ИСТИҚЛОЛ ДАРДИ

20. ИСТИҚЛОЛ ДАРДИ

Етмиш кунлик бир муҳосарадан кейин уч минг сипоҳни бир ярим мингга тушуриб, бир ярим минг сипоҳни Тошканд қўрғонлари остида қурбон бериб, Нормуҳаммад қушбеги қуруқ қайтишға мажбур бўлди.
Бу етмиш кунлик қамал вақтида Азизбекнинг содиқ фуқаролари бўлған тошкандликлар азтаҳидил унга хизмат қилиб, жонбозлиқ кўрсатиб, ниҳоят қипчоқларни умидсиз Қўқонға қайтаришға ноил бўлдилар. Ноил бўлдилар, аммо ўзлари ҳам яхшиғина бўлиб қолдилар. Етмиш кунлик бир қамал, етмиш кунлик четдан ва энг ози қишлоқлардан муносабатни узиб туриш, албатта Тошкандни бўлдириб қўйған эди. Бу етмиш кунлик бир қамал Тошканднинг ҳали йиғиштириб кира олмаған донларини, экинларини ёв қўлида қолдирди. Савдо ишлари бутунлай тўхтаб, савдогарлар зўр фалокатка учрадилар. Косиб, фақир халқнинг ҳоли жуда ёмон эди: нонсиз, донсиз, кийимсиз, сувсиз, алоҳозалқиёссиз бўлиб энг охирги чекка еткандагина қамал балосидан «ялтирасин, қалтирасин» музаффарият билан қутилдилар. Халқ ўзининг бу етмиш кун ичида тортқан машаққат ва азобларини қипчоқлар устидан чалған ғалабаси билан бир даража юв-ди-да, касбига, экин-тикинига уриниб кўришни ўйлади, тўғриси ўйлай ҳам олмади…
Азизбек, мундан кейинги Тошканднинг мустақил ҳукмдори Азизбек! Қипчоқларға чалған ғалабаси учун ул терисига сиғмайдир… Ул энди «Қипчоқлар Тошкандни олиб қолсалар…» деган мудҳиш хавфдан қутилған, ул энди Тошканд ва атрофининг хони, хоқони! Энди духоба ва атласлар устидагина ўлтурмоққа қаноатланмай ўз шаънига, ўз қудратига мувофиқ тожлар, тахтлар ясамоқчи. Ўзининг эски маҳрамига кўнгли тўлмай бошқа бир ўйинчи, ашулачи, ҳусндор бир маҳрам топмоқчи ва ўзининг бу машҳур маҳрами билан ер юзига (Туркистон ва Бухорога) донғ, шуҳрат чиқармоқчи!

Азизбек энди жуда хотиржамъ эди. Қипчоқларнинг қайтадан Тошканд устига келишларини эҳтимол ҳам тутмас эди. Чунки ўзининг қипчоқларға берган зарбасини уларга юз йилсиз ўнгғалиш бермас, деб билар эди.
Ҳамма иш жойида, лекин бир нарсагина кўнгилнинг ингичка ерини жароҳатлайдир. Азизбек кўзига ҳозир ёруғ дунё қоронғу, бу қоронғулиқ ичида бояғи ширин хаёллар, ишлатиладирган тожу тахтлар ва бошқалар кўринмай қоладирлар: етмиш кунлик қипчоқ уруши минг турлик йўллар билан йиғилған хазинани барбод берган, хазина қипчоқлар устидан ғалаба ва истиқлол мастликлари йўлида қуриған, фуқаронинг жон отиб, қипчоқларни қириб йўғганлари учун инъомларга, эҳсонларга ва озиқ-овқатларға қурбон қилинған.
Мана шу эди Азизбекнинг кўз ўнгларини қорон-ғулатадирған жароҳат!
Бу ишнинг кенгашига эмас, берилган қарорни амалга ошириб беришлик учун Юсуфбек ҳожига йигит юбориб, ҳозир уни тўрт кўз билан кутиб ўлтурар эди. Ниҳоят ярим соатлик бир кутишдан сўнг Юсуфбек ҳожи эшик остидан кўринди. Азизбек одатий қаршилаш ёниға бир навозиш ҳам илова қилиб, ҳожига юқоридан жой кўрсатди. Бу фавқулодда навозиш сабабини ўйламоққа ҳожи-нинг вақти йўқ, чунки ўзининг қайғуси ўйлашқа, фикрлашқа етарликдир.
Кўзининг оқу қораси бўлған Отабекнинг ҳоли нима кечти, қоронғи зиндонларда, рутубатлик, зах ер остларида очликдан, ташналикдан, совуқликдан азиз кўкрагини ерга бериб жон бердими-кин?— Золим беклар, қонхўр ҳокимлар, раҳмсиз жаллодлар, машъум дорлар ва қўрқоқ халқлар орасида кекса отасини, муштипар онасини кўралмай дунёдан кетдимикин?
— Мана шундай минг турлик васвасалар ичида қаршисидағи Азизбекни ҳам унутмоқда эди.
Азизбек бўлса «жавоҳир қадалған тожлар, олтин тахтлар, нозанин паривашлар, донғдор маҳрамлар» ҳақидағина ўйлар эди.
— Ҳожи, — деди Азизбек сўз очиб, — маним сизни ўрдаға чақирғаним сабабини албатта билмагандирсиз?
Юсуфбек ҳожи хаёлидан кўз очди:
— Тақсир… чақиришингиз албатта фуқаронинг тинчлиғи, раоёнинг роҳати, ҳукуматнинг барқарор турмоғи учундир.
Ҳожининг бу сўзи Азизбекни яшиндек урди. Унинг кўз ўнглари қоронғиланиб, ҳалиги ширин хаёллар тағи қоронғилиқда яшириндилар. Ул ортиқча ўнғайсизланди ва тилар-тиламас:
— Шундоғ… — деди ва бир оз ўйланиб қолгандан кейин: — етмиш кунлик қамал билан хазинамиз жуда ғарибланди, ҳатто шу кейинги кунларда сипоҳларнинг озиғи учун ҳам қийналиб қолдиқ. Мана шу тўғриларда сизни кенгашка чақирған эдим, — деди.
— Маъқул, тақсир.
— Мен бу тўғрида бир қарорға ҳам келиб қўйдим.
— Қарорлари муборак бўлғай.
— Қарорим шундан иборатдирким, эртадан бошлаб юртка ўттуз икки тангадан солиқ сочасиз.
Юсуфбек ҳожи юрт бесаранжомлиғи ва ўғул қайғуси билан асабийлашкан эди. Азизбекнинг бу аблаҳона қаро-рига қарши қизишди. Азизбекнинг бу золимона буйруғиға қарши қаттиғ сўзлар айтишка ўйласа ҳам аччиғини қандай кишига айтилишини ўйлаб, ўзини бир оз йиғди.
— Тақсир, амрингизга қарши тушадирған жойим йўқ,— деди, — лекин шунисини бир оз ўйламоқ керакки, юрт етмиш кун қамал кечирди. Онадан туғма азоблар, очлиқлар ўткарди ва ўткармакда. Менга қолса бу кунларда ўттуз икки танга эмас, ўттуз икки қора пул солиш ҳам оғирдир. Юрт беш-ўн кун орқа-ўнгини олсин, сўнгра… — Ҳожи сўзини тугата олмади, ҳожининг терс сўзига чидалмаган Азизбек ваҳшийларча ҳайқирди:
— Нима дейсан?!
Ҳожи ишнинг бунчалик ёмонға кетишини ўйла-маған эди. Шу дақиқада ишнинг олдини олмаса, энди гап фақат Азизбекнинг жаллод чақиришиға келиб қолди:

— Тақсир, сиз йиғ, дер экансиз эртага эмас, бу кунданоқ йиға бошлайман. Юрт қани бермасинчи? Фақат менга сизнинг буйруғингиз кифоядир.
Бу сўз Азизбекка сиҳр каби таъсир қилди, даҳлизда турғучи йигит орқалиқ жаллод чақиришға жўбланган тили ўз зарарига ҳаракатланди:
— Ўрда бегига айт, ҳожига бир кимхоб тўн чиқариб кийдирсин! — деди.

* * *

Юсуфбек ҳожи эгнида кимхоб чопон билан ўрдадан чиқди. Ўрдадаги «Чопон муборак бўлсин!» деб сўрағучиларға истеҳзо илжайиши остида бир турлик муҳмал жавоб берар эди. Ул ўрда кўпругидан ўтар экан, бояғидек қилиб ўзича яна бир кулимсираб қўйди ва телбаларча ўз-ўзига сўзланиб кетди: «Ўттуз икки тангадан солиқ йиғ, эмиш… Бир ҳафтадан кейинга қолмасин эмиш… Солиқ йиғишда қаршилиқ қилғанни даррага ётқизиш, мувофиқ кўрилганда осдириш ҳаққи ҳам менга берилган эмиш… Гўё Юсуфбек ҳам ўзидек бир қонхўрға, бир золимга айлансин эмиш… Мен қонхўрлиқ учун худонинг фарз қилған ҳажини адо қилмадим; олдимда ўғлум бор, менда бошқаларнинг ўғлини даррага ётқизиш чоғида кўндаланг келадирган виждон бор, дин бор, диёнат бор. Бизнинг халқни ер ютсин. Азизбекнинг тулкилигига учдида, унинг кечаги зулмларини унутди, етмиш кунлаб бир замон жон бериб, жон олиб ниҳоят хизмат ҳаққи учун ўттуз икки танга мукофот, энг кейинги бурда нонингни ҳам бер!»

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-хушёрлиқ

 Ҳозир Абдураҳмон ўзининг яқин мозийсида усти ширнига беланган от тезакдан бошқа бир нарса кўрмаганидек, истиқболида ҳам эпақалиқ бир ҳол тасаввур қилолмас эди. Бир неча ...

Юлдузли тунлар-74

АГРА Ё ҲАЁТ, Ё МАМОТ 1 Иброҳим Лодининг онаси малика Байда Панипат жангида ўлдирилган ўғли учун аза тутиб, бошдан-оёқ оқ кийиниб юрар эди. Орага қўйилган одамлар унга ...

Ҳасаналининг ҳийласи

10. ҲАСАНАЛИНИНГ ҲИЙЛАСИ Киши ортиқча қўрққанда гангиб аъзоси ҳаракатсиз ва оғриқ ҳолга тушадирким, албатта буни биз қаттиғ қўрққандан деб биламиз. Дарҳақиқат, бизнинг ...