Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 47-қисм

Довонда  шикама  кечаси  тугаб,  тонг  отганда  биринчи  бўлиб  Эрназар  ўрнидан  турди  ва пўстинига ўраниб, тушовлиқ отларга қаради.

—  Совуқми? — деб  сўради  Бўстон  пўстин  тагидан  хавфсираб  қараганча,  қайтиб  келган Эрназардан…

— Бу ерда ўзи доим шунақа,— жавоб қилди Эрназар.— Ҳозир совуқ, лекин офтоб чиқиши билан дарров исиб кетади.— У жун ёпинчиқ устига ёнбошлади.

Ҳали вақт эрта эди, ушбу соат ҳали тоғлар ғира-шира эди.

— Отлар қалай?

— Жойида.

—  Менимча,  подани  олиб  чиққанда,  кечасига  мана  шу  ерда  чодир  қурсак  бўларкан,  ҳар ҳолда совуқдан пана-да.

— Нега қурмайлик, қурамиз,— рози бўлди Эрназар.— Бир пастда ўрнатамиз. Ишқилиб, йўл қилиб олсак, бас. Қолгани ўзимизга боғлиқ.

Офтоб  чиқиб,  тоғларда  чиндан  кун  илиди.  Атроф  ёришиб,  аёзнинг  дами  қайтгач,  улар отларни эгарладилар.

Бўстон отга ўтирмасдан олдин яна атрофга назар ташлади, теваракни ўраган учурумлар ва баҳайбат қояларга кўз югуртирди. Улар ваҳший ва юксак эдилар, инсон боласи улар қаршисида тирноқча  ҳам  кўринмасди.  Улар  шу  тоғларга  қасдма-қасд  иш  қилмоқда  эдилар. «Довондан қўрқмаймиз,—  деб  ўйлади  Бўстон,—  гап  ҳаёт  устида  боряпти.  Гап  ҳаёт  устида  борганда, одамни ҳеч нарса қўрқитолмайди,— у истаган жойдан — денгиздан, ер тагидан, осмондан йўл

топади. Биз ҳам ўз йўлимизни топиб оламиз».

Бошламасига  улар  четига  катта  тошлар  суриб  қўйилган  кўҳна  сўқмоқни  топдилар  ва  у довондан  қандай  ўтиб  боришини  тасаввур  қилиб  кўрдилар.  Довон  йўли  икки  баланд  чўққи ўртасидаги қор босган ўркачдан ўтар экан. Ўша ёққа қараб йўл олишди. Ўркач ортида, чамаси, Ола  Мўнгу  тизмасининг  нариги  ёғига  тушиш  бошланарди.  Кичибел  яйлови  ўша  ёқда. Қарияларнинг айтишларига қараганда, у ерда қайин ўрмонзор ўсиб ётади ва айқириб тоғ дарёси оқади. Табиат ўз муқаддас жойларини одатда мана шундай овлоқ ерларга яширади ва уларга етиб боришни мушкул қилиб қўяди. Лекин тирикчилик экан, одам боласи уринмаса, бўлмайди — унинг ердан бошқа яшайдиган жойи йўқ…

Сўқмоқ борган сари тик ўрларди. Қор босган ерларга кўтарилганларида отларнинг юриши қийинлашди — ичкарилаб борганлари сайин қор бадтар қалинлашарди. Офтоб чарақлаб турар, изғирин  тўхтаган,  шу  қадар  жимжит  эдики,  отларнинг  ҳансираб  нафас  олишлари  ўз нафасларидай эшитиларди.

—  Ҳа,  қалай? — орқасига  қайрилиб  сўради  Бўстон  Эрназардан.—  Агар  қор  қўйларнинг қорнидан юқори бўлса, мазамизни қочиради. Нима дединг?

—  Шундай  бўлиши  ҳам  керак  ўзи,  Бўске,  кетаётган  жойимизни  кўринг!  Лекин  қийин  ер ишқилиб,  узоқ чўзилмасин-да.  Нари борса, қўйлар ўтадиган сўқмоқ очамиз, у ер-бу ерда қор тепкилаймиз.

— Мен ҳам шуни ўйлаб турувдим. Белкурак олволишимиз керак экан. Эсингдан чиқмасин,

Эрназар, белкурак олиб келишимиз зарур.

