БИЗДА КИМ КЎП ЙИҒЛАЙДИР?

10. БИЗДА КИМ КЎП ЙИҒЛАЙДИР?

Ғайри машруъ талоқ хати текканига олти ойларча фурсат ўтиб кеткан эди. Кумушнинг гўзаллик таърифини ғойибона эшитиб, оғзининг суви келгучи хотинлиқ ва хотинсиз орзумандлар «ётиб қолғунча, отиб қол!» сўзига амал қилиб, қутидорникига совчиларни турна-қатор юбора бошлаған эдилар.
Албатта, бунда шубҳа йўқдирким, Кумушнинг эрдан чиқған хабарини Кумушнинг ўзидан ҳам илгари тушунган ва Отабекдан ҳам илгари сезган Ҳомиднинг совчиси бошқа совчиларнинг муқаддимаси, ёз бошида келатурган қалдирғочларнинг йўлбошчиси эди. Ҳомиднинг совчиси бир мартаба келиш билангина қаноатланмади, уч-тўрт қайталаб келиб қутидорға Ҳомиднинг куяв ўғул бўлиш ниятида эканлигини арзу-ниёз қила бошлади. Натижада Ҳомидбойнинг совчисиға берилган жавоб шу бўлди: «Биз Ҳомидбойни ўзимизга куяв ўғул қилишдан ҳеч бир монеълик кўрмаймиз. Аммо қизимиз мундан сўнг эр қилмасға қаттиғ исрор этадир. Шунга кўра Ҳомидбой бизни кечирсин». Бошқа совчиларға ҳам жавоб шу эди. Қутидор билан Офтоб ойимнинг бу жавоблари ўзларича эмас, балки Кумушнинг кўнглига қараб берилар эди.
Бироқ Кумушбибининг «Ман энди эр қилиб бўлдим, мундан сўнг эрга эҳтиёжим йўқ», деган қатъий жавобиға улар узоқ қулоқ солиб туролмадилар, чунки унинг бу исрорини «чидамаснинг сўзи» деб онглар ва тузукрак жойи чиқғанда, эрга беришка ҳам ҳисоблари йўқ эмас эди. Шунга кўра, келган совчиларнинг ўзларига ёқмағаниға гуноҳнинг барини Кумушнинг бўйнига ағдариб жавоб берар, аммо иккинчи ёқдан тузукрак жойини кўзлар эдилар.
Кутилмаган ерга шаҳарнинг энг олдинғи аъён ва сарватдорларидан бўлган Салим шарбатдор деганнинг Комилбек исмлик ўғлидан совчилар келиб қолди.
Ота-отанинг кутканлари шундай тегу тахтлик куяв бўлғани учун биринчи мартаба совчиларни яхши сўзлар ва қуюқ-суюқ ошлар билан жўнатиб, иккинчи келишка ўйлашиб жавоб бературган бўлдилар. Эру хотин узоқ ўйлашиб турмай (чунки ўйлаштурған жой эмас эди) совчининг иккинчи келишида жавоб беришка қарор қўйдилар. Кумушнинг қарши тушмаги тўғрисида, албатта, уларнинг шубҳалари йўқ эди. Шунинг билан бирга ота-онанинг сўзини ерда қолдиради, деб ҳам ўйламас эдилар.

* * *

Куз кунларининг оёғи ва қиш кунларининг боши эди. Дарахтлардаги сариқ барглар тўкилиб тугалган, ер юзи ўзининг қишқи сариқ кийимини кийган эди. Тўрт томони-нинг ўралғанлиғи соясида япроқларини тўкилишдан сақлаб қолған бу гилос ёғочлари ҳам бу кун тунги қора совуққа чидалмай, елнинг озғина ҳаракати билан-да баргларини ширт-ширт узиб ташламоқда эдилар. Ҳаво очиқ бўлиб, қуёш тузуккина кўтарилган, аммо унинг ўзи ҳам бу кун унча таъсири йўқ, бу кунги қора совуқ қуёш кучини-да кескан эди.
Ўрта эшикдан Кумушбиби кўринди. Бурунғи тўла-лиғи кетиб озғинланған ва лекин бу озғинлиқ унинг ҳуснига камчилик бермай, билъакс юқорилатқанлар. Камон қошлари ортиқ мавж уриб ўзини кўрсаткан, бир оз бота тушкан шаҳло кўзлар тағин ҳам тим қоралиқ, тағин ҳам нурлилик касб эткан эдилар. Бу кунги совуққа қарши кийиб олған совсар пўстинининг ёқалиғи кишининг ҳасадини ортдириб, нафис бағбақаларни ўпиб ётар эдилар. Бироқ унда бир камчилик бордек кўринар эди: шаҳло кўзлар бурунғидек ўйнаб турмас ва сўнг чекдаги бир оғирлиқ билан ҳаракатланар эди. Бир томондан қарағанда бу оғирлиқ-да унга бир олийлик, улуғворлиқ бағишлағандек. Келиб айвон муйишиға ўлтурди-да, кўзларини оғирғина ҳаракатландириб, кетма-кет чип-чип этиб тўкилмакда бўлған ҳазонларға қаради ва ҳар бир япроқни юқоридан кузатиб ерга қўя борди. Ул ерга тушкан ҳар бир япроқда ўзининг таржумаи ҳолини ўқур, ўзини-да мавқиъидан айрилиб, ҳечка чиқиб турған шу хазонлардан айира билмас эди. Айира билмади-да, латиф кўкрагини тўрт энлик кўтариб тин олди ва кўзлари жиқ ёшға тўлди. Енг ичидан бир-бирисига ўтқузилған икки қўлини баробар кўтариб кўз ёшини артар экан, ичкари ҳавлидан Офтоб ойим чиқиб келар эди. Ул ер остидан қизиға кўз қирини ташлаб меҳмонхона эшигини очишға тутинди. Офтоб ойимнинг орқасидан Ойшабиби ҳам кўринди, келиб Кумуш ёнида тўхтаб сўради:
— Нима қилиб ташқарида ўлтурибсан?
— Ўзим, — деди Кумуш қошларини чимириб, четка юзини ўгирди.
— Меҳмонхонага кирсанг, сен билан икки оғиз маслаҳатимиз бор эди.
— Нима маслаҳатингиз бор?
— Олдин кир, болам, — деди кампир ва Кумушнинг елкасига қоқиб турғизди. Улар ичкаридаги совчи хотинларни ёлғиз қолдириб, Кумушнинг сўзини олиш учун ташқариға чиқған эдилар. Аммо Кумуш бўлса сов-чиларнинг олдидан ризосизлиғини онглатқандек бир намойиш билан кеткан эди. Ул меҳмонхонаға киргандан сўнг ҳам терсайиб токчалардан недир ахтарғандек юрина бошлади.
— Токчада сан қидирған нарса йўқ, келиб ёнимизға ўлтур, — деди Офтоб ойим.
— Ўлтурганимдан сизга бир пуллик фойда йўқ, сов-чингизга ўзингиз билган жавобни бераверинг!
Ойшабиби қизиға маънолик қилиб бир қараб олди:
— Болам, ахир икки оғиз гап эшит-чи олдин! — деди.
Кумуш ўлтура бермагач, Офтоб ойим қизишди.
— Қизим, санинг бу қаршилиғингдан муддаонг нима?!
— Сиз билан отамға муддаомни неча қайталаб айтдим-ку: мундан сўнг бу ишни хоҳламайман.
— Дунёдан тоқ ўтасанми?
— Тоқ ўтаманми, йўқми, буни тангри биладир.
— Ман санинг ҳали ҳам ўша уятсиз эрингдан кўнгил узолмағанингни биламан. Санинг бу хомтамаълиғинг кони болалиғингдир. Сан яхши билки, мундан сўнг отанг ул уятсизга ўз уйидан жой бермаганидек, уятсизнинг ўзи ҳам узил-кесил сани ташлағандир. Агар сўзимга ишонмасанг мана буни ўқуб қара, деди-да, Кумушка бир қоғоз узатди ва давом этди. — Биз буни сан унга хат ёзғанингдан сўнг жавоб ўрнида олған эдик. Бироқ ўша вақтда бу уятсизнинг биринчи талоқ хатиси ҳам санга етиб ортқанлиқдан бунисини сандан яширған эдик. Ҳамон-да санинг умидинг кесилмагани учун бу хатни ҳам кўрсатмакчи бўлдим! — деди. Кумуш қоғозни онасидан олди:

«Матлуқам Кумушбибига. Маним биринчи хатим билан сизнинг менга қилатурған эркаликларингизга бир чек қўйилған каби эди. Лекин бунга тушунмабсизми ва ё тушунишка тиламабсизми, ҳайтовур яна ҳам эски эркаликларингизни тарк этмабсиз. Хатингизни ўқур ва ўзимни кулгидан тўхтата олмас эдим. Орзуга айб йўқ, дейдирлар. Чекдан ошиб қилған ҳужумларингиз эски қадрдонлиғингиз отиға кечириладир. Эндиликда сизга мендек вафосиз ва ҳийлагар бўлмаған янги эр топилғай эди, деб аддои Отабек Юсуфбек ҳожи ўғли, 26 жавзо, 1265-нчи йил, Тошканд».

Мактуб унинг юрак жароҳатини қайтадан тирнаб ташлаған эди. Кўз ёшини дув-дув тўкиб, хатни ўз тахиға солди ва ўзидан жавоб кутиб турған ачаси билан онасиға деди:
— Мен бу уятсиз йиртқич билан ярашмоқ учун умид тутмайман, шунинг билан бирга эр ҳам қилмайман!
— Нега? — деб сўради онаси.
— Негами? — деди Кумуш ва йиғлаған кўйи жавоб бериб бошлади: — Негаки мен ўзимнинг суйган ва муҳаббат қўйған эримдан бунча уятсизлик, бу янглиғ вафосизлик кўрдим. Энди эр деган шу бўлибдими? Мундан кўра дунёдан тоқ ўткан яхшироқ, ёлғиз юрган тинчроқдир.
Шунинг учун қизингизға эр отидан сўзламанг-да, яфроқ каби титрайтурған юрагига даҳшат ҳам солманг!
Бу сўздан сўнг Офтоб ойимнинг оналиқ кўнгли эриб кеткан, ичкарида жавоб кутиб ўлтурғучи совчиларға қандай баҳона топиб киришни-да ўйлаб улгурмаған эди:
— Йиғлама, — деди. Кумушни меҳмонхонада қолдириб онаси билан чиқди.

* * *

Салим шарбатдорники қутидорға ниҳоятда маъқул тушиб қолған эди. Шунинг учун хотини ва қизидан сўраб ўлтурмай бир кун дўконидан эркак совчилар билан битишиб ҳам келди ва хотиниға «мен бу кун фотиҳа қилиб келдим, нима бўлғанда ҳам энди қизингни кўндирмасанг бўлмайдир», деди. Аммо Офтоб ойим-нинг эр отини эшитканда титрай бошлайтурған қизи билан учрашмоққа асло тоқати йўқ, эрининг бу сўзини эшитканда тамом ўзини йўқотқан эди.
Ул қизини кўндириш учун қутидорға ваъда берганда ўз ҳолини икки ёқдан ўқтанилған ханжар орасида қолғучиға ўхшатар, қайси томонға қимирласа ҳам муҳлик яра олишини аниқ билар эди. Шу кундан сўнг бечора она-нинг оғир кунлари бошланди. Эрига берган ваъдасини асло бажара билмас, бул ҳақда қизиға оғиз очиб сўзлай олмас эди. Ҳар кун бозордан қайтиб келиб биринчи сўзи «кўндирдингми?» бўлиб қолған эридан туни билан койиш эшитар ва кундузлари Кумушка оғиз очишға юраксина олмай азобланар эди.
Бир неча кундан сўнг қутидор ҳам энди ўз хатосини онглаған, чунки ҳар кун деярлик Салим шарбатдорникидан келиб тўй кунини сўрағучи кишига турлик-турлик баҳоналар айта бериб зериккан ва уятидан дўконга тушишни-да тарк қилиш фикрига келаёзган эди. Бир кун дўкондан ниҳоятда аччиғланиб қайтди ва Офтоб ойимни умрида эшитмаган сўкишлар билан сўкди: «Қизингни деб шаҳарда бош кўтариб юролмайтурған бўлдим. Кўндирсанг кўндир, бўлмаса мендан уми-дингни уз, мен энди санларнинг дастингдан шаҳардан қочиб кетмасам бўлмайдирған даражага етдим!» деди. Эртаси кун бечора она қизиға машъум мавзуъдан сўз очишға мажбур бўлди. Қизининг ёниға ўлтуриб сўзлаш ўрнига юм-юм йиғлай бошлади. Кумуш эса онасини бу ҳолға солған сирдан воқиф, шунинг учун йиғи сабабини сўраб ўлтурмай, ул ҳам кўз ёшиси билан юзини ювмакка тутинди. Она-бола узоқ йиғлашдилар, кўз ёшлари биткунча бўзлашдилар.
— Бу кунлардан кўра дунёға келмаган бўлсам эди. Бу тириклигимдан кўра, ўлиб кеткан бўлсам эди! — деди охирда Офтоб ойим.
— Янглиш сўзлайсиз, онажон! — деди Кумуш ва: — Сиз дунёда туришка лойиқ эдингиз, лекин сизнинг дунё-дан тўйишингизга ва қон-қон йиғлашингизга сабабчи мен бўлдим. Мен сиёҳ бахт дунёға келмаган бўлсам эди, сизга мунчалик кулфатлар, мунчалик ан-дуҳлар ҳам йўқ эди. Шунинг учун сиз тангридан сўрангким, тезроқ мен машъумани маҳв этиб, сизга уч-тўрт кун тинчлик берсин, онажон! Сизни бу ҳолда кўришка ва ўз тилагим йўлида сизни қурбон этишка ортиқ тоқатим битди. Ташландиқ бу қизингиз, қўлма-қўл юрғучи бу ўйинчиқ қизингиз киму, сиздек бир меҳрибон онани қон йиғлатиш ким? Йиғламангиз, она. Сизнинг тўкиб келган кўз ёшларингизнинг бир том-чисиға ҳам бу ташландиқ қизингиз арзимас, сиз отамға манинг ризолиғимни ташвишланмай билдираверингиз. Ул ҳам кишилар олдида бу бахтсиз қизининг таънасига қолмасин. Сиз маним юзимга эзилиб қарамангиз, ўйламай-нетмай ризолиғимни билдираверингиз! — деди ва юзига тўзғиб тушкан сочини тўғрилаб олғач, давом этди:— Агар сиз менга ортиқ ачинсангиз, ризолиғимнинг бир шарти қилиб тўйни келаси кузга бўлишини айтиб ўтингиз, агарда отам бахтсиз қизининг бу тилагини қабул этса-етсун, бўлмаса маним бу тилагим ҳам сизнинг бир томчи кўз ёшингизга арзимас, онажон, сизнинг шодлиғингиз йўлида ҳар бир оғирлиқларға бу бахти қаро қизингиз розидир, онажон!
Офтоб ойим Кумушнинг бу сўзларига тўзиб туролмай, қизини бағриға босиб қучоқлади, она-бола тағин шиддатлик равишда кўз ёшиға кўмилдилар…

* * *

Офтоб ойимнинг қатъий исрорига биноан қутидор ҳам қизининг шартини қабул эткан. Қудалар ҳам келаси кузгача кутишка рози бўлған эдилар. Демак, келаси кузга қутидор Салим шарбатдор каби бир кишига қудалашиб олғанидек, Кумушбиби ҳам Отабек ўрнига Комилбекни алмашдирар эди.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-махдумнинг бахти

Шу  кундан  бошлаб  Анварнинг  ҳаётида  янги  саҳифа  очиладир.  Яъни  махдум  Анварга илгаригича – истиқболи қоронғу бир ятим, деб қарамай, балки Анвар каби ўз ўғли ...

Мeҳробдан чаён-чақангиз сийқа эмасми?

Ул аксар шом ва эрталабки намозларнигина масжидда ўқуб, қолғанларини уйида адо қилар, пешин,  аср,  хуфтанларга  вақт  тополмас  эди.  Аммо  бу  кеч  жўртта  хуфтанга  ...

Шавкат раҳмон-муқаддима

Бутун умрим тайёргарликдир, ҳали кўпдир битмаган итним, англанмади ҳозирча кўп сир, ҳали вужуд ичида ишқим. Йилдиримдай лаҳза сувратин яширинча асрар хотира. Мени бор ...