ИСИТМА ОРАСИДА

6. ИСИТМА ОРАСИДА

Саратоннинг иккинчи куни… Марғилоннинг шимолида бўлған Б… маҳалласининг кунчиқар томонида жанубга қараб бурулған тор кўчанинг юқориғи бурчагида отининг тизгинини ушлагани ҳолда бир йигит кийимига ўлтурган чанг-тўзонларини қоқар эди. Йигитнинг узоққина йўлдан келганлиги, унинг кипрак ва қошлариға, ҳам эндигина чиқа бошлаған соқол-муртларига ўлтурған тўзонлардан билгулик эди. Йигирма икки ёшлар чамасида бўлған бу йигит сариқ танлик, уккининг кўзидек чақчайиб, ўйнаб ва ёниб турған қизил кўзлик, юзига парчинлангандек юза (пучуқ) бурунлик, манглайи қанча ташқариға ўсиб чиқған бўлса, юзи ўшанча ичкарига кеткан, қисқаси вақтсизроқ яратилиб қолған бир махлуқ эди. Бурчакда ердан икки ярим газлар юксаликда кунботишға қаратиб қурилған иккита кўримсиз бир бетлик эшиклар юзларига ёпиқ ҳолда эдилар.
Маълум йигит бошидағи қалпоғини қўлиға олдида, ҳалиги эшикларнинг ўнг томонидағисини очиб, оти билан ичкарига юрди. Эшик ортиқча тор бўлғани учун от сиқилибкина ўтди-да, энди узунғина усти очиқ йўлак бошланди. Йўлакдан сўнг ҳавли эди. Ҳавлининг шарқ ва жануб томонлари бузилиб-ёрилиб ётқан эски хароба иморатлар бўлиб, ҳавли юзи турлик ахлатлар билан булғанч, гўё йиллардан бери тозаланмаған, супурги кўрмагандек эди. Ҳавлининг ўрта ерида паканагина балиқ тут ўсиб, остиға кул ва бошқа ахлатлар тўпланған эди. Ҳавлининг кунботар томонида харобалиқдан озғина берида бўлған, бояғи йўлакка тиралтириб солинған икки даричалик бир уй, бу уй қаторида бир айвон бўлиб, шу-нинг ила бу ҳавлининг тиккайган биносининг ҳисоби тамом эди. Бу хонадоннинг ошхонаси бўлмағани учун бўлса керак ҳалиги айвоннинг бир бурчагига ўчоқ қурулған. Тутунлар билан айвон деганимиз қоб-қора ис, гўё айвон бўлғаниға онд ичмакда. Бунинг устига ўчоқ бошидағи товоқ-қошиқлар, тоғора ва қозонлар тартибсиз равишда ифлос ётарлар, қозон теварагида уймалашмакда бўлған уч-тўртта товуқлар мундаги ифлосликни яна бир қат оширмоқда эдилар. Айвоннинг нариги ёнидағи дарича орқалиқ уйга кирилур эди. Уйнинг ярмиси қуруқ ер — қора шибдан иборат бўлсада, аммо тўрида чақич боғлаб йилтирамакда бўлған — кир, юлдуз каби илма-тешук жафокаш оқ кийиз, ҳам тахмондағи эски сандиқ устига йиғиб қўюлған бир тўда пахтаси чиқған увадалар кўрпа-ёстиқ отини ўз устила-рига олур эдилар. Битта тоқчадағи чети учкан, қони қочқан уч тўртта пиёла ва бир қора қумғонни, иккинчи тоқчадағи умрида ювиниб кўрмаган қора мис баркашни, бўш қозиқлар кўнгли учун осилған биттагина кир дастурхонни тилга олиш билан бу ҳавлининг бутун жиҳоз-амлоки рўзғорини ёзиб чиқилған бўлинур, бурчакдаги тоқчада қаттиғ нон мужиб ўлтурғучи сич-қонни кўрсатиб ўтилмаса, бу уйда бошқа жонлиқ зот ҳам кўринмас эди. Қаршидағи бўғоти тушиб ўртаси емирилган, деворларидан бақа салласи униб чиқған хароба биноларнинг ўнда-сўнда кўрилмада бўлған эски нақшларидан ва сирларидан бу оиланинг илгарида давлатлик бир хонадон бўлғанлиғи, аммо бу кунда ортиқча фақирликда яшағанлиғи онглашилур эди.
Йигит отини тут ёғочиға боғлаб, уйга томон юрган ҳам эди, бурчакдаги хароба уйдан ўзини тузатиб ўқуғучининг қутидор ҳавлисида кўргани пакана хотин гўё оналарнинг «зиёндош албасти»ларидек хунук қи-ёфада йигитка қараб югириб кела бошлади. Хотин йигит билан эсон-соғлиқ сўрашқач, иккиси уйга кирдилар. Йигит тўнини ешиб уйнинг тўрига ирғитди, бошидан қалпоғини олиб қозиққа илди. Шундан сўнг, иккиси ҳам ўлтуришдилар.
— Қалай, — деб сўради хотин, — ишинг ўнгиданми?
— Чакки эмас.
— Ўзи ҳозир шу ерда эди. Эблаб келса шу эди, деб ташвишланиб ўлтурди. Сан келур олдингдағина чиқуб кеткан эди.
— Уйга кетдими?
— Билмадим, келиб қолса керак. Ўзи ҳам қатнай-қатнай ўлаётибдир, кеча қайта келиб-кетди, қих…
— Нимадан ташвишланадир?
— Ишни айтканимдек қилолмаса, ҳамма меҳнат тўрт пул, дейдир.
Йигит кулимсираб олғач, сўради:
— Ўзимизнинг ишлар қалай?
Бу саволдан хотиннинг юзига умидсизлик туси кирди:
— Билмадим, дўстданми, душманданми ҳайтовур олдинг очилмай турадир, совчилиққа чиқмаған куним йўқ, қих… Ёмон қўшнини ер ютсин; Марайим ку-дингчи бўшашқандек бўлған эди, уни ҳам қўшнилар ўлгур айнатибдилар… Ҳомидбой бўлса бу кун унашсаларинг эртага тўйни бошлаймиз дейдир, қих… — Бу сўздан йигитнинг кўзлари олайиб алланечук туска кирди.
— Қайси қўшни экан, у?
— Қуриб кетсин, ёмон қўшнилар, қих… Ман санга қайси бир қўшнини тутиб берай, ҳаммаси ҳам айнатар эмиш.
— Сан манга ўша… ни кўрсатиб бер, тобини олиб қўяй ўша онангни…
Иккиси шу можарода эдилар. Йўлакдан киришдаёқ тутка боғланған ўзининг отидан одамнинг келганини билган Ҳомид айвондан айланиб киришка сабри чидамай, даричадан ошиб уйга кирдида, йигит билан қучоқлашиб кўриша кетди. Ўлтурар-ўлтурмас Ҳомид ундан сўрай бошлади:
— Хў-ў-ўш, Содиқ полвон, ишлар қанақа, Тошкандда нима гаплар бор?
— Нима гаплар бўлсин. Тошкандда тинчлик. Баҳона билан Тошкандни ҳам кўриб олдиқ.
— Эшигини топа олдингизми?
— Топдим. Айтканингиздек, унинг эшигини Тошкандда ҳар ким билур экан.
— Булмаса, хатни ҳам топширғандирсиз?
— Топширдим.
— Бали шер, хатни қўлингиздан ким олди?
— Бир чол.
— Юзи чўзиқроқ, чаккаси сиқиқроқ чолдир.
— Худди ўзи.
— Хатини ҳам ололдингизми? — деди ва сабрсизланиб Содиқнинг оғзиға тикилди. Содиқ юзига мағрур бир тус ва овозиға музаффарият оҳанги бериб «хатини ҳам олдим», жавобини айтди. Бу жавобдан сўнг Ҳомиднинг оғзининг таноби жуда ҳам қочқан ва Содиқнинг елкасига қоқа бошлаған эди. Содиқ қўйнидағи хатни олур экан, ишлаткан ҳийласини ҳикоя қилди:
— Хатни чолға бердим-да, эртага Марғилон кетаман, хат берсаларингиз бемалол, дедим. Чол бир оз ўйлаб олғандан кейин, ҳозирға хатимиз йўқ, сизга малол келмаса эрта билан бир хабар олиб кетмайсизми, ўзингиз ҳозирда қаерда турибсиз, деб сўради. Ман оғир-синғансумон ўйланиб олдим ва хўб, дедим, қўшхонам узоқ бўлса ҳам бир хабар олиб ўтарман, дедим. Ишнинг ўнгланишига қувониб, бир кечани чойхонада кечириб, эртасига ваъда вақтиға яна бордим, имон топкур отам хатни муздек қилиб тайёрлатиб қўйған экан, Марғилон қаердасан, деб бир от, бир қамчи жўнай солдим.
Ҳомид хатни олур экан, Содиқнинг елкасига қоқиб «раҳмат, раҳмат», деб қўйди ва: «Биз ҳам сизнинг ҳаракатингизда», деган сўзни ҳам қўшиб қўйди. Хатни очар экан, Ҳомиднинг юзида қувонч аралаш бир жиддият мушоҳада этилар эди.
«Умидим юлдузи, орзум чечаги, ҳаётим тираги Кумушимга!
Киноя ва аччиғлар билан тўлиқ бўлған мактубингизни олдим. Хатни ёзған чоғингизда тамом бир ўт ичида, ғазаб денгизида сузғанлиғингиз гавдаланиб кўз ўнгимдан ўтдилар. Ўтдиларгина эмас, ҳатто менга шунчалиқ таъсир этдиларким, гўё маликасининг ғазабига учраған қул қай даражада эс-ҳушидан айрилса, қилар ишидан, ўйлар ўйидан янглишса, манинг-да ҳозирги ҳолим бунинг юз даража юқорисиға етди. Тўғриси заҳар олуд мактубингизга одамларча тушуна олмадим ва тушунишка ҳам лузум кўрмадим, чунки ғазаб устида айтилган сўзлар ақлли кишиларча лойиқи муҳокама ва мутолаа бўлолмас, гулхандан сўнг аланга ҳисобини ҳеч бир вақтда олинмас. Лекин мактубингизнинг бир ўрнига нима маъно бериш учун тамоман ожиз қолдим: «Илгариги сўзингиз билан ўзингизнинг ҳаққингиз битканлигини билатуриб ҳам яна уялмай, қизармай виждонсизлар амрини бериб қўясиз-да, уятсизлиғингизни яна бир қат оширасиз…» ва «Отам Тошканда экан кезда бу гапни айтишка уялған эмишсиз», «гўё бунинг билан номуслик, уятчан бир йигит бўлиб кўринмакчисиз шекиллик?!»
Бу сўзларингиз билан нима демакчи бўласиз, танингиз соғми? Дуруст, ман отангизга бирга кеталмаслигимни, чарларни уч-тўрт кун кутиб қолишимни бир неча вақт айталмай юрдим ва ниҳоят отангиз кетишка рухсат сўрай бошлағач, отам орқалиқ узримни айтирдим, бас, бунда қандай уятсизлик бўлсин, гумонимча иситмангиз қаттиғ ушлаған кўринадир ва бу телбаларча мактубингизни иситма орасида ёзғон ўхшайсиз…»
Ҳомид мактубнинг бу ўрнига етканда ихтиёрсиз хахолаб юборди-да, «вой аҳмоқ» деб қўйди.
Пучуқ хотин билан Содиқ кулиб унга қарасалар ҳам ул илтифотсиз ўқушида давом этди:
«Мактубни иситма орасида ёзғанингизға тамоман қаноат қилдим. Шунинг учун сизни айблашка ҳаққим йўқ, ҳам сиз маъзурсиз. Бу киноя ва заҳарлик мактубни ёзишға сизни мажбур эткан, мени ҳийлакор тулки, оғзи қон бўри, уятсиз йигит… ва тағин алла қанча мартабаларга миндирилишларимнинг бош омили албатта отангиздан ҳам эшиткан бўлсангиз керак, шу кунгача чарлар балоси билан тутқун бўлишим орзу-ҳавас қайин отасининг оғриб ётиш шумлигидир. Ниҳоят сизнинг аччиғ хатингиз баракасида бу кун чарлар хабари ҳам келиб қолди. Сиз манинг бу хатимни ўқуб, гуноҳларимни ярлақаб турған кезларингизда, албатта ман Марғилон йўлида бўлсам керак. Онангизнинг ўқуйтурған байти манинг шаънимга тамоман тескари, чунки ота-она орзуси ҳеч бир вақт янги ёрлик вазифасини ўтай олмас ва ҳамиша бошқалар-нинг орзу-ҳаваси бўлиб қола берар. Сиз ўзингизни тупроқ билан тенглашдирмакчи бўлғансиз, лекин ман ҳозир Кумушка ҳам қаноатланмай Олтинбиби деб атамоқ фик-рига тушдим…
Борлиғим муҳаббатингиз алангаси билан туташқани ҳолда завжингиз Отабек. 26 жавзо, 1265-нчи йил. Тошканд».
Мактубнинг бош томонини ўқуғанда Ҳомиднинг юзида кўрилган шодлик ўзгаришлари хатнинг охири билан негадир ювилғандек ва шодлиқ ўрнини чуқур бир мулоҳаза олғандек бўлди. Бир-икки дақиқалиқ фикрдан сўнг Отабекнинг «Сиз манинг бу хатимни ўқуб гуноҳларимни ярлақаб турған кезларингизда, албатта ман Марғилон йўлида бўлсам керак…» жумласини кўзидан ўтказди-да, Содиқдан сўради:
— Тошканддан чиқғанингизга неча кун бўлди?
— Олти кун.
Содиқнинг жавоби унинг устидаги юкни тағин ҳам оғирлаштирғандек сезилиб ул бошини қуйига энгаштирди ва чувоқ соқолини тузатиб фикрда қолди. Ҳомиддаги кейинги ўзгаришдан хабарсиз тахмондағи увадаларни тузатиш билан овора бўлиб юрган пучуқ хотин Ҳомиднинг ёниға ўлтуриб, хунук бир илжайиш орасида сўради:
— Қалай, Ҳомидбой, ишлар ўнгданми? Пошшанисага энди совчилиққа бораверамизми?
Ҳомид умидсизча бошини чайқади ва салмоққина қилиб жавоб берди:
— Ишимиз ҳали у даражага еткан эмас, биз ҳозир фақат совчининг йўлидағи биринчи ғовниғина буздиқ.
Ҳомид пучуқ хотин орқалиқ Кумушнинг хатини олдириш билан ўзининг биринчи мартаба юборған хиё-натномасини фавқулодда бир муваффақият билан натижаланганлигини сезиб, Отабек кўкрагига ҳам қўл солиб кўрмак ва унинг Кумушбибига бўлған муносабатини билиб, ҳам шунга қараб иш юритмак учун Кумушнинг мактубини Содиқ орқалиқ Тошкандга юборған, Содиқ эса ўқуғучиға маълум мактубни Отабекка топшириб, Отабекнинг Кумушка ёзған мактубини ҳам олиб келган эдики, юқорида бу хат Ҳомид томонидан ўқулиб ўтди.
Отабекнинг бу мактуби ортиғи билан ўзининг Кумушка бўлған муносабатининг ҳамон эски ҳолида боқийлиғини эълон қилар ва ўзининг осонлиқ билан рақибка берилмаслигини сўзлар эди. Бу йўлда биринчи қадамини муваффақият билан босқан Ҳомид кейингиларини биринчидек кетиши учун қайғуланар эди. Бу кун-ерта Отабек келар-да, Кумуш билан топишар.
Хиёнат-номанинг ўзиники бўлмағанлиғини исбот этиб, Ҳомиднинг ўйлаған ишини яна кейинга силтар ёки бутунлайга Ҳомиднинг умидини узар — мана бу очиқ, кўриниб турган эҳтимол эмас, ҳақиқат олдида ул ҳайрон ва бунга қарши тадбир ўйлаш билан гаранг эди. Ул бу тўғрида узоқ ўйлаб турмади, бир нарсага қарор қўйған каби фикрдан кўзини очди ва пучуқ хотинға деди:
— Жаннат опа, бир чилим берингиз-чи, — Жаннат опа чилим солиш учун қўзғалғач, Содиққа деди: — Иним Содиқбой, ишимиз жуда хом ҳали.
Содиқнинг қизил укки кўзлари ўйнаб жавоб берди:
— Ғам еманг, ака, хом бўлса ўбдан пишитармиз, ўлмасак.
Содиқнинг бу жавоби Ҳомиднинг ишончини мойла-ғандек бўлди, тўпписини бошидан олиб наматка ташлағач, миннатдорлик оҳанги билан:
— Сан билан Жаннат опам тирик бўлсаларингиз пишитармиз, албатта! — деди ва Жаннат опа қўлидағи чилимни олиб такир-тукир қилиб пишитди ва ши-ғ-ғ-ғ этдириб сар-хонани синдириб юборар даражада ичига тортғач, оғзидан чиқған паға-паға тутунлар орасида чилимни Содиққа узатиб, Жаннат опаға деди: — Опа, сиз тағин бир мартаба қутидорнинг уйига хат олиб боратурған бўлдингиз…
— Қих, жоним билан айланай. Содиқ олиб келган хатними?
Ҳомид кулди.
— Йўқ, опа, агар бу хатни олиб борсангиз, шунчалик қилған ишларимиз бирпул деган гап бўладир. Илгариги гал ёздириб берганимдек ўз режамизга мувофиқлаб Отабек тилидан яна бирини ўмартириб бераман.
— Хи-хи-хи, айланай, қих… Ман бу ишларни қаёқдан билай, Ҳомиджон.
— Албатта билмайсиз. Лекин мундан сўнг яхши билмоғингиз керак, озғина янглишиб кетсангиз ҳам ҳамма қилғанларимиз шамолға учадир, ундан сўнг…— тўсатдан бу ўринда Ҳомиднинг эсига ўзи-нинг бир хатоси келиб тушди: биринчи гал Отабек тилидан ёзған сохта хатини унинг қўл ёзувини мулоҳаза қилмасдан юборған ва бу кунгача бу сирни қутидор, Кумушбибилар томонидан сезилиб қолишидан қўрқиб келмакда эди. Энди бу иккинчи сохта хатни ёздиришда гарчи ҳозир Отабекнинг қўлёзмаси ўз қўлида бўлса ҳам яна қўрқунчи йўқ эмас эди. Эндиги хатни ниҳо-ятда эҳтиёт билан нусхага қараб ёздиришни кўнглидан ўтказди-да, яна қайси тўғридадир узоқ ўйлаб олғач, Содиққа деди:
— Иним Содиқбой, сизга ҳам яна катта бир хизмат бор, башарти…
— Кишининг хизматидан қочқан йигит эмасман!
Ҳомид Содиқ билан Жаннат опаға қараб олди ва: — Шундоқми? — деб ишонмағансумон такрор сўради, ундан ижобий жавоб олғач, ёнини кавлашдира бериб: — Жаннат опа, — деди Содиқ ҳориб қорни очиб келган кўринадир, ман ҳам эртадан бери томоқ еган эмасман, биз Содиқ билан сўзлашиб ўлтурсак-да, сиз мана шу пулга гузардан чиқиб бир чорак эт келтириб, шўрба қилиб берсангиз. — Жаннат опа паранжисини ёпиниб этка кетди, сўнгра Ҳомид
Содиқдан такрор сўради:
— Кишининг хизматидан қочқан йигит эмасман, денг-чи? — негадир Ҳомид Содиқнинг такрор-такрор: «қочқон одам эмасман, синамасдан хизматини айтаберинг», дейишига ишонмас эди. Ниҳоят:
— Башарти сизга буюрадирған хизматим бу кунгача қилған ишларингиздан тамоман бошқа ва оғир бўлса-чи», — деди. Содиқ Ҳомиднинг мақсадиға тушунгандек бўлди ва ўйлаб турмай:
— Одам ўлдиришми? — деб сўради. Ҳомид Содиққа ишонмағани ҳолда бир дақиқа чамаси қараб турди, сўнгра теварагига аланғлаб олғач, ҳазил тариқасида:
— Башарти одам ўлдириш бўлса-чи? — деб сўради.
— Бу кунгача иккитасини жойлашдирдим, учунчига ўтса нима қилади? — деди Содиқ ва мағрур кулиб қўйди. Бу сўздан сўнг Ҳомид устидаги юкни отқандек сўлиш олиб қўйған эди.
— Ман кишининг хизматини унутатурған йигит эмасман, — деди Ҳомид ва давом қилди, — ўғул бола учун ўғул болалиғим, ёмон учун ёмонлиғим бор, башарти шу хизматни бажариб беришни бўйнингга олсанг, онд билан айтаманки, давлатимнинг ярмиси саники бўлсин!
Содиқ ўлтурган жойдан қўлини Ҳомидга узатиб «қайтмайсизми?» деб сўради. Ҳомид қўлини олиб «сўз ҳам бир, худо ҳам бир» жавобини берди.
Шу куннинг эртасидан бошлаб, Содиқ қутидорнинг эшик олди теварагида Отабекни
кутмакчи, ул келиб йўлакка кирди дегунча орқадан бориб унинг ишини саранжомламоқчи эди.
Содиқнинг фикрича, бу ишни дарбозадан ташқарида бажариш мувофиқ бўлса ҳам, нима учундир Ҳомид бунга кўнмай қутидорнинг узун қоронғи йўлагини қулай билмиш эди. Содиқнинг «қай вақтда келар экан?» саволига:
— Албатта, шаҳарнинг дарбозаси эрталаб очилиб, шом билан ёпиладир, гумонимча эрталаб Қўқондан чиқса, аср вақтларида Марғилонға кирадир, — деди ва сўз охирида орада сўзланиб ўтилган шартни яна таъкидлади.
— Яхши ўйла, Содиқ. Олам ҳодис қўлға тушиб қолсанг, сўроқ кезида айбни фақат ўз бўйнингга олиб, ораға мени қотиштирмайсан.
— Хотиржамъ бўлинг, Содиқ деганингиз бундай хумсаликни жаллоднинг қўлида ҳам қилмас, азбаройи худо.
— Ундан сўнг иккинчи шарт: бу сир фақат иккимиз-нинг орамиздағина қоладир, ўзинг ҳам сезган бўлсанг керакким, Жаннат опани этка овора қилишим уни ҳам бу сирдан ташқарида тутиш учун эди.
— Кўнглингизни мендан жуда тўқ тутаберинг, ака! Авғони ханжарингизни бераман деган эдингиз-а?
— Шўрба пишгунча келтураман, — деди Ҳомид ва кетди.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-17

Ўнинчи боб Бироқ эртасига кун очиқ, беғубор бўлди. Кечаги ёғингарчиликдан асар ҳам йўқ эди. Фақат намгарчилик, фақат одамнинг руҳини тетиклаштирувчи муздек шабада эсмокда ва ...

Тожикистон: ёзувчини «бўсалар» сабаб иттифоқдан хайдашди

Ёзувчилар иттифоқи яна бир ёзувчи асарларида “ахлоқсиз ишқ ва кўп хотинлилик”ни тарғиб этгани учун иттифоқ сафидан чиқарди. Охирги бир йил ичида Тожикистон Ёзувчилар ...

Рауф парфи:ассалому алайкум дорнинг оғочи

«Кунтуғмиш»дан Акиф БАҒИРга   КЎНГЛИМ ҚОРОНҒУДИР, ТЕВАРАК ТУТУН, Ёлғиз бошим узра узилар шамол, Кўзларимни ғажир аллақандай тун, Сен кимсан, нимасан, сен кимнинг божи? – ...