КУЛИБ ҚАРАМАҒАН БАХТ

13. КУЛИБ ҚАРАМАҒАН БАХТ

Энди унинг умиди ортиғи билан узилған эса-да, юрагининг ёниши босилурлиқ эмас эди. Илон чаққан кишидек довдир ва бесаранжом кўзлари билан теваракка бежо-бежо назар ташлар эди. «Ниҳоят, отаси ўз муддаосига етди, қизини янги куявга топшириб тинчланди, кеча кечаси у…» дер эди-да, мундан кейинги оғулик ҳақиқатини бир турлик ҳам ўзига сингдира олмас ва буни ўйламасликка тиришиб ва ўзини алахситмоққа ўла теварагига бежо-бежо назар ташлар эди.
Энди Марғилон қатнаб юришларға хотима берилгандек ва Марғилон ҳам ундан «тағин мендан нима илинжинг бор?» деб сўрағандек бўлар эди. Ул «Хўжа Маъоз»дан чиқиб тўғри уста Алимникига қараб борар эди ва у ердан отини миниб умрликка Марғилон билан видолашмоқчи эди эса-да, ошна бир кимса унинг кўз ўнгига кўрингандек ва бегона раҳмсиз бир йигитнинг қучоғидан қутилиш учун ундан имдод сўрағандек бўлар эди.
Уста Алим эшигига етаёзди. Том бир маъюсият ичида бошини қуйи солған эди, ўтиб турғучларни пайқамас, лахжа чўғ каби ёниб турған юрак ўти билан сархушдек эди. Қаршидағи Содиқнинг эшигидан чиқғучини ҳам пайқамай қолди ва бир қараб олса ҳам танимаған эди. Отабек уста Алимникига келиб киргач, Содиқникидан чиқғучи Ҳомид унинг орқасидан қараб йўл устида қотиб қолди…

* * *

Шокирбекнинг кеча эрталаб чиқғанидан бери дараксиз кетишига ташвишланиб ўлтурган уста Алим уни йўлакда кўриши биланоқ сўради:
— Эййй, баракалла сизга, Шокирбек, қаёғларда қолиб кетдингиз? Жуда ҳам ташвишландим-да ўзим… Нега бир кунда бунчалик ўзингизни олдириб қўйдингиз?
Чиндан ҳам ул ўзини танилмаслик даражада олдир-ған, ўлат теккан кишилардек кўзлари ичига чўкиб кеткан эди. Киртайган кўзига куч билан кулги туси берди.
— «Хўжа Маъоз»га борған эдим…
— Нима учун?
— Тунашка.
Уста Алим таажжуб ичида яна бир қат уни кузатиб чиқди:
— Тунадингиз?..
Отабек айвон пешонасига ўлтурар экан, устани шубҳада қолдирмас учун деди:
— Кўбдан бери бир тунасам, деган хаёлим бор эди.
— Бузрукдан сўрайтурған тилакларингиз бор эканда,— деди уста Алим ва кулди. Бу вақт иккиси ҳам йўлакда юриб келган оёқ товишиға қарадилар. Қўпол қилиб бошиға салла ўраган, устаға ўхшаш рангсизгина бир йигит кириб келар эди. Уста Алим келғучининг истиқболи учун ўрнидан турди: «Eйй, уста Фарфи, келинг-келинг, бормисиз!» деди. Уста Фарфи салом бериб, уста Алим билан кўришди. Отабек кўришишга ҳозирланмаган ҳам эди, аммо келгучининг ўзи қўл узатдида, «саломатмисиз, меҳмон» деб кўришиб олди. Айвонға ўлтургач, фотиҳа ўқулди. Уста Алим келгучини хуш омади қилар экан:
— Сиз ҳам келар экансиз-а, уста Фарфи, — деб пи-чинг отиб қўйди. Соғу саломатлик сўралиб бўлинғандан сўнг уста Фарфи қаршидағи янги қурилған тўқув дўконларига ишорат қилиб деди:
— Ишлар катта-ку, уста. Дўконларни ҳам қуриб юборибсиз.

