ЮСУФБEК ҲОЖИ

17. ЮСУФБEК ҲОЖИ

Райимбек додхоҳнинг ёнидаги бизга таниш олабай-роқ тўнлик киши Ҳасаналини кўриши ҳамоно:
— Ҳа-а-а, бизнинг Ҳасанали-ку! — деди, — кел, Ҳасан кўришайлик, Отабек эсонми?
Ҳасанали келиб кўришди, Юсуфбек ҳожи кўришар экан, Азизбекка деди:
— Бу бизнинг кишимиз тақсир, Марғилондан келадир.
Азизбек лабини тишлаб қолди. Чунки дарбоза тақиллатиб, отини ҳуркиткан Ҳасаналини жаллодға топшириш нияти, албатта йўқ эмас эди. Юсуфбек ҳожининг сўзига жавоб бермай йўлида давом этди. Ҳасанали сипоҳлар орқасидан, Юсуфбек ҳожи Азизбек кетидан ўрдаға қараб юрдилар. Ўрда дарбозасига еткандан кейин кутиб турған ўрда беги Азизбекнинг қўлтиғидан олиб отдан туширди. Азизбек ўрда ичига кирмакда экан, Юсуфбек ҳожи отдан қўниб сўради:
— Менга рухсатми, бек?

Азизбек йўл устидан ҳожига қаради:
— Рухсат, эртага чойни ўрдага келиб ичинг.
— Яхши, тақсир.
Юсуфбек ҳожи сипоҳлардан бирининг қўлтиқлаши билан отиға миниб, нарида кутиб турған Ҳасаналига қараб юрди. Сипоҳлар ҳам ўрда ичиға от етаклашиб кира бошладилар.
Юсуфбек ҳожи Ҳасаналининг вақтсиз ҳам Отабекка қайтишидан ташвишланган ва қандай бўлса ҳам бир фалокат юз берганига ишонган эди:
— Нега вақтсиз келдинг, Отабек соғми? — деб сўради.
Юсуфбек ҳожи Ҳасаналига етмасданоқ бу саволни берди, Ҳасанали эшитмадими ёхуд эшитса ҳам эшит-маганга солиндими, ҳар нучук жавоб бермади.
— Нега индамайсан?
— Отабек саломат…
— Бўлмаса, нега вақтсиз келдинг, Отабек қани?
Отабекнинг қамалишидан хабар бериш Ҳасанали учун жуда оғир туйилган эди. Ниҳоят кўзидаги ёшини артди-да:
— Отабек Марғилон ҳокими тарафидан қамалди, — деди.
— Нега, нега? — деди ҳожи, отидан сачраб йиқилишга еткан эди. — Сабаби нима?
— Сабаби маълум эмас.
— Астағфируллоҳ, — деб қўйди ҳожи, ўзини бир оз тўхтатқан эди.
Ҳасанали Отабекнинг Марғилон борғанидан тортиб, қамалишиғача бўлған ҳикояларини сўзлаб кетди. Юсуфбек ҳожи бекнинг уйланишини ҳам оддий гаплар қаторида эшитиб ўткарди.
— Марғилонда туриб бир иш чиқаришға кўзим етмагандан кейин Тошканд келишка мажбур бўлдим, — деди Ҳасанали ва шу гап билан можарони сўзлаб тугатди. Ҳожи вақиъани эшитиб, чуқур бир мулоҳаза ичида борар эди. Унинг қандай киши бўлғанини Тошканднинг етти ёшаридан етмиш ёшариғача билганликдан гузар ва маҳаллаларда унга дуч келган кишилар жойларидан туриб салом берарлар, ҳожи бўлса жавоб қайтаришни билмас, гўё кишиларни ҳам кўрмас эди. Ниҳоят шу ҳолда кўб юргач, орқасида келмакда бўлған Ҳасаналига қараб отининг бошини бурди ва:
— Отабек билан бирга қамалғанларни неча киши дединг? — деб сўради.
— Уч киши: бири Мирзакарим қутидор, иккинчи Зиё шоҳичи, учунчи Раҳмат.
— Яхши, сен бу тўртавининг ўлтуришларида бўлғанмидинг?
— Бўлған эдим.
— Нима ва қайси тўғриларда сўзлашдилар, Отабек қипчоқларға қарши сўзламадими?
— Сўзламади. Бошқаларнинг ҳам бу тўғрида сўзлари бўлмади.
— Уларнинг мажлисларида бўлмаган вақтинг ҳам бўлдими?
— Ҳар бир ўлтуришларида мен ҳозир эдим.
— Яхши, сен улар билан қай ерларда ўлтуриш-динг?
— Биринчи мартаба Зиё аканикида бўлдиқ, иккин-чи…
— Тўхта, Зиё аканикида меҳмонлар неча киши эдилар?
— Қутидор, Отабек, андижонлик Акрам ҳожи, мен, Зиё аканинг қайниси — Ҳомид деган бирав. Зиё ака ва унинг ўғли… Ҳаммаси етти киши.
Юсуфбек ҳожи отининг ёлини қамчиси билан тарар экан, уч-тўрт дақиқа ўйлаб қолиб, сўнгра сўради:
— Иккинчи ўлтуриш қаерда бўлди?
— Иккинчи ўлтуриш Зиё аканикидан икки кун сўнг қутидорникида бўлди. Бу мажлисда ҳам ўша биринчидаги кишилар эдилар. Ёлғиз Ҳомид йўқ эди.
— Тағин қаерда ўлтуришдингиз?
— Бошқа жойда ўлтуришмадик… Мундан йигирма кундан кейин тўй бўлди. Тўйда албатта бундай сўзлар гапуришилмайдир.

— Иккинчи мажлисингизда ким ҳали, Ҳомид дедингми, нега йўқ эди?
— Билмадим, нега йўқ эди… Қутидор айтмаган бўлса керак.
— Қамалғучилар: Отабек, қутидор, Зиё ака, Раҳмат, шундоғми?
— Шундоғ, ҳожи.
— Сени ҳам қўрбоши йигитлари қидирдилар?
— Қидирдилар.
— Акрам ҳожи Андижон кеткан эди. Шунинг учун уни тополмадилар, шундоғми?
— Шундоғ.
— Ҳомидни-чи?
— Уни қидирмадилар шекиллик… Отабек қамал-ғандан сўнг алла қаерда кўргандек бўламан.
— Бизга келин бўлмишни, гўзал, дедингми?
— Илоҳи Отабек саломат қутилсин, муҳаббат қўйғанича бор…
— Келиннинг сулувлиги Марғилонда маълум экан-ми?
— Маълум экан, тилларда достон экан.
— Ҳомид уйланган йигитми, билдингми?
— Уйланган. Бизнинг ҳужрага келганда, икки хотини борлиғини ўз оғзидан эшиткан эдик.
— Ҳомид сизнинг ҳужрага нима учун келган эди? — деб сўради ҳожи, — нега буни боя сўзламаган эдинг?
— Эсимдан чиқибдир, — деб узр айтди Ҳасан, — Ҳомид Раҳмат билан бирга Отабекни Зиё аканикига таклиф қилғали келган эди ва биз уларга ош-сув қилиб жўнатқан эдик. Аммо уларнинг ундай-бундай сўзлари бўлмаған, тўғриликча келиб кеткан эдилар.
— Яхши, ўша Ҳомидни сен қандай одам, деб ўйлайсан?
— Қўланса сўзлик, ичи қорароқ бир йигит эди, — деди Ҳасанали, бир оз борғач сўради. — Отабекнинг ишини оғир, деб ўйламассиз?
Ҳожи жавоб бермади. Ул жавоб бергали ҳам қўрқар эди. Унингча иш жуда нозик, ғоятда қўрқунч эди. Чунки, Марғилон зиндонида ётгучи қипчоқ душмани бўлған Азизбек оталиғининг ўғли эди. Тошканднинг исён чиқарған бир замонида Отабекдек бир йигитнинг Марғилонда қандай гуноҳ билан бўлса-бўлсин ушланиши ҳар жиҳатдан ҳам мудҳиш эди.
Ул ўғлининг қутилиши йўлида ҳар бир мулоҳаза кўчасига кириб чиқмоқда, аммо ҳар бирисидан ҳам бўш ва умидсиз қайтмоқда эди. Энг сўнг ўғлиға ҳужум қилған бу фалокатнинг тадбиридан ақли ожиз қолди, мияси ишлашдан тўхтади ва шундан сўнг — «Парвар-дигоро, кексайган кунларимда доғини кўрсатма», деди ва кўз ёшлари билан соқолини ювди.
— Ҳасанали, зинҳор унинг қамалғанини онаси билмасин.
— Албатта.
Шундан сўнг отларини етаклашиб ичкарига кир-дилар.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 13-қисм

13 Обширга йигирма отлиқ бўлиб бордик. Сурнай навоси чиқаётган, осмонга қуюқ тутун ўрлаётган тўйхона остонасида оёқ илдим. Бизга Турди подачиникидан жой тегди. Телпаги ...

Мичиган университети профессори: “чўлпон ёзган ўзбек тилига қайтиш лозим”

Мичиган университети профессори Темур Хўжаўғли Minbar билан суҳбатда ўзбек жамияти, хусусан, адабиёти, маданияти ва илм-фан соҳасига ташхис қўйди, лотин алифбосини ислоҳ ...

Чингиз айтматов:қиёмат 14-қисм

Москва — Олмаота  поезди  Саратов  ерларини  орқада  қолдириб,  икки  кундан  бери Қозоғистон чўлларидан борарди. Авдий Каллистратов Турон томонларни биринчи кўриши. У бир  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400