ОТА-ОНА ОРЗУСИ

Иккинчи бўлим

Азизбек Тошканддан жўнатилди. Унинг ерига Қўқондан Нормуҳаммад қушбеги белгуланиб келди.
Азизбекни қўлға тушуриб бериш билан қипчоқлар наздида ҳам Юсуфбек ҳожининг қадру қиймати юқориланған эди. Аммо ўзининг мансаб суймаслиги важҳидан яна эскича «Юсуфбек ҳожи» бўлиб қола берди. Шунинг билан бирга Азизбек ёнида қандай мавқиъ туткан бўлса, Нормуҳаммад қушбеги олдида ундан ҳам юқорироқ ва маънолироқ эътибор қозонди. Унинг ҳар бир раъйига Нормуҳаммад қушбеги қонунан мажбур бўлмаса-да, аммо маънан бир мажбурият ҳис этар эди: ўринсизга киши ўлдиришлар, вақтсиз ҳам ўринсиз солиқ солишлар, беҳуда ўрда усрофотлари, бўлмағур тақиқлар ва ортиқча диний такаллуфотлар бир мунча эбка олиндилар.
Уч йиллаб Азизбек истибдодида эзилган Тошканд халқи эркин нафас олди: савдо-сотиқ, экин-тикин ва касбикор кўтарилиб бошлади. Одамлар жонланғандек бўлиб бу ҳолни:

«Замон-замон дориламон,
Нормат тўрам бўлсин эсон!»

деб бошлаған уларнинг ашулалари ҳам ифода қилар эди.


1. ОТА-ОНА ОРЗУСИ

Ўзбек ойим элли беш ёшлар чамалиқ, чала-думбул табиъатлик бир хотин бўлса ҳам, аммо эрига ўткирлиги билан машҳур эди. Унинг ўткирлиги ёлғиз эригагина эмас, Тошканд хотинлариға ҳам ом эди. Ўзга хотинлар унинг соясига салом бериб тўйларида, азаларида, қисқаси, тиқ этган йиғинларидағи уйларининг тўрини Ўзбек ойимға атаған эдилар. Бир бугина эмас, қиз чиқаратурған, ўғул уйлантирадирған, суннат тўйи қила-дирған хотинлар ўз тўйларини Ўзбек ойим кенгашидан ташқари жўната олмас эдилар. Ўзбек ойим аралашқан тўйлик хотинларнинг кўнгилларидаги орзу ҳаваслари ҳам эрлари томонидан камчиликсиз бажарилар, чунки «Ўзбек ойим шундоғ буюрдилар» деган сўз эрлар учун ҳам фарз каби эшитилиб, Ўзбек ойимнинг айтканича ҳозирлик кўрила бошланар эди. Бу томондан қарағанда Ўзбек ойимнинг ўткирлиги эрлар томонидан ҳам тасдиқ этилганлигини иқрор қилишға тўғри келадир.
Ўзбек ойим унча-мунча тўю азаларга «кавшим кўчада қолған эмас» деб бормас эди. Шунинг учун хотинлар ўз тўйларини Ўзбек ойим иштироки билан ўтказиб олсалар, ўзларини шаҳарнинг энг бахтлик хотинларидан санаб «манинг тўйимни бек ойим ўз қўллари билан ўтказдилар» деган жумлани мажлисларда ифтихор ўрнида сўзлаб юрар эдилар. Ўзбек ойимнинг обрўси ёлғиз шулар билангина чекланиб қолмас, уни ўрда хонимлари ҳам эҳтиром қилиб ўзларининг «онахонлари» деб билар эдилар. Шунга кўра қайси бир вақтларда ўрда ясовуллари Юсуфбек ҳожининг эшигига арава кўндаланг қилиб «ўрда беги ойим буюрдилар”, деб Ўзбек ойимнинг ясаниб чиқишини кутар эдилар. Бу томон билан қайси бир мажлисларда Ўзбек ойим хотинларнинг эсларини ҳам чиқариб юборар эди: «Кеча ўрда бек ойимдан менга арава келган экан, феълим айнаб турған эди, бормай аравадан бўш қайтардим… Бо худо, ўрда бекачи бўлса ўзига, дедим» дер эди. Иккинчи вақтда: «Ўткан кун ўрдага борған эдим; хонимлар ётиб қоласиз деб қўймадилар, ноилож бир кеча ётиб келдим”, деб сўз орасиға қистириб кетар эди.
Бу сўзларни эшиткучи хотинлар ўзларининг қандоғ бир хотиннинг суҳбатига ноил бўлғанларини ўйлаб, Ўзбек ойимнинг эҳтиромини тағин ҳам кучайтирар эдилар.
Ул ўз уйида ўлтурғанида ҳам устидаги атлас кўйнак билан адрас мурсакни, оқ шоҳи дакана билан каҳрабо тасбиҳни қўймай, қиш кунлари танчадан пар ёстиққа суялиб, ёз кунлари айвоннинг тўрига ёсланиб Ҳасан-алининг хотини бўлған Ойбодоққа, чўри қиз Ҳанифага хамирни ачитмасликни, паловни қирмоч олдирмаслиқни танбиҳлабкина ўлтурар эди.
Отабекнинг Марғилондан уйланиб қўйиши отаси учун унча ризосизликка мужиб бўлмаса ҳам, аммо унинг ўғул тўйисидан бошлаб, Тошканд қизларини ост-уст қилиб у «бунинг қизи яхши бўлса ҳам, уй-жойлари ярамас экан; бунинг уй-жойлари тузик бўлса ҳам, қизи кўрксиз экан; бунинг қизида, уй-жойларида тузик, бироқ зоти пас экан» деб қиз, қуда, уй, жой, насл ва насаб текшириб юрғучи Ўзбек ойимнинг Отабекни уйландириб бунинг орқасидан кўратурган орзу-ҳавас, тўю томошаларини шартта кесиб қўйған бу уйланишка нима дейиши ва қандай қараши албатта маълум эди. Биттаю битта ўғли Марғилон деган жойда, аллакимларнинг қўлида, асли номаълум кишиларнинг қизиға уйлансин-да, бу кун-ерта ўғлумнинг орзу-ҳавасини кўраман, деб энтикиб ўлтирған ва ўғул боқиб катта қилған она — Ўзбек ойим икки қўлини бурнига тиқиб қараб қолаберсин…
Бу хабарни Ҳасаналидан эшиткан кунлари ул бу ишка чидаб туролмади: «Eнди менга мундоғ ўғул керак эмас… Оқ сутимни оққа, кўк сутимни кўкка соғдим… Энди Тошкандга келмасин ул ўзбошимча бетиюқ!” деб бақириб-чақириб, йиғлаб-сихтаб, дарду ҳасратни бошиға кийиб олди.
Орадан ўн беш кун ўтар-ўтмас Марғилондан Отабек келди. Уч ойлаб кўрмаган ўғлини қучоғиға олиб кўришмак ўрнига ундан юзини ўгуриб, сан кимсан, келдингми, деб сўрамади ва саломига алик ҳам олмади. Гўё ухламоқчи бўлған товуқдек ҳурпайиб олди. Отабек онасининг аразига аллақачон тушунган, ҳам шу ҳолни Марғилондаёқ куткан эди. Бир-икки қайта узр айтиб кўргандан сўнг Ўзбек ойимнинг эпақаға келишига ишонмай қолди ва шунинг учун ул ҳам гўё билмаган, тушунмаган кишидек юрий берди.
Турған гап, Отабекнинг Марғилонға узоқ бормай туриши мумкин эмас эди. Ўртадан икки ҳафта ўтар-ўтмас отасиға аллақандай баҳона кўрсатиб, йўл ҳозир-лиғини кўра бошлайдир ва онасиға билдирмаёқ Мар-ғилон жўнайдир. Ўзбек ойим ўғлининг «ўлганни устига чиқиб тепиш» қабилидан бўлған бу ҳаракатидан тутуни кўкка чиқиб, борлиқ қаҳру ғазабини эри устига тўкадир: «Сиз қариб эсингизни еб қолибсиз, ўғлингизни марғилонлиққа топшириб қўйиб, яна эл ичида бошингизни кўтариб юрмакчи бўласизми?..» дейдир.
Юсуфбек ҳожининг қизиқ бир табиъати бор: хотин билан-гина эмас, умуман уй ичиси билан ҳар қандай масала устида бўлса бўлсин узоқ сўзлашиб ўлтурмайдир. Отабекми, онасими, Ҳасаналими, ишқилиб уй ичидан бирартасининг сўзлари ва ё кенгашлари бўлса, келиб ҳожининг юзига қарамасдан сўзлаб берадилар; мақсад айтиб биткандан сўнг секингина кўтарилиб унинг юзига қарайдирлар. Ҳожи бир неча вақт сўзлағучини ўз оғзиға тикилтириб ўлтурғандан сўнг, агар маъқул тушса «хўб» дейдир, гапка тушунмаган бўлса «хўш» дейдир, номаъқул бўлса «дуруст эмас» дейдир ва жуда ҳам ўзига номаъқул гап бўлса бир илжайиб қўйиш билан кифояланиб, мундан бошқа сўз айтмайдир ва айтса ҳам уч-тўрт калимадан нарига ошмайдир. Уй ичи унинг бу феълига жуда яхши тушунганликларидан кўпинча бир оғиз жавоб олиш билан кифояланадирлар. Аммо Отабек билан бирар тўғрида сўзлашмакчи бўлса, уни аксар меҳмонхонага чақириб ёки чақиртириб оладир. Ўзбек ойим юқоридағи ўзининг итоб ва хитобига эридан бир илжайиб қўйиш жавобини олиб дами ичига тушадилар ва чор-ночор ўттуз кунлаб бир замонни ўзича марғилонлиқни қарғаш билан кечирадир. Отабек Тошкандга қайтиб келиб, «енди араз биткандир» деган ўйда онасиға салом берадир. Араз битиш қаерда, Ўз-бек ойимнинг ўғлиға қарши кинаси тағин бир неча қат ортқан, аммо бу гал салом бергучига бир қарайдир-да, «Ўғлим, менга салом бериб нима қиласан, марғилонлиқ онангнинг дуосини ол!» деб юзини четка ўгурадир. Ул онасининг бу киноясини кулгулик билан кечириб, яна эскича аразда қолаверадирлар. Отабек яна ўн беш кунни ўтказиб, тағин бир нозик сабабни ўртаға ташлаб онасининг рухсатисиз Марғилонға жўнаб соладир. Тағин Ўзбек ойимнинг ранги ўчкан, қони қочқан: товоқни косага, чўмични пиёлага уриб доди фарёд: «Сиз отамисиз, нимасиз ахир, ўғлингизни тийиб олиш сира эсингизга келадими? Ўғлингизнинг бу иши бечиз эмас: марғилонлиқ сиҳр қилдими, жоду қилдими, ҳайтовур сиз шу йўсунда юруй берсангиз, эрта-индин ўғулдан ажраласиз. Бу калвак ўғлингиз марғилонлиқнинг эшигида қул бўлиб ётиб оладир…» Аммо Юсуфбек ҳожи хотиннинг сўзини бу гал ҳам эламайдир, фақат: «Қўябер, хотин, ўзи соғ бўлса, бир кун эсини топар», деб қўядир. Бир ярим ойлар вақтни Марғилонда ўтказиб, тағин Отабек Тошкандга келадир. Тағин она-бола ораларида кина-кудурат… Тағин араз… Ўн беш кун ўтмасдан яна Андижон сафари, яна Ўзбек ойимнинг фиғони фалакка…
Марғилонлиқнинг сиҳрчи-жодучисига ўлим тилаш; мени ўғлимдан ажратса ўзи ҳам суйганидан ажрасин, қарғиш…
Ниҳоят орадан бир йил чамаси вақт ўтиб Марғи-лонға қатнаш етти-саккизга еткач, Ўзбек ойимнинг ғиди-ғидиси билан бўлса керак Юсуфбек ҳожида ҳам бир ўзгариш кўрила бошлайдир.
Хотинининг: «Ўғул ўсдиришни, ўғул тийишни билмайсиз» деб шилталашига: «Нима қил, дейсан энди?» деб сўрайдир.
— Биз Отабекни Тошканддан уйландириб бошини боғламасақ, кун сайин унинг Марғилон югиришидан қутила олмасмиз. Тошканддан уйланса сув қуйғандек тинар-қолар; Марғилон балосини эсидан ҳам чиқарар… — дейдир Ўзбек ойим. Яъни ҳамиша юрагини шопиртириб, миясини машғул қилған муддаони айтиб солиш фурсатини қочирмайдир.
— Ўғлинг қайтсин-чи, бўлмаса…
Eрининг бу сўзига Ўзбек ойим ортиқча қизишадир, лаби-лабига тегмай бобиллаб берадир:
— Сиз шу кунгача барча ихтиёрни ўғлингизга топшириб, болани бола қилмадингиз, бир худбин қилдингиз… Ўғул ўсдириш бу турда бўлмас; ул тиласин-тиламасин шартта-шартта тилаганингизча қилингизда, қараб тураберингиз. Сиз ўзингизнинг шу «ўғлинг билар» деган гапингиз билан қанча яхши жойлардан қолиб, ниҳоят марғилонлиқ балосиға йўлиқдингиз…
Эндики ихтиёр манда: ул келгунча бир яхши жойга унашайин-да, келгандан сўнг тўйни ҳам жўнатиб юборайлиқ!
— Туратур-чи…
Ҳожининг бунчалик бўш келиши Ўзбек ойимға қанот-қуйруқ бергандек бўлди ва мундан сўнг тиниб-тинчиб туролмади. Шу гапнинг иккинчи куни Ҳасаналини қўярда-қўймай арава қўшдириб шаҳарнинг тўрт томониға қиз кўриш учун юриб кетди. Марғилонлиқ келиннинг таърифини Ҳасаналидан кўб эшиткан эди. Отабекнинг кўнглини ўша гўзал марғилонлиқдан совитиш йўлида ундан ҳам кўҳлик, ундан ҳам сулук қиз топиш кўйига тушди. Шунга кўра унга унча-мунча қиз ёқмай, шаҳардаги кўб эшикларни санашға тўғри келди. Еттинчи мартаба кўчага чиқишда Олим понсад деганнинг қизи ёқа тушиб ҳожига арз қилинди. Ҳожи бошда хотинининг бу гапига кулди, ундан кейин «туратур, ўғлинг келсин», деди. Ўзбек ойимнинг бобиллаши кучаябергач: «Нима қилсанг ўзинг бил, башарти ўғлинг кўнмаса мен зўрламайман!» деди.
Ўзбек ойим эрига ялиниб бошлади:
— Бир сўзлиғингизни қўйинг, эр; ўзи аслзода, лоақал бир оғиз ўғлингизга айтиб ўтишка ваъда беринг-чи,— деди.
— Яхши. Ваъда ҳам берайин, аммо сан унашмай тур.
— Унашмайман, лекин ўғлингизга унашдиқ, деб эшитдирармиз… Тузикми?
— Маъқул.
Шу ўлтуришдан сўнг Ўзбек ойим жуда ҳам жонланиб кетди ва эртасига Олим понсадникига қараб яна арава қўшдирди. Бу иккинчи совчилиқда гўё қудачалардек қарши олинди. Олим понсадбошилар: Юсуфбек ҳожиға қуда бўлар эканмиз, деб жуда ҳам типирлашиб қолған ва иззат-икромни ҳаддан оширған эдилар. Еган оғиз уялар қабилидан Ўзбек ойим ҳам муомалани қудаларча қилди, ҳатто: «Бек отангиз билан мен сўзни бир жойига қўйдиқ. Фақат иш Отабекнинг ке-лишига қолди» деб қўйди. Кечқурун уйга қайтиб бу айткан сўзини ҳикоя қилған эди, ҳожи лабини тишлаб қолди ва: «Санга сира ақл битмай кетар экан-да», деди.
Бир ойлаб кечиккандан сўнг Отабек қайтиб келди ва бу келишининг виждон азоби ва тиламаган бир таклифни эшитиш учунгина эмас, балки қабул қилиш учун бўлғанлиғини пайқади. Ул бу гапни онасининг илгариги ачимсиқ сўзларини ва аразларини тугалганидан ва ўрнига чучук сўзлар, силлиқ муомалалар битиб «есон-соғ кел-дингми, болам»лариданоқ сезган эди. Бундай бўлмағур таклифни эшитмас учун ўзини четка олиб, отаси, айниқса онасиға йўлиқишдан қочиб юришка мажбур бўлди. Икки орадағи бу қочиш-қувиш иши узоққа чўзилмай, бир кун меҳмонхонада ота-ўғул сўзлашиб ўлтурганнинг устига Ўзбек ойим келиб кирди ва ўлтурмасданоқ ҳожига имлаб қўйди. Бу имқўқни Отабек пайқамаған бўлса ҳам лекин анув гапни аниқ шу мажлисда очилишиға кўзи етиб, чиқиб кетишнинг иложини қилолмади. Ўзбек ойим келиб киргандан сўнг Юсуфбек ҳожи бир неча вақт ўйлаб қолди. Ўзбек ойим депсиниб-депсиниб эрига қараб олар эди. Анчагина сўзсиз ўлтурғандан сўнг ҳожи мулойимона сўз очди.
— Ўғлим, ҳали сан эшитдингми, йўқми ҳайтовур биз санинг устингдан бир иш қилиб қўйдиқ…
Отабек маълумки, уларнинг «қилиб қўйган ёки қилмоқчи бўлған ишларини» албатта билар эди. Шундоқ ҳам бўлса билмаганга солинди:
— Ақллик кишиларнинг ўғуллари устидан қилған ишлари албатта номаъқул бўлмас, — деди.
Ҳожи ўғлининг бу жавобидан ерга қаради ва нима деб давом қилишни билмай қолди.
Истеҳзо аралаш хотиниға қараб олди. Яна ораға жимжитлик кирди. Бу сўзсизлик маъносиға Ўзбек ойим тушуна олмаған эди. Бир оз қараб ўлтурғач, юраги қайнаб кеткандек бўлди:
— Биз санинг учун Олим понсадбошининг қизиға унашиб қўйдиқ… Энди сан билан тўй маслаҳатини қи-лишмоқчи эдик…
Отабек онасиға бир оғиз сўз демай, маънолик қилиб отасиға қараб олди. Ҳожи уятликсумон «шундоғ» деб қўйди.
— Сизларни ранжитиб бўлса ҳам бир мартаба уйланган эдим-ку? Энди…
— Сан уйлансанг биз ранжирмидик? — деди кулиб ҳожи.
— Ранжимасаларингиз…
Ҳожи тузукланиб ўлтуриб олди:
— Бу ранжишдан эмас, ҳожатдан ўғлим.
— Нима ҳожат?
—Ҳасаналининг сўзига қарағанда, қайин отанг қизини Тошкандга юбормас экан. Ўғил ўсдириб катта қилған онангнинг бўлса олдиға келин қўйғуси келадир…
Отабек онасиға қаради:
— Бу кунгача келинсиз ҳам яшаб келдингиз, бундан кейин ҳам шусиз туриб бўларди-ку, — деди.
Ўзбек ойим марғилонлиқ томонидан сиҳрланган ўғлиға қарши қизишиб кетди. Бир йиллардан бери ичига йиғиб келган кинасини тўкиб берди:
— Ман сани бу умид билан боқиб катта қилмаған эдим… Сан бизнинг наслимизни кўтариш ўрнига, ерга уриб булғадинг. Биз сани Марғилон андисига бунчалик муккадан кетишингни ўйламаған эдик, адабсиз… ўзингга қолса шу марғилонлиқни хотинға ҳисоблаб кетаберар экансан-да, уятсиз!..
Отабек ҳам қизишди:
— Хотин бўлмаса нима, ахир?!
— Қошлиқ, кўзлик бир анди!
— Анди деганингиз нима ўзи?
Юсуфбек ҳожи ўғлини босиш ўрнига жавоб бер, дегандек қилиб илжайган ҳолда хотинига қаради. Ўзбек ойим «анди» маъносини билдириб, андиларнинг сиҳрини рад қилиш учун бир оз тутилиқиб қийналди:
— Анди… анди… ўзи хитойми, нима бало… ўзи қалмоқдан тарқаған бўладир… Тушунмаган бўлсанг, лўлиларнинг бир тойифаси…
Бу жавобга Юсуфбек ҳожи ўзини хахолаб кулишдан тўхтата олмағанидек, Отабек ҳам кулиб юборди. Хотинининг тирноқ остидан кир излаб ва даъвосининг исботи учун ғўлдирашидан ортиқча кулиб кайфланган Юсуфбек ҳожи кўзига чиқған ёшларни артар экан, жиддият билан ўғлиға деди:
— Ўғлим, сан онангнинг гапига аччиғланма. Ул ҳар нарса деса фақат Марғилондан уйланганингга қаршилиғидан айтадир. Аммо мендан сўрасанг, Марғилондағи на қудамиз ва на келинимизни ҳеч бир важҳ билан камсита олмайман, балки бизга қуда бўлмоқ-қа энг мувофиқ кишилар эди, балли ўғлим, дейман. Санинг тиниб-тинчишинг, ўсиб-унишинг учун қувонмаған ота-она соғқа ҳисобланмайдир. Сан бунга яхши ишон. Аммо бизнинг ҳозирги баъзи бир раъйлари-миз санга ётишиб келмас экан, бунга ҳаққинг ҳам бор, лекин иккинчи тарафдан бизни ҳам ҳақсиз ташлаб қўйма. Ўғлим, бизнинг сандан бошқа умид нишонимиз, ҳаёт қувончимиз йўқ. Дунёда кўриб ўтатурған барча орзумиз, ҳавасимиз фақат сангагина қараб қолған. Биз худои таолоға минглаб шукур айтамизким, сан бошқаларнинг фарзандидек эслик-ҳушлик бўлдинг; кишилардек сен билан ифтихор қилолмасақ-да, сан орқалик хижолат чекмасимизга ишондик. Айниқса онангнинг санинг туфайли кечиратурган умидлари тобора ортиб борди. Бу кун онанг санинг олдингға тиз чўкиб ва онанг кўнгли учун мен ҳам ораға тушиб сандан сўраймиз: сан ўз хоҳишинг йўлида уйланган экансан, рафиқанг санга муборак бўлсин. Эслилик даъвосида юрган ота-онанг тилаги албатта шундан бошқа бўлмас. Шу билан бирга са-нинг сабаби вужудинг бўлған бир киши ўз ҳаёти ичида боласи орқалиқ бир орзу-ҳавас кечирмакчи… Унинг бу орзусиға ҳақ берасанми, йўқми яна ихтиёр ўзингда…
Ҳожининг бу сўзи Ўзбек ойимға нечоғлиқ ёққан бўлса, Отабекни шу қадар ерга қаратқан эди. Ҳожи ўзидан ошириб сўзлаған бу сўзларини шу гап билан тамомлади:
— Билган топиб сўзлар, билмаган қопиб, деганла-ридек, онангнинг айтмакчи бўлған сўзи фақат шу эди. Бояғи гаплари бўлса ўз ҳаққини ҳимоя йўлида унинг пописаларигина бўлиб, мендан ҳам кўра онангнинг феълини ўзинг яхши биласан…
Отабек ҳамон сукутда, Ўзбек ойим бўлса боши билан «шундоғ» ишорасини берар эди.
Юсуфбек ҳожи юқорида ўткан гапларни қуруқ ва асоссиз сўзламаған, балки шу турмушнинг рукн ва асосини бир даража айтиб ўткан, Отабек эса буни шу муҳитнинг бир ўғли бўлиб эшиткан эди. Тўғриси ҳам ул дадаси томонидан сўзланган ҳалиги қонунға қарши чиқиш учун лозим бўлған кучка молик эмас; бас, кучсизликнинг натижаси эса сукут эди. Ул бир томондан шундай орзу-ҳавас учун бола ўсдирған ота-онани мукофотландирмакчи ва отаси айткан хижолат чекдирмайтурған ўғуллардан бўлмоқ-чи эди эрса ҳам, иккинчи ёқдан ўзини асир эткан шаҳло кўзлар унга нафратланиб қарағандек бўлурлар, гўёки вафосиз, ваъдасиз, деб қичқирарлар эди. Тўғриси ҳам уни ота-она мукофотига қарши оёқландирмоқчи бўлған нарса ҳалиги кўзларгина, аммо унинг бу исённамо ҳаракатидан бошқа унсурлар қидириш ва чиқариш ўринсиз тушар эди. Ота-она орзусини ифо этишдан бир сония ҳам ўзининг кўз ўнгидан хаёли кетмаган анув илоҳий муҳаббат учун ҳеч бир турлик камчилик келмасига ишонса ҳам ҳозир унинг юрагини бошқа бир ҳақиқат тирнай бошлаған ва виждонини фақат шу масала-гина ўраб олған эди. Отабекча энг нозик саналған бу масала қарошидағи жавоб кутиб ўлтурғучиларни ниҳоят зериктирди.
— Бизни кутдирма, ўғлим.
Отабек мағлуб бир боқиш билан бу сўзни айткучи отасиға қаради ва ялинчоқ бир оҳангда жавоб берди:
— Мен сизларнинг орзуларингизни бажаришка — агар хурсандчилиғингиз шу билан бўлса —ҳар вақт ҳозирман. Аммо бир бечорага кўра-била туриб жабр ҳам хиё-нат…
Ҳожи ўғлининг мақсадиға дарров тушуна олмади ва сўради:
— Кимга, хотинингғами?
— Йўқ, сизнинг оладирған келинингизга. Ўғлингиз-нинг вужуди билан орзуингизни қондириш осон бўлса ҳам келинингиз қаршисида мени бир жонсиз ҳайкал ўрнида тасаввур қилингиз.
Юсуфбек ҳожи ялт этиб хотиниға қаради. Ўзбек ойимнинг бўлса оладирған келинига эътимоди юқо-рилиғидан ўйлаб-нетиб турмади:
— Майли, болам; буёқни ҳозир сан ўйламай қўй,— деди.
Отабек бир оғиз сўз айтмай сукут қилди, Юсуфбек ҳожининг эса ўғлининг сўзини тўғрилиғиға, кейиндан юз кўрсататурған кўнгилсиз ишларга ақли етса ҳам, аммо бир мулоҳаза юзасидан истиқболнинг қоронғи ишларини ҳозир унча мулоҳаза қилиб кўрмади:
— Жуда тўғри айтасан, ўғлим; бироқ онангнинг бир мулоҳазасизлигига бошдаёқ мен лабимни тишлаб қолған эдим. Ҳозирда ҳам шу ҳолда қолмоққа мажбурман, — деди ва: — Биз ҳозир анди-шанинг бандаси, мен эмас онанг биравни ишондириб қўйған: биз-нинг оиладан лафсизлик чиқиши менга маъқул кўринмайдир.
Отабек ота-она орзусиға ўз таъбирича жонсиз ҳайкал бўлиб ризолиқ берди. Аммо ўз ризолиғининг шарти қилиб тўйдан илгари Марғилон бориб келишни ва бир даража уларга айтиб ўтишни, шундан сўнг тўй бошлашни аҳд қилди. Ишнинг енгил кўчишига сўйинган она Отабек-нинг бу шартига лом демасдан кўнди ва орзулиқ тўйни тез бошлаш учун ўғлини Марғилон кетмакка қистай бошлади.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Жонсўз бир хабар ва қўрқунч бир кeч

12. ЖОНСЎЗ БИР ХАБАР ВА ҚЎРҚУНЧ БИР КEЧ Агар олған ҳисобимиз тўғри чиқса, бу гал унинг Марғилонға қуруқ қатнаб юришининг еттинчи қайтаси эди. 1267-инчи йилнинг кузи — бу ...

Хиёнат (ҳикоя)

Жавлонбек  Раҳмонов одатига кўра маишат қилиб кайф сафо қилиб ўтирганида, эшикдан мўралаган ҳайдовчиси Нозимнинг  турқини кўриб ўшқирди: Нима бўлди яна? Ёшулли,  Тошкентдан   ...

Мактуб 

5. МАКТУБ  Ҳожи шундан кейин ўғлидан бир даража қаноатланди ва чойга фотиҳа ўқуб, ўрнидан турар чоғида ёнидан бир хат чиқариб узатди: — Хатнинг ичидан чиқди. Келиндан — сенга ...