— Дўконни қурғанимизға энди ўн беш кунча бўлиб қолди. Фотиҳа ўқишға келармисиз, деб кутдим, шу чоқғача дарагингиз бўлмади.
— Ўзингизнинг бошингиздан ўткан, уста, — деди биравнинг кафилини олғандан сўнг ишни ташлаб чиқиш қийин, жумъанинг шарофатлари билан ошна-оғайниларникига борилмаса бошқа иложи йўқ, ахир ўзингизнинг ҳам бошингиздан ўткан-ку.
— Йўқ-йўқ, — деб кулди уста Алим, — мен сизга ўхшаб дўконнинг устида сира тухум босқан эмасман, симкорни кўзим қиймайдир десангиз, мен ишонар эдим.
— Бу гапингиз тўғри, — деди кулиб уста Фарфи, — жўжалари тушкир йилдан-йилга кўпайиб борадирлар, қозонни сувга ташлаған кунимиз жанжал.
Уста Алим дастурхон ёзиш учун ҳужрасига кирганда уста Фарфи Отабекка қаради.
— Сизники қаердан, меҳмон?
— Тошканддан.
— Жуда яхши, қани юқорига чиқинг, меҳмон, — деди. Отабек раҳмат айтиб жойидан қўзғалмади. Уста Фарфи уни яна бир қат кўздан кечириб олғач, чўк-калашини бузиб чордана қуриб олди. Дастурхон ёзилиб, эртанги ноништа учун дамлаб қўйилған чой олиниб келинди. Уста Алим Шокирбекни юқориға чиқишға қистаса ҳам ул кавшини ешмай эскича ўлтура берди. Ун-дан-бундан сўзлашиб чой ичишка бошладилар. Уста Алим билан уста Фарфининг сўзларидан илгарида бир устакор-никида ишлаганликлари, мундан йигирма кунлар бурун уста Алимнинг устакор билан нима учундир уришканлиги ва шундан сўнг ўз уйига дўкон қуриб ўзича ишлай бошлағанлиғи онглашилар эди. Уста Фарфи ундан аччиғланиш сабабини сўраса ҳам ул қаноатландирарлик жавоб бермас, фақат «ёмон одам экан, тўнғиз» билан кифояланар эди. Шу вақт Отабек қўлидағи пиёласини бўшатди-да, уста Алимга деди:
— Энди менга рухсат берасиз, уста. Мен жўнайман.
Уста Алим ажабсиниб унга қаради ва:
— Нега тағин кетмакчи бўлиб қолдингиз? Уч-тўрт кун турмоқчи эмасми эдингиз? — деб сўради.
— Марғилондағи ишларим битиб қолди, ўзим ҳам зерикиб бошладим…
— Бўлмаса чой тугалсин, шундан сўнг сизга рухсат,— деди уста Алим ва бир пиёла чой тўлдириб берди. Отабекнинг изн сўраши билан бўлиниб қолған саволини уста Фарфи давом этдирди:
— Тўғрисини айтингиз-чи, уста, нима учун устакор билан ачиғлашдингиз?
— У сизга аниқ айтмадими?
— Айтмади. Сўрасам, гапни бошқа тарафка чалғи-тади.
— Имонсиз, айтишка уялған, — деди уста Алим ва кимгадир нафратланиб қарағандек бужмайиб қўйди.
— Ҳайтовур сиз билан аччиғлашқан сабабини сўра-сам, гапни четка буради.
Уста Алим қўлидағи пиёласини қулт этиб бўшатди-да, устакори билан аччиғлашиш сабабини сўзлаб берди:
— Мен Ҳомиднинг қайним Сайфига ёмон кўз билан қараб юрганини сал-пал сезиб юрар эдим… Уриша-турғон кунимизнинг эрталабида Сайфини илгарироқ ишка жўнатдим-да, ўзим нимагадир уриниб кечроқ қолиб бордим. Дарбозадан киришим билан ишхона ичидан кимнингдир йиғлаб-ёлборған товшини эшитиб ажабсиндим ва ишхона эшигини очиб кирсам, имонсиз Ҳомид қай-нимға зўрлиқ қилиб турған экан. Эшик очилиш билан чўчиб Сайфини бўшатди-да, менга қаради. Мен аччиғимдан нима дейишни билмай қолған эдим. Тўнғуз ишхонадан чиқиб бошлаған эди: «Сен билан отангға йигирма йиллаб хизмат қилиб, ниҳоят сендан кўрган яхшилиғим шу бўлдими?» дедим. Чурқ этмай чиқиб кетди. Нимагадир, сиз, Карим ва Ортиқбойлар ҳам ишхонага келмаган экансизлар. Тўнғуз вақтдан фойдаланиб Сайфига ёпишқан экан. Мана, орамиздан ўткани шул. Унинг орқасидан мен ҳам Сайфини олиб чиқиб келдим-да, иккинчи учрашмай уйга дўкон қуриш ҳаракатига тушдим, — деди. Уста Фарфи ҳам устакорнинг бу қилиғидан нафратланган эди:
— Ўбба падарлаънати, ҳали шунақа иш қилди денг-чи? Ўзи одам эмас, ҳали бу унинг ҳунарларининг энг пачоғи, — деди ва товшини секинлатиб давом этди: — бадбахт, ақллар ишонмаслиқ даражада бўлган ҳар бир ёмонлиқларни қилар эканки, биз билмас эканмиз.
Отабек уста Алимнинг ҳикоясини илтифот билан эшиткан эди. Шунинг учун ундан сўради:
— Бу қандай Ҳомид, қора чўтир киши эмасми? Мен ҳали уни қўшнингиз уйидан чиқған ҳолда кўрган эдим.
Уста Алим ажабсиниб Отабекка қаради:
— Ўша-ўша, сиз уни қаёқдан танийсиз?
— Унинг билан аллақаерда сўзлашканим бор эди.
Уста Фарфи Отабекка кулги аралаш қараб олиб деди:
— Бўлмаса, унинг қўланса сўзларига хўб завқлан-ғандирсиз.
Отабек маънолик қилиб илжайди. Уларнинг сўзи шу ерга етканда рўймолда тугиглик бир нарса кўтаргани ҳолда Сайфи кириб келди, саломдан сўнг уста Фарфи билан кўришди ва Отабекка қараб деди:
— Кеча сизни кута-кута ошларимиз совиб қолди, бек ака.
— Мен бу кунгами, деб ўйлабман, — деди кулиб Отабек.
Сайфи ҳовлиқиб бир нарса дейишка ҳозирланар эди:
— Бу кун кечаси ҳаммомнинг оғилида биравни ўлдириб кетибдирлар, — деди.
— Кимни? — деб сўради уста Алим.
— Ким эканини билмадим.
Уста Фарфи жавоб берди:
— Келишимда қўрбошилар бошлиқ ўлукни аравага ортар эканлар, ўлдирилган Салим шарбатдорнинг ўғли бечора Комилбек.
— Тавба, — деб қўйди уста Алим ва сўради: — ўлдурғучи ушланганми?
— Ушланиш қаёғда, ўлукнинг ўзини қидира-қидира зўрға ярим кечада топқанлар, — деди уста Фарфи. Отабек бу хабарни совуққина эшитиб ўлтурар эди ва фотиҳа ўқуб туришка ҳозирланар эди.
— Гумондор борми? — деди уста.
— Гумондор-ку йўқ, аммо бечоранинг ўлуми жуда қизиқ кунга тўғри келиши ажиб, — деди уста Фарфи ва давом этди: — Кеча Комилбекнинг Мирзакарим ака-нинг қизи билан никоҳлари бўлмоқчи экан. Бечора никоҳдан икки соат чамаси илгарироқ ёниға бир ўртоғини олиб ҳаммомга борған ва бир онда ҳаммом ичидан йўқолған, ҳатто унинг ёнидағи киши ҳам қаёққа кетканини сезмай қолған. Қизникида ҳамма тажаммулни тайёрлаб, Комилбекнинг отасидан тортиб никоҳ қила-турған қозию қуззотларғача куявни кутиб ўлтурар эканлар. Бир вақтда ҳалиги биргалашиб ҳаммомга тушкан йигит ҳовлиқиб қизникига келган, куяв кутиб ўлтирганлар куявдан дарак сўрасалар, ул улардан куявни сўраған ва воқиъани айтиб, ҳаммомда кийимларини ҳам қолдириб бир онда йўқолғанини хабар берган. Шундан сўнг никоҳ-никоҳда, ош-ошда қолиб куявни қидириб кетканлар. Ниҳоят, ярим кечада ҳаммомнинг таҳоратхонаси ёнидағи бир оғилнинг охиридан қониға белашиб ётқани ҳолда топқанлар. Бечора таҳорат учун оғилға кирганда товуш чиқармаслиқ ерига ханжар уриб, охирға тиқиб кеткан эканлар. Жуда қизиқ гап… Ким ўлдирған ва нима учун ўлдирилган ҳеч ким билмайдир,— деди.
Отабек тамом онглашилмаған бир ҳолатда қолған эди. Бу хабардан қувонишға-да билмас ва хафаланишға ҳам йўл топмас эди. Рақибнинг ўлдирилиши унинг тамом сўниб биткан умидини яна қайтарғандек бўлса ҳам, нима учундир ул бу ишдан ўзига тинчлик ортдира олмаған, аксинча тинчсизлана бошлаған эди. Бу фожиъадан ортиқча асарланган уста Алим «вой бечора-бечора», дер эди.
— Бирарта душмани борлиғи маълумдир, ахир? — деб сўраб қўйди.
— Албатта бордир, — деди уста Фарфи ва Отабекка қараб қўйди. Бу қарашдан Отабек борлиқ-йўқлиқ ҳолға кирган эди. Уста Фарфи давом этди: — Дунёда қандай одам йўқ, деб ўйлайсиз, кишининг ризқиға тупурганлар, охиратини ўйламағанлар ҳамма ёқда ҳам тўлиб ётибдир, — деди, яна Отабекка қараб олди… Отабек ёрилиш даражасига бориб қайтди… Уста Фарфининг бу кейинги қарашини уста Алим пайқаған эди ва уста Фарфининг бу тўғрида бир нарса билиб-да, сўзлашка Отабекдан мулоҳаза қилиб тўхтадими, деб ўйлаған эди:
— Сўзлай берингиз Фарфибой, бу киши ўзимизники-дир,— деди.
— Нимани сўзлай берайин?
— Комилбекнинг душмани тўғрисида билганингизни.
— Мен сизга бир нарсани биламан, дедимми? — деди ва кулиб Отабекка қаради: — бу одамнинг ўсмоқчилашини қаранг-а?
Бу сўз билан Отабек бир оз енгиллашди.
— Менга бир-икки қайта қараб олғанингиз учун билсангиз ҳам сўзлашка мендан ётсиндингизми, деб уста ўйладилар шекилли, — деди Отабек.
— Тўғрисини айтсам, сиз бу тўғрида бир нарса биласиз, лекин сўзлашка Шокирбекдан чўчиб турасиз, — деди уста.
— Қуруқ туҳматни қўйинг-чи, — деди уста Фарфи.
— Қуруқ туҳмат эмас, билиб туҳмат, — деди уста ва:— Шокирбек сиз ўйлаган кишилардан эмас, асло тап тортмай сўзлай беринг, — деди.
— Астағфируллоҳ, — деб кулиб қўйди уста Фарфи ва бир оз ўйлаб олғач деди: — Сиз билан менга шу нарса-нинг нима зарурати бор, уста!
— Аввало сўзламайтурған бўлғандан сўнг пук бериш керак эмас, тилдан илингандан кейин бизга зарурати бўлмаса ҳам билганни айтиш керак, — деди уста Алим.