Қор отларнинг тиззасидан юқори келгач,  чўпонлар ерга тушиб, уларни етаклаб  бордилар. Ҳаво етишмай қўйди, оғизлари билан нафас олишди. Оппоқ қор кўзни қамаштирар — ҳозир ҳамма кўчада тақиб юрадиган қора кўзойнак асқотиб қолди. Отлар ҳарс-ҳарс нафас олар, қора терга  ботган,  бўксалари  кўтарилиб-кўтарилиб  тушарди.  Бахтларига  ўша  баланд  ўркачгача унчалик олис эмасди…

Офтоб бир-бирларига айқашиб кетган, абадий тош қотган қорли тоғ чўққилари узра тиккага келганди.  Йўлларида  ёйилган  бир  қанча  тўп  булутларни  айтмаса,  ҳеч  нарса  ҳавонинг ўзгаришидан дарак бермасди. Улар оралаб, яна ҳам тўғрироғи, улар устида худди пахтани босиб ўтгандай  ўтиб  бориш  мумкин  эди.  Ҳозир  Иссиқкўл  бўйларида  ҳавонинг  исиб  кетгани,  дам олувчилар  ҳатто  соҳилдаги  қумлоқларда  ўзларини  офтобга  тутиб  ётганликларига  ишониш қийин эди.

Ҳали  яна  ярим  чақиримча  йўл  босишлари  керак.  Айтинг-айтинг,  ишқилиб,  довоннинг нарёғида ишнинг пачаваси чиқмасин-да, деб ҳадиксирашарди улар…

Ниҳоят, довондан ўтдилар. Бўстон билан Эрназар нафас ростлагани тўхтадилар. Улар қаро терга  ботгандилар.  Ҳарсиллаб  нафас  олишарди.  Отлар  ҳам  ҳолдан  тойган  эди.  Улар  чиқиб келган йўлларига қувониб, мамнун бўлиб қарашарди.

—Ана, бўлди, Бўске,— деди кулиб Эрназар. Унинг кўзлари бахтиёрликдан чарақларди.— Подани олиб ўтса бўлади бу ердан. Ҳаво очиқ турса, бас.

—Ҳамма гап шунда-да. Кун очиқ бўлиши керак.

— Сиз билан икки ярим соат юриб келдик,— деди Эрназар соатига қараб.— Унча кўп эмас, а, тўғрими?

— Қўй ҳайдаганда уч соат юрилади,— деб қўшилди Бўстон,— балки кўпроқ юрилса ҳам керак.  Лекин  энг  муҳими,  довондан  ўтиш  мумкин  экан,  шунга  ишондик.  Қани,  юрдик.  Ҳўв анави ердан менимча, тушув бошланади. Балки Кичибел ҳам кўриниб қолар. У ёкда ҳам-маёқ ям-яшил кўкариб ётгандир ҳозир…

Икков яна илгарилаб кетдилар. Атрофда текис, тоза қор кўрпаси тўшалган, баъзи ерларда шамол қорларни қуюнда уюб, буюғ ясаб, тепа қилиб ташлаган, улар офтобда ярқирайди. Лекин, олдинда аллақайда қорлик дунё тугаб, бутунлай янги олам бошланишидан нималардир дарак бериб  турарди.  Икковлари  тезроқ  ўша  томонга  ўтиш,  орзу  қилган  жойларини  кўришга ошиқардилар. Улар икки тоғ ўртасидаги ўркачдан ўтиб боришар, яна озгина юрсалар, мақсадга етадигандай  эдилар.  Бўстон  отини  етаклаганча  қор  тепкилаб  олдинда  борар,  шунда  бирдан оёғининг  тагида  алланима  қалтираб  кетгандай  туюлди.  Орқа  томондан  қичқирган  товуш эшитилди.

Бўстон дафъатан ўгирилиб қаради ва анқайиб қолди: Эрназар кўздан ғойиб бўлган, қайгадир тушиб кетган эди. На ўзи бор, на оти. Фақат у ҳозиргина қадам ташлаган жойда қор тўзонланиб турарди.

—  Эрназар!—  ваҳимали  қичқирди  Бўстон  ва  ўз  қичқириғидан  ўзи  қўрқиб  кетди.  Унинг товуши тоғларнинг ўлик сукунатида гулдураб акс садо берди.

Бўстон  қор  тўзиб  турган  ерга  ўзини  отди  ва  базўр  ўзини  ушлаб  қолди,  ўзини  қандайдир ғайритабиий куч билан орқага олди. Унинг олдида тубсиз ўпқон очилди. Ўпқон қорайиб ётар, ундан абадий совуқ нафас уфурарди. Шунда Бўстон қорга қорни билан ётди-да, нима бўлганини ақлига сиғдиролмай, тўғрироғи, бунга асло ишонмай, қаър четига суриниб келди. Унинг бутун вужуди, бутун фикру ҳаёли қўрқинчга айланди, шу қўрқинч танасини бутунлай карахт қилиб кўйди. Шунга қарамай, Бўстон судралганча сурилиб борар, ўзи тушунмаган алланима кучига куч  қўшар,  нафас  олишга  кўмаклашарди.  Бўстон  тирсакларига  тираниб,  юзига  ёпишаётган корларйр сидириб, суринарди. Ниҳоят, у қор таги кўк муз эканлигини тушунди. Шунда у қор тагида  кўмилиб  ётадиган  ёриқлар  ва  ўйилган  ерлар,  уларга  тушиб  кетган  йилқилар  ҳақидаги ривоятларни эслади, «ер юткур», «жар ёқага кет!» деган қарғишлар эсига тушди. Лекин нима учун Эрназар, Эрназаргина эмас, унинг ўзи ҳам бу балога гирифтор бўлдилар?

Ҳеч  нарсага  қаноат  қилмади,  доим  кўзига  оз  кўринди,  ношукурчилик  оқибати  эмасмикин бу?.. Бундай кулфатга дучор бўлишини билганда-ку…

Бўстон тоғ ёриғигача судралиб келди. Унинг кўз ўнгида таги-туги йўк қаър қорайиб ётарди.

Тубсиз жар ёқалари худди шар-шар йиртилиб кетгандай эди. У даҳшатдан титраб кетди.

— Эрназар,—оҳиста пичирлади Бўстон, бир зум ичида унинг томоғи қақраб кетганди, кейин ваҳшиёна ҳирқираган товуш билан бақирди:— Эрназар, қайдасан? Эрназар! Эрназар! Эрназар!

У  жим  бўлди.  Шунда  назарида  қаър  ичидан  билинар-илинмас  инграган  бир  овоз эшитилгандай туюлди: «Яқинлашманг».

Бўстон шунда фарёд кўтарди:

—Эрназар! Жигарим! Мен ҳозир! Ҳозир! Сабр қил! Ҳозир сени тортиб оламан!

У  жарга  қулай-қулай  деб,  ўзини  ортга  отди.  Бориб  отнинг  жиловларини  сидириб  торта бошлади.  Улар  ўзлари  билан  Эрназарнинг  эгарига  маҳкамлаб  арқон  ҳамда  болта  ола  келган, лекин  энди  бу  нарсалар  жарга  қулаган  от  билан  бирга  кетган  эди.  Бўстон  пичоғини  қинидан суғурди,  тери  тасмалар — нўхта,  қуйишқон,  тизгин,  узанги,  жилов  борми  ҳаммасини  кесиб чиқиб,  сўнг  битта  қилиб,  узунасига  маҳкамлаб  боғлади.  Қўлини  кесиб  олди.  Дағ-дағ қалтирарди.  Яна  қаър  ёқасига  сирғалиб  борди,  кўзига  ҳеч  нарса  кўринмас,  йўлга  қарамас, талваса  ичида  титраб  нафас  олар,  худди  бирдан  жон  таслим  этадигандай,  Эрнёзарни қутқаролмай қоладигандай қўрқар, жониқарди.

— Эрназар! Эрназар!— товуш берарди у.— Мана арқон! Арқон бор! Эшитяпсанми, арқон бор! Эшитяпсанми! Эрназар! Жигарим, овоз бер!

У абзалдан кесиб ясаган арқоннинг бир учини муштига боғлади-да, иккинчи учини жарга туширди.  Лекин  ҳеч  ким  арқонни  тутмади,  ҳеч  ким  унинг  чақирганига  садо  бермади.  Қаър қанчалар чуқур — у билмасди. Арқон қанча жойгача тушди — у бехабар эди.

— Овоз бер, Эрназар! Овоз бер! Қайдасан, Эрназар! Жигарим!— тинмай чақирарди Бўстон. Лекин  қоронғи  қаър  тубидан  унинг  ўз  овозигина  акс  садо  бериб  қайтарди.  Бўстоннинг  эти жунжикиб  кетди.—  Қайдасан,  Эрназар!—  бўзларди  Бўстон.—  Эшитяпсанми,  Эрназар!  Мен нима қилай, ахир?— Шундан сўнг у ўзини тутолмай ўкириб йиғлаб юборди. Тинмасдан узуқ-юлуқ алланарсалар деб бақирарди. У аллақачонлар фронтда ҳалок бўлган отаси, неча йиллар бурун  ўлиб  кетган  онасига,  болалари,  ака-укалари,  опаларига  ва  айниқса,  хотини  Орзигулга жон-жаҳди  билан  ялиниб-ёлворарди.  Йўқ,  у  рўй  берган  бу  фалокатни  ҳеч  ақлига сиғдиролмасди… Ҳалок бўлди, ҳалок бўлди Эрназар! Энди унй ҳеч ким ва ҳеч нарса юпатолмас, аламли  юрагига  таскин  беролмасди…  Энди  у  ҳасратдан  бир  умр  халос  бўлолмайди…  Шунда Бўстон  ҳайқириқ  солди: «Сен  ахир  бизнинг  дуоларимизни  эшитмовдингми?!  Нима  қилиб қўйдинг,  ахир?  Ким  бўлдинг  сен  шундан  кейин?»—  У  бу  сўзларни  кимга  ва  нимага  қарата айтаётганлигини узи ҳам билмасди.

Ўрнидан  гандираклаб  турди,  қоронғу  тушаётганлигини  сезди,  довонда  ҳаво

айниётганлигини  англади.  Қаердандир  булутлар  пайдо  бўлди,  кечаси  изғириқ  турди.  Лекин, нима  қилиш  керак  ахир?  Қаерга  борсин?  Сўқмокда  ўз  ҳолига  қўйилган  от  кетиб  қолган — отнинг пастга қараб эниб бораётганини у кўрган, лекин орқасидан етиб олишга иложсиз эди. Бироқ  эгар-жабдуқдан  тортиб,  нўхта-ю  жиловигача  кесиб  олинган  отдан  нима  ҳам  наф  бор? Бўстон азбаройи фиғони чиқиб, қирда ётган эгарни бир тепди. У Ола Мўнгу довонида мангу музлик-лар устида, олайган қоялар орасида қорайиб, бўрсиниб кетган ҳолда бошяланг (телпаги боя  ўрга  тушиб  кетган  эди)  ҳар  томонга  аланглаб  ёлғиз  ўзи  қолган  эди.  Довонда  эсаётган изғирин  шамол унинг  шусиз  ҳам  ларзага  тушган  дилини  бадтар  эзарди.  Қаёққа  борсин  энди, нима  қилсин?  Ҳаммаси  қандай  яхши  бошланиб  келаётган  эди-я?  Қайдан  чиқа  қолди  оёқнинг тагидан  бу  ўпқон?  У  ўзининг  изларини  кўриб  чиқди  ва  Эрназар  бутунлай  тасодиф  туфайли ёриққа  тушиб  кетганлигига  амин  бўлди.  Унинг  ўзи  жар  ёқасидан  бир  ярим  қадамча  наридан ўтган эди. Эрназар шўринг курғур ўнгроқдан юриб келаётган экан. Қор тагида яшириниб ётган тоғ ёриғига оти-поти билан кўз очиб-юмгунча қулаб тушган.

Дўстига ёрдам берай деса, кўлидан ҳеч нарса келмайди. Лекин, бунга кўниб ҳам кетолмайди. Бирдан  Бўстон  ўйланиб  қолди:  балки  Эрназар  ҳали  тирикдир,  балки  фақат  ҳушини  йўқотиб қўйгандир — уни совуқда қотиб қолмасидан иложи борича тезроқ туз жардан чиқариб олиш керак. Ўшанда балки уни кутқариб қолиш мумкиндир. У пўстинни қорга улоқтирди ва гарчи бу ерлардан  югуриш  ғоятда  кийин  бўлса  ҳам,  пастга  томон  чопиб  кетди.  Совхозни  рўй  берган фалокатдан имкон қадар тез хабардор килмоқ керак, деб ўйларди у, шунда улар турли асбобу ускуналар билан одамларни ёрдамга юборадилар. Унинг ўзи чироқ билан арқонда Эрназар ётган жойгача тушади, уни албатта, қутқаради.

У неча марта йиқилиб, турди. «Ишқилиб, оёғимни синдирмасам, бас»,— деб ўйларди ҳар

сафар хавотирланиб. Сўнг ўрнидан яна турар ва қадамини жадаллатарди.

Бўстон  салт  отини  қувиб  етишдан  ҳам  умидвор  эди.  Ҳаво  дам  сайин  ўзгариб,  айниб бормоқда  эди.  Қор учқунлай  бошлади.  Лекин,  Бўстон  бундан  ташвишланмасди.  Довонда  қор қуюн қутурганда ҳам пастда ҳеч нарса ёғмаслигини у биларди. Фақат Эрназар нима бўлади, деб даҳшатга тушарди. Агар тирик бўлса, кутқарувчилар келгунча чидармикин? Тезроқ, тезроқ,— тинмай  миясига  нуқирди  у.  Хуфтон  қоронғилиги  қуюқлашиб  борар,  қоронғуда  тез  юриб бўлмайди, деб юрагига ваҳима тушарди унинг.

Бўстон отни барибир қувиб етолмади. Эркинликни ҳис этиб, саман от қадрдон ерлар томон жадаллаб кетган эди.

Ўзига таниш тоғ ёналаридан Бўстон тик пастга, йўлни анча қисқартириб тушиб борарди. У не-не ўтлоқлар, ўр-жарлардан ўтар, лекин булар уни ҳоритмас, уни оғир ўйлар тинмай эзар, бир дам ҳам қўймасди. Бошида Эрназарни қутқариш ҳақида турли-туман режалар гувилларди. Дам довондан  кетмаслигим,  Эрназарни  шу  ҳолда  ёлғиз  қолдирмаслигим  керак  эди,  деб  ўйлар, майлийди, мени ҳам қуюн кўмиб кетса, дерди. Дам мангу музлик ва совуқ, зулмат қаърида ўлим талвасасида инграб ётган Эрназарни кўз ўнгига келтирарди. Тоғ устида эса қорбўрон қуюн ясаб қаҳрли  айланади.  Эрназарнинг  оиласи,  хотини,  болаларига  нима  дейди?  Шуни  кўз  олдига келтираркан,  у  кўксини  пора-пара  қилиб  йиртиб  ташлагиси  келар,  эсдан  оғиб  қолаётганга ўхшарди.

Лекин  ҳаёт  фақат  кулфат  ва  омадсизликдан  иборат  эмас.  Толе  шу  тобда  унга  андаккина кулиб ҳам боқди. Ўша куни тоғликларда бир чўпон тўй бермоқда эди. Таътилга келган студент ўғлини уйлантираётган эди. Меҳмонлар узоқ ўтиришди. Энг охиргилари ярим кечадан оғганда, юк  машинада  қайтишмоқда  эди.  Осмонга  тўлин  ой  кўтарилганди.  Тоғ  ёнбағирларида  кўл салқини эсарди. Олисда, пастда Иссиқкўлнинг ойдини хира жилваланарди. Одамларнинг қўшиқ айтгилари келар, бир қўшиққа иккинчисини улаб юборардилар.

Қўшиқ товушларини эшитиб, Бўстон югурганча йўлга етиб улгурди-да, жони борича қўлини силкита  кетди.  Ана  шу  юк  машинасида  тунда  соат  иккилардан  ўтганда,  у «Берик»  совхозига етиб  келди.  Юк  машинаси  совхоз  директорининг  уйи  олдида  тўхтади.  Ит  қаттиқ  акиллаб, Бўстоннинг оёғига ташланди. Итга эътибор бермай, у деразани муштлай бошлади.

— Ким бу?— хавотирли сўради овоз.

— Менман, Бўстон Ўркунчиевман.

— Нима бўлди, Бўске?

— Аҳвол чатоқ.

 

* * *

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-55

4 Ниҳоят, барча режалар гаплашилган тарзда амалга ошди-ю, Бобурнинг мўғуллар билан биргаликда йигирма беш мингдан ошадиган қўшини ёз кунларида Амударёнинг Панж деб аталадиган ...

Муҳаммад юсуфга ўхшагим келар

Шеър ёзганида шоирлар, Замонга ҳам қарашади. Такрор-такрор сўзларини ўқиб, Маъносига ҳам қарашади. Билсанг укам шеър ёзишга, Хаваскорман даъвогарман. Қачонлардир мен ғариб ...

Ўзбекистонлик шоир усмон қўчқор вафот этди

Бугун тонгда таниқли шоир ва таржимон Усмон Қўчқор вафот этди. (more…)


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400