Мамлакатни ким бошқараяпти? (10)

                                                          (ўнинчи мақола)

                          ИЗСИЗ ЙЎҚОЛГАН МИЛЛИАРДЛАР

 Нафс балосига йўлиққан кишини ўргимчак ёки балиқ тўрига тушиб ёки чирмовиққа чалиниб қолган ўлжага ўхшатиш мумкин. Чунки у энди ўзини тутиб берган “макон”дан чиқиб кета олмайди. Нега деганда, бундайин касалга йўлиққанлар ҳаётнинг асл маъно-мазмуни шундан иборат деб ўйлайдилар. Фақат ва фақат шундай тарзда фикр юритадилар. Алалоқибат нима бўлиши мумкинлиги уларни мутлақо қизиқтирмайди. Бу каби ҳаракатнинг қанақанги натижа билан тугашини ҳаттоки, тасаввурига ҳам сиғдира олмайди. Бир кун келиб бу борадаги қилмишлари учун жавоб бериши, жавобгарликка тортилиши муқаррар эканлиги эса эсига ҳам келмайди.

               Не ажабки, бу каби нафс балосига йўлиққан ва шу тахлитда фикрлайдиганлар сафини Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг раиси жаноб Алишер Ходжаев ҳам тўлдириб турибди. Бунга барча асос ва далиллар етарли. Сабаб у компанияга раҳбар бўлиб келибдики, бирон бир ходим ҳеч бўлмаганда бирон маротаба ойлик маошини вақтида олган эмас. Қўйингки, 2005 йил май ойидан компанияга раис бўлиб келгандан буён у аҳли жамоа билан 2013 йилнинг 10 июлигача номига бўлсада учрашмаган, бир марта ҳам сизлар кимсизлар, нима муаммоларингиз бор деб-ку, умуман сўрамаган. Илгари ўз вақтида берилаётган мукофот пуллари ҳам бутунлай йўқ бўлди. Транспорт, овқатланиш, даволаниш, картошка, тижорат пулларининг берилишини-ку бир четга қўйиб турайлик. Авваллари буларнинг бари бор эди. Бу ҳам етмаганидек, компания каналларининг ҳисоб рақамини ўзининг соҳасига дахлдор ‘алоқабанк’ига ўтказди-ю, ҳамманинг ҳаловатини қочирди-қўйди. Ўз командасининг, яъни МТРКининг ҳисоб рақамини эса ‘асакабанк’дан очирди. Ҳамма ёппасига пластик карточкага ўтказилгандан кейин эса аҳвол бундан-да баттарлаша бошлади. Нақд пулни олиш бошида тузукдай эди-ю, лекин секин-аста бу борадаги аҳвол ҳам мураккаблашиш томон юз бурди. Кейинроқ эса пулни карточкага вақтида тушириш ҳам муаммога айланиб қолди. Қизиғи, маблағ карточкага тушса, нақд пул йўқ, кассада нақд пул бор пайтида карточкада пул бўлмайди. Буларнинг барчаси олдиндан пухта ўйлаб қилингандек.

              Ходимларнинг талаблари, таклиф ва ташаббуслари ҳамда муаммоларини атрофлича кўриб чиқиб ўрганиш, керак бўлса қўллаб-қувватлаш, ҳал этиш борасида илгари бироз бўлса-да таъсири бўлган касаба уюшмасининг-ку “алоқа”чиларга қўшиб юборилганидан сўнг овози бутунлай ўчди, тўғрироғи ўчирилди. Бу даргоҳда ишлаётганлар муҳим саналар, ҳатто журналистларнинг касб байрамларида бериладиган мукофот пулларидан ҳам алақачон мосуво бўлишган. А.Ходжаев деганлари шунчалик “ютарман ва қотарман” эканки, энди туғилган гўдакнинг икки ёшигача берилиши зарур бўлган сут пулига ҳам кўз олайтирди ва бундан ҳам уларни маҳрум қилди. Унинг шу қилғиликлари Алишер эмас, балки АлиШАР эканлигига катта ишорат бериб турибди.

                 Бу Юҳо чақалоқларнинг сут пулигина  эмас, ҳар янги йил олдидан 12 ёшгача бўлган болалар учун бериладиган совғаларни ҳам заррача хижолат чекмай, “қилт” этмай “ютиб” юбора олишлигини ҳам намойиш этиб қўйди. Чунки уч йилдан буён болаларнинг янги йил совғаси берилмасдан сувда чўкмас, ўтда куймас очкўз ва очофатнинг нафсини қондиришга йўналтирилаяпти.

             Халқимизда “Очофатдан қоч, – офат!” деган нақл бор. Чиндан ҳам бу очофат офатларнинг энг каттаси экан. Ундан  ё қочиб қутуладилар, ё… Бу нафси ҳакалак отган раисдан қочиб қутулишсалар-ку хўпи-хўп. Аммо унинг “тирноқ”лари бутун мамлакат бўйлаб ёйилган баҳайбат, темир чангалидан қочиб қутула олмай, алдовлар, фитналар қурбони бўлиб, билиб-билмасдан бу ҳийлакорнинг қаллобликларига шерик бўлиб, унга ишониб, “чув” тушганлар  ва минг-минг афсус билан айтиш, таъкидлаш жоизки,  ҳатто  бу “чув” тушиш оқибатида  ноиложу ночор қолганликларидан юрак хуружига учраб, нари-бериси билан бир соат ичида у дунёга равона бўлганлар ҳам бор. (Бу ҳақда алоҳида мақола ҳозирланмоқда.)

              Хуллас, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ходимлари  ойлик маошларини ўз вақтида пластик карточкаларга туширолмайдилар, бунинг устига нақд пулларни ҳам олиш жиддий муаммога айланиб бораяпти. Кўпнинг кўз ўнгида кўпнинг ҳақи, ҳатто болаларнинг ҳам ризқини бемалол паққос тушириб,  ҳеч нарса кўрмагандай, ҳеч нарса билмагандай юрган бу офатнинг ўзи тўйса ҳам кўзи тўймаяпти. Ўз маошини вақтида ололмаётган ходимлар бу борада бухгалтериядан аниқ жавоб олишолмагач, тўғридан-тўғри “алоқа” банкига қўнғироқ қила бошлайди. Жумладан, камина ҳам ушбу банкнинг нақд пул билан шуғулланадиган бўлимига қўнғироқ қилиб “қачон бизнинг “Ўзбекистон” телерадиоканалига нақд пул жўнатасизлар?” дейишимни биламан, банк ходимидан ”Ўзи бу телерадиокомпания нақд пулга тўядими-йўқми?” деган жавобни эшитдим. “Ие, қачон биз нақд пул олибмиз?” десам, у яна менга “Кечагина компаниянингиз иккита машинада беш миллиарддан ошиқ, олти миллиардга яқин нақд пул олиб кетди-ку” деганида ҳангу-манг бўлиб қолдим. ЎзМТРК учун банкдан олинса-да, аммо  компания ходимлари қўлига келиб тушмасдан, бошқа томонларга “адашиб”, “изсиз йўқолаётган” бу нақдлаштирилган миллиардларнинг сирли манзили қай ер-у, қай жой бўлганлигини я-я-яхшилаб излаган одам топмай қолмас…

 

   Нарзулло  ОХУНЖОНОВ         

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ӯзбекистонда порахӯрликка қандай усул орқали барҳам бериш мумкин?

Ҳукуматимизнинг коррупцияга, порахӯрликка қарши барча хатти-ҳаракатлари ижобий натижа бермаётгани кундан-кунга аёнлашмоқда. (more…)

Темир йўл кассаларида тушлик қанчага чўзилади?

  ​ "Мен Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидан ёзмоқдаман. Ҳозир темир йўл вокзалидаман. Вокзал кассаси “обед”, деб ёпиб қўйилган. Бироқ, кассанинг олдида ҳеч ...

“бензин бўлса свет йўқ, свет бўлса бензин йўқ”

  "Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида жуда бир қизиқ ҳолатга гувоҳ бўлдим. Туманимиздаги АЁҚШларда бензин ойига бир марта берилади. Қўлдан олсангиз, бир литр ...