АЗИЗБEК

16. АЗИЗБEК

Орадан уч-тўрт дақиқа ўткандан кейин Камолон тарафидан бир юз чамалиқ саркарда ва йигитлари билан Азизбек кўринди. Тилла жабдуқли қизил айғирға минган, қуёш ёғдуси билан турлик туска кириб товланадирған, ёқа ва этакларига олтин уқа тутилган кимхоб тўн кийиб, белидаги олтин камарга кумуш қинли жазоири қилич осқан, бошиға оқ шоҳидан салла ўраб, оёқларини кумуш узангига тираган, сийрак қошлик, чўққи соқол, буғдой ранглик, қирқ беш-элли ёшлар чамалиқ бир киши эди. Унинг орқасидан қора отға отланиб, зангори мовутдан уқалик тўн кийган, кумуш камарнинг ўнг томониға қилич, сўлиға тўфангча қистирған, бошиға барра попоқ кийиб, жин ялаған деганларидек қошсиз, қорамтил юзлик, икки чакагининг устида бир оз, иягида бир оз сийрак, кўримсиз қора соқоллиқ, кўзлари ичига ботиғроқ, аммо қон қуйилғансумон бир киши келар эди. Бу киши Азизбекнинг амри лашкари ва ўнг қўли бўлған Райимбек додхоҳ эди. Унинг қаторидағи иккинчи киши кичикроқ саман отка отланиб, устига Бухоронинг ола байроқ матасидан чопон кийиб, камар ўрнига чопонини тугмалаган, бошиға катта салла ўраб, қамчи сопи билан эгарнинг қошиға такя қилған; тўла кўркам юзлик, катта малла кўзлик, узун мош-гуруч соқоллик мулланамо бир зот бўлиб, бу киши яроқсиз эди. Азизбек орқасидан келгучи бу икки отлиқдан сўнг сипоҳлар туркуми бошланиб, зангор мовутдан тиззагача тушкан калта камзул, қизил мовутдан шим, оёғида сағри этик, бошда Райимбек додхоҳнинг бошидағидек попоқ, аммо уст томони қизил мовутдан, оқ қайишдан камар, сўлиға қилич осилиб, ўнг томонига тўфангча қисти-рилған ҳар қаторда тўрттадан отлиқ келмакда эдилар. Сипоҳларнинг кексаликлари тўғрисидаги нуқсонни эътиборга олинмаса, кўриниш мунтазам эди.
Қўрғон устида ясов тотқан қаҳрамонлар қўл боғлаб икки букилгансумон таъзим билан Азизбекни илга-рига ўтказа бошладилар. Азизбек уларга қарши олтин соплик қамчисини кўкрагига кўндаланг қўйиб боши билан ҳам жавоб ишораси бериб олдинлар эди. Шу кезда бошлар уюми ёнида турған қўрғон бегиси отидан ерга тушиб жиловини қовуштирилган қўллари орасиға олди. Бошлар уюми билан Азизбек ораси қирқ-елли от адими қолған эди. Азизбек қаҳрамонларнинг саломларига жавоб қайтаришни ҳам унутиб, кўзини кесик бошларга тикди. Азизбекнинг орқасидағи саркарда ва сипоҳлар ҳам бу даҳшат уюмига эгарга қийшиқ ўлтуриб томоша қилиб келар эдилар. Азизбек кишилари билан бошлар ёниға келиб тўхтади.
Азизбек бир мунча вақт бошларни томоша қилиб турди-да, қаршида қўл боғлаған қўрғон бегига қараб илжайди:

— Баракалла ғайратларингизга, — деди Азизбек, — бу кун қипчоқларға рустамона жавоб
бериб, ўзларини ҳам итдек қирғансиз. Бунчалик ғайрат кўрсаткан фуқароларга раҳмат, дунё
тургунча турсинлар!
Азизбек ташаккурини битиргач, ҳудайчи қўрғон устидаги қаҳрамонларға ҳамма товшини
қўйиб қич-қирди.
— Бек жаноблари бу кунги рустамона ғайратларин-гизга раҳмат айтиб, ҳақларингизга дуо
қиладирлар!
Мудофиълар дунёни бузиб жавоб бердилар:
— Қуллиқ тақсир, қуллиқ! Тақсиримиз дунё тургунча туриб, сояи давлатлари бошимиздан
кам бўлмасин!
Азизбек қамчисини кўндаланг қўйиб мудофиъларга қуллиқ қилди ва ҳудайчига буюрди:
— Қўрғон бегига кимхоб тўн, юзбошиларға атлас чопон, бошқа йигитларга уч тангадан пул
инъом берил-син.
Ҳудайчининг хабаридан сўнг мудофиълар жавоб қайтардилар:
— Давлатлари зиёда бўлсин!
Хазиначилар сипоҳлар орқасидан икки отни етаклашиб ҳудайчи ёниға етдилар. Бир отнинг устига чопонлар ортилған, иккинчи отдағи катта хуржиннинг икки кўзи лиқ танга эди. Бошлаб ҳудайчи от устидан бир кимхоб тўнни олиб, қўрғон бегига кийдирди. Қўрғон беги тўнни кийиб Азизбек ҳақига узун дуо қилди. Сўнгра ҳудайчи бир йигитка тўн қўлтиқлатиб, иккинчи йигитка тангалардан олдириб қўрғон беги билан бирга қаҳрамонлар ёниға чиқди. Қўрғон бегининг кўрсатишича кимга уч танга пул, кимга адрас чопон улашилиб бошланди.
Азизбек от устида бошлар уюми теварагида айланиб Райимбек додхоҳ ва ола-байроқ тўнлик кишига ўзининг таниш саркардаларидан бўлған кимларнингдир бошларини кўрсатмакда, тирик вақтларида нима ишларда бўлиниб ва қора чопонлиларға қандай зулмлар қилғанларини сўзламакда эди. Азизбекнинг бу гапларини Райимбек дод-хоҳ самимий эшитса ҳам олабайроқ тўнлик одам «тақсир, тақсир» билан жавоб бериб, бошлар уюмидан жиркангансумон эгарининг қошиға кўзини тикиб турмоқда эди.
Ярим соатлик бир фурсатдан кейин қўрғоннинг бошдан-оёқ ясов тортқан қаҳрамонларига инъомлар улашилиб битди-да, ҳудайчи ўзининг қуруқ хуржини билан Азизбек қотиға келиб қуллуқ қилди. Азизбек қаршисида қўл боғлаб турған қўрғон бегидан сўради:
— Йигитларингизнинг барчаси ҳам қуруқ қолмадими?
— Давлатингиз соясида, тақсир.
— Қипчоқларнинг бу кунги ҳужуми қай вақтда бўлди?
— Тонг ёрир-ёримас Оқ тепа томонидан тўп ота бошладилар, — деди қўрғон беги, — ўн беш дақиқа ўтар-ўтмас отлиқ қипчоқ қўшинлари кўриниб Самар-қанд дарбозасига югирдилар. Шунгача мен ҳам давла-тингиз соясида икки дарбоза оралариға мерганларни яйратқан эдим. Бошлаб Самарқанд дарбозаси қўруғи-дан отишға буюрдим. Мерганлар ўн беш дақиқа орқасини узмай милтиққа ўт бериб турдилар. Қипчоқлар биз-нинг томондан отилған милтиқ ўқлариға чидалмай, Самарқанд дарбозасини ташлаб, Камолон дарбозасига юзландилар. Сўнгра давлатлари кўланкасида Камолон қўруғидағи мерганларни ишка қўйдим. Бир соат чамаси отишқандан сўнг ёв бизнинг ўқимизға чидалмай, икки дарбоза орасида уч-тўрт юз ўлик қолдириб, қочишға мажбур бўлди. Биздан ёлғиз беш киши ўлиб, тўққиз киши яраланди.
Азизбек жуда завқланған эди, яна бир қайта баракалла ўқуб, сўради:
— Нормат қипчоқ кўриндими?
— Йўқ тақсир: қўрғон яқиниға йўламади, йўла-ғанда…
— Ўшанга ҳозир бўлмоқ керак.
— Давлатлари ёри берса, албатта бизнинг муддао ҳам шунда…

Азизбек ўз оғзи билан мудофиъларга «Мен сизлардан рози!» деб қичқирди ва мудофиъларнинг қий-чув дуолари остида сипоҳлари билан Самарқанд дарбозасига томон ҳаракат қилди.
Бу кун Азизбек ғолибият далдасида қўрғонлардан бир айланиб чиқмоқчи эди. Шунинг учун Самарқанд дарбозасидан ўтиб қўрғон ости билан Чақарға қараб юришдилар. Қўрғон Чақарнинг чуқур жарлик ариғиға тақалиб тугалар эди. Чақар суви устига қўрғон тиклаш мумкин бўлмай, жарнинг усти қўрғондан табиъий бўш эди. Аммо жарнинг нариги томони бир тепадан иборат бўлиб, жануб биқини маълум Чақар суви билан, ғарби Бўз сув ва Кўкча ариғи билан ўралған бурун каби бу тепа қўрғонсиз ҳам душманнинг ҳужумига ўнгғайсиз эди. Тепа устида сипоҳ туриши учун бир неча бинолар солинған, жануби-ғарбиға қаратиб бир, ғарбға қаратиб бир ва шимоли-ғарбиға қаратиб яна бир; бариси учта тўп қўйилған эди. Бу тепа устида доимий тўпчи ва қоровуллар турар эдилар.
Азизбек сипоҳлари ила жарга тушди ва сув кечиб ҳалиги тепага юзланди. Тўпчи, қоровуллар кўздан кечи-рилиб, уларга бир неча тангадан инъом берилди. Шундан кейин тепанинг кун чиқишиға қараб қайтдилар. Чунки тепанинг бошқа томонлари юқорида айтилгандек бир неча терак бўйи жарлик бўлғанлиқдан Кўкча дарбозасига ўтиш учун Сузук ота мозори яқини билан Кўкча ариғиға тушилар ва ундан кейин Кўкча қўрғонлариға қайтиб келинур эди.
Кўкча қўрғонлари қўруғида анови қўрғонларни-кидек мудофиълар кўб бўлмаса ҳам, йўқ ҳам эмас эдилар. Ҳудайчи Азизбекдан илгарироқда қўриқчиларни огоҳлантириб борар, милтиқ, шашвар туткан ёш ва кекса муҳофизлар уни саломлаб қарши олар эдилар ва Азизбекнинг «Раҳмат фуқароларим!» сўзини эшитиб яхшиғина талта-йишиб қолар эдилар. Шу равишда Кўкча, Чиғатой, Сағбон, Қорасарой, Тахтапул, Лабзах дарбозаларини ўтиб, энг кейин Қашқар дарбозасига етдилар. Қашқар дарбозаси ўрдага яқин бўлғани учун мунда муҳофиз ва сипоҳлар талайғина бор эдилар. Уларнинг саломларига кўмилиб, Азизбек Қашқар дарбозасининг муюшига еткан ҳам эди, ташқаридан кимнингдир дарбозани ошиғич тақ-тақ ургани эшитилиб, Азизбекнинг оти ҳуркибми, қўрқибми кетига бурулиб тўхтади. Бошқалар ҳам тўхташға мажбур бўлдилар. Азизбек қаршисида қўл боғлаб турған дарбоза бегиға бақирди:
— Нега қараб турасан, дарбоза устига чиқ, ким экан у ит?! Дарбоза беги югуриб қўрғон деворига чиқди:
— Тақсир, бир чол!
— Дарбозангни очиб, ичкарига ол! — деди Азизбек. Дарбоза очилди. Ташқаридан саман отини етаклаб Ҳасанали кирдида, кутилмаган иш устидан чиқғани учун қўрқиб, Азизбекка салом берди.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 48-қисм

Эртасига  пешинга  яқин  қутқарувчилар  бирин-кетин  тизилишиб  Ола  Мўнгу  довони  томон кўтарилиб борардилар. Бўстонни қўшиб ҳисоблаганда, улар олти киши эдилар. Машина ...

Шоирларин эъзозлар ҳар юрт

27 ноябр куни Тожикистон Республикаси Суғд областининг Жаббор Расулов туманида шеърият кечаси ташкил этилди. (more…)

Чақимчилиқ  

12. ЧАҚИМЧИЛИҚ — Бу кун етти кун... Отабек қутидорнинг қизиға уйланди. Ул бу хабарни Қўқондан қайтишда эшиткан эди. Ўзининг қиёфасига яраша қўрқунч йўллар излар экан, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400