Айниқса устадан кўра ҳам Отабек сабрсизлана бошлаған эди. Ҳозиргина ўйлаб турған жўнаш масаласи ҳам унинг эсидан чиқған, чунки рақибининг қотили ким эканлигини билиб олиш ҳаммадан ҳам унга қизиқ ва аҳамиятли эди.
Уста Фарфи энди айтмаса бўлмаслиғини онглади, шу-нинг учун Сайфига ишонмағансумон қаради:
— Жиян, сен ёшсан ҳали, сенинг оғзингга ишонч йўқ, — деди ва: — бир оз дўконингга бориб тур, аччиғинг чиқса ҳам.
Уста Алим ҳам қайнисини туришка ишорат қилди ва ўрадан савзи олиб тўғрашга буюрди.
Бола кетгач, уста Фарфи оҳистагина деди:
— Агар гумоним тўғри бўлса, Комилбекнинг қотили Ҳомиддир.
Бу сўз Отабекни ажабсинтирғандек, уста Алимга ҳам ғариб эшитилган эди.
— Ҳомид дейсизми?! — деб сўради уста Алим.
— Ҳомид, — деди, яна секингина уста Алимдан сўради: — сиз Умарбекни Ҳомидға яқин дўст эканлигини биларсиз, албатта?
— Биламан, ҳамма вақт юриш-туриши ўшанинг билан эди.
— Бали, — деди уста Фарфи, — Ўша Умарбек билан оралариға яқинда бир совуқлиқ тушди-да, мундан ўн кунча илгари Ҳомиднинг бир мудҳиш ваҳшати тўғрисида Умарбекдан бир сир эшитдим. Ҳомид Комилбекни ўлдирганда устида бўлмаған бўлсам ҳам, аммо ҳалиги эшиткан сиримнниг далолатига қараб албатта Комилбекнинг қотили Ҳомид деган фикрга тушдим… Сиз мундан уч йилча илгари Марғилон келиб Мирзакарим аканинг қизиға уйланган Отабек исмлик тошкандлик бир йигитни ҳалиги қайин ота бўлмиш Мирзакарим ака билан қамалиб, осилишға ҳукм қилинғанларида дор остидан қутқарилиш воқиъаларини хотирлайсизми?.. Албатта ёдингизда бўлса керак, ҳов, биз Сарибойнинг дўконида чой ичишиб ўлтурған эдик-ку, ёдингизга тушдими?
— Эсимда бор, эсимда бор, — деди уста Алим ва Отабекдан сўради, — балки сиз танирсиз, Тошкандда машҳур бўлған Юсуфбек ҳожи деганнинг ўғли.
— Танийман, — деди Отабек ва ҳикояни бунча узоқдан солғани ва ўз устида гап юргизгани учун тонг ажаб ичида уста Фарфининг оғзиға қараб қотқан эди.
Уста Фарфи ярим-ярим товишда давом этди:
— Ана шу йигитнинг олған хотини жуда ҳам нозанин бир қиз бўлиб, бу қизға бизнинг Ҳомид ҳам харидор экан. Ҳалиғи Отабек қизға уйланиб қўйғач, бизнинг Ҳомид тиканга ағнаб, орадан Отабек билан Мирзакарим акани кўтариш фикрига тушкан ва бўлмаған чақимчилиқлар билан уларни дор остиғача тортишға муваффақ бўлған… (Сўз бу ерга етканда, Отабек билинтирмаслик қилиб бир энтикиб қўйди). Уста Фарфи давом этиб деди: — Аммо худонинг ҳақини ноҳақ қилмаслиғи со-ясида бир мактуб сабаби билан кутмаган жойда дор остидан нажотка чиқғанлар. Булар оқланғач, Ҳомиднинг ўзи қамалатурғон бўлиб аммо қўрбошининг ёрдами орқасида Қўқонға қочиб қутилған ва ул ерда ҳам тинч ётмай Ўтаббой қушбегини порахўрликда айблаб, Мусулмон чўлