ЖАР

18. ЖАР

… Бу кун соат ўн иккида Отабек ила қутидорнинг исён-чилиқ гуноҳи билан дорға осилишларини жарчи шаҳарга хабарлаб юрар ва халқ оғзида Отабекларнинг эмиш-мемиш ҳикоялари эди.
Ҳомид ила биргалашиб кирган миршабни қўрбоши ташқариға чиқмоқға буюрди-да, Ҳомидни ўлтуришка имлади.
Қўрбоши ниманидир сўзламоқчи бўлса ҳам, негадир унинг тили осонлик билан ҳаракатка келмас ва ўзи ҳам бир турлик ўнгғайсизлиқда эди. Ниҳоят қўрбоши ўзига бир турлик жасорат берди:
— Боболар: «Дунёники мири кам икки» деганлар, — деди, — тўғриси ҳам шундоғ: ўзингни юз ёқға урсанг ҳам тирикликнинг яна бир бошқа ямоғи чиқиб турадир…
Туйғун Ҳомид қўрбошининг нима мақсади борлиғини пайқади:

— Тўғри сўзлайсиз, тақсир, — деди, — дунёники ҳамиша мирикам икки, шу етишмаслик балосидан тўйиб, баъзи вақтларда кишининг дунёдан чиқиб кеткуси келиб қоладир. Яхшиким, дунёда ошна, оғайни деган кимсалар бор… Агар шулар бўлмаса-чи, киши аллақачон дунёдан чиқиб кетадир. Шунинг учун мен оғайниларни кўзларим устида тутаман, уларни муҳтожлиқ чоғларида кўрсам, ўзимни гарав қўйиб бўлса ҳам эҳтиёждан чиқаришға тиришаман.
Қўрбоши тизаси устига кўндаланг қўйған қиличи-нинг икки тарафидан босиб, бир қўзғалиб қўйди:
— Бали, бали, мулла Ҳомид, мундай оғайниларнинг садақаси кетсанг ҳам арзир, — деди томоқларини қириб қўйди. — Шу кунларда ўғилчаларнинг ёши етиб, суннати набиюнани бажо келтириш тақозо этадир… Тўй керакларидан кўпини тадорик қилған бўлсам ҳам, етишмаган ерлари ҳам кўб. Шуни сизнинг келишингиз олдида ўйлаб ўлтирар эдим…
— Бек ака, — деди Ҳомид ва тусига ясама кулиш чиқарди, — сиз аччиғлансангиз ҳам айтай:
беклар зоти кишига сира ҳам ошна бўлмас эканлар. Айниқса сиз ҳамон ўзингизнинг беклиғингизга бориб, истиғнонгизни эскича олиб борасиз… Бошингизда шунчалик қайғингиз бўлур эмиш-да, бир оғиз менга айтмас эмишсиз?
Қўрбоши Ҳомиднинг заковатига қойил бўлиб илжайди:
— Йўқ, йўқ, мулла Ҳомид, — деди, — бу ёқда гап бор: ҳукумат хизматида турғанингдан кейин юз ёқнинг мулоҳазасини қилар экансан…
— Тузик, бек ака, аммо маним ошначилиғим тамом бошқачадир, — деди Ҳомид ва ёнчиғини чиқариб бир қўлидан иккинчи қўлиға олтинларни санаб тушира берди. Қўрбошининг кўзи олтинлар устида ўйнаб булар баракасида қиладирған суннат тўйисини, Марғилон беклари олдида ортдирадирған обрўсини ўйламоқда эди. Олтинлардан йигирматаси ажратилгач, саноққа ишонмай кўриб турғаним тушми, деб уйқусиради. Ҳомид олтинларни узатди, — мана, бек ака, бу арзимаган олтин холис ошналиғимизнинг боғланишидир, яна етмагани бўлса қараб турмасмиз.
Қўрбоши титраб, қахшаб олтинларни жойлади. Ҳомиддан ниҳоятда хурсанд эди:
— Хўш, мулла Ҳомид, энди бу кунги ҳангамалардан сўзлашайлиқ, — деди бек. — Поччангиз ила жиянингизнинг бу ишка оралашиб қолғанлари ёмон бўлди-да.
Бу сўздан Ҳомиднинг юзига қайғириш аломати чиқди ва эътибор билан қўрбошининг оғзиға қаради.
Қўрбоши давом этди:
— Бу икки бегуноҳнинг қамалишлариға ҳам ўша ярамас сабаб бўлди. Йўқса уларни қамоққа олишға қушбеги буюрмас эди. Аммо кечаги қушбегига сўзлаған сўзингиз Отабек ила қайин отасини ўлимга маҳкум қилганидек, поччангиз ила жиянингизни бир қадар оқлайдилар. Шунинг учун мен борған сўнг бўладирған ҳукм мажлисида эҳтимол қариндошларингизни қутқазишға муваффақ бўлурман. Ҳар ҳолда қариндошларингизнинг қаттиғ жазо тортишлари шубҳаликдир, сиз пайқадингизми, йўқми кеча мен жарчиға бу кунги осилғучиларни Отабек ила Мирзакарим бўлғанлиғини таъйинлаган эдим.
— Марҳаматингизга қуллуқ, — деди Ҳомид, — аммо шундоғ бўлса ҳам қариндошларим тўғрисида хавфдаман… Бунинг бошқачароғ бир эбини топиб бўлмасмикин?
Бояғи мукофотлар қўрбошини чинлаб бош оғри-тишға мажбур этар эди. Бу тўғрида ул анча ўйлаб олди:
— Кеча қушбеги олдида Отабекларни қай равишда айблаб сўзлаған эдингиз, тағин бир эшитиб ишнинг режасини олай-чи?
— Қушбегига сўзлағаним шундай эди — «Отабек айтди: энди бизнинг Тошканд халқи қипчоқларнинг жабру зулми ва тадбирсиз идораси остида ётиб жуда тўйди. Бошлаб Тошканддан қипчоқ балосини йўқотиш учун Азизбек ва отам бошлиқ исёнга тайёрландилар. Шу мақсадда Марғилон оғайниларини ҳам қипчоқларға қарши оёқландирмоқ учун мени бу ерга юбордилар. Биз токай қипчоқлар қўл остида эзиламиз ва бир ҳовуч далатобларға бош эгамиз, деди. Отабекнинг бу сўзига қутидор ва Акрам ҳожилар қўшилишиб, унга бу йўлда ёрдамлашмакчи бўлдилар. Аммо мен бўлсам бу гапка қарши тушиб: сизларнинг бу фикрларингиз янглишдир, биз уч йил бўйи жаноби Ўтаббой қушбегининг қўл остларида яшаб ҳеч бир зулм кўрмадик. Шу ҳолда ҳукумат устига иқдомимиз куфрони неъмат бўлур, дедим. Отабек менга қаттиғ сўзлар айтди. Поччам ила жияним бўлса маним фикримда эдилар, аммо уйимизга келган меҳмон, деб уларга очиқ қаршилик қилмадилар. Бу мажлисдан кейин мен бир неча вақт Отабек ва йўлдошларининг қонлари тўкилмасин, деб бу гапни ичимга солиб юрдим. Бироқ Тошкандда Азизбек ва Юсуфбек ҳожилар исёни бошланғандан сўнг, ўзимнинг бу ишимни ҳукуматимиз учун хиёнат билиб, қўрбоши жанобларига хабар бердим. Ўзимнинг содиқона бу хизматим эвазига жанобларидан ожизона ўтинчим шулки, бу сирни сизларга билдиргувчи мен бўлғанлиғимни ўзларидан бошқа кимарса билмасин, ҳатто муттаҳамлар ҳам сезмасинлар» — мана, фақирнинг Отабекларни айблашим ва қариндошларни оқлашим хулосаси шундан иборатдир.
— Баракалла, — деди қўрбоши, — сизнинг бу гапла-рингиз жуда ҳам ўринлик тушкан, мен ишонаманким, Зиё ака билан Раҳмат қутулурлар.
— Буни нимага суяниб айтасиз?
— Суянчиғингиз маълум, — деди қўрбоши, — қушбегига Отабек ила қутидорни осмоқ фикрини берган бу сўз, поччангиз билан жиянингизни нучук қутқармасин.
— Поччам билан жияним илгариги сўроқда қандай жавоб берган эдилар, буни хотирлай оласизми?
— Уларнинг жавоблари кечаги сизнинг оқлашингизға сира ҳам қарши келмайдир. Чунки улар мажлисда бундай сўз бўлмади, деб тондилар. Бу эрса ўз уйларига келган меҳмонларни риоя қилишлари бўлиб чиқадир-да, яна иш сизнинг оқлашингизға ёпишиб келадир.
Ҳомид тағин бир мулоҳазага тушкан эди. Унинг бу ҳолини кузатиб турған қўрбоши:
— Энди ортиқ ўйламангиз, мулла Ҳомид, — деди, — орада сиз қўрқарлиқ ҳеч бир иш йўқ.
Ҳомид нимадир айтмакчи бўлар эдида, ўнғайсиз-ланиб тўхтар эди. Бир куни қайта оғзини жўплаб қараса ҳам яна сўзлай олмади. Қўрбоши унинг бу ҳолидан хабар топди:
— Гапуринг, гапуринг, мунда ёт киши йўқ.
Қўрбошининг бу сўзи далдасида Ҳомид жасорат-ланди:
— Бу кун ҳукм мажлисида поччам ила жияним сўзларидан янглишиб кетсалар нима бўладир?
— Нега янглишсинлар, улар билганларидан ортиқни албатта сўзламаслар. Ўлим деган нарса кўз ўнгига келиб тўхтағандан кейин Отабекдек меҳмонлар риояси кўнгилдан ювилур, сўзнинг тўғрисини айтишка мажбур бўлурлар ва иш ҳам сизнинг айблаш, оқлашларингиз руҳига келиб тўхтар.
Ҳомид яна ҳам ўнгғайсизланиб тушди, ўзининг ички сиррига шу чоқғача тушуна олмаған қўрбошиға лаънатлар ўқур экан:
— Айблаш, оқлаш сўзларимнинг руҳини сиз бир ёққа қўяберинг-да, ишнинг ички томонини мулоҳаза қилинг, қўрбоши ака, — деди.
Хоин ила сотилған кўзлар тўқнашдиларда, бир-бирисидан маъно олишдилар ва орага бир неча дақиқа сўзсизлик, жимжитлик кирди. Қўрбоши чиндан ҳам бу ўрингача Ҳомиднинг ички сиррига мутталиъ бўлмаған, қўлиға кирган олтинларни ҳам ёлғиз унинг қариндошларининг қутилишлари йўлидаги чойчақалар, деб билар эди. Аммо энди илгари ва ҳозирда киссага тушкан олтинларни Отабек ила қутидорнинг қон баҳолари эканлигини сезиб виждони тўлқинланаёзди ва мутараддид бўлди. Қўрбоши-нинг бу ҳоли Ҳомидни маълум икки йўл устида қолдирган эди. Бу икки йўл устида қолган Ҳомид саросима эди. Ўзини жаҳаннамга юбориш ва нажотка чиқа-риш ихтиёри қаршисидағи бекнинг қўлида эди. Унга тез-тез қарар ва ҳол тили билан унга яна кўб олтинлар ваъда қилар эди. Бу ваъдаларни Ҳомиднинг юзидан ўқуған қўрбоши — «икки кишининг хун баҳолари!» қичқирмоққа бўлган виждон садосини эшитиб ўлтурмади:
— Энди бунга қарши қандай йўллар кўзлайсиз?
Ҳомид ўзининг нажот томониға оғишқанини сезиб энтикди:
— Қушбегига қилған айблаш, оқлаш йўлларимни поччам ила жиянимга тушундириш керак, деб ўйлай-ман.
— Тушундирсак, тағин яхши.
— Раҳмат, бек ака, ундоғ бўлса вақт қочирмасдан уларнинг ёнлариға тушиб, то ҳукм вақтиғача уқдира оласизми?
— Мумкин, ўзингиз тушсангиз яна яхши.
Ҳомид бошини чайқади:
— Отабек ила қутидорларнинггина эмас, ҳатто поччам ила жиянимнинг ҳам маним бу ишларда иштироким борлиғини билмасликлари керакдир.
— Маъқул. Аммо бунда сизнинг мақсадингизға қарши бир гап борким, ҳукм чоғида қушбеги сизни йўқласа нима бўладир? Бу тақдирда улар сизнинг бу ишни омили бўлғанлиғингизни билмасларми?
Масаланинг бу томони ҳам Ҳомид учун ёмон эди. Фариштадек соф ҳолда қолмоқчи бўлған Ҳомиднинг бу ҳол сиррини очар, юзидаги ниқобини олишға, рақиблар ила юзма-юз келишка мажбур этар эди:
— Ҳукм мажлисида бўлмаслиғимни уҳдангизга ололмайсизми?
— Уҳдага олмоқ қийин, — деб бош чайқади қўрбоши, — аммо бу бир эҳтимолгинадир, чунки, қушбегининг бир нарсага қарор бергач, ортиқ текшириб ўлтурадирган одати йўқдир.
Ҳомид узоқ ўйлаб турмади, юзидаги совуқ бир ўзгариш ичида:
— Майли, башарти юзлашмоққа тўғри келганда ҳам мен ҳозир, — деди, шундан сўнг ажралишдилар.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бахт ва бахтсизлик

8. БАХТ ВА БАХТСИЗЛИК Ошни сузиб келтиргач, меҳмонни ошға таклиф қилишдан бурун яна тоқчадаги кўвачани олиб бир пи-ёлани тўлдирди ва Отабекка узатди. — Ичинг буни ҳам, ...

Юлдузли тунлар-44

3 Куз илиқ келгани учунми, Ҳирот тождорлари ҳали ҳам қалъа ташқарисидаги боғларда яшамоқда эдилар. Шаҳарнинг шимол-шарқидаги Қипчоқ дарвозасидан нарида Шоҳруҳ мирзо даврида ...

Эврил турон: эллигинчи йиллар манзараси

(Давоми) Эл-улус қатори Гулистон кентини қиялаб ўтган йўлдан юришга мажбур бўлдик. Декабрь эшик  қоқаётганига қарамай, сўқоқнинг икки ёғида теримчилар учлари кўринар-кўринмас ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400