БАХТ ВА БАХТСИЗЛИК

8. БАХТ ВА БАХТСИЗЛИК

Ошни сузиб келтиргач, меҳмонни ошға таклиф қилишдан бурун яна тоқчадаги кўвачани олиб бир пи-ёлани тўлдирди ва Отабекка узатди.
— Ичинг буни ҳам, сўнгра ошни еймиз, — деди. Бу гал унча қистатишқа тўғри келмади, биринчи пиёла билан унинг кўз ўнглари жимирлашмакка ва ўзида бир енгиллик ҳис этмакка бошлаған ва бу иккинчи пиёла гўё «мени ичсанг тағин ҳам енгил тортасан», дер эди. Отабекнинг иккинчи пиёласидан сўнг ошға ўлтурдилар. Битта «дон» ҳазмини ҳам тасаввур қилмаған унинг меъдаси кетма-кет тушиб турған луқмаларни эътирозсиз қабул қилмоқда эди. Бундай иштиҳони, эҳтимолки, ул ўз умрида биринчи мартаба кўргандир. Томоқ орасида уй эгасининг берган саволларига яхши жавоб берганидек, ўзи ҳам баъзи сўзларни тўқиб юбормоқда, бояғи оз сўзлиликлар ўрнини эзмалик бўлмаса ҳам мўътадил бир ҳол олған эди.
Ошдан сўнг лаган ва дастурхонни йиғиштириб олғучи уй эгасига сархуш ва қизарған кўзлари билан узоқ қараб қўйди. Бу қараш унга миннатдорлиқ ва ташаккур қараши эди. Уй эгаси Отабекнинг ёниға иккита ёстиқ олиб қўйди ва биттани ўз ёнбошиға ҳам олди.
— Ёнбошлангиз бек, — деди, бошлаб ўзи ёнбошлади. Отабек ҳам унга эргашди. Иккисининг орасидағи шамъ ел билан ўйнашибғина нур сепар, иккиси ҳам сўз қўйишқандек шамъга кўз тикиб қандай ўйғадир берилгандек кўринар эдилар. Бир неча вақтдан сўнг уй эгаси кўзини шамъдан олди ва ер остидан Отабекни кузаткач, сўради:
— Уйланганмисиз, бек?
Отабекнинг кайфи кучликми эди ёки сўзни онгламай қолдими, ҳайтовур шу онда жавоб беролмади.

— Уйланганман.
Сўрағучи бир оз тўхтаб олғач, яна сўради:
— Хотинингизга муҳаббатингиз борми?
Отабек бу савол қаршисида гарангсиб қолғандек бўлди, воқиъан ораға оғир савол тушкан эди, билинтирмаслик қилиб уфлаб олди.
— Муҳаббатим йўқ.
— Яхши экан, — деди уй эгаси. Отабек унинг бу сўзига тушуна олмай, «нега?» дегандек қараб турар эди.
— Сўзимга ажабландингиз шекиллик?
— Йўқ, — деди Отабек, лекин унинг таажжуби уй эгасига очиқ кўриниб турар эди.
— Балки муҳаббат бахтлик кишилар учун яхшидир, лекин ўз тажрибамча, бахтсиз киши учун бадбахтликдир. Масалан, сиз агар чиндан ҳам хотинингизға муҳаббатсиз бўлсангиз, ўзингиз ҳам иқрор қила оласиз: уйга кирсангиз хотинингиз бордек, кўчага чиқсангиз йўқдек, бас, сизга хотиннинг оғирлик ва енгиллиги бирдак. Шундоқ эмасми?
— Шундоқ, — деди Отабек, аммо муҳаббат тўғрисида сўзланган бу сўзлар унинг кайфлик кўзини оча ёздилар.
Уй эгаси давом қилди:
— Мен бу сўзларни ўз ҳолимдан чоғлаб айтаман, эҳтимолки мен янглишарман, — деди ва узоқ тин олғач, сўради: — Сиз уйланганда ўзингиз ёқтириб уйландингизми ёки орадағиларнинг ёқтиришлари биланми?
Отабек сўрағучининг қандай муддаоси борлиғиға тушунмай қолди.
— Онамнинг ёқтириши билан.
— Баракалла, — деди уй эгаси ва, — манимча, ҳамма бало ўзинг кўриб, суйиб уйланишда, — деди ва эшиткучиси кутмаган жойда сукутка кетди. Отабек бир кўйнакни ўзидан бурун йирткан киши тўғрисида гўё ўз саргузаштининг эски тарихини мулоҳаза қила бош-лаған, қаршисида ўлтурғучини-да, қайин ота эшигидан қувланған киши деб билган эди. Қайин отанг сани ҳам қувладими, деб айтмаса ҳам шунга яқин бўлған «суйган хотинингиз сизни ташлаб кетдими?» деган саволни берди. Уй эгаси бошини чайқади:
— Ташлаб кетишка — кетди, лекин ўз ихтиёрича эмас, — деди. Отабек бу сўздан сўнг бунинг ҳам қайин отаси ёки қайин онаси томонидан зулм кўрганига ишонған эди.
— Ёмон одамнинг юзи қурсин, — деб қўйди, бу сўз уй эгасига тушунарлик бўлмади шекиллик, Отабекка савол назари билан қараб олди.
— Эзмалик бўлса ҳам бошимдан ўтканларни сўзлаб берайми, меҳмон? — деди.
Ўз саргузашти билан фарқсизға ўхшаб кўринган бу ҳикояни эшитишка унинг иштиёқи ортқан эди:
— Сиз сўзламасангиз-да, мен сўзлатмоқчи бўлиб турар эдим.
— Маним саргузаштимда сиз куткан қизиқлиқ йўқ. Лекин шундай бўлса ҳам сўзлаб берайин, — деди ва ёстиқни кўкрагига қўйиб олғач, ҳикоясини бошлади:
— Мен ўзим асли қўқонлиқман. Ота-онамдан ёшлиқда ятим бўлиб, тоғамнинг қўлида ўсдим. Ёшим 17—18 ларга борғандан сўнг ўз куним ўзимга қолиб, бир ўртоғимнинг кенгаши билан бундан йигирма йиллар бурун Марғилонға келиб, бу кунги устакоримнинг отасиға тўқувчилиқ ҳунарига шогирд тушдим. Тўрт йил чамаси қилған хизматимдан сўнг ҳалиги устакорга халфа бўлиб ишлай бошладим. Бошқа йигитлардек ортиқча ўринсиз сарфларим бўлмағани учун оз замон ичида уч-тўрт тилла пуллик ҳам бўлдим. Ишимга ихлос билан қарағаним учун манинг тўқуған ишларим ўзгаларникидан қадрлик юрар ва халқ орасида ҳам отим «уста Алим кичкина» бўлиб шуҳратланган эди. Маълумки, бофандалар олдиға кўпинча хотин-қизлар келиб, янги нусха қидириб юрийдирлар. Манинг тўқуған ишларим ва чиқарған нусхаларим ҳаммага мақбул, айниқса хотин-қизлар учун машҳур бўлиб, ҳар доим тўқув дўконим ёнидан хотин-қизлар айрилмас эдилар.
Кунлардан бир кун ҳали кишидан қочар даражага етмаган ўн уч-ўн тўрт ёшлар чамалиқ дўндиққина бир қиз келиб, мен чиқарған янги нусха шоҳидан сўради. Қизнинг сўраған нусхаси тўқилиб ва сотилиб кеткан эди. Шунинг учун «йўқ» деб жавоб бердим. Қиз кўзини жовдиратиб туриб, «манинг учун тўқиб беролмайсизми?» деб сўради. Мен қизнинг юзига қараб, «мумкин эмас опа, бир кийимлик шоҳи деб нусха бўяш оғир», дедим. Қиз сўзни айлантириб мендан ваъда олишға тиришар эди. Мен сўз орасида яна унга қараб олдим. Ёнимдағи халфалардан биттаси қизға ўла, «тўқиб беринг, уста, опани хафа қилманг!» деб қўйди. Учунчи қарашда ўзимда қизға қарши бир яқинлиқ ҳис эткан, унга узоққина қараб қолишға мажбур бўлған эдим. Гарчи қиз айткан нусхани тайёрлаш оғир бўлса ҳам қандайдир бир куч таъсирида ҳалиги қизға ваъда бериб юборибман. Ул чиқиб кеткач, қандай ваъда берганимни ўйлаб кўриб, ваъда куни келса тўқуй олмадим дерман, деган сўзни кўнглимдан ўтқуздим, лекин қизнинг гуноҳсиз ўйнаб турған қора кўзлари, қизил олмадек тарам-тарам юзлари ҳамон кўз ўнгимда кўриниб турар эдилар ва «манинг учун тўқиб беролмайсизми?» сўзи қулоқ остимда такрор айтилгандек бўлар эдилар.
Бир неча кун шу йўсун иккиланиб юрғач, ниҳо-ят ўзимга тушунилмаган бир савқ остида ваъдамни ифога ҳам бошлабман, бир кийим шоҳи, деб ўттуз кийим бўлатурған ипакни бўяш, танда, арқоқ, гўла машақ-қатлари кўзимга ҳеч кўринибдир. Ваъдамдан икки кун илгариёқ шоҳини тўқиб, унинг келар йўлини пойлар эдим, ул келмас эди. Ниҳоят ваъда куни ҳам келиб ўтди, кел-мади. Сизга шуни ҳам айтиб қўяйки, бир кўрган кишингизнинг тусини албатта узоқ фурсат хотирингизда тутолмайсиз, лекин бу қиз тўғрисида ман тамом бошқача ҳолатда бўлдим: шундоқки, унинг қошини, кўзини, тусини, қўғурчоқдек қаддини кўз ўнгимда тута-тута тамом бир йиллик билишлардек бўлиб қолибман. Унинг товуш оҳанглари қулоғим хотирасида у даража яхши сақланмаған бўлса-да, аммо «манинг учун тўқиб беролмайсизми?» сўзини ҳозирғина эшиткандек бўлар эдим.
Ваъда кунидан уч-тўрт кун ўтиб кеткан бўлса ҳам ҳануз ул келмас эди. Мен унинг кўчасини сўраб қолмағанимдан хафа бўлар эдим. Чунки, шоҳини ўзим элтиб беришка ҳам энди ҳозирланиб қолған эдим. Бу кутиш кунларимда на учундир ёнимдағи халфа шогирдлар билан бўлатурған муомалаларим ҳам ўзгара бошлаған, яъни сўзларим дағал ва тундликка айланган, гўё бунинг ила Алининг кекини Валидан олар эдим.
Ниҳоят ваъданинг бешинчи куни қиз келди. Қизни кўриш билан мен борлиқ-йўқлиқ ҳолатда қолған, бир неча замон манинг учун сўз топиш ҳам қийинлашқан эди. Қиз шоҳини сўрамай менга термулиб турар эди. Унинг миннатдорчилигини фақат шоҳи билан олмоқ-чи бўлғаним учун бу ҳол менга оғир келди. «Нега ваъдага келмадингиз?» дедим. Қиз ўнғайсизланиб, гуноҳкорларча кўзини ерга тиккани ҳолда сўради:
— Шоҳини сотиб юбордингизми?
Ёнимға қўйиб ўлтурған шоҳини қизға узатдим. Ул шоҳининг орқа-ўнгини ағдариб кўрди ва: «Яхши тўқибсиз», деб менга умидсизча қараб қўйди. Шоҳини менга бериб қўлидаги майда чақаларни олдимға тўкди.
— Шоҳингиз қанча пуллик?
Мен жавоб ўрнига чақаларни санаб чиқдим, битта олтмиш пуллик тангасидан бошқаси бир пуллик, беш пуллик занг босқан чақалар бўлиб, кўп вақтлардан бери йиғилиб келганлиги маълум эди. Берган пули шоҳининг ярим баҳосини қоплар-қопламас бўлғанлиғини айтдим.
— Тағин қанча керак? — деб сўради.
— Уч танга, — дедим. Қизнинг ўйчан юзини яна қайғу босди. Мен унинг юзидан катта ҳусндор қизларда кўриладиган бир улуғлиқ томоша қилар эдим ва унинг ўз ваъдасига кела олмағанлиғи сиррини онглар эдим. Бу ёш фариштани бу ҳолда қолдиришға кўнглим бўлмади ва дедим:
— Қолғанини қачон олиб келасиз? — Бунга ҳам тез жавоб бермади ва жавобсизлик билан яна ўз ҳолини менга арз қилғандек бўлди.
— Пул топқанда келтирасизми? — дедим-да, унинг жавобини кутмай қўлига шоҳини тутқаздим. Қиз менга ишонмай бошлаған эди:
— Менга ишонасизми?
Мен ишонч билдириб ўлтурмадим:
— Уйингиз қаерда?
— Ч… маҳалласида.
— Кимнинг қизисиз?
— Шариф милтиқчининг қизиман.
— Отангиз қариб қолғанми?
— Ўлган. Онам бор.
— Акангиз йўқми?
— Йўқ. Битта кичкина ўғул укам бор.
— Исмингиз нима?
— Саодат.
Шундан сўнг Саодатни шоҳи билан жўнатиб юбордим. Саодат манинг бу ишимга ишонмайғина чиқиб кетди. Халва шогирдлар: «Тузиксиз-ку уста», деб менга пичинг отишдилар. Аммо мен Саодат учун ҳар бир оғирлиқни кўтаргундек кўринар эдим…
Уй эгаси бўлған уста Алим ҳикоясини тўхтатиб, Отабекдан сўради:
— Ҳикоям узайиб кетди шекиллик, зерикдингизми?
Отабек уни ортиқча бир эътибор билан эшитар эди, сархушчасига:
— Сўзлай берингиз, — деди.
Уста Алим давом этди:
— Менга уч танганинг аҳамияти йўқ эди. Аммо Саодат билан боғланиб туришим учун бу уч танга минг танганинг ишини қилар эди. Орадан ўн кунни ўткузиб, уч танга баҳонаси билан Саодатнинг уйига бордим. Саодат холасининг уйига кеткан экан, онасиға ўзимни танитиб, девор орқалиқ анчагина сўзлашдик: эри ўлиб эркаксиз қолғандан, ип йигириб овқат ўткарганидан ва қизининг кенгашмасдан шоҳи буюрғанидан ҳасрат қилиб кетди; сўзининг охирида яна бир ҳафта кутиб ту-ришимни илтимос қилди. Бир ҳафтадан сўнг алоқани узиб қўйиш манинг тинкамни қуритатурған бўлғани учун ишни бошқа режада юргизмакчи бўлиб айтдим: — Ўзингиз ип йигириб, кун кўриб турган бўлсангиз, сизга уч танга эмас, уч пул бериш ҳам оғир экан, агарда сизга маъқул бўлса кўнглимга бир гап келадир, шундоқ-ки, сиз эркаксиз бўлғанингиздак, мен ота-онасиз ёлғиз йигитман.. Кўпинча кир ювдириш ва йиртиқ-ямоқ важҳларидан қийналаман. Ўша сиздаги пул эвазига бир неча вақт кир-пиримга қараб, йиртиқ-ямоғимни ямаб берсангиз, қандоқ бўлар экан… Кампир бу сўзимни мамнуният билан қабул қилди ва эртаси кунга кирларимни олиб келиш учун Саодатни юбормоқчи бўлди. Шундоқ қилиб бу кун боғланишни яхши асоска қуриб қайтдим. Эртасига Саодат келиб кирларимни олиб кетди. Уч кундан сўнг ювилган кирларни келтириб, тўқув дўко-нимнинг ёнида анчагина қараб ўлтурди. Мен унинг келиши учун ҳар ҳафта панжшанба кунини белгуладим. Кундан-кун Саодатка қаттиғроқ боғлана борғанимни онглар эдим, панжшанбани ҳайит сингари қаршилар эдим. Орадан уч-тўрт ҳафта ўткандан сўнг қўлиға «ойингга элтиб бер» деб йигирма-ўттиз чақа пул ҳам бердим. Саодат билан алоқа қилғанимнинг тўртинчи ойида рамазон ҳайити келди. Фитир рўза баҳонаси билан Саодат учун саккиз тепки хон атлас, онаси билан укасига бўз кўйнак қилиб, Саодатларнинг уйига ўзим чақириб бордим. Саодат мени йўлакдан қаршилади ва гуноҳсизча қўлимдан тутиб ичкарига бошлади. Мен: — Саодат, эсингни е-дингми, онанг мендан қочмайдими?— дедим. Саодат тортишида давом этиб:
— Қочмайди, ўзи менга устаканг келса қочмайман, деган.
Мен Саодатнинг йўлбошчилиғи билан ичкарига кирдим. Айвоннинг олдида Саодатнинг онаси ип йигириб ўлтурар экан, қизининг қўлида бегона йигитни кўргач, ҳайрон бўлиб қолған эди.
Саодат мени ҳавлининг ўртасида қўйиб онасининг олдиға югурди ва:
— Устакам-ку! — деди. Онаси нари-берида даканасини тузатиб ўрнидан турди. Салом-аликдан сўнг сўрашдиқ. Саодат тегимга кўрпача ёзди, мен қўйнимдағини олиб ўртага қўйдим. Фотиҳадан сўнг бир оз ётсирашиб, уялишиб очилишолмай қолдиқ. Сўнгра кампир Саодатнинг маним тўғримда айтатурган сўзларидан муқаддима қилиб деди:
— Саодат сизни худда ўз акасидек яхши кўрадир, тунов кун ироқи собун олғил, деб ўттуз пул берган экансиз. Собунни олиб келгач, ётиб уйқуси келмади, вой устакамдан айланай, вой устакамнинг умрини худо бахтимга узун қилсин, деб бутун тонгни тонг отдириб дуо қилиб чиқди.
Бу сўзни кампир сўзлар экан, мен ўнғайсизланиб кетиб ер остидан Саодатка қараб қўйдим.
Саодат қизариб-бўзариб четка бурилиб олған эди. Кампир давом этди: — Мунчалик бизнинг ҳолимизға қайиш-ғанингиз учун беш вақт намознинг олдида мен ҳам ҳаққингизга дуо қилишни унутмайман ва ҳафта сайин қилиб турған марҳаматингизни кўриб ўйлайман: худо бандасига меҳрибон, ҳолимизнинг раҳмини еб саховатлик бу йигитни бизга учратди деб, кўнглингиздаги ҳар на тилагингиз ўзига айёндир. Сиз ятимларнинг раҳмини есангиз, сизнинг ғамингизни ўзи есин. Кампир бир уфлаб олғач, деди: — Манглайим шўрлик экан, болам, Саодатнинг Қаюмжон отлиқ бир акаси бор эди, ёши еттига чиқиб, отаси раҳматлик эндигина тўй қиламан деб турғанда, қизамиқ деган бир фалакат касал билан оғриб дунёдан ўтди, бунинг устига Саодатнинг отаси ҳам марҳум бўлиб бизларни ора йўлда қолдириб кетди. Лоақал шу бола бўлғанда ҳам эди, биз бу йўсун оғир кунларга қолмасми эдик, деб ўйлайман, — кўз ёшисини артиб сўзини битирди. — Бандасининг қўлидан келатургани оҳ-воҳдан нарига ўта олмас экан, болам!..
Мен кўнгил кўтарган бўлдим:
— Олдингизда ёш бўлсалар ҳам қизингиз ва ўғлингиз бор экан, бу кун бўлмаса эртага ахир сиз ҳам ёруғлиқ кунга чиқиб қоларсиз, она, — дедим ва келтурган нарсамни кампирнинг олдиға суриб: — Шу арзи-маған нарсани Саодат билан укасига ҳайитликка олиб келган эдим, бу айбим учун албатта мендан койимассиз, дедим.
— Одамгарчилиғингиздан ўргулай, — деди кампир ва оғзиға келган сўзлар билан дуо миннатдорчилик қила бошлади. Бояғи сўздан кейин уялғанича биздан узоқ-роқда ўлтурган Саодат секингина бизнинг ёнға келди ва қоғозға ўралған кийимликни очиб атласни олди. «Бу менгами?» деб мендан сўради ва жавобимни кутиб ҳам турмай йўллик бўзни олди. «Бу Сайфига», деди. Унинг орасидағи одими бўзни кўруб: «Бу ойимга», деди. Саодат бу нарсаларни жуда оддий қилиб кўрди ва соддача ҳалиги сўзларни айтиб қўйди. Гўё бу нарсаларни илгаридан куткан эди. Атласни яхшилаб кўриб чиқғач, ёқтирғандек бўлди, бир менга ва бир атласка қараб туриб нимадир айтмакчи бўлса ҳам айталмади. Мен нима демакчи бўлғанлиғини сезган эдим. Бу орада биз кампир билан ҳасратлашиб турған эдик, ул келиб сўзни бўлди:
— Устака, — деди, мен қарадим. — Рўзамисиз?
— Рўзаман.
— Рўза бўлмасангиз чой қайнатар эдим, — деди. Онаси кулди.
— Чойни ҳайитда келганимда қайнатиб берарсан, — дедим.
— Ҳайитда келсангиз ош ҳам қилиб берар эдим, — деди ва онасиға қаради.
— Акангга ҳар нарса қилсанг ҳам арзийдир, қизим,— деди кампир ва на учундир кўзига ёш олди, мен ҳам аранг кўз ёшимни тўхтатиб қолдим.
— Бўлмаса бу кун ифтор қилақолинг. — Саодатнинг бу сўзига онаси ҳам қўшилишди. Мен узр айтдим. Лекин ҳақиқатда эса, Саодат билан бирга ўлтуриб ифтор қи-лишни кўнгил истай бошлаған эди. Узоқ сўзлашиб ўлтурдим, бу уйдан чиқиб кетким келмас, бир соат орасида тамоман очилиб-сочилиб кеткан Саодатнинг болаларча қилиғини кўриб тўймас эдим. Саодат гоҳ мен билан, гоҳ атлас билан машғул, бояғи уялиб туришини бир ёққа йиғишдириб қўйған, онаси билан мени кулдириб, анча-гина кўтарилиб қолған латиф кўкраги устига «сенгинадан айланий!» деб атласни босиб қучоқлар эди. Мен бўлса гўё атлас эмас, қучоқланғучи ўзим бўлғандек кайфланар эдим.
Мен кампир билан хайрлашиб чиқа бошлаған эдим, Саодат «Панжшанба кун борайми», деб сўради. Мен кампирнинг олдиға қайтиб бордим-да, айтдим:— Саодатингизнинг бўйи чўзилиб қолған кўринадир, мундан сўнг мактабдан бўшаған вақтида Сайфини юборсангиз қалай бўлар экан ва қўлим бўшаған кезларда ўзим ҳам келиб турарман, — дедим. Гўё кампир ҳам мендан шу сўзни кутиб турған экан, ҳамиятимга ва ақлимга таҳсин ўқуди ва қизиға қаради. «Ана, эшитдингми устакангнинг сўзини, энди вақт-бевақт кўчага ҳам чиқаберма!» деди. Мен чиқатуриб Саодатка қараған эдим, мендан ўпкалагансумон кўринди. Аммо манинг бу сўзим бекорга эмас, балки халфа шогирдлардан баъзиларининг унга ёмон кўз билан қарағанларини пайқағаним учун эди.
Шу йўсунда Саодатнинг онаси ҳам мендан қочмай қўйиб, алоқамиз тағин ҳам қаттиғлашди.
Кутмаган бу муваффақиятим бир неча кунгача кўзимдаги уйқуни ҳам қочириб қўйди. Уч-тўрт кун гўё бу кун-ерта Саодатка уйланатурған каби ҳовлиқиб ҳам юрдим.
Унча-мунча нарсани аямағаним учун бўлса керак, тез замонда гўё Саодатлар оиласининг бошлиғи ҳолини олиб қолдим. Жумъа кунлари масаллиғни кўтариб Саодатларникига борар, Саодатнинг қўлидан ош қилдириб еб қайтар эдим. Саодат кундан-кунга ўсиб борар, шу нусбатда ҳуснига ҳусн қўшилар ва мен баттар унинг мафтуни кесилар эдим. Шу ҳолда орадан икки йил чамаси фурсат ўтиб кетиб, Саодат ҳам ўн олти ёшларға етиб қолди. Энди манинг ошиқона термулишларим маъносини онглий бошлаған, негадир «ака» деб қилатурған хитобларнида тарк эткан эди. Икки йилдан бери кампирнинг олдиға совчи киргузишни ўйлаб келган бўлсам-да, аммо нима учундир Саодатдек қизға уйланиш бахтига эришмакни ўзимга тасаввур қилолмас эдим. Бу тўғрида бўлган ҳамма умидим Саодатнинг онасидан эди, балки ўзи сўз очар ва ёким ораға киши қўяр, деб кутар эди. Ораға бошлаб ўзим совчи қўйишдан ўнгғай-сизланар, тўғриси ўзимга тушунилмаган бир хавф остида бу жасоратдан маҳрум эдим.
Бир кун одатимча Саодатлар уйига борған эдим. Ош-сувдан кейин кампир Саодатни ўчоқбоши юмишига юбориб, менга қараб кулди:
— Саодатка бир яхши жойдан куяв чиқиб қолди. Кеча унашсак унашкундек ҳам бўлған эдик, бироқ сизнинг маслаҳатингизни олайин, деб совчиларни қай-тардим, — демасинми, устимдан бир челак совуқ сув қуйғандек энтикдим, қандай жавоб беришка тилим келмай қолди. Узоқ вақт кесак каби ҳаракатсиз қолғач, куч орқасида тилимни базўр шу сўзга ҳаракатлантирдим:
— Жойи яхши бўлса, ўйлаб кўриш керак…
Куявнинг кимнинг ўғли бўлғанлиғини ва қандай касб қилишини шарҳ қила бошлаған эди, сабрим тамом битди:
— Ундоғ бўлса, кеча совчиларни бекор қайтарибсиз,— дедим. Кампир маним бу киноямга тушунмаған эди:
— Куявнинг теги-тахти менга маъқул бўлишка бўлди-я, фақат энди иш сизнинг кенгашингизга қараб қолди, сиз Саодатка ота бўлмасангиз ҳам лекин оталиқдан юқори ишларни қилиб келасиз. Эндиликда Саодатни узатишда ҳам оталиғингизни аямангиз, — деди.
Бу сўз билан яна ўлганнинг устига чиқиб тепилгандек бўлдим.Чаён каби мени заҳарламакда бўлған кампирнинг тўғри сўзини эшитиб туришка ортиқ тўзалмадим-да, эртагача ўйлаб жавоб беришни айтиб кампирнинг олдидан чиқдим.
Чиқғач, оёғи куйган товуқдек тўрт томонға югура бошладим. Эпақалик бир гап эсимга келмас эди. Ниҳоят, ақлимни бошимға йиғиб, сирримдан воқиф бир ошнамға кенгаш солдим. Ул узоқ ўйлаб турмай, эртаси кунга томонимдан совчи бўлиб кампирнинг олдиға бормоқчи бўлди. Лекин бутун туни билан кўзимга уйқу келмай, тиканга ағнаған каби азобланар эдим ва сустлигим учун ўз-ўзимни сўкар эдим…
Уста Алим ҳикоясини бу ерга еткузгач, шамъ-нинг сўхтасини миқрозилади ва оғзини пойлаб
турғучи Отабекдан «зерикмадингизми?» деб сўраб олиб, давом этди:
— Совчини юбориб тинчий олмадим, ишка қўлим бормас ва бир жойда тўхтаб туролмас, у ердан туриб бу ерга ўлтурар, минг турлик хаёл билан довдир сифатига кирган эдим. Юборган кишим тезда қайта бермагач, бир-икки бора Саодатлар эшиги ёниға бориб келдим. Ниҳоят, миям шишиб Саодатнинг уйи яқинида бўлған бир ёнғоқнинг соясида ўлтурған эдим, совчим чиқиб қолди-ку: юрагим орқамға тортиб кетди. Ва олдинға тушиб юрий бердим, чунки совчиға учрашиб ҳақиқатни онглаш ҳам менга душвор мушкул келган эди.
— Шошма-шошма, ҳо, куяв! — деди совчим. Ҳазилманд бўлғани учун ишнинг чаппа кетканига ишонған, унинг бу «куяв» деган сўзини кинояга йўйған эдим, кетабердим. Ул орқамдан тез юриб етди:
— Қани, тўнни еш! — деди ва тўнимни ўзига торта бошлади.
— Юрагим ёрилишға етди, ҳазиллашма! — дедим.
Ҳақиқатан сўзи чин экан, оғзидан ўпдим. Жиқ тўлған кўз ёшимдан ҳам уялиб турмадим. Совчим йўл бўйлаб кампир билан бўлған ҳикоясини сўзлаб кетди: Саодатка бир йилдан бери ҳар кун деярлик совчилар қатнар, кампир ҳаммасига ҳам боши боғлиқ, деб жавоб бериб келар экан. Шунинг баробарида манинг оғзимни пойлар ёки киши қўйишимни кутар экан. Ниҳоят, бир тарафини чин ва бир тарафини сўз олиш муддаоси билан кечаги сўзни менга айтган ва шунга қараб иш қилмоқчи бўлған. Узун сўзнинг қисқаси кампир-нинг жавоби: бир қизим эмас, юз қизим бўлғанда ҳам уста Алимга назир тортдим — бўлибдир.
Теримга сиғмас эдим; икки йиллик юрак дардим ниҳоят ҳозиқини топқан эди. Бир неча кун уялиб кампирнинг олдиға бормай юрган эдим, ўғли орқалиқ йўқлатди. Бордим. Лекин боришимдағи сезгуларимни сизга бу тил билан тушунтиролмайман. Мен борлиқ йўқлиқ эшикдан кирганимда, Саодат кир ёяр эди. Мени кўргач, қизариниб кетди ва ёйилған кир ортиға яширинар экан, шаҳло кўзларидаги сезилар-сезилмас табассумнинг фарқиға бордим.
Кампир билан уялишибкина тўй тўғриларини сўз-лашдик. Кампир ортиқча такаллуфлар қилишға йўл қўймаса ҳам, аммо ўзим Саодатнинг кўнгли ўксимасин учун тўйни катта қилишға тарафдор эдим. Кампир билан тўй ва никоҳ кунларини муқим қилғач, мен кетишка турдим. Саодат кир ёнида менга бир кўрингандан сўнг, қайтиб кўринмаган эди. А, мен бўлсам яна уни бир кўрмакчи ва ўзига бир-икки оғиз сўз айтмакчи эдим. Ўчоқбошида қозон ювар экан, тўғри олдиға юриб бордим. Ул мени сезмадими ёки сезса ҳам билмаганга солиндими, ҳайтовур орқаси ўгуруғлиқ энгашкан ҳолда ишка машғул эди. Бир ўрим бўлиб тушкан узун қўнғур сочи унинг ҳаракати билан қўлтуғи остида ўйноқлар эди. Анчагина орқасидан тамошо қилиб турғач:
— Саодат, — дедим. Қаради. Ўчоқда ёнған олов иссиғиданми ёки уятиданми унинг юзи қип-қизил олма эди. Қўлидаги сочиғи билан олдимға яқин келиб тўхтади. — Эшитдингми, — дедим. Ерга қаради. Уни ортиқча уялтирмас учун эшикка қараб юрий бошладим-да: — Майлими? — деб сўрадим. Жавоб ўрнига:
— Ош емай кетасизми? — деди. Бу унинг иккинчи турлик қилиб айтилган «майли» жавоби эди. Бир бугина эмас, қирқ йиллик қадрдон хотин томонидан эрига қилинатурған меҳрибончилиқнинг энг лаззатлиси эди. Чиқар эканман, «Ош емай кетасизми?» сўзининг кайфига тамом мас бўлған эдим.
Уста Алим шу сўнгғи сўзларини айтиб битирар экан, Отабекнинг қошлари чимирилиб, гўё ўзининг ҳам шу йўсун хотираларининг абадий қайтиб келмаслик — йўқлиқға чиққанлиғини яна бир карра онглар эди. Уста Алим давом этди:
— Ўн кун орасида ҳозирликни битириб тўй қилдиқ. Ниҳоят, Саодат меники бўлиб, саодатлик кунларим бошланди. Саодатка бўлған муҳаббатим бир даража сизга маълум бўлғанлиқдан у кунлардаги масъудиятимни ҳам шу ўлчавға солиб била оласиз.
Рафиқам Саодат чин саъида эди. Бу йил ўзимга кутмаган даражада бир куч ва истиқомат ортдириб, тўй билан тугалган бойлиғимни қайтарған эдим. Туришка Саодатлар уйи ортиқ торлиқ қила бошлағанлиқдан шу ҳавлини (Жаннат опа ҳавлисиға ишора қилиб) ҳозирғи қўшнимиздан сотиб олишға муваффақ ҳам бўлдим. Қайин онам, қайним ва эру хотин шу ҳавлиға кўчиб келиб тура бошладиқ. Кундан-кунга Саодатка бўлған муҳаббатим ошқандек касбим ҳам унумлик бўла бошлаған, уйланишим-нинг иккинчи йили ҳалиги қўшнимиздан ўзингиз кўрган боқчани ҳам сотиб олған эдим. Уйланишимнинг учунчи йили Саодат юклик бўлди. Эру хотин биримиз ота ва биримиз она бўлмоғимизни ўйлаб қувонар эдик. Кечалари ётиб уйқумиз келмас эди. Ниҳоят, Саодатнинг ой-куни яқинлашди… — Уста Алим узоқ тин олишдан сўнг давом этди: — … яқинлашди… лекин абадий бахтсизлик кунларим, манҳус соатларим ҳам яқинлашди… — деди ва сўздан тўхтади.
— Давом қилингиз, — деди Отабек, уста Алим бир уфлаб олғач:
— Саодат боладан қийналиб уч кунгача азобландида, тўртинчи куни ўлди, — деди.
Отабекнинг кайфи тарқағандек бўлиб, кўзларини зўрайтириб очди ва ўзини ёстиқдан олиб ўлтурғач, сўради:
— Ўлди?!
Уста Алим кўз ёшисини артиб:
— Ўлди, — деди ва давом этди: — дунёға келиб кўрган бирдан-бир қувончимдан айрилған эдим. Ҳаётнинг ҳамма умримга кифоя қиларлиқ мудҳиш зарбасини шодлиқ ичида қаршилаған эдим. Ойлар бўйинча кўз ёшимни ёмғур каби тўкдим. Чунки менга бундан бошқа бир овинчоқ қолмаған эди. Кўз ёшларимнинг тийилмағанини кўрган қайин онам Саодатнинг вафотининг иккинчи йили мени зўрлаб уйлантирди. Лекин бу иккинчи хотин менга Саодат бўлолмади.
Ҳақиқатан саодатим кўмилган эди. Кейинги йилларда футурдан кета бошлаған қайин онам қизидан йигирма ой сўнг, ўн бир ёшлиқ ўғлини менга ташлаб дунёдан ўтди. Қайин онамнинг вафотидан сўнг, бийлик ўз қўлиға қолған кейинги хотиним фаҳш суратда рўзғоримни тўзита бош-лади. Ўғрилиқча ва тўғрилиқча қиморбоз акасига инъом қилишға киришди. Кундан-кунга ишим кейин кетиб, ишлаганим рўзғорга учурвоқ ҳам бўлмай бошлади. Ёмон хотиннинг шум қадами билан уйимдан барака кўтарилганлигини ва барча баракаларимни рафиқам Саодат билан бирга кўмилганлигини онглаб, кейинги хоти-нимни талоқ қилдим. Энди учунчи йилдирки, хотинсиз яшайман ва уйланишни ҳам ўйлаб кўрмайман. Чунки марҳума Саодат билан кечирган кунларимнинг тотли хотиралари менга абадий лаззат бағишлағанларидек, ҳам аччиғ-аччиғ йиғлатадирлар. Уйланишимга кенгаш бергучи ўртоқларимға: — Мен энди дунёдан ўткан киши, бу кун бўлмаса эртага ёр қабри устида ёнған шамъда ўзини ҳалок қилғучи бир парвона, — дейман.
Eндиги ўйлағаним фақат қайнимни уйлантириш, сўнгра… сўнгра юзни ёруқ қилиб Саодат қучоғига кириш… — деди ва дармонсизланған каби ёстиққа ёнбошлади. Устанинг бу сўнгғи сўзи Отабекни ортиқ асарлантирган, кўз чуқури бир-икки қайта ёш суви билан тўлиб чиқған эди.
Иккиси ҳам узоқ жим қолдилар. Отабек ўз қайғусини бутунлай деярлик унутиб қўйған, қаршисидағи ерга сингибкина ётқан мужассам ишқдан кўз узолмай бошлади. Устанинг мозийсида эмас, ҳолида улуғ бир маъно кўрар эди. Аммо унинг истиқболида бир бўшлиқдан ўзга ҳеч гап учрата олмаса-да, яна улуғ бир маъно кўргандек бўлар эди. Ўз истиқболини ҳам шу устаники қабилидан кўрмакчи бўлса-да, бунинг учун бир нарса камдек, етишмағандек келар, иккинчи уста Алим бўлиш учун бир «ўлди» сўзигина орадан тополмас эди. Кейинроқ бу «ўлди» сўзини қўшқан билан ҳам уста Алим бўлиш қийинлиғини онглай бошлади, чунки Отабек Кумуш томонидан сўкилган ва ташланған эди. Ҳолбуки, Саодат сўкмаган ва ташламаған, балки эри-нинг бир гуноҳи сабабидан ёш умрини хазон қилған ва уста Алим қайин отаси томонидан ҳайвонча қувланмаған… ва қайин ота томонидан куяв йўлиға тузоқ қўйилиб, Саодатни чиқариб олиш фикрига тушилмаган, яъни ораға шайтанат ораламаған… Бу сўнгғи фикрни ул ўйламаған жойдан илҳом қабилидан тўқиб олған эди, яъни ўзининг Тошканддан уйланишига қутидор томонидан ризолиқ берилишини, ҳатто унинг тўйни ўз қўли билан ўтказиб келишини илгаридан ҳозирланиб келинган тузоқ, деб тушунган эди. Муҳокамаси шу ергача келиб еткач, уста Алим даражасига етиш учун ўзида ҳеч бир муносабат кўрмади… Уста Алим ёзиб берган ўринга кириб ётар экан, ўз-ўзига айтар эди: «Қувланишға, таҳқир этилишка лойиқ кўрилган Отабек уста Алим бўлишға ҳам сазовор эмас!» Ул уйқуға кетар экан, юраги болаларини учуриб кеткан каррукнинг уясидек бўм-бўш эди.

* * *

Отабек эртаги намозга турғанда кўзи Шамшодбекнинг базмидан азонда қайтиб келиб, донг қотиб ухлаб ётқан Сайфига тушди. Ўн беш ёшлар чамасида бўлған бу йигит ўзининг ўткур ҳусни билан Саодатдан хабар берар эди.
Бир-икки пиёла чой ичкан бўлди-да, уста Алим билан хайрлашди.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 82-қисм

82 Шунда... шунда, от кишнади. Умрим от билан ўтди. Ҳай бир отларни кўрдим, ҳай бир кишнашларни эшитдим. От сувсаб кишнади, от очқаб кишнади. Шунда от кўнглини сув бериб ...

Хиёнат (ҳикоя)

Жавлонбек  Раҳмонов одатига кўра маишат қилиб кайф сафо қилиб ўтирганида, эшикдан мўралаган ҳайдовчиси Нозимнинг  турқини кўриб ўшқирди: Нима бўлди яна? Ёшулли,  Тошкентдан   ...

Дилмурод саййид шеърларидан намуналар

Баҳор гўзаллик билан бир қаторда шеърият фасли ҳамдир! Шеъриятга эътибор хамиша барқарор бўлган!!! Дунёнинг ташвишларидан толиққан дамда айнан ШЕЪРИЯТ руҳиятга қувват ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400