Чингиз Айтматов:ҚИЁМАТ 51-қисм

Гулимхон билан турмушлари ҳам осонгина кечгани йўқ, ўртада оғир, таажжуб ишлар ҳам бўлиб  ўтди.  Бўстон  мана  шу  ҳақда  ҳам  ўйларди.  Улар  эр-хотин  бўлганларидан  бери одамларнинг  қанчадан-қанча  яширинча  кўролмасликлари,  очиқдан-очиқ  душманчиликларига дуч  келмадилар  дейсиз,  не-не  туҳматларни  тарқатишмади  улар.  Бироқ  шунга  қарамасдан, Бўстон ўз тақдири Эрназардан қолган бева билан қўшилганидан афсусланмас эди. Бўстон усиз қандай  яшашини  ҳатто  тасаввурига  келтиролмасди,  доим  уни  ўзининг  бир  ёнида  ҳис  қилиб туриши керак эди… Йўқ-йўқ, у бутунлай бошқа бир ҳаёт бўлар эди. Бўстоннинг ҳаёти фақат у билангина  ҳаёт,  майли,  гарчи  Гулимхон  ундан  баъзан  ҳақ-ноҳақ  норози  бўлиб  юради,  лекин барибир  Бўстонга  вафодор,  энг  муҳими  ҳам  ўзи  шу…  Аммо  бу  ҳақда  ўзаро  ҳеч  қачон гаплашмаган  эдилар,  бу  ўзи  шундай  бўлиши  кераклиги  уларга  равшан  эди.  Ва  мабодо, Бўстондан  манави  кичкинтой  ўғил  болача,  мана  шу  тили  эндигина  чиққан,  оёқлари  дўмбоқ-дўмбоқ, доим жилмайиб турадиган, кўзлари тип-тиниқ, унинг тиниб-тинчимас тўрва қоқдиси, сиз  учун  нима,  деб  сўрасалар,  Бўстон  тузук-қуруқ  жавоб  беролмасди.  Бунинг  учун  унга  сўз етишмасди. Унинг туйғуси сўзлардан юқорироқ эди. Зеро, кичкинтойга қараб туриб у Худонинг инояти билан яратилган ўз болалигини кўрарди…

Лекин, у дилдан ҳамма нарсани тушунар ва англарди, шунинг учун, кечаси хотини билан ўғилчаси ёнида ётаркан, унинг кўнгли жойига тушди, ўзини яхшиликка мойил сезди, ийиди… Ошхонада  бўлган  ҳангомани  сира  эслагиси  келмасди.  У  ҳатто,  мабодо  бўрилар  бугун  кечаси келиб  безовта  қилишмаса,  пистирма  қўймасам  ҳам  балки  бўлар,  балки  умуман  уларни ўлдиришнинг ҳожати йўқдир, деб ўйлади. Бўстонга тинчлик керак эди…

 

Лекин,  атай  қилгандай,  ярим  кечага  яқин  бўрилар  яна  пайдо  бўлишди.  Яна  катта  кўра орқасидаги тепа томонда нола кўтариб Акбара ув солди, унга Тошчайнарнинг босиқ дўриллаган овози қўшилди. Яна Кенжаш қўрқиб уйғонди ва ҳиқиллай бошлади. Гулимхон эса уйқу аралаш шу  оромсиз  турмушни,  балога  гирифтор  бўлгур  бўриларни  қарғади.  Яна  Бўстоннинг  ғазаби жўшди, ўрнидан сакраб туриб, бўриларни дунёнинг у чеккасига дегунча қувиб боргиси келди, шунда  яна  эсига  пасткаш  ва  тубан  Бозорбойнинг  ҳақоратлари  тушди  ва  шунда  унинг  қабиҳ бошини шиша билан уриб мажақлаб ташламаганига ўкинди. Ахир, ўша оғир шиша билан бир урса тамом эди-ку, Бозорбойдан ном-нишон қолмасди. Ҳеч пушаймон ҳам қилиб ўтирмасдим, ўйланарди Бўстон, аксинча, одам қиёфасидаги манфур газандани ниҳоят янчиб ташладим деб қувонар, енгил тортармиди… Бўрилар эса авжга миниб увиллашарди…

Милтиқни олиб, жилла қурса уларни қўрқитиб қўйиш учун туришга тўғри келди. Йўлига бир-икки  марта  ўқ  узиш  ўрнига  Бўстон  қоронғу  кеча  қўйнига  кетма-кет  беш  маротаба варанглатиб отди. Кейин уйга қайтди, лекин энди уйқуси бутунлай ўчган эди, негалигини ўзи ҳам билмайди, милтиқни тозалашга тушди. У олдинги хонанинг бир бурчагига ўтириб олди-да, «Барс» деган ов милтиғининг устига энгашганча, худди ҳозир шундан зарур иш йўқдай ҳафсала билан тозалай кетди. Милтиқ тозаларкан, бўриларни қандай жазолашини яна бир ўйлаб олди ва тонг оқарар-оқармас ишга киришишни кўнглига тугиб қўйди.

 

Бу  орада  милтиқ  овозидан  чўчиган  Акбара  билан  Тошчайнар  кечанинг  қолган  қисмини ўтказиш  учун  тоғ  дараси  томон  кетиб  боришарди.  Бу  бадбахт  бўриларнинг  энди  доимий бошпаналари  йўқ  эди,  улар  дуч  келган  ерда  тунаб  қолишарди.  Акбара  одатдагидай  олдинда борарди.  Туллаш  олдидан  унинг  жунлари  ўсиб,  намат  бўлиб  кетган,  қоронғуда  ғоятда қўрқинчли  кўринарди.  Унинг  кўзлари  кўкимтир  йилтираб  ёнар,  тили  осилиб  тушган,  кўрган одам уни қутурган деб ўйларди. Йўқ, болаларидан айрилган бўрининг алами босилай демасди, у жудоликни ҳеч унутолмасди. Болаларим Бўстоннинг қўрасида деган фикр унинг миясига қаттиқ ўрнашиб қолган эди, Бўлмаса қайда улар? Ахир, изма-из қувиб келган кунлари ўша қароқчи шу ерга кириб кўздан ғойиб бўлмадими? Йиртқичнинг ақли ана шундан нарига ўтолмасди. Шунинг учун ҳам бўрилар ўша кунлари ҳамма нарсани кўзлари қонга тўлиб қийратишар, мол-ҳолни дуч келганча  бўғизлашарди.  Уларни  оч  қолиб,  шундай  қилишяпти  деб  бўлмасди.  Улар  ҳаётдан, жонларидан тўйган эдилар, бўриларнинг пайига тушган Бўстон мана шуни ҳисобга олган эди.

Эртасига  эртаминан  Бўстон  ўтарни  яйловга  олиб  чиқманглар,  ҳар  иккала  қўш  ичида боқинглар, кўпроқ ем-дон беринглар ва шу ердаги суғормадан сувлатинглар, деб буюрди. Ўзи ўтардан  йигирмага  яқин  кўпроқ  эгиз  туққан  қўйларни  маърашиб,  барашиб  юрсинлар  деб, қўзилари  билан  ажратиб  олди-да,  шу  чоғроқ  подани  овлоқ,  йўлсиз  адирлар  томонга  ҳайдаб етди.

Ёнига ҳеч кимни олмади. Ёлғиз ўзи подани узун таёғи билан ҳайдаб борди Елкасига кечаси ярақлатиб  тозалаган,  тўла  ўқланган  милтиғини  осиб  олди.  Шошмасдан,  узоқ  йўл  босди. Қишловдан иложи борича олислаб кетиш керак эди.

Кун  илиқ,  чинакам  баҳор  эди.  Тоғлар  қуёш  ҳароратини  эмиб,  уни  ўр-жарларда  майин кўклаган ўт-ўланга айлантиради. Мовий осмон бағридан онда-сонда сутдай кўпирган қайнама булут парчалари пором эркаланиб сузишади. Тўрғайлар тинимсиз чулдирайди, тошлар оралаб какликлар макиёнини чорлаб, чулғилайди — нақ жаннатнинг ўзи. Фақат истаган пайтда қуюн бошланиши мумкин бўлган уфқни бошдан-оёқ бетлаб ётган баҳайбат қорли тоғ чўққилари ва ваҳший  шамол  номаълум  ёқлардан  ҳайдаб  келган,  қуёш  юзини  тўсишга  тайёр  турган  қора булутларгина бу жаннат боқий эмаслигидан дарак бериб туради.

Лекин,  ҳозирча  ҳаво  айнайдиганга  ўхшамасди.  Унча  катта  бўлмаган  қўй-  қўзилар  подаси йўл-йўлакай  барашиб,  тўхтовсиз  бир-бирларини  чақиришиб  чўпон  таёғи  кўрсатган  ёққа жиларди.  Қўзилар  дикирлаб  сакраб  шўхлик  қилишар,  бирдан  оналари  томон  югургилаб қолишар  ва  туртиб-туртиб  ютоқиб  эмиб  кетишарди.  Лекин,  Бўстоннинг  кечасидан  бери  дили хуфтон  эди.  У  қанча  кўп  ўйлаган  сайин,  бўрилардан  ҳам,  бу  ҳангомаларни  бошлаб  келган бехосият Бозорбойдан ҳам ёмон аччиқланарди. У Бозорбой билан ғиди-биди қилиб ўтирмоқчи эмас, буни ўзига эп кўрмайди, сасимасин десанг — тегма-да, яхшиси. Бўриларни эса йўқотиш, отиб тухумини қуритмасликдан бошқа чора қолмаган эди. Унинг режаси жуда оддийгина эди: маъраб  қўзиларини  чақирган  она  қўйларнинг  овози  албатта  бўриларни  ўзига  тортади,  у  эса биқиниб пистирмада ўтиради. Бўрилар қўй-қўзиларга ташланишади, агар омади чопса, Бўстон шунда  уларни  отиб  олади.  Лекин,  ҳикматда  айтилгандай  уйдаги  гап  кўчага  тўғри  келмайди. Аслида ҳам шундай бўлиб чиқди…

Кун пешиндан оққунча йиртқичлар қорасини кўрсатишмади. Бўстон подани холи, атрофдан яхши  кўзга  ташланадиган  ўтлоққа  қўйди-да,  ўзи  бир  чеккада  сийрак  буталар  остидаги  катта тошлар  орасига  биқиниб  ётди.  У  яхши  мерган  эди,  болалигидан  милтиқ  отиб  ўрганган,  ов қилган,  Иссиқкўлда  неча-неча  бўриларни  отган  эди.  Шунинг  учун  бўриларни  отишига  кўзи етар,  уларни  пистирмага  туширса,  бас  эди.  Серхавотир  она  қўйлар  тинмай  овоз  бериб, болаларини  чақиришар,  бир-бирларини  жўрлашар,  бироқ  вақт  ўтиб  борар,  бўрилардан  эса ҳамон  дарак  йўқ.  Ваҳоланки,  бошқа  пайтлар  жондорлар  куппа-кундуз  куни  ҳужум  қилиб, атрофда ўтлаб юрган подаларни тўс-тўс тўзғитиб, аламларини қўйлардан олардилар..

Офтоб қиздира бошлади. Бута тагида остига пахталигини тўшаб ётган Бўстон бошқа пайт мириқиб мудраб олган бўларди, лекин ҳозир бундай қилолмасди. Бунинг устига ичига чироқ ёқса  ёримасди:  Эрназарнинг  ўлишида  уни  айблашаётганига  сира  чидай  олмасди.  Унинг ғанимлари Қўчқорбоев ҳам, Бозорбой ҳам тил топишган, уларнинг ҳар бири ўзича бичиб-тўқиб, уни айблар, боши берк кўчага киритиб қўймоқчи бўларди. Ҳаёт нега шундай қурилган, у ҳеч тушунолмасди:  турли-туман  одамлар  нимага,  нима  сабабдан  уни  ёмон  кўришаркин,  Бунинг устига манови қашқирларни айтмайсизми, одамнинг жонини суғуриб оламан деб туришибди. Уйда ҳам шундан тинчлик йўқ. Хотинига Бозорбой билан ўрталарида қочган гапнинг хабари етиб борса, ҳали ҳаммаси ҳолва бўлиб қолмасайди. Бозорбой уни ҳам, хотинини ҳам оғзидан боди кириб, шоди чиқиб бўралаб сўкаётганда, анча одамлар томошабин бўлиб туришган эди. Улар ичида кўзингни ўяман деб тургани қанча…

Бўрилардан ҳануз дарак йўқ, Бўстон тоқатсизлана бошлади. Шунга қарамасдан, кўз-қулоқ бўлиб  ётар,  атрофни  сергак  кузатарди.  Йиртқичларни  қанча  тез  пайқаса,  шунча  яхши,  улар қўйларга  ташланар-ташланмас  мўлжалга  олиб  отади.  Бўрилар  келадиган  пайтни  бой  бермай дарров пайқаш осон эмас: хонаки қўйларнинг кўзи яхши ўтмайди, сезги, фаросати ҳам ўтмасроқ бўлади,  ўз  оти  билан  қўйдан  ювошроқ  жонивор  йўқ.  Бўрининг  энг  қулай  ўлжаси  ҳам  қўй. Уларни  йиртқичдан  фақат  одам  сақлайди,  шунинг  учун  доим  бўрилар  билан  одамлар тўқнашадилар. Бу сафар ҳам шундай бўлди…

Беғам  қўйлар  бу  гал  ҳам  хатарни  сезмай  қолдилар.  Улар  бемалол  ўтлаб  юришар,  фақат қўзилари  барашганда  бошларини  кўтариб  қарашар,  дам-бадам  уларга  эмчакларини  тутишар, шундан бошқа ташвишлари йўқ эди. Хавфни ёлғиз Бўстон сезди…

Шу атрофдан пар-пар учиб-қўниб юрган бир жуфт ола қанот тоғ зағизғони қулоқни батанг қилиб  шақиллаб,  у  ердан-бу  ерга  тинмай  учиб  ўта  бошлади.  Бўстон  сергак  тортди.  Тепкини кўтарди.  Лекин  бошини  чиқармай,  янада  яхшилаб  биқиниб  олди.  Ишни  пухта  қилмаса бўлмайди.  Бир  неча  қўй  кетса-кетсинки,  лекин  йиртқичларни  шамғалат  қилиб,  албатта  очиқ жойга  олиб  чиқиш  керак.  Аммо  бўрилар  балки  хатарни  пайқашгандир,  ажабмас,  уларга зағизғонлар хабар етказган бўлса, ҳайтовур, улар бир жойда чағиллашни бас қилиб, энди Бўстон бекинган ерга келиб, сурбетларча шақиллай кетишди. Ваҳоланки, Бўстон уларнинг диққатини тортмай, қимир этмай бута остида пусиб ётарди. Ҳар қалай, бўрилар бирдан ҳужум қилишмади. Маълум  бўлишича,  улар  икки  ёққа  бўлинишган  экан.  Акбара  катта  харсанглар  оралаб, ўтлоқнинг  нариги  чеккасидан,  Тошчайнар  эса,  бу  томондан  биқиниб,  пусиб  келишмоқда  эди (Сал кейин маълум бўлдики, Тошчайнар Бўстон милтиғи билан пистирмада ётган ердан андак нарида судралиб келаётган экан).

Лекин, буларнинг бари бирдан маълум бўлгани йўқ.

Бўстон  бўриларнинг  келишини  кутиб,  ҳушёр  тортиб  теваракни  кузатар,  лекин йиртқичларнинг қайси томондан пайдо бўлишига сира ақли етмасди. Атроф осойишта, жимжит,

қўйлар  бамайлихотир  ўт  чимдир,  қўзилар  чопишиб,  ўйноқлашар,  зағизғонлар  шақиллашдан тўхтаган,  фақат  нарироқда  тоғдан  тушиб  келаётган  жилға  шалдирар,  бутазорларда  қушлар сайрашарди. Бўстон кутавериб толиққан эди, аммо шу пайт бирдан тошлар оралаб бўздек соя лип  этиб  ўтдй,  қўйлар  ўзларини  шатирлаб  бир  томонга  отишди  ва  ненидир  хавотирли  кутиб серрайиб  қолишди.  Бўстоннинг  асаблари  таранг  тортилди.  Бўрилар  одам  қаерда яширинганлигини  билиш  учун  подани  ҳуркитган  эдилар.  Бундай  пайтда  ҳар  қандай  чўпон бақириб, қий-чув кўтариб, қўйлар олдига югуради. Бу Бўстонга маълум эди. Лекин, ҳозир унинг мўлжали бошқа эди, шунинг учун ётган жойидан қимирламади. Шунда харсангтошлар оралаб бўз соя лип-лип ўтди ва анграйиб турган жони ҳалак қўйларга ташланди. Қўйларга сакраб ҳамла қилган Акбара эди. Бўстон милтиқни ростлаб бўрини мўлжал олди-да, энди тепкини босаман деган эди, орқа томонида нимадир шитирлаб кетди ва у беихтиёр ўгирилиб қаради. Шу заҳоти ҳатто  мўлжалга  ҳам  олиб  ўтирмай  ўзи  томон  отилиб  келаётган  ҳайбатли  йиртқичга  қараб  ўқ узди. Ҳаммаси кўз очиб-юмгунча бўлиб ўтди. Тошчайнар осмонга сакраган чоғда ўққа дучор бўлди.  Лекин  у  дарҳол  ерга  қулагани  йўқ.  У  кўзларини  қаҳрли  олайтириб,  сўйлоқ  тишлари ириллаб очилиб, тирноқлари ўткир панжаларини ваҳшиёна олдинга чўзганча, Бўстон томонга забт  билан  учиб  борди  ва  ундан  нақ  бир  одим  нарига  гурсиллаб  қулади.  Бўстон  дарҳол милтиқни  бошқа  томонга  тўғрилади,  лекин  фурсат  ўтган  эди — Акбара  тўнтариб  ташлаган қўйни қўйиб, ўзини тошлар орасига урди. Бўстон милтиқни шай тутиб, бўри ортидан югурди, ҳали отиб улгуриш мумкин деб ўйлади, лекин Акбара жилғадан сакраб ўтиб кетганлигини кўз қиридагина кўриб қолди. Ўқ узди, лекин ўқи зое кетди…

Бўстон  нафасини  ростлади,  атрофига  хафагезак  назар  ташлади.  Азбаройи  зўриққанидан ранги оқариб кетган, оғир-оғир ҳансираб нафас оларди. Асосий мақсадига етолмади — Акбара қўлдан чиқди. Иш энди янада чигаллашди — уни дуч келтириш ва отиш осон кўчмайди: бўри энди этагини тутқизмайди.                  Э, хайрият-э, деб ўйлади Бўстон, агар Тошчайнарга вақтида  қарамаса  ва  ўқи  ҳам  мўлжалга  тегмаса  борми,  ана  унда  бадтар  чатоқ  бўларди.  Рўй берган воқеани мулоҳаза қилиб кўраркан, Бўстон шу нарсага амин бўлдики, йиртқичлар подага яқинлашиб  келган  маҳалда  хавф  борлигини  сезиб  қолганлар-да,  икковлари  икки  томонга ажралганлар.  Тошчайнар  милтиқли  одам  пистирмадан  бехабар  Акбарани  мўлжалга  олганини кўргач, ўйлаб ўтирмай ёвга ташланган…

Қўрқиб  ҳар  томонга  қочган  қўйларни  йиғиб  келгач,  Бўстон  ўққа  учган  бўрини  кўргани борди. Тошчайнар сарғайиб кетган улкан қозиқ тишларини йириб, ёнига ағдарилганча ётарди, унинг кўзлари шишадай қотиб қолган эди. Бўстон Тошчайнарнинг бошини ушлаб кўрди. Бош ҳам  ўзи  отнинг  калласидай  келар,  йиртқич  уни  қандай  кўтариб  юрганига  ақл  ҳайрон  эди. Панжалари-чи? Бўстон унинг дастпанжаларини кўтариб, салмоқлаб кўрди, ва беихтиёр қойил деб юборди: қанчалар залворли ва қудратли эди бу панжалар. Қанча йўлларни ўтган улар, қанча жониворларни қийратган улар!

Бир зум иккиланиб тургач, Бўстон унинг терисини шилиб олмасликка қарор қилди. Садқаи сар, гап терисидами. Боз устига унинг жуфти тирик қолди, ҳали хурсандчилик қилишга эрта.

Бўстон яна бирпас ҳаёлга толиб турди. Кейин бўри қорнини ёриб ташлаган қўйни елкасига ортди-да, подани орқага қайтарди.

Кечроқ  бу  ерга  белкурак  ва  занг  кўтариб  қайтиб  келди.  Кун  ботгунча  Тошчайнарнинг ўлигини кўмиш учун чуқур қазиди. Тошлоқ жой эмасми, анча уринди. Баъзан Бўстон ишдан тўхтаб  теварагига  жим  назар  ташларди,  баногоҳ  бўри  келиб  қолмасмикин,  дерди.  Нишонга бехато урувчи Бўстоннинг милтиғи ёнгинасида шай турарди, қўл узатса кифоя эди…

Аммо Акбара тун ярмидан оққаа келди… Янги қазилган ер олдида чўзилди, то азонгача шу ерда қолди, қуёшнинг илк нурлари тўкилганда, у ғойиб бўлди…

 

Чингиз Айтматов

Аввалги қисмини ўқинг

Давоми 👉

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 31-қисм

Июль охирлаб қолганди. Кунлардан бир кун мен газета редакциясидан кўнглим хира бўлиб чиқдим.  Юрагимга  қил  сиғмасди.  Негаки,  кутилмаганда  менинг  чўл  очеркларимга ...

Хушрўйбиби ва зайнаб

14. ХУШРЎЙБИБИ ВА ЗАЙНАБ Хушрўйбиби Зайнабнинг эгачисидир. Моҳирабону-дан икки ўғул ва икки қиз дунёға келиб, тўнғучи Азимбек, ундан кейингиси Хушрўй (ёшлиғида Хушрўй ўрнига ...

Рақиб изидан

14. РАҚИБ ИЗИДАН Ўн олти-ўн етти кунлик ой оқ булут ичидан қўтосланиб кўринар эди. Ҳамма хуфтан намозига кириб кеткан, кўчалар сув қуйғандек тинч эди. Кўчанинг бу тинч ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400