Мамлакатни ким бошқараяпти? (9)

                                                 (тўққизинчи мақола)

                      НАҚД  ПУЛ ОРТИДАГИ НАЙРАНГЛАР

           Бугун мамлакатда қандай қилиб бўлмасин нақд пул қилишнинг турли йўллари ўйлаб топилмоқда. Чунки пластик карточкада савдо қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини супермаркетлардан харид қилиш истеъмолчилар учун жуда қимматга тушиб кетмоқда. Деҳқон бозоридан нақд пулга савдо қилиш эса анча арзонга тушади. Худди шундай ҳолат билан боғлиқ муаммога кейинги вақтларда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ходимлари ҳам мунтазам дуч келаётганликларини алоҳида таъкидлаш жоиз.

           Илгари телерадиокомпаниядагилар учун ойига икки марта, яъни ҳар ойнинг 4- ва 5- кунлари аванс олинса, 19-20 ларида гонорар билан маошнинг қолган қисми бериларди. Буларнинг барчаси юз фоиз пластик карточкаларга туширилади. Нақд пулдан-ку дарак ҳам йўқ. Пулимни қандай қилиб нақдлаштирсам экан, деб  ҳамманинг боши гаранг. Биров у банкдан, яна бошқа бирови эса яна бошқа бир банкдан таниш қидиргани-қидирган. Яна кимдир алоқабанкнинг телефон АТСларидаги кассаларига чопган. Нақдлаштириш ҳам ўз-ўзидан бўла қолмайди. Ҳар юз минг сўмдан 5-10-15 фоизгача олиб қолинади. Таниши зўрлариники фоизини сал камайтириб бериши мумкин. Сабаби кассадагилар ҳам кун кўришлари керак-ку, ахир. Агар кассирларнинг айтгани берилмаса тамом деяверинг. Кейинги гал келганингизда умуман нақдини ололмаслигингиз аниқ. Баҳона битта, яъни бугун кассага унчалик ҳам нақд пул тушмади, дейилади-қўйилади ва шу асосда мижоздан осонгина қутулади.

            Сўнгги пайтларда бу борадаги аҳвол янада кескинлашиб, банк-кассаларга югур-югурлар кўпайиб, телерадиокомпания ходимларининг пластик карточкаларини қўлтиқлаганча нақд пул қидириб изғишлари ҳақдаги шов-шувлар кучая бошлаганидан кейин миллий телерадиокомпаниянинг устомон, пихини ёрган раҳбари Алишер Ходжаев хийланинг бошқача бир кўринишини ўйлаб топди. Ходимларга авваллари ойлик маошни иккига бўлиб беришган бўлса, энди тўртга бўлиб берадиган бўлишди. Ойнинг бошида, 4-5-саналарида олинадиган аванс ҳам, 19-20-саналарида бериладиган гонорар ҳам иккига бўлиниб, бир қисми пластик карточкага тушадиган, қолган қисми эса нақд бериладиган бўлди. Бу дегани ойда икки марта бериладиган маошнинг иккита қисми ҳам яна иккига бўлиниб, нақдлаштириш ниқоби остида ўз вақтидан кечиктириб бериладиган бўлди. Бундайин янгича ёндошувдан “ҳар на нақд пул беришаркан-ку”, дея дўпписини осмонга отиб кўпчилик хурсанд бўлганди. Афсуски, бу шодонлик ҳам узоққа чўзилмади. Чунки, нақдлаштириб берамиз деган ваъданинг устидан чиқилмай, нақд пулни бериш вақтининг борган сари чўзилиб кетавериши яна ҳамманинг ҳафсаласини пир қила бошлади. Ўзи пластикка тушириладиган пул ҳам ҳеч қачон вақтида тушган эмас. Шу боисдан ўз пулини карточкага тушириш учун  касса олдида ходимлар турнақатор бўлиб тизилиб туришади. У ердаги шов-шуву, шовқинни-ку асло сўраманг. Уларни четдан келиб кузатиб, кўриб турган ҳар қандай одам бу манзарани  онда-сонда дўконларга бирон бир арзон маҳсулот келиб қолган пайтида одамлар гавжумлашиб, навбатга туриб олган ҳолатига ўхшатиши табиий. Шундан сўнг ана кўринг томошани! Ким-кимнидир навбатини олиб қўйганми-ей, яна кимдир рўйхат бўйича деса, яна бири “живой очеред” дейдими-ей… Хуллас, ана шундай саҳна кўриниши, талашув-тортишув кечгача давом этади.

            Бу каби ҳийлагарлик ҳам иш беравермагач, қурғур қаллобликнинг турлари  кўп эканми, ўта маккор раис томонидан маош тарқатишнинг мутлақо янги йўлига ўтилди. Бу гал телерадиокомпаниядаги ҳар бир каналнинг ҳафталик графиги ишлаб чиқилди. Ушбу тартибга кўра, ҳар қайси каналда алоҳида-алоҳида маош тарқатилиб, ходимларнинг ҳар бирига ҳафтада юз минг сўмдан нақд пул бериш кўзда тутилган. Масалан,  Гўё уларнинг бошқа қиладиган ишлари йўқдек. Нима қилсин, ҳаммага  нақд пул зарур. Шундагина оиласининг бошқа бирон эҳтиёжи учун маблағнинг тежалган қисмини ишлатиш имкони пайдо бўлади. Бора-бора бу график ҳам  иш бермайдиган бўлиб қолди. Яна эски тос, эски ҳаммом. Қанақадир баҳонаи сабаб билан ўша куни нақд пул бўлмай қолиб, график бўйича белгиланган куни маошини ололмай қолган канал ходимлари келгуси ҳафтанинг шу кунигача кутишига тўғри келади. Хуллас, бу тартиб ҳам издан чиқди. Муҳим бир байрамгами ёки пахта йиғим-терими пайти ҳашарчиларга нақд пул керак экан, банкдан шундай жавоб олдик дебми, баҳоналар билан яна ўша нақд пул ЎзМТРК ходимларига берилмай қоладиган бўлди.

              Аслида ҳар бир фуқаро ўз пулининг маълум фоизини нақд  олиши учун ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги лозим. Яъни ҳар бир фуқаро ўзи истаган вақтида банкоматдан уни олиш имкони-ҳуқуқига эга бўлиши керак.  Афсуски, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ходимлари бундайин ҳуқуқдан бутунлай маҳрумдирлар.

             Биринчидан, маош пластик карточкаларга кечиктирилиб туширилаётганлиги, иккинчидан эса нақд пулни алоҳида бериш баҳонасида уни ҳам 5-10 кун, ҳаттоки, 20 кунгача  кечиктирилиб юборилиши замирида  жиддий сабаб-катта манфаатдорлик бор эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Нега деганда, банкда турган сумма айланиб, фойда келтириб, унинг фоизи кундан-кунга ошиб боради. ЎзМТРК ходимларининг маошлари ва гонорарлари эса бир кун эмас, икки-уч кун эмас, баъзан ўн-ўн беш кунлаб  кечиктириб берилади. Энди тасаввур қилиб кўринг, бу ерда  юз-икки юз кишининг пули эмас, балки жамоадаги минглаб ходимларнинг ойлик маошлари ҳақида гап кетмоқда. Табиийки, минглаб мижозларнинг маошлари миллиардларни ташкил этади. Худди шу нуқтаи назардан келиб чиқиб мулоҳаза юритадиган бўлсак, бунчалик йирик миқдордаги пулнинг, яъни миллиардларнинг неча кунлаб банкда қолиб кетиши замирида ҳам хийлагина ўйинлар борлигини англаб олиш қийин эмас.  Бундан манфаатдор “ўпқон”ларнинг эса борган сари оғзи каттароқ очилиб, нафси ҳакалак отиб, ҳар-хил найрангларни кўрсатмоқда.   Хуллас, нақд пул ортидаги найранглар бисёр…

         Ўзбекистон     миллий телерадиокомпанияси раҳбариятининг бошқа бир қаллобликлари ҳақида кейинги мақолаларимизда батафсилроқ тўхталамиз.

 Нарзулло  ОХУНЖОНОВ

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тошкент шаҳар ҳокими жаҳонгир ортиқхўжаев юборилган депутатлик сўровини жавобсиз қолдирмоқда

​Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Саматов Шайхонтоҳур туманида жойлашган маҳаллалар аҳли билан мулоқотда бўлиб, аниқланган масалалар юзасидан ​26 февраль куни ...

Россияга нисбатан ақшнинг янги санкциялари иқтисодий урушнинг бошланиши дея баҳоланиши мумкин

Иллюстратив фото Вашингтон томонидан Россияга нисбатан санкцияларни янада қатъийлаштирилиши иқтисодий уруш эълон қилиниши сифатида баҳоланиши мумкин. Бу ҳақда Россия бош ...

Чип-чип жўжаларим!

Куни кеча пешинда энди кўзим илинган экан, эшигимиз олдига икки машина келиб тўхтади. Эшитиб ётибман, машина эшиклари очилиб, камида тўрт ё беш киши тушди. Уйимга келган ...