Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 46-қисм

Йўловчилар  ерга  тушиб,  ҳориган  отларни  эгар-жабдуқдан  бўшатиб,  тунга  ҳозирлик  кўра бошладилар.  Унча  баланд  бўлмаган  қоя  остидан  жой  топдилар — Эрназар  дара  ичидан,  ҳов бутазорлар  ўсган  ерларгача  бориб  ўтин  йиғиб  келди.  Ўт  ёқиб,  унинг  атрофида  уйдан  олиб чиққан таомлари билан тамадди қилишди, ҳатто тунука чойнакда чой қайнатиб ичишди ва олис йўлдан сўнг ўрин тузатиб чўзилишди.

Довон  остидаги  тоғ  ёналарида  тез  қоронғи  тушди  ва  кун  худди  қиш  киргандай  бир  зум ичида  совуди.  Ёздан  қишга  ўтиш  учун  отда  бир  кун  йўл  юриш  кифоя  қилди.  Ола  Мўнгу музликларидан изғирин эсди. Ахир мангу музликлар қўл узатса етадигандай яқин эди. Бўстон қайсидир  газетада  ўқиган  эди,  бу  музликлар  миллион  йиллардан  бери  мавжуд,  водийлардаги ҳаёт  уларга  боғлиқ,  музликлар  аста-секин  эриб,  жилғалар  ва  дарёларни  тўлдиради, пастликлардаги барча дов-дарахт, ўт-ўланга жон ато этади, далаларда экин-тикинни яшнатади, табиатдаги ҳамма нарсалар мана шундай донолик билан яратилган.

— Эрназар,— деди ухлаш олдидан Бўстон,— совуқни қара-я! Суяк-суягингдан ўтиб кетади-я! Яхшиям, пўстинларимизни олган эканмиз.

—  Пўстинни  айтасиз,—  жавоб  берди  Эрназар.—  Илгариги  вақтларда  дуо  ўқиб  жон сақлашган, уни довон дуоси дейишган. Эсингизда борми?

— Йўқ, эсимда йўқ.

— Менинг эсимда қолган, бобомиз айтиб берган эди.

— Қани, ўқи-чи.

— Э, мен ўттан-бўттан биламан, холос.

— Ишқилиб, билар экансан-ку. Қани бошла!

— Хўп, майли. Мен айтиб турай, сиз такрорланг. Эшитяпсизми, қани, сиз ҳам айтаверинг: «Ё  яхималак,  осмоннинг  Ҳокими  кўк  Тангри  муз  довон  узра  йўлимизни  енгил  қилгайсан. Чорвамизни  қора  изғиринга  гирифтор  этмагайсан,  бунинг  ўрнига  осмондаги  қора  қузғунни олгайсан.  Бола-чақамизни  совуқ  нафасинг  билан  қотириб  қўймагайсан,  бунинг  ўрнига осмондаги  ҳаққушни  олгайсан.  Отларимизнинг  айилларини  қаттиқроқ  тортиб  боғлагаймиз, қўтосларга ортган кўч-кўронимизни маҳкамроқ жойлагаймиз ва сенга тавоф қилиб айтгаймиз, йўлимизни боғлама, бизни довондан кўм-кўк ўтлоқлар, муздай булоқларга ўтказиб қўй, бизнинг ушбу сўзларимизни қабул эт…»Менимча, шундай эди. Уёғи эсимда йўқ…

— Аттанг…

—  Нимасига  ачинасиз?  Ҳозир  бунақа  дуолар  ҳеч  кимга  керак  эмас.  Энди  мактабларда буларни қолоқлик ва жаҳолат деб ўргатишади. Қаранг, ахир, коинотга одам учяпти дейишади.

—  Коинотнинг  бунга  нима  алоқаси  бор?  Нима,  осмонга  учган  бўлсак,  аввалги  ота-боболарнинг сўзларини унутишимиз керакми?

Кўкка  чиқаётганларнинг  сони  бармоқ  билан  санарли,  сиз  ердагилар  қанчадан-қанчамиз, қанчадан-қанчамиз  ерда  тириклик  қиламиз?  Ота-боболаримиз  ерда  яшашган,  уларнинг тирикчилиги ер билан бўлган, осмонда нима бор бизга? Ким учса учаверсин. Ҳар ким ўз ишини қилсин.

—  Айтишга  осон,  Бўске.  Бизнинг  парторгимиз  Қўчқорбоевга  ўхшаганлар  ҳар  майлисда эскидан  қолган  нарсаларни  сўкканлари  сўккан.  Тўй  қилишни  билмайсизлар,  нега  тўйларда ўпишмайсизлар, нима учун келин бола қайнанаси билан танса тушмайди? — дейишади. Ҳатто болаларингизга тузукроқ от қўёлмайсизлар, деб дағ-даға қилишади. Янги тасдиқланган исмлар рўйхати  бор  эмиш.  Ҳамма  эски  номларни  ўзгартириш  керак  эмиш.  Қўйинг-чи,  ҳатто  ўликни қандай  кўмишгача  аралашади,  ундоқ  қилинглар,  бундоқ  қилинглар,  ундоқ  йиғламанглар, мундоқ  ош  тортманглар.  Ҳатто  қандай  йиғлаш  кераклигигача  кўрсатиб  беради;  эскича йиғламанглар, янгича йиғланглар, дейди.

—  Биламан,  Эрназар  ҳаммасини.  Билмай  ўлибманми?  Москвага  борсам,  кузда  мени кўргазмага  жўнатишмоқчи,  гапнинг  очиғи,  Марказқўмга  кириб  айтаман:  бизга  Қўчқорбоевга ўхшаганлар ростдан ҳам керакми ёки бу пешонамизга битган шўрми? Ҳеч нарса демаганингда ҳам,  сал  нарсага  ҳиқилдоғингдан  олади,  сен  партияга  қаршисан,  дейди.  Ўзини  партия  деб билганига ўласанми? Яна ҳеч ким унга миқ этиб оғиз очмайди. Ана, одамларимиз қандай. Ҳатто директоримиз  ҳам  ўзини  четга  олади.  Э,  қўйсанг-чи,  уни!  Ёмони  шундаки,  Қўчқорбоевга ўхшаганлар бошқа ерларда ҳам тиқилиб ётибди…Ке, энди ухлайлик, Эрназар. Ахир эртага кун оғир бўлади…

Икки  чўпон  улуғ  Ола  Мўнгу  муз  довони  остидаги  дарада  ундан-мундан  гаплашиб  ётиб ухлаб қолдилар. Юлдузлар ҳаммаси, битта қолмай сим-сиёҳ осмон бағрида тоғлар узра бодраб-бодраб  чиқдилар,  чўнглиги  худди  муштдай-муштдай  келади-я,  лекин  нимагадир  ерга  қулаб тушмайди, деб ажабланарди Бўстон. Дона-дона юлдузлар фалакда осилиб туришар, тинимсиз жимирлар,  им  қоқар,  совуқ  шамол  тошлар  оралаб  қутуриб  чийилларди…Шамоллар  илоҳига доим жой етмайди…У доим недандир норози ва доим нелар-нидир ўз бағрида яширади…

 

* * *

 

Бўстон  фиғон  кўтариб  улиган  бўриларнинг  овозларини  тинглаб,  шу  тобгача  бошидан нимаики кечирган бўлса, барини эслаб ётган ўша машъум кечада ҳам шиддатли совуқ шамол чийиллаб, ҳуштак чалиб дераза ёруқларидан уйга ёриб кирарди. У ўтган кунларни яна бир-бир ҳаёлидан  кечирар,  юрагини  тубан  кишилар  томонидан  еткизилган  озор  ўртарди.  О,  бу юзсизлик! Улар ҳатто бировларнинг бахтсизликларини ҳам масхара ва майнавозчилик, туҳмат манбаига  айлантирадилар.  О,  нечоғлик  кучли  бу  кўҳна  дунёдан  қолган  юзсизлик!  Истаган одамга  азоб  беришлари,  истаган  одамни — чўпондан  тортиб  подшоҳгача — руҳий  қийноқ чоҳига  ташлашлари  мумкин.  Юраги  адоқсиз  маҳзун  ўйлардан  гоҳо  шунчалар  ҳам  сиқилиб кетардики, бу кеча яна пайдо бўлиб ув солаётган бўриларнинг фарёдлари Бўстонга ўз мустар кўкрагидан отилиб чиқаётгандай туюларди. Назарида бўрилар эмас, унйнг ўртаниб куйган дили қўралар ортида тун қоронғилигида ноумид кезаётгандай, қўзёш тўкавериб аламдан кўр бўлган дили Акбара билан бирга нола-афғон қилаётган, уввос солиб йиғлаётгандай эди. Бўрининг бу ноласига  инсон  тоқати  етмасди,  уни  қандай  бўлмасин,  бўғиб,  ўлдириб  ташлагиси  келарди. «Тоза оҳанига олди! Хўп, нима қилай ахир? Мендан, ахир, нима истайсан? — тажанг бўларди Бўстон.—  Сенга  ёрдам  бериш  қўлимдан  келмади.  Мен  ҳаракат  қилиб  кўрдим,  лекин  ҳеч  иш чиқмади, ишон менга, Акбара. Бўлди, бошқа увлама! Йўқ бу ерда сенинг болаларинг, йўқ, юз чақирим  наридан  ҳам  тополмайсан  қидириб.  Болаларингни  пуллаб,  ичишди.  Энди  ҳеч  қачон уларни тополмайсан! Бас қил энди! Қачонгача бизни қийнайсан? Кет, кет, Акбара! Унут энди барини. Биламан, сенга оғир, лекин кет энди, йўқол кўзимдан, Худо кўрсатмасин, менга асло йўлиқа кўрма, сен шўрликни отиб ташлайман, ҳеч нарсага қараб ўтирмайман, отиб ташлайман, чунки  ҳоли-жонимга  қўймаяпсан,  мени  мажбур  қилма,  сенсиз  ҳам  юрагимга  қил  сиғмайди, сени-ку ўлдирарман, лекин анов менинг шўрим устидан масхаралаб, кулиб юрганларни нима қилайин,  ахир,  жилла  қурса,  сен  нари  тур,  сен  йўқол  кўзимдан,  бошқа  ҳеч  қачон,  ҳеч  қачон нолангни  эшитмай!  Онаизоримнинг  номига  қасам  ичаманки,  яна  баъзи  бировларни  ҳам  ҳеч қараб  ўтирмай  отиб  ташлаган,  қўлим  асло  қалтирамаган  бўларди.  Сенинг  ҳам,  менинг  ҳам душманимиз битта — у, Акбара, сенинг болаларингни ўғирлади, мени эса бу бадмаст махлуқ ҳаром  тили  билан  шарманда  қиляпти.  Шуни  ўйласам,  ўшанда  музлик  қаъридан  тирноқ-қўлларим  кўчиб,  шилиниб  Эрназарни  қидирганларим,  тўхтовсиз  чақирганларим,  ёлғиз  ўзим қолиб,  бераҳм  тоғларда  йиғлаганларимда  қандай  жондан  тўйган  бўлсам,  ҳозир  ҳам  шундай жонимдан  тўйиб  кетаман,  сира  яшагим  келмайди.  Агар  манови  кичкинтойни  демасам, яшамасдим,  ҳам,  тупурардим  ҳаммасига.  Мана,  онаси  олдимга  олиб  келиб  қўйган,  ёнимда эркаланиб ухлаб ётибди. Рост, хотин киши бўри увилласа қўрқади, мурғак гўдак эса маъсум ва соф, бегуноҳ уйқуга чўмган, у менинг азоб-уқубатларим эвазига, барча бошдан кечирганларим эвазига  дунёга  келган,  у  менинг  жоним  ва  қоним,  мендан  охирги  ёдгор.  Лекин  ахир,  мен  бу қисматни  тилаб  олганим  йўқ,  унинг  ўзи  кириб  келди  ҳаётимга  худди  тонг  отгандай,  кун ботгандай,  қадимгилар  тўғри  айтишган  экан,  тақдирдан  қочиб  қутулиб  бўлмайди  деб.  Анов аблаҳ Бозорбой эса бошимга ифлос туҳматлар ёғдириб юрибди, ҳеч инсофга келадиган эмас, менга қолса, уни бўғиб ўлдирган бўлардим. Бошқа иш қуриб қолгандай парторг ҳам биринчилар қаторида  бу  ароқхўрнинг  гапига  учяпти,  баракалла-баракалла  деб  турибди,  кичкинамнинг ризқини қиймоқчи… Мен тушунмасам, сени ким тушунади. Акбара!»

 

Ўша  кеча Бўстон уйқусизликдан  азоб  чекиб,  ана  шуларни  ўйлаб  ётарди.  Лекин  шунчалар ақли, меҳрибонлиги билан ҳам барибир у Акбара бошига тушган бахтсизликни тўла-тўкис кўз ўнгига  келтиролмасди.  Майли,  гарчи  Акбара  тилсиз-забонсиз  эди,  лекин  унинг  тил  билан ифодалаб  бўлмас  қийноқлари  бор  эди.  У  вужуди – хирмонини  ёққан  ана  шу  азоблардан  ҳеч қутулолмасди.  Ахир,  ўз терисидан ташқарига чиқиб кетолмайди-ку?  Ахир,  тоғ-тошларда,  сув босган қайирларда Тошчайнарни орқасидан тўхтовсиз эргаштирганча тиним билмай, ҳеч қандай мақсадсиз  изғиб  юрмаяптими  ўзини  буткул  ҳолдан  тойдириш,  оёқдан  қолиш,  ётиб  ўлиб  қўя қолиш  қасдида?  Юрагидаги  алам  ҳовурини  босмоқчи  бўлиб,  Тошчайнар  билан  бирга  йўлида ким  дуч  келса,  шунга  қутуриб  ташланмадими?  Камар  ичидаги  инига  аллақандай  умид  билан неча-неча бор қайтиб бормадими? Совуқ, бўм-бўш инни кўриб умидлари сўнмадими неча-неча бор? Қанча-қанча тушларига алданмадими?..

 

Ў,  қанчалар  оғир  бу!  Ўша  кеча  Акбара  атроф  ерларда  боши  оққанча  дайдиб  юраркан, бирдан, кутилмаганда, худди бир зарур иши чиқиб қолгандай, шартта Бошат дарасига бурилиб, елдай учиб кетди. Тошчайнар ҳам одатига кўра ундан бир қадам орқада қолмай чопиб борди.

Акбара  эса  борган  сари  тезроқ  югурар,  худди  қанот  чиқаргандай  тоғу  тош,  ўру  қир, чангалзорлар оша телбаланиб учарди. Ниҳоят, таниш сўқмоқ, таниш камар, таниш зиркзордан ўтиб, инига етиб келди, ин ҳамон совуқ, ҳамон бўм-бўш, ҳувиллаб ётарди. Акбара болаларининг иси  қолган  ҳамма  нарсаларни,  ҳамма  бурчакларни  яна  бирма-бир  искаб  чиқди  ва  яна  юраги эзилиб,  аламига  чидолмай  дод  деб  юборди,  ингради,  йиғлади,  увлади: «Қани,  менинг бўлтуруқларим?  Қанисиз,  эй  ширин-шакар  болажонларим?  Кошкийди,  сиз  вояга  етсангиз, тишларингиз чиқса, менинг ёнимда юрсангиз, қанчалар танимга мадор, жонимга жон, оёғимга қувват бўлар эдингиз, болажонларим».

Акбара ҳалигача шиша оғзидан бадбўй ҳид таралиб ётган, қушлар чўқиб, қолган-қутган сули доналари музлаб ерга ёпишган жилға бўйида ўзини телбаларча у ёқдан-бу ёққа урарди…

Сўнг у яна инига қайтди, тумшуғини човига тиқиб чўзилди. Тошчайнар ёнида қалин, ўсиқ жунлари билан уни иситиб ётди.

Тун  кирган  эди.  Акбаранинг  тушига  болалари  кирди,  улар  инда  Акбаранинг  биқинига ўраниб  ётишарди.  Улар  энтак-тентак  бўлишиб  эмчакларини  тортқилашарди.  Қачондан  бери эмизсам, дейди, сутга тўлиб, тирсиллаб кетди эмчаклари, оғрийди, сирқирайди… Бўлтуруқлар сут  кўплигидан  тамшаниб,  чапиллатиб,  маза  қилиб  эмишар,  бўри  вужуди  худди  эриб кетаётгандай  ҳузурланарди,  фақат  нима  учундир  сути  ҳеч  камаймасди…Бўри  бундан хавотирланарди:  нега  ундай  бўляпти,  нега  эмчаклари  бўшамаяпти,  бўлтуруқлари  нега  ҳеч тўймаяпти? Лекин ҳар қалай, тўртала боласи ҳам ёнида-ку, ана улар — мановиниси думи оқ, у ҳаммасидан  шўхроқ,  ановиниси  эмгани  эмган,  эмчакни  оғзидан  қўймайди  ва  шу  кўйи  ухлаб қолади, учинчиси эса уришқоқ ва йиғлоқи, тўртинчиси — қиз, у жуда ҳам ширин, кўзлари кўк. Кейин  бориб,  Акбаранинг  худди  ўзи  бўлади…Кейин  Акбара  тушида  ўзини  улуғ  чўл Мўйинқумда учиб кетаётганлигини кўрди, унинг оёқлари ерга тегмайди, ёнида тўртала боласи, улар  ҳам  учиб  боришяпти,  шундоқ  ёнларида  эса  Тошчайнар  катта-катта  ҳатлаб  сакраётибди. Кўкда қуёш чарақлаётир, сарин шабада елади, нақ ҳаётнинг ўзидай…

Шунда Акбара уйғониб кетди ва анчагача дунёнинг шафқатсизлигидан эзилиб, қимирламай ётди.  Сўнг  ғоятда  эҳтиёткорлик  билан  ташқарига  чикди.  Ҳатто  Тошчайнар  билмай  қолди. Ташқарига  чиққанда  биринчи  кўрган  нарсаси — қор  босган  тоғлар  узра  ой  кўтарилган  эди. Мусаффо  кеча  осмонида  ой  шу  қадар  яқин  кўринар,  шу  қадар  ярақлаб  ётардики,  унга  чопиб етиб олса бўладигандай эди. Акбара чулдираб қўшиғини айтиб чопаётган жилға бўйига келди, бошини солинтириб, сув бўйида маҳзун айланиб юрди, кейин думини ерга тўшаб ўтирди, ой баркашига узоқ-узоқ термилди. Шу кеча Акбара ойда макон қурган бўрилар илоҳи Бўри Онани яққол  кўрди,  илгари  ҳеч  қачон  бундай  бўлмаган  эди.  Унинг  ой  юзидаги  хира  сояси  баайни Акбаранинг ўзгинаси эди! Қашқир худоси Бўри Она ойда думини бир ёққа ташлаб, жағларини катта  очиб  ўтирарди.  Акбаранинг  наздида  ой  бўриси  унга  тикилиб,  уни  тинглаётгандай  эди. Шунда Акбара бошини баланд кўтариб, ўз Илоҳасига йиғлаб нола қилди, унинг комидан оппоқ нафас отилиб чиқди: «Ё бўрилар худоси Бўри Она, ўзинг кўр ҳолимни, совуқ тоғларда толеи шўр ва забун бўлиб ўтирган мен Акбарангман! Ҳолим ёмон бўлди! Фарёдларим қулоғингга етиб боряптими? Аччиқ-аччиқ кўзёш тўкканларим, нолаларимни эшитяпсанми? Ичим оғриқдан ёниб кетяпти, эмчакларим сутга тўлди, кимни эмизаман энди, кимни боқаман энди? Болаларимдан айрилиб қолдим. Ў, қани ахир улар? Нима бўлди уларга? Бу ёққа туш, Бўри Она, ёнимга туш, ёлвораман, қўшилишиб йиғлайлик, қўшилишиб нола қилайлик. Ў, ёнимга, туш, туша, қол, сени ўзим  туғилган  юртга  бошлаб  борайин,  бўриларга  яшаш  учун  жой  қолмаган  чўлларимни кўрсатайин. Ў, туш, мана шу тошлоқ тоғларга туш, бу ерларда ҳам энди бизга жой йўқ, бизга ўзи ҳеч қайда бошпана қолмади шекилли…Агар тушмайдиган бўлсанг, ё Бўри Она, унда мен афтодани,  болаларидан  жудо  Акбарангни  ўз  ёнингга  ол.  Сен  билан  бирга,  майли,  ойда  кун кечирайин,  сен  билан  бирга  ватанимиз — ерни  соғиниб  йиғлашайин.  Ў,  Бўри  Она-а-а,  мени эшитяпсанми-и-и? Қулоқ сол, қулоқ сол, қулоқ сол менга Бўри Она, нолаларимга қулоқ сол!»

Совуқ тоғлар қучоғида ўша кеча Акбара ойга шуларни айтиб йиғлар, нола қилар, тинмай ув тортарди…

* * *

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-30

САМАРҚАНД ҲАЛ ҚИЛУВЧИ ОЛИШУВ 1 Бўстонсаройнинг бир четида ранг-баранг тошлар билан сангфарш* қилинган мармар ҳовузли ҳаммом бор эди. Кечки пайт шу ҳаммомга Султон Али ...

Нажот истаб тошкандга

14. НАЖОТ ИСТАБ ТОШКАНДГА Бу кун саккиз кундан берига — «кутилмаган бир бахт» эгаси бўлиб олған Кумушбиби учун бу ҳол кутилмаган бир бахтсизлик, кутилмаган бир фалокат эди. ...

Депутатнинг ноласи

Олимжон Тўхтаназаров: Наманганнинг Попидан, Тошкент тамон қайтаман. Аҳолини дардини, Президентга айтаман. Мавжуд бўлган муаммолар, Ечимини топмас ҳеч. Тумандаги холатни, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400