шу пайтдан паққиллатиб юрган пақилдоқларни лайлак олиб келиб ташлаётганмикин?

 

Янги йил яқинлашгани сайин одамларда пиротехника воситаларга бўлган қизиқиш кучаяди. Бу, гарчи тақиқланган бўлса-да, пиротехника воситалари савдоси пайдо бўлишига олиб келади.

Шу кунларда ён-атрофда пиротехника воситалари фаол ишлатилаётгани, яъни пақилдоқлар овози кўпайиб қолгани кузатилмоқда. Энг ёмони, ушбу воситаларнинг фарзандларимиз соғлиғига, ҳаётига хавф туғдиришидир.

 

Бу йил қўшнилар билан чегаралар очилиб негадир пақилдоқ кўпайгандай, назаримда. Улар қайердан ўтаяпти,  ким олиб кираяпти? Ҳарҳолда юқорида ёзганимдай уларни лайлак олиб келиб ташламаётгандир ахир.

 

Бу нарсани кўча-куйда ортидан қувиб йиғиб бўлмайди. Чегараларда назоратни кучайтириш керак. Агар пақилдоқлар чегаралардан ёки қандайдир айланма йўллардан олиб кирилаверса мамлакат ичида уни назорат қилишни имкони йўқ.

Шуни ўша пақилдоқни кириб  келишига сабаб бўлаётганлар, йўл қўяётганлар тушуниши керак.

 

Гапим тушунарли бўлди-а?! 😊

 

Бу постни ўқиб айримлар “бизни ҳам пақилдоқ пақиллатгимиз келади” дейишлари мумкин. Тўғри, орзу-ҳавас ҳар доим бўлган. Аммо ўша пақилдоқ ёш болаларнинг қўлига тушиб салбий оқибатларга олиб келса-чи. Унда нима бўлади?

 

Қолаверса бир пайтлар эшитганман, маҳалламизда оёғи остига болалар пақилдоқ пақиллатишгани учун ҳомиладор аёл муддатидан олдин туққан ва уни боласини зўрға сақлаб қолишган. Маҳалламиздан бир бола бир кўзидан ажраган эди. Яна кимдир юзидан жароҳат олган эди. Бундай воқеалар кўп.

 

Шу туфайли ҳам пақилдоқни тақиқлаб тўғри қилишган деб ўйлайман.

Қолаверса иқтисодий қийинчилик даврида ана шу пақилдоқ пақиллатиш ортидан миллионлаб доллар ҳавога совурилиб кетади.

Янги йилда бизга давлат отаётган фейерверклар ҳам етади, нима дедингиз?! 😊

Манба:Телеграммдаги Bugunning gapi канали

Бўлишинг: