Президентнинг Қаршидаги ташрифида у билан кўришмоқчи бўлган аёлни нотаниш кимсалар олиб кетишган

Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани “Обод” маҳалласида яшовчи Нодира Жўраева 14 декабрь куни Қарши шаҳрига вилоятга келган президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиш ниятида борганида, 4-5 нафар номаълум шахс уни мажбуран шаҳар ички ишлар бўлимига олиб боргани ва ҳеч қандай сабабсиз икки соат ушлаб турганини айтмоқда.

Нодира Жўраева 4 нафар фарзанди билан 2007 йилдан бери Ғузор туманидаги марказлашган қозонхонага тегишли қаровсиз идорада яшаб келаётгани, аммо шу кулбани ҳам тадбиркор тортиб олмоқчилигини айтмоқда. Унинг таъкидлашича, “Шўртаннефтгаз”нинг қўриқлаш хизматида ишловчи ўғли Лазиз Умировни ҳам ишдан бўшатишмоқда.

“14 декабрь куни президентимизнинг “Ватанпарвар” боғи очилишига боришини эшитиб, учрашиш умидида парк ёнига бордим, – дейди Нодира Жўраева. – Шунда менга таниш инсон қўнғироқ қилиб, қаердалигим ва қандай кийимда эканлигимни сўради ҳамда қўлимни кўтаришимни айтди. Мен эса қўлимни кўтаришим билан 4-5 нафар фуқаро кийимидаги шахслар ўраб, “Сиз президент билан кўришолмайсиз, бу мумкин эмас!” дейишди ва давлат рақами ечиб олинган “Дамас”га чиқишимни сўрашди. Мен эса “Шўртаннефтгаз” МЧЖ ходими Элдорга ўша ерда тургани учун “Буни Сиз уюштирдингизми, ахир мен ўз ишим бўйича келгандим”, деб айтдим”.

Нодира Жўраеванинг Turon24га билдиришича, уни давлат рақами ечиб олинган “Дамас”га ўтқазиб, олиб кетишлари хусусида топшириқ берган ИИБ ходимини таниган.

“Илгари Ғузор туман ички ишлар бўлимида бошлиқ бўлиб ишлаган Камол Искандаровни танидим, – дейди Нодира Жўраева. – Унинг топшириғи билан мени мажбурлаб “Дамас”га чиқаришди. Қаерга кетаётганимизни сўрадим. Аввалига “Тошкентдан келганлар билан гаплашасиз, улар сизни эшитишади”, дейишди. Аммо автомобил рақамсиз бўлгани учун “Дамас”ни қўлимдаги қизимнинг телефонига расмга олдим. Шунда бир йигит қўлимни орқага қайириб, телефонимни тортиб олиб ичидаги расмни ўчирди, телефонимни эса қўли билан қисиб синдирди.

Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармасига борган Turon24 мухбирларини вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Самад Турдиев қабул қилди. У Камол Искандаров ҳозир жиноят-қидирув бўлимида бошлиқ ўринбосари сифатида ишлаб келаётганини, айни пайтда туманларнинг бирига иш билан юборилганини билдирди.

Камол Искандаров Turon24 билан телефон орқали мулоқотда Нодира Жўраеванинг гапларини рад этди.

“Нодира Жўраева ўша куни ҳақиқатан ҳам келганди, – дейди Камол Искандаров. – Мен у аёлни яхши танийман. Рақамсиз автомобилга ўтқазиш ёки у кишига нисбатан зўрлик ишлатиш ҳолати бўлмаган. Пулим йўқ деганлари учун “Дамас”га ўтқазиб юбордим, холос”.

Нодира Жўраева ўша кун унга қўнғироқ қилиб “Қандай кийимдасиз, қўлингизни кўтаринг?” деган киши “Шўртаннефтгаз” МЧЖнинг масъул шахсларидан бири эканини маълум қилди. “Аммо кимлигини айтолмайман, агар айтсам, ўғлим шу заҳоти ишдан бўшатилиши тайин (энди бўшатишмаса бўлди)”, деди у.

Маълум бўлишича, ўша куни Нодира Жўраеванинг “Шўртаннефтгаз” МЧЖнинг қўриқлаш хизматида ишлаган ва айни пайтда бўшатилиш арафасида турган 318 нафар ишчи ходимнинг президентга мурожаати ёзилган арзномасини етказиш мақсади ҳам бўлган.

Манба:Zed News

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Украинада икки рус аскари узоқ муддатга озодликдан маҳрум бўлди

Украина суди икки нафар россиялик асирнинг ҳар бирини 11 ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Улар Рус босқинининг биринчи куни, 24-февралда Харьков вилоятидаги тинч аҳоли ...

Ўзбекистонлик продюсер поп юлдуз арашни судга бермоқчи (видео)

Ўзбекистондаги Nigora Media Group​ раҳбари Нигора Соим таги эронлик хонанда, поп юлдуз Арашни судга бериш учун барча ҳужжатлар тайëрлигигини айтди. Нигора Соимга кўра¸ у ...

Мухолифат номзодларининг тарғиботлари эфирга узатилмади

Белоруссияда депутатликка номзод мухолиф партия аъзолари ўз сайловолди платформаларини сайловчиларга етказиш имкониятидан маҳрумлигича қолмоқда. Марказий сайлов комиссиясига ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400