Абдулла Қодирий:Ўткан кунлар-4

4. МАРҒИЛОН ҲАВОСИ ЁҚМАДИ

Эрталабки чой ҳозирланған. Отабек хомуш ўлтуруб, Ҳасанали эрса унинг ҳолини таъқиб этмакда эди. Орадағи сўзсизлик бир пиёладан чой ичкунча бузилмади. Охирида Ҳасанали Отабекнинг тусига бир неча қайта кўтарилиб қўйди.
— Бир неча кундан бери хомушроқ кўринасизми?
Отабек савол ташлағучиға қараб олди ва тасдиқ ишорасини бериб:
— Билмадим, — деди ва бир оз тўхтаб изоҳ берди. — Хомушлигим сизга ҳам сезилдими, билмадим… Мар-ғилон ҳавоси мизожимга тўғри келмаганга ўхшайдир…
— Айтканингиздек, — деди Ҳасанали. — Марғилоннинг ҳавоси бузиқ экан, бир-икки кундан бери маним ҳам аҳволим ўзгариб бошлади. Марғилондан тез жўнамасақ мен ҳам ишдан чиқадирған ўхшайман…
Бу гапдан кейин Ҳасаналининг кўзи бекка тикилган эди, агар тундаги уйқусираш Ҳасаналининг ўйлаған эҳтимолига тўғри келса, ўзининг ҳалиги сўзи Отабекка бир ўзгариш беришида шубҳа қилмас эди.
Отабек боши берк кўчада қолғондек бўлди, жавобға қийналди:
— Кетамиз, — деди бир оз ўйланғандан кейин, — мол баҳолари тўғрисида битиша олмай турамиз — олғучилар арзон сўрайдирлар. Шунинг учун тағин бир неча кун қолишимизға тўғри келармикин. Билмадим…
Ҳасаналининг синаши ниҳоятига еткандек бўлди, ҳатто юқоридағи жавобни эшиткан вақтида нима учундир ўзини бир турлик кулгидан аранг тўхтатиб қолған эди. Яна ўртада хомушлик ҳукм суриб, Ҳасанали ишни тузикроқ очиш ва ё шу кўйи қолдириб кетабериш талашида эди. Ҳасанали бекнинг ҳар бир сирига ўзини маҳкам деб ҳисоблағанлиқдан, дарҳақиқат, Отабекка маҳрам бўлишға лойиқ бир меҳрибончилиққа эга бўлғанлиқдан хўжазодаси билан очиқ сўзлашиш фикрига келди. Бир неча дақиқа муқаддима учун режа қуриб ўлтургандан сўнг тилга келди:
— Ўғлим, Отабек.
— Сўзлангиз.
— Айтингиз-чи, мен сизнинг кимингиз?

Отабек, Ҳасаналининг мақсадиға тушунолмай маж-ҳул унга назар ташлади:
— Сизми? — деб кулимсиради. — Отам бўлмасангиз ҳам мени оталиқ муҳаббати билан суйган содиқ ва меҳрибон бир кишимсиз — яъни маънавий отам.
— Баракалла, ўғлим, — деди Ҳасанали, — жавобингиз ўз ўйлағанимчадир. Энди сиздан шуни ҳам сўрайин: хўжасиға содиқ бир қул, сизнинг таъбирингизча, маънавий бир падар ўз ўғлиға ёмонлик соғинарми, бу тўғрида жавоб берингиз-чи?
Отабек кутилмаган бу саволдан ажабланди:
— Сўзингизга тушунолмадим, ота, — деди, — шундоғ бўлса ҳам жавоб бераман: бу кунгача сиз ёлғиз менинггина эмас, бизнинг оиламизга оталиқ мавқиъида туриб, яхшилиқдан бошқани соғинмай келасиз.
Ҳасанали тусини бузмади:
— Илгарироқ балки шундоғ бўлғандир, аммо энди, айниқса сиз…
— Айниқса мен… очиб сўзлангиз.
— Айниқса сизнинг менга сақлаған ишончингиз тугалганга ўхшаб, ўзимдан қандоғ камчилик ўтканига ҳайратдаман.
— Қизиқ гаплар сўзлайсиз, — деди Отабек, таажжуби ортқан эди. — Менга қандоғ ёмонлик соғиндингиз-ки, сизга ишончим битсин? Васвасаланишнинг ўрни йўқ, мундан сўнг ҳам сизнинг хайрихоҳона кенгашларингизга, ҳам вужудингизга муҳтожман, амонатим, бошқам мундан кейин ҳам она қорнида сақланғандек сизда сақланишиға ишонаман ва бунга сизнинг ҳам амин бўлишингиз керак, ота.
— Лекин… тил билан кўнгил бошқа-бошқадир, ўғ-лим…
Отабек бу терс ва қўрс муқобаладан тоқатсизланди:
— Янглишасиз, ота.
— Янглишмайман, билъакс билиб, қаноатланиб сўз-лайман.
— Тилим билан кўнглимнинг бошқалиғини исбот қилингиз.
Ҳасанали гиналик қиёфада қошларини чимирди ва:
— Мендан яшириб юрган бир сиррингиз бор, — деди.
— Сиздан яширғон бир сиррим бор?
— Бор ўғлим, бор, — деди Ҳасанали, — агар даъвонгиз тўғри бўлса, менга чиндан ўз кишим деб қарасангиз ўша сирни яширмангиз.
Отабек тўсатдан ўзгариб, бояғи асабийлик ҳолатини йўқотти, шундоғ бўлса ҳам ўзини йиғиб кулган бўлди:
— Ҳали шунақа сиздан яширин сиррим борми?
— Бор.
— Бўлмаса, марҳамат қилиб кашфингизни сўзлангиз.
Ҳасанали пиёлани оғзига кўтариб, чойни ҳўплади, кашфини очти:
— Марғилонға келган кунлардан бошлаб сизда қизиқ бир ҳолат бор, — деди, — сиз бу ҳолатни «Марғилон ҳавоси ёқмади» деб таъбир қилсангиз ҳам мен мундан бошқа нарсалар пайқайман…
Отабек ўзига қаттиғ тикилиб турған Ҳасаналидан юзини четка буришка мажбур бўлди. Гўё бу сеҳргар чол ҳамма сиррни бетдан ўқуб олар эди. Ҳасаналини ҳамон ўзига тикилиб турғанини билиб, манглайини қашиған бўлди:
— Хўш, давом этингиз…
— Бу сиррингизни мендан яширмоқчи бўласиз, — деди тамом қаноат билан Ҳасанали, чунки, энди ўз кашфига жуда ишонған эди. — Хайр, яширмоққа ҳам балки ҳаққингиз бордир… аммо шу кўйи сир сақлаш билан бирар натижага етиш мумкинми?
— …

Отабек қип-қизил қизариб гуноҳкорлардек ерга қара-ған эди. Ҳасаналининг юзига падорона тараҳҳум туси кириб, кексаларга махсус оҳангдор бир товуш билан бек-нинг устидаги оғир юкни ола бошлади:
— Айби йўқ, ўғлим, — деди, — муҳаббат жуда оз йигитларга муяссар бўладиған юрак жавҳаридир. Шунинг билан бирга кўб вақтлар кишига зарарлик ҳам бўлиб чиқадир. Шунинг учун куч сарф қилиб бўлса ҳам унитиш, кўб ўйламаслик керакдир.
Бу кейинги гап билан Отабек кўтарилиб Ҳасаналига қаради ва узоқ тин олиб яна ерга боқди. Гўё бунинг ила «унитиш мумкин эмас» деган қатъий сўзни айткан эди. Ораға сўзсизлик кирди. Иккиси ҳам фикрга толған эди. Ҳасаналининг ортиқча берилиб ўйлаған кезда соқолини қайириб тишлайдиган бир одати бўлиб, ҳозир ҳам соқолини ямлаш билан машғул эди. Узоқ ўйлағандан сўнг ишнинг очилмай қолған қисмини ешишни бошқа вақтға қолдирмоқчи бўлди. Чунки Отабек шунинг ўзига ҳам яхшигина қизариниб, бўртинган эди.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-хон кўнгил очмоқчи

Қавс  ойи1  кирган  бўлса  ҳам,  ҳаво  мўътадил,  кун  жумъа  эди.  Ўрда  боғиға  сув  сепилиб, супурилган, ўртадағи шаҳсуфага лолагул гилам ёзилиб, хоннинг ўлтуриши учун ...

Юлдузли тунлар-85

АГРА ЮЛДУЗЛАР ГИРДОБИ 1 Яна ёзнинг жазирама иссиқлари бошланди. Бобур гоҳ девониомда, гоҳ кутубхонада ишлар, мудом ичи куйиб, совитилган норинж шарбати ва яхна чой ичар, ...

Бир кеча ёди

Ёғилади майин сас, садо, ёғар, егар шомурут қори, нақадар хуш жодугар наво, озод, қора сочлар ифори. Шомурутлар оппоқ гулидан кузатаркан фонуслар ёқиб, юлдузларнинг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400