МИРЗИЁЕВ “ХАЛҚ УЙҒОНМАЁТИР” ДЕЯ АРЗ ҚИЛСА-ДА ХАЛҚ МУДРАЁТИР(МИ)?

Фото:uzbek.fergananews.com

Ҳар сафар Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ марказида жойлашган Бектемир туман аҳолини бир марталик иш билан таъминлаш бюроси олдидан, халқ тилида Мардикор бозори деб юритиладиган жойдан ўтаётганимда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг ўрта мактабда ўқиганимиз “Ишчилар уйғон” шеъри мисралари ёдимга тушади. Унда шундай дейилади:

Неча асрлар ухладинг ётиб

Кумушдек танинг болчиққа ботиб,

Бир парча куйган қора нон учун

Ёшлик чоғингдан ўз кучинг сотиб,

Ишчилар уйғон, уйғон, уйғон,

Сенга ишлашга етишда замон!..

Ҳисоблаб чиқсам Ҳамзанинг ушбу шеъри ёзилганига сал кам бир аср бўлибди. Бироқ бу шеър цивилизациялашган XXI асрда ҳам долзарблигини йўқотмаганга ўхшайди. Бир аср илгари ёзилган шеърда маърифатпарвар шоир Ҳамза худди бугунги кунни тасвирлагандек туюлади кишига. Чунки бугун ҳам аҳвол ўша-ўша. Ёшларимиз бир парча қора нон учун кумушдек танини болчиққа ботириб, ёшлик чоғидан ўз кучини сотиб, хорликда, абгорликда, иш излаб, чет элма-чет эл кезиб, қора ишларни зиммасига олиб қийин аҳволда яшамоқда.

Тўғри, Ҳамза ижод қилган даврда ёшлар бугунгидек имкониятларга эга эмас эди. Бугун ҳамма жойни забт этган технологиялардан фойдаланиш ўша замон ёшларининг етти ухлаб тушига кирмаган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Мактаблар етишмас, илм даргоҳлари, институт, университетлар саноқли эди. Халқнинг онги етарлича уйғонмаган, улар Чор Россиясининг зулму зўравонликлари туфайли абгор кўйда яшарди. Боз устига, Ҳамза даврида яшаган ёшларнинг илмли, зиёли, етук мутахассис бўлиб етишишини чоризм ва Чор Россияси тарафдорлари ҳам хушламасди. Бугун-чи? Бугунги ёшлар фан-техника тараққий топган, турли хил технологиялар амалиётга кенг тадбиқ этилган XXI асрда нега абгор кўйда яшамоқда? Нечун ёшларимиз мавжуд имкониятлардан фойдалана олмаяпди? Юқорида Ҳамза даврида яшаган ёшларни чоризмчилар билимли бўлишини хушламаган дедик. Мустақил давлат сифатида ҳаёт кечираётган бугунги кунда ёшларимизнинг илмли, билимли, иқтидорли, қобилиятли йигит-қизлар бўлиб вояга етишига ким тўсқинлик қиляпди?Менимча, мустақил давлат пойдевори яратилаётганда энг катта хатога Каримов йўл қўйган. Аҳолисининг  60 фоизга яқини ёшлардан иборат давлатда ёшларга аввалбошдан етарли эътибор берилмагани, таълим тизимида туб ислоҳотлар олиб борилмагани, миллий кадрларни тайёрлашга чин кўнгилдан иштиёқ қўйилмагани оқибатида, юқорида айтганимиздек, аксарият Ўзбек ёшлари XXI асрда ҳам ғариб аҳволда яшашга, бир парча куйган қора нон учун ёшлик чоғидан ўз кучини сотишга мажбур бўлиб қолди. Таълим тизимида коррупциянинг,  порахўрликнинг фавқулодда кенг қулоч ёйиши, таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчиликнинг авж олиши туфайли мамлакатимизда шунчаки билимсиз ёшлар етишибгина қолмай, ёшларни дарбадарликка ҳам гирифтор қилди. Мустақилликнинг биринчи беш йиллигидаёқ бошланган ёшлар “сайри”га афсуски, ҳамон чек қўйилмаётир. Аксинча, узоғи Россияга “сайр” билан чекланган ёшлар бугун бутун дунёга тарқалиб кетди. Мирзиёев ҳукумати мазкур тизимда ҳали олға силжий олмади, кўзга кўринарли, мақтовга арзигули бирор иш қилмади, иш излаб чет элларга кетган ёшларни юртга қайтариш у ёқда турсин ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган ёшларнинг чет элларга иш излаб кетиб қолишига ҳам барҳам бера олмади. Аксинча, бу жараён Каримов даврига қараганда сезиларли даражада ўсди…

Тошкент кўчаларини  кезарканман, Мардикор бозорлари ҳудуди кундан-кунга кенгаяётганидан, у ерда ишловчилар ёши ёшараётганидан,  ёшларимиз айни ёшлик чоғида, ўқиш, илм олиш ўрнига ўз кучини бир парча куйган қора нон учун сотаётганидан инсоннинг юраги озор чекади…

Ҳа, Мардикор бозорлари олдидан ўтаётганимда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Ишчилар уйғон” шеъри ёдимга тушади ва ишчиларнинг ҳамон уйғонмаётганидан, ҳақ-ҳуқуқларини тўла-тўкис талаб қилмаётганидан қалблар азият чекади. Гарчи, Мирзиёев “халқ уйғонмаётир” (президентнинг бу сўзи замирида нечоғли самимий куйиниш зоҳирлиги фақат Аллоҳга аён) дея халқдан нолиётган бўлса ҳам (уйғонишга йўл бермаётган куч ишлатар тизимларининг ҳаракатлари алоҳида мавзу) уйғонмаётган халқдан хафа ҳам бўларкан киши.

Рўзибой Азимий

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қўшработда табиий кўлга аҳоли балиқ боқиш учун эшак гўшти ташланганини айтмоқда

Маҳаллий аҳолининг айтишича, аввалари кўл атрофи болалар дам олиш оромгоҳи ва истироҳат боғи бўлган. Ёзнинг иссиқ кунларида нафақат Қўшработ, балки қўшни туман аҳли ҳам ...

Чеченистонда эркаклар украинадаги урушга мажбуран юборилмоқда

Россиянинг Чеченистон субъектидаги эркаклар Украинадаги урушга мажбуран юборилмоқда. Бу ҳақда The Insider нашри у ерга жўнатилган чеченларнинг оилалари, маҳаллий ...

Бош прокуратура: миб фаолиятини қайта кўриб чиқиш кутилмаяпти

Аввалроқ ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолияти қайта кўриб чиқилиши, бюро таркибини қисқартиришлар кутаётгани ҳақидаги хабарлар ...