Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 48-қисм

Эртасига  пешинга  яқин  қутқарувчилар  бирин-кетин  тизилишиб  Ола  Мўнгу  довони  томон кўтарилиб борардилар. Бўстонни қўшиб ҳисоблаганда, улар олти киши эдилар. Машина юриши мумкин  бўлган  жойгача  уларни  вездеходда  олиб  келиб  қўйдилар.  У  ёғига  ўзлари  асбоб-ускуналарини  олиб  йўлга  тушдилар.  Улар  Бўстон  изидан  нафасларини  сақлаб,  жим,  адл кўтарилардилар.  Шаҳардан  тез  орада,  мана  шу  соатлар  ичида  вертолёт  келиши,  уларга  учта тажрибакор альпинист ёрдамга қўшилиши керак эди.

Кеча  худди  мана  шу  пайтда,  худди  мана  шу  сўқмоқдан  Эрназар  икковимиз  довонга  ўтиб борган  эдик,  деб  ўйларди  Бўстон,  бошимизга  бундай  фалокат  тушишини  ҳаёлимизга  ҳам келтирмагандик…

Эрназар йиқилгандан сўнг бир оз вақт тириқ бўлганлигини у тушунар, лекин бир кечаю бир кундуз  музлик  қаърида  одам  чидаши  мумкинлигига  ақл  бовар  қилмасди.  Шундайликка шундайку-я,  лекин  барибир  ҳеч  нарсага  қарамасдан  у  мўъжиза  рўй  беришига  ишонгиси келарди.

Ўтган  кеча  бўралаган  бўрондан  сўнг  довонни  қор  босган,  сукут  чўккан  эди.  Қор  кўзни қамаштириб, оғритарди. Қорбўрон кечаги изларнинг барини босиб кетган, Бўстон муз ёрилган жой аниқ қаерда эканлигини кўрсатишга қийналарди. Лекин бир ёмоннинг бир яхшилиги бор дегандай,  қутқарувчилардан  бирови  Бўстон  кеча  ечиб  ташлаган  пўстинни  топди,  сал  ўтмай пўстиндан  андак  нарироқда  ётган  эгарга  ҳам  кўзлари  тушди.  Ана  шуларга  қараб,  кечаси  қор кўмиб  ташлаганига  қарамай,  ўйиқни  аниқ  мўлжаллаб  топишди.  Бу  орада  альпинистлар  ҳам келиб  қолишди.  Улар  ўз  сўзларига  қараганда,  олти  қаватли  уйча  келадиган  муз  ўйиқ  ичига тушишди…

Альпинистлар  юқорига  қайтиб  чиқиб,  Эрназарни  ололмаймиз,  деб  айтишди.  Унинг  ҳам, отининг  ҳам  лоши  қалин  музга  ажратиб  бўлмайдиган  даражада  ёпишиб,  қотиб  қолибди. Кўчириб олиш учун қаттиқ зарб урилса, муз қатлами сурилиши, натижада, қутқарувчиларнинг ўзлари  кўчки  остида  қолиб  ҳалок  бўлишлари  мумкин,  деб  тушунтиришди  альпинистлар…

Бўстоннинг  ўзи  ўйиққа  тушиб  кўрсин,  истаса,  дўсти  Эрназар  билан  видолашсин,  дейишди альпинистлар. Ўзга чора йўқ…

Кейин  узоқ  йиллар  Бўстон  хотирасига  ҳеч  ўчмас  бўлиб  ўрнашиб  қолган  даҳшатли  туш кўриб  юрди.  У  муз  жар  сари  арқонда  тушиб  боряпти.  Яхмалак  деворларни  қўлидаги  фонар билан ёритади. Унинг яна бошқа фонари ҳам бор. Бирови қўлидан тушиб кетса, иккинчисини ишлатади. Бирдан назарида иккинчи фонарини йўқотиб қўйди. Қаерга ғойиб бўлди, билмайди. Бундан  юраги  ёмон  сиқилди.  Қўрқди,  хавотирланди.  Бақиргиси  келади.  Лекин  ваҳимали қоронғу  музлик  қаърига  тушганча  тушиб  бораверди.  Ниҳоят,  чироқ  ёруғида  музга  тошдай ёпишиб ётган Эрназарни кўрди: Эрназар (аслида ҳам шундай эди) муккайиб ўтирибди, пўстини боши  тепасига  кўтарилиб  қолган,  юзи  қонга  бўялган,  лабларини  маҳкам  қимтиган,  кўзлари юмуқ. «Эрназар!— деб чақирди Бўстон.— Мен келдим! Қулоқ сол, мен сенга иккинчи фонарни қолдириб  кетмоқчи  эдим — бу  ер  жуда  қўрқинчли  ва  қоронғу  экан — лекин  уни  йўқотиб қўйдим. Тушундингми, Эрназар, йўқотдим. Лекин барибир сенга ўзимнинг фонаримни бераман.Ма,  ол,  бу  менинг  фонарим.  Ол,  Эрназар,  илтимос  қиламан!»  Аммо  Эрназар  унинг  қўлидан фонарни  олмайди  ва  ҳеч  қандай  жавоб  бермайди.  Бўстон  йиғлаб  юборади.  Ўкириб-ўкириб йиғлайди ва кўзёшлари шашқатор оққан кўйи уйғонади.

Кейин кун буйи ўзига келолмай бир ҳол-бир сар бўлиб тумтайиб, ранги очилмай юради. Бу тушини  у  ҳеч  кимга,  ҳеч  қачон  айтмаган,  Гулимхонга-ку,  айниқса,  ҳатто  унга  уйлангандан кейин  ҳам.  Эрназар  билан  хайрлашгани  муз  ўйиғига  тушгани  ҳақида  ҳам  унинг  оила аъзоларидан ҳеч кимсага оғиз очмаган.

Довондан  уйга  қайтганда,  ҳамма  рўй  берган  фалокатдан  хабар  топган  эди.  Бўстон  учун ғамдан адойи тамом бўлган, кўзёши дарё Гулимхонни кўришдан ҳам оғирроғи йўқ эди. Довонда ўлиб  кета  қолсам  ва  яна  неча  минг  марта  ўша  муз  қаърига  тушсам,  барини  қайта  бошдан кечирсам,  бундан  кўра  осонроқ  эди,  деб  ўйларди  у.  Эрининг  ҳалокатига  Гулимхон  ҳеч  тоқат қилолмасди. Ишқилиб, эс-ҳушидан айрилиб қолмасайди, деб хавотир олишарди. Унинг доим бир  ёққа  қочиб  кетгиси  келарди: «Ишонмайман,  ишонмайман  унинг  ўлганига!  Қўйиб юборинглар мени! Уни ўзим топаман! Унинг олдига бораман!»

Бир куни кечаси у ростдан ҳам қочиб кетди. Бўстон куни бўйи эзилиб, абгор бўлиб, озгина дамимни олай деб турган эди. Мана бир неча кундан бери у тузукроқ ечиниб ўрнига ётолмас, таъзияга келувчиларнинг кети узилмасди. Одамлар эшитиб, бутун атроф-жавонибдан келишар, кўплар эски удум бўйича ҳали узоқдан Эрназар деб айтиб йиғлашарди: «Эрназар, қардошим, жигарим,  қачон  энди  сени  кўраман?»  Бўстон  уларга  отдан  тушишларига  кўмаклашар,  таскин берарди…

Ўша куни оқшом одам бир оз товсиллади. Бўстон ўз ҳовлисида белигача ечиниб, устидан ёлоғида  сув  қуйиб  ювина  бошлади.  Орзигул  Гулимхоннинг  ёнида  эди.  Шу  кунлари  у қўшнисини ёлғиз қўймасди.

— Бўстон, Бўстон, қаердасиз?— бирдан Орзигулнинг чақирганини эшитди.

— Нима бўлди?

—Чопинг тезроқ, Гулимхонни олиб келинг. Қаёққадир қочиб кетди. Қизлари йиғлашяпти, мен уни ушлаб қололмадим.

Бўстон  майкасини  апил-тапил  кийиб,  елкасига  ташлаган  сочиқ  билан  йўл-йўлакай артингача, ҳушини йўқотиб қўйган Гулимхоннинг кетидан чопди.

Унга хийлагача етиб ололмади.

Гулимхон қия жарликдан тоғлар томонга қараб жадал кетиб борарди.

— Гулимхон, шошма, қаёққа?—чақирди уни Бўстон.

У  орқасига  қарамасди.  Бўстон  қадамини  тезлатди,  Гулимхон  бундай  аҳволда  ҳозир ҳаммасини  юзимга  солади,  Эрназарни  сиз  нобуд  қилдингиз,  деб  таъна  қилади,  деган  ҳаёлга борди, у баридан кўра худди мана шундан қўрқарди, бу фикр ҳаёлидан ўтди-ю, худди биров устидан  қайноқ  сув  қуйиб  юборгандай  бўлди.  Ахир  унинг  ўзи  ҳам  шуни  ўйлаб  ич-этини емаяптими, жони алам ўтида қовурилмаяптими? Унга нима деб жавоб беради?

У ўзини оқлаб ўтирардими? Унинг баҳоналарини Гулимхон инобатга олармиди? Одамнинг қўлидан  ҳеч  нарса  келмайдиган  фожеа  ҳоллар  бўлиши  мумкинлигини  унга  қандай тушунтирсин? Лекин бу сўзлар ҳам малҳам бўлолмасди, бундай ҳолларда малҳам бўлоладиган, овунтирадиган сўзлар борми, ахир? Шунча ишлар бўлиб ўтиб ҳам, мана тағин тирик лошини кўтариб юрибди, буни Гулимхонга нима деб тушунтиради?

—Гулимхон,  тўхта,  қаёққа  кетяпсан?—  Бўстон  ҳарсиллаганча  унга  етиб  олди.—  Тўхта, қулоқ сол, юр, уйга кетайлик…

Ўша  оқшом  чоғи  ҳали  кун  ёруғ  эди,  аста  кириб  келаётган  осуда  хуфтон  ғира-ширасида тоғлар аён кўзга ташланар, Гулимхон унга ўгирилиб қаради, шунда Бўстонга жувондан худди қайғу-ғам  ёғилиб  келаётгандай  бўлиб  туюлди,  Гулимхон  гўё  шаффоф  сув  остидан  туриб қараётгандай  чеҳраси  ўзгариб,  қийшайиб  кетганди.  Унинг  азобини  кўриб  Бўстон  дод  солай дерди,  афтода  ҳолидан  юраги  эзиларди.  Кечагина  гуллаб-яшнаб  турмаганмиди  шу  жувон? Бўстон  унинг  эс-ҳушини  йўқотиб  қочиб  бораётгани,  устидаги  ипак  кўйлаги  кўкраги  узра йиғилиб қолгани, янгигина қора маҳсиси мотам учун кийилгандай бўлиб тургани, сочлари эса азадор  хотинларники  каби  ўрилганига  ҳеч  чидай  олмас,  кўксини  чок-чок  қилиб  ташлагиси келарди.

— Қаёкқа, қаеққа кетяпсан, Гулимхон?— деди Бўстон ва беихтиёр унинг қўлидан ушлади.

— Мен довонга, унинг олдига бораман,— деди Гулимхон аллақандай паришон товуш билан. Бўстон: «Э-ҳой,  ақлинг  ўзингдами?  У  ерда  нима  қиласан?  Қандай  етиб  борасан?  Бундай юпқа  кўйлакда  кўз  очиб-юмгунча  шамдай  қотиб  қоласан-ку?»  деб  уришиш  ўрнига,  ялиниб, ўтина бошлади.

— Ҳозир эмас. Кечаси бўлиб қолди, Гулимхон.  Бошқа бир пайт борарсан. У жойни ўзим сенга кўрсатаман. Ҳозир ундай қилма. Юр, уйга. Қизлар қўрқиб йиғлашяпти, Орзигул хавотир оляпти. Бемаҳал бўлиб қолди. Юр, энди Гулимхон, илтимос.

Гулимхоннинг қадди ғам-алам юкидан дол эди. У индамасди.

—  Усиз  мен  қандоқ  қиламан?—  ҳасрат  билан  шивирлади  у  бошини  чайқаб.—  Қандоқ қилайки,  у  ёлғиз  қолди,  қандоқ  қилайки,  уни  ўраб-чирмаб,  аза-мотам  тутиб  ерга  қўёлмадим? Мозор битмаган эканми пешонасига?

Бўстон  унга  нима  деб  таскин  беришни  билмасди.  У  чўпон  ёзда  ҳам,  қишда  ҳам  оёғидан қўймайдиган кирза этикда, бўйнида сочик, суякдор елкаларига илган майкаси валангар ҳолда гуноҳкор  бошини  хам  қилиб  аёл  қошида  турарди.  Бемажол,  гуноҳкор,  бечора.  Бу  жувон йўқотган нарсанинг ўрнини ҳеч нарса билан ҳеч қачон тўлдириб бўлмаслигини у тушунарди. Ва агарда унинг эрини тирилтириб, ўрнига ўзи ёта олсайди, буни бир зум ҳам ўйланиб ўтирмай адо этган бўларди.

Улар ўз ўйларига ботиб, жим қолдилар.

—  Кетдик,—  Бўстон  Гулимхоннинг  кўлидан  тутди.—  Биз  одамлар  Эрназарни  йўқлаб келадиган жойда бўлишимиз керак. Уйда бўлишимиз керак.

Гулимхон  унинг  елкасига  бош  қўйди.  Худди  ўз  отасига  ҳасратини  тўкиб  солаётгандай силкиниб-силкиниб  ииғлаб,  ич-ичидан  отилиб  келаётган  ўкириғини  босиб,  нималарнидир тинимсиз ҳўнграб пичирларди. Бўстон уни суяб олди. Улар бирга-бирга йиғлаб, ҳасрати кўйига ботиб  уйга  қайтдилар.  Чаппар  уриб  гуллаган  тоғ  ўт-ўланларининг  ўткир  муаттар  исларига тўлган  осуда  ёз  оқшоми  сўниб  борарди.  Эрназарнинг  қизларини  етаклаган  Орзигул  уларга пешвоз чиқди. Хотинлар бир-бирларини кўргач, яна қучоқлашдилар ва узоқ айрилиқдан сўнг топишгандай ҳўнг-ҳўнг кўзёшларини тўкдилар…

Ярим  йил  ўтгач,  Орзигул  район  касалхонасида  ётган,  Гулимхон  эса  соҳил  бўйидаги балиқчилар  қишлоғига  кўчиб  кетган  эди.  Бўстон  ўша  оқшомни  эслади,  бостириб  келган ҳислардан тўлқинланиб, кўзини туман қоплади.

Бўстон  палатада  хотини  ётган  каравот  ёнида  ўтирар,  унинг  пажмурда,  оқариб  кетган чеҳрасига  жони  ачиб  термуларди.  Кузнинг  илиқ  куни  эди,  палатадаги  бошқа  беморларнинг кўпчилиги ҳовлида айланиб юришарди. Шунда Орзигулнинг ўзи гап очиб қолди.

— Сизга айтадиган сўзим бор эди.— Сўзларини оҳиста чайналиб айтаркан, Орзигул эрига базўр кўзларини кўтариб қаради. Бўстон шу кеча унинг яна ҳам сарғайиб кетгани, ориқлаганини пайқади.

— Қулоғим сенда, Орзигул. Нима демоқчи эдинг?— меҳрибончилик билан сўради Бўстон.

— Сиз доктор билан гаплашдингизми?

— Гаплашдим. У айтдики…

—Шошманг. Нима деган бўлса дегандир, кейин сизга шуни айтмоқчи эдимки…

Бу сўзлардан Бўстоннинг юраги орқага тортиб кетди. У киссасидан рўмолчасини чиқарди-да, тер босган манглайини артди.

— Балки ҳозир ҳожати йўқдир. Аввал тузалгин, сўнг гап бўлса қочмас.— Бўстон бўладиган гапни орқага сургиси келди. Лекин хотинининг нигоҳидан гапни қолдириб бўлмаслигини сезди.

—Ҳамма  нарсанинг  ўз  мавруди  бор,—  қон  қочган  лабларини  зўр-базўр  қимирлатди бемор.— Бу ерда обдан ўйладим. Касалхонада ўйлашдан бошқа иш ҳам йўқ экан ўзи. Сиз билан яхши умр кечирдик, мен ўз такдиримдан розиман. Худонинг қаҳрини келтириб нима қиламиз. Болалар кўрдик, уларни вояга етказиб, оёққа бостирдик. Энди ўзлари бемалол ўз ақллари билан яшайверишади.  Болаларимиз  ҳақида  ҳали  яна  алоҳида  гаплашармиз.  Лекин  сизга  ачинаман, сизни кўзим қиймайди. Сиз одамлар билан яхши чиқишиб кетолмайсиз, уддабурон эмассиз, ҳеч кимга  ялинмайсиз,  қуллуқ  қилмайсиз.  Ёшингиз  ҳам  ўтиб  қолди.  Мендан  кейин  одамлардан тортиниб,  қочаверманг.  Мендан  кейин  сўққабош,  одамови  бўлиб  юрманг.  Таъзиям  ўтгандан сўнг  яна  нима  қилишни  ўйлаб  кўринг.  Менга  қолса,  ёлғиз  яшашингизни  истамасдим.

Фарзандларингиз ўзидан ортмайди.

— Қўйсанг-чи, шу гапларни,— бўғилиб деди Бўстон.— Бошқа нарса қолмадими бизга?

— Йўқ, буни гаплашмай бўлмайди! Бошқа нимани ҳам айтамиз? Сафар қариди ва буларни бир-биримизга айтмасак, иложи йўқ. Ўлгандан кейин гаплашмайсан-ку. Шунинг учун бу ерда термулиб  ётиб  сиз  ни  ва  ўзимни  ўйладим.  Гулимхон  олдимга  пайдар-пай  келиб  турибди. Ўзингиз  биласиз,  у  бизга  етти  ёт  бегона  эмас.  Тақдир  экан,  ёш  болалари  билан  ёлғиз  қолди. Яхши аёл. Сизга маслаҳатим шу — унга уйланинг. Яна ўзингиз биласиз, сизга ўргатгулик эмас. Ҳар  кимнинг  гўри  бошқа.  Мен  ўтгандан  сўнг,  унга  шу  гапимизни  айтинг…  Худо  хоҳласа, балким, мен айтгандай чиқар. Ҳар қалай, Эрназарнинг болалари отасиз қолмайди…

Иссиқкўлга келувчилар кўпинча иссиқкўлликлар устидан ҳазиллашиб юришади: кўл бўйида яшаб, кўлни кўрмай ўтадилар. Бунга ҳеч қўллари тегмайди. Мана, Бўстон ҳам не замонлардан бери кўл ёқасига энди келиб туриши. Шунгача кўлга узоқ-узоқлардан кўз қири тушган, холос. Бу сафар кечга томон касалхонадан чиқиб, тўғри соҳилга йўл олди. Тоғлар орасидаги мовий ойдинлик  бўйида  ёлғиз  айлангиси  келди.  Бўстон  шамол  кўл  юзасида  худди  ер  ҳайдагандай оппоқ тўлқинларни равон мавжлантириб қувалаб юрганлигига узоқ тикилди. Унинг кўксидан йиғи отилиб келарди. Ўзини Иссиқкўл бағрига ташлаб йўқ бўлиб кетишни истарди. Яшашни хоҳлаб-хоҳламасди… Худди мана шу мавжлар каби тўлқин қайнаганда ғойиб бўлади, сўнг яна ўз доманидан ўзи дунёга келади…

Охир-оқибат бўрилар Бўстонни ҳоли-жонига қўймади — улар қўра атрофида тиним билмай увиллашавериб,  ниҳоят,  уни  ётган  еридан  туришга  мажбур  қилишди.  Лекин  ундан  бурунроқ Кенжаш  уйғониб  кетди.  Кичкинтой  уйқуси  ўчиб,  йиғлай  бошлади.  Бўстон  ўғилчасини  ўзига яқинроқ суриб, қучоқлаб, бағрига босиб, овутишга киришди:

— Кенжаш, ҳой, Кенжаш! Мана мен шу ердаман. Нима дейсан, тентагим? Ана, ойинг ҳам шу  ерда — ана,  кўряпсанми?  Нима  берай,  айт?  Чироқ  ёқайми?  Э,  сен  бунақа  қўрқмагин-да.

Мушуклар мовлаяпти. Мушук шунақа мовлайди.

Гулимхон ҳам уйғониб, кичкинтойни эркалаб овутишга тушди, лекин боланинг хархашаси тинмасди. Чироқни ёқишга тўғри келди.

— Гулим,— деди Бўстон эшик олдига боргач, у чироқни ёқаман деб ўрнидан турган эди.— Бориб уларни қўрқитиб қўймасам бўлмайдиганга ўхшайди. Ҳаддан ошиб кетишди.

— Соат неча бўлди?

Бўстон соатига қаради.

— Йигирмата кам уч.

— Ана кўрдингизми,— норози бўлиб деди Гулимхон.— Ҳали олтида туришингиз керак. Шу яхшими? Бу қуриб кеткур Акбара бизни жинни қилиб қўяди. Қаердан ёпишди бизга бу бало?!

—  Ўзингни  бос.  Нима  қилсак  экан?  Мен  дарров  келаман.  Сен  қўрқма.  Тоза  жаззамизни берди-да, бу қашқир. Ташқаридан эшикни илиб кетаман. Хавотир олма. Ухла.

У сарпойчан оёғига шошилинч илган кирза этигини тўриқлатиб, ойна ёнидан ўтди. Бўстон қандай бўлмасин, бўриларни учратаман деб, ахд қилган эди, шунинг учун овози борича бақириб итларни  чақира  бошлади,  уларни  болохонадор  қилиб  сўкди.  Аламидан  қутурган  бўрилар жонидан тўйдириб юборишган — у ҳар нарсага тайёр эди.

Бўриларга ҳеч қандай ёрдам беролмасди. Уларни дуч келтирса, отиб ташлашдан бошқа чора қолмаганди. У ярим автомат милтиғини шайлаб қўйганди.

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 2-қисм

Вужуди ичра яна бир вужуд битганини сезган Акбара тинчини йўқотди. Юраги гурсиллаб ура бошлади. Кўкраги остида вояга етаётган болаларини хавфу хатарлардан асраш ва қўриш ...

От кишнаган оқшом (қисса) 38-39-қисм

38 Ора совиди. Қишлоқ тинчиди. Ана шунда Тарлонни уйга олиб келдим. Чавандозлар белига пул ўраб, Обоқлига йўл олди. Обоқлидан от олиб келди. От билан ажаб гапларни-да топиб ...

От кишнаган оқшом (қисса) 26-қисм

26 Eрталаб Тарлонни сувлатмадим. Емни камроқ бердим. Қишлоқ машриғидаги чимзорга бордим. Отлар сийрак бўлди. Борлари-да ўзимизнинг отлар бўлди. Меҳмон отлар тахчил бўлди. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400