Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 44-қисм

V

Гулимхоннинг  аввалги  эри  марҳум  Эрназар  билан  то  у  нобуд  бўлгунгача  уч  йил  бирга ишлашган эди. Сўз йўқ, хўп ишчан йигит, ўзига пухта эди — Бўстоннинг бригадасига худди мана  шундай  одам  керак  эди.  Эрназарнинг  ўзи  иш  сўраб  келувди,  шундан  бошлаб,  бирга бақамти  ишлаб  кетишди.  Куз пайти  эди,  бир  куни  у Бўстонни  йўқлаб  келиб  қолди.  Ўшанда Бўстоннинг отари қиш тушгунча Бешкунгайда турган эди. Маслаҳатга келган эдим, деди. Чой ичиб ўтириб, гаплашиб олдилар. Дуч келган одам билан ишлаш жонга тегди, деб шикоят қилди Эрназар. Қанча ҳаракат қилма, агар катта чўпоннинг ихтиёри ўзида бўлмаса, фойдаси йўқ. Умр ўтиб кетяпти, иккита қизим бўй етиб қолди, эрта-индин турмушга бериш керак, вақтнинг оқар сувдай ўтишини кўр, жонимни жабборга бериб ишлайман, лекин бошим қарздан чиқмайди, уй солдим,  уй  қуришнинг  ўзи  бўладими,  сизнинг  қўл  остингизда  ишласам,  Бўске, (уни  ҳурмат қилиб  шундай  деб  чақирди),—  яширишнинг  нима  ҳожати  бор,  ишлаш  ҳам  мумкин,  тишлаш ҳам. Жун топширсанг, эт топширсанг, қўзи олсанг,  ҳаммасига, Бўске, сизда мукофот чиқади, қўлинг  пул  кўради-ку,  ишқилиб.  Шунинг  учун  олдингизга  илтимос  билан  келдим,  агар  рози бўлсангиз,  директор  билан  гаплашиб  кўринг,  мени  сизга  ўнг  қўл,  биринчи  чўпон  қилиб ўтказсин.  Ўзингиз  ҳам  биласиз,  ерга  қаратиб  қўймайман,  акс  ҳолда  буки  гапириб  ҳам ўтирмасдим…

Бўстон  Эрназарни  илгаридан  биларди.  Нима  қилмасин,  бир  совхознинг  одамлари.  Бунинг устига  Гулимхон  хотини  Орзигулнинг  узоқ  қариндошларидан  эди.  Ҳуллас,  ўз  одами.  Лекин қандай бўлмасин, Бўстон Эрназарга дарҳол ишонди ва кейин ҳеч қачон бундан афсус чеккани йўқ.

Ҳаммаси мана шундан, шу жўнгина турмуш воқеасидан бошланди.

Улар  тез  тил  топиб,  чиқишиб  ишлаб  кетдилар.  Чунки  Эрназар  ҳам  худди  Бўстондай  ўз ишининг  туғма  эгаси  эди.  Лекин  шу  билан  бирга  бошқа  баъзи  бировларнинг  назарида  ғирт тентакнинг  ўзи:  яъни  совхозга  тегишли  мол-ҳолга  худди  ўз  шахсий  молидай  қарарди.  Эси пастми,  нима  бало?  Бошқа  ишлар  ҳам  тамомила  ҳамин-қадар  эди — худди  ўзи  учун қилаётгандай  ўлиб-тирилар,  совхознинг  нафи  учун  куйиб-пишарди.  Меҳнатсеварлик Эрназарнинг қон-қонига сингиб кетганди. Табиатан ўзи шундай эди. Лекин ҳаёт уринишларига бу хислатини янада пишитган эди. Бу фазилат ҳамма халқларга хос, у ҳамма одамларда табиий бўлиши керак, фақат бировлар ўзида бу фазилатни ўстириб, кучайтириб боради, бошқалар эса йўқ. Мундоқ каллани жойига қўйиб ўйлаб қарасанг, дунёда қанчадан-қанча ялқов ишёқмаслар —  катталар,  ёшлар  ичида  ҳам,  эркаклар,  хотин-қизлар  ичида  ҳам  бор.  Қанчадан-қанча бахтсизликлар  ва  бечорачиликлар  ҳаммаси  ҳар  қачон,  ҳамма  замонларда  фақат  ва  фақат танбалликдан юзага чиққанлиги ҳамда юзага чиқаверажагини одамлар худди тушунмайдиганга ўхшайдилар.  Лекин  Бўстон  билан  Эрназар  меҳнат  деса,  ўзини  томдан  ташлайдиган,  бир-бирларига жуда яқин одам эдилар. Шунинг учун жонни жонга суқиб дегандай, аҳил ишлашар, бир-бирларини сўзсиз тушунишар, кўнгилларици топар эдилар. Аммо ҳаёт экан, чамаси, худди мана шунинг ўзи уларнинг ҳаётларида тузатиб бўлмасдек бир ҳолларни юзага чиқарди…

Дарвоқе, бу аслида шундайми ёки шундай эмасми, яна не билайлик…Гап шундаки, оилавий ишлаб чиқариш бригадалари пайдо бўлмасдан анча аввал Бўстон Ўркунчиев худди олдиндан ниманидир сезгандай қулай пайт келди дегунча ўзига, тўғрироғи, ўзининг бригадасига доимий фойдаланиш учун ер ажратиб беришларини талаб қилгани қилган эди.  Чўпонча одмироқ тил билан  баён  этилган,  аммо  айрим  қотиб  қолган  расмиятчилар  назарида  ғашга  тегадиган  ушбу талабдан  мурод-мақсад  шу  эдики,  кошкийди,  ўзимнинг  яйловим,  ўтлоқ-майдонларим  бўлса, кошкийди,  ўзимнинг  сурув  ва  отарларим  бўлса,  уларга  томингдан  чакка  ўтиб  ётса  боши оғримайдиган хўжалик мудири эмас, шахсан ўзим жавоб берсам, подаларни бош оққан томонга ҳайдаб юрмай, тоғдаги ўз ёзги яйловларимда боқсам, ўша ўтлоқлар бошқа бировга эмас, менинг ўзимга  бириктириб  қўйилса,  ҳаммасига  ўзим  қарасам,  ҳаммасини  ўзим  сақласам,  ана  ўшанда мен  жамоатнинг  умум  ерига  қараганда  юз  карра  кўпроқ  иш  қиламан,  планда  кўрсатилгандан неча баробар кўп маҳсулот етказиб бераман, умумга тегишли ерларда худди ёлланган, келаси кузда қаерга боришга боши қотган батракдек ишлаганда, бундан нима чиқарди?

Аммо Бўстон ўз фикрини ҳеч кимга маъқуллата олмасди. Албатта, аввалига ҳам буни, рост, одамларга  ерларни  ажратиб  берсак,  тўғри  иш  бўлади,  одамлар  ўзларини  ер  эгасидай  ҳис қиладилар, оила, бола-чақа ҳам бундан баҳраманд бўлишади, ишга баравар жон куйдиришади, деб рози бўлиб турар эдилар-да, маҳаллий ҳушёр сиёсий иқтисодчилардан биронтаси чиқиб, бу ахир, социализмнинг муқаддас қонун-қоидаларини бузиш эмасмикин?— деб шубҳа билдирган заҳоти  ҳаммалари  дарҳол  бараварига  сўзларидан  қайтар  ва  бунга  бутунлай  тескари  гапларни айтишга  тушар,  исбот  қилишга  арзимайдиган  нарсаларни  исботлаб  ётар  эдилар.  Ҳеч  ким қинғайишда  айбланишни  истамасди.  Ёлғиз  саводсиз  чўпон  Бўстон  Ўркунчиевгина  ҳар  бир район  ёки  совхоз  йиғинида  ўз  гапидан  қолмасди.  Унинг  гапларини  тинглаб,  қойил  қолишар, мийиғларида  кулиб  қўйишарди:  Бўстонга  нима,  оғзига  келганини  қайтармай  сўйлаверади, йўқотадиган нарсаси йўқ, ишдан олишмайди, шохини синдириш-майди. Азамат йигит-да! Ҳар сафар Бўстонга назарий нуқтаи назардан зарба беришади — айниқса, совхоз парторги, область партия  мактабини  битириб  дипломли  саводхон  бўлган  Қўчқорбоев  ҳеч  қўймайди.  Ана  шу Қўчқорбоев билан муносабатлари жуда алламбало эди. Қўчқорбоев неча йиллардан бери совхоз партия  ташкилотининг  секретари,  лекин  Бўстон  ҳали-ҳанузгача  яхши  билолмайди — Қўчқорбоев ўзини қўй оғзидан чўп олмаган соддагина қироатхон қилиб кўрсатадими (балки бу унга нимагадир қўл келса ҳам ажабмас), ёки ўзи ҳақиқатан ҳам, асли шундайми. Кўринишдан икки  юзи  қип-қизил  ахталарга  ўхшайди — юмуртқадай  сип-силлиқ,  доим  бўйин-боғ  тақиб юради,  доим  папка,  доим  иши  бошидан  ошиб-тошиб  ётгандай — иш  кўп-кўп — чеҳраси ташвишли, худди одамларга газета ўқиб бераётгандай лаби-лабига тегмай гапиради, бир нимани қувиб  бораётгандай  оёғи  ерга  тегмай  югуради.  Бўстон  баъзан  ўйланиб  қолади:  эҳтимол, Қўчқорбоев тушида ҳам қоғозга қараб гапирса керак.

— Ўртоқ Ўркунчиев,— деб минбардан туриб таъна ёғдирарди парторг Қўчқорбоев,— сиз тушунишингиз керак ахир, ер бизда умумхалқ мулки ҳисобланади. Конституциямизда шундай деб ёзилган. Ер бизнинг мамлакатимизда фақат халққа, ёлғиз халқнинг ўзигагина тегишлидир, бошқа ҳеч кимга эмас. Сиз эса ўзингизга қишлик ва ёзлик яйловлар, қўра, қўтонлар, ем-хашак талаб қиляпсиз, биз буларни сизга хусусий мулк қилиб беролмаймиз. Йўл қўймаймиз биз бунга — социализм принципларини бузишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Сиз бизни қаёққа бошламоқчи ва оғдирмоқчи бўлаётганингизни тушундингизми?

—  Ҳеч  кимни  ҳеч  қаёққа  бошламоқчи  эмасман,—  таслим  бўлмасди  Бўстон.—  Агар ҳаммасининг эгаси, мен эмас, халқ бўлса, унда майли, менинг қўрамга халқ бориб ишласин, мен кўрай бундан нима чиқаркин. Ҳамонки, мен ўз ишимнинг хўжаси эмас эканман, кимдир ахир, барибир хўжайинлик қилиши керак-ку?

— Совет халқи хўжайинлик қилади. Ўркунчиев, яна такрорлайман, совет халқи ва давлати ҳаммасининг эгаси.

— Халқ дейсизми? Унда мен кимман, сизнингча? Ҳеч ақлим етмай қолди. Нега мен давлат бўлолмайман? Сен, парторг, ўзинг илмли йигитга ўхшайсану, лекин сизларни у ерда нималарга ўқитишган ҳайронман, ҳеч тушунмайман, айтаётган гап-сўзларингга?

— Мен, ўртоқ Ўркунчиев, сизнинг етагингизда юролмайман, бурнидан ип ўтказиб оламан деб ўйламанг. Гапларингиздан кулоқ сафсаталарининг ҳиди келади. Лекин ёдингизда турсин — сизнинг  замонингиз  ўтган  ва  биз  ҳеч  кимга  социализм  асосларини  барбод  қилишга  йўл қўймаймиз.

— Майли, ўзингиз биласиз, ҳарқалай бошлиқсиз,— тап тортмасди Бўстон,— фақат мен ўз

фикримда қоламан. Ишлайдиган бошқа биров эмас, мен ўзим. Сал гапга оғзимга урасиз: Халқ! Халқ!  Халқ — хўжайин! — дейсиз.  Бўпти,  унда!  Майли,  халқнинг  ўзи  фикрлаб,  ҳал  қилсин, йилдан йилга мол кўпайиб боряпти, майда чорванинг ўзидангина совхозда қирқ минг қўй-эчки бор — илгари  бунақаси  бировнинг  тушига  ҳам  кирмаган  эди.  Ҳолбуки,  бўш  ерлар  тобора камайиб кетяпти, планлар эса ошяпти. Мана, ўзингиз қаранг: илгари мен бир бошдан уч килою етти  юз  грамм  юнг  олардим,  йигирма  йил  аввал  эса — буни  ҳамма  билади — икки килограммдан  бошлаган  эдим,  яъни,  йигирма  йилдан  кўпроқ  вақт  ичида  бир  кило  етти  юзга ўсибман. Ҳозир эса бир йилнинг ичида планни ярим килога кўпайтириб кўйишибди. Қаердан оламан буни? Нима, энди фол очиб, афсун ўқитишим керакми? Планни бажармасам, бригада қуруқ  қолади.  Ҳамманнинг  оила,  бола-чақаси  бор.  Унда  одамларга  ишлаш,  йил  бўйи  тиним билмай  қўй  орқасидан  юришнинг  нима  ҳожати  бор?  Ҳар  бир  чўпон  худди  калхатдек  бошқа чўпоннинг яхшироқ ўтлоғини тортиб олиш учун бош тепасида айланиб турса, планни бажариб бўладими? Чунки ерга ҳамма хўжайин, ҳеч ким ҳеч нарсага жавоб бермайди. Ўтлоқларни деб, қанчадан-қанча  жанжал-тўполонлар  чиқяпти,  сен  эса  парторг,  ўзинг  ҳам  ҳеч  вақонинг уддасидан чиқмайсан, директорнинг ҳам шаҳдини қайтарасан! Кўр эмасмиз, кўриб турибмиз!

— Мен нима қиляпман, бунга райком баҳо беради. Фақат райком ҳам сизнинг бу хатарли ўзбошимчалигингизга учмайди, ўртоқ Ўркунчиев!

Ҳар сафар мана шундай гап қумга сингиб кетади…

Мана шу кезларда унинг қўшига Эрназар келиб қўшилди. У Бўстонга қўлдош ва ҳамфикр бўлди. Хотинлари Орзигул ва Гулимхон баъзан улардан кулиб қўйишарди: икки ёрти бир бутун бўлиб, на ётар-турарда ҳаловат бор, на еяр-ичарда, ишдан бошқа нарсани билмайди булар деб.

Ўшанда икковлари подани ёзга Ола Мўнгу довонидан нарига ҳайдасакмикин, деб юришди. Бу гап  Эрназардан  чиқди.  Юрамизми  ёз  бўйи  тоғ  ён-бағирларида  изғиб,  озгина  ўт-ўлан  учун қўшниларимиз билан ёқа бўғишиб, ундан кўра ёз ичи довоннинг нариёғига Кичибел яйловига чиқиб  кетсак,  яхши  эмасми?  Қари-қартангларнинг  айтишларига  қараганда,  илгарилари  бой-бадавлат  чорвадорлар  пода,  сурувларини  ўша  ёқларга  ҳайдаб  кетишаркан. «Кичибел»  деган қўшиқ ўша замонларда тўқилган. Улар Кичибел яйлови унчалар катта бўлмаса ҳам, лекин ўт-ўлан  белдан уриб  ётишини  билишаркан.  Мол  беш  кун  ичида  ем  бериб  боқилгандай  семириб кетаркан.

Бўстон аввалроқ ҳам бу ҳақда бир ўйлаб кўрган, лекин Кичибелнинг ноаниқ жойлари кўп эди.  Колхоз  чорвадорлари  урушдан  илгари  ёзга  Кичибелга  бирдан-бир  йўл  Ола  Мўнгу  муз довонидан ўтиб боришган. Уруш пайти овулларда чоллару болалар қолганда ҳеч ким Кичибелга боришга  юраги  бетламай  қўйган.  Кейин  қурби  қочган  майда  колхозларнинг  бари  номи  ҳам аллақандай …йиллик  деб  тугайдиган  бемаъни  олти  сўздан  иборат  катта  совхозга бирлашганларидан сўнг, ана шу олатасир тўполон ва ғалвалар ичида улуғ Ола Мўнгу довони оша  ўтиб  бориладиган,  ёзда  чорвани  икки  ой  ва  ҳатто  ундан  ҳам  ошиқроқ  вақт  олиб  чиқиб кетиб,  семиртириш  мумкин  бўлган  яйлов  борлиги  аста-секин  кўпларнинг  ёдидан  кўтарилди.

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Видолашув (шеър)

Хайр, Баҳор! Алвидо, Баҳор! Раҳмат, оппоқ гулларинг учун, шохларимга зумрад ғўралар қадаб қўйган қўлларинг учун. Хайр, Баҳор! Алвидо, Баҳор! Ушалмасдан қолди армоним. ...

Юлдузли тунлар-22

1 Тун қоронғиси устига осмонни қуюқ булут қоплади-ю, қалъа ичини зулмат босиб кетди. Андижон кўчалари таҳликали бир сукутга чўмган. Жимжит кечада арк дарвозасининг ғийқиллаб ...

Юлдузли тунлар-60

* * * Бўстонсаройнинг тиллакори қабулхонасида Амударё бўйидаги Урганч ва Қоракўл шаҳарларидан хушхабарлар билан келган бек ва аъёнлар шарафига зиёфат берилмоқда эди. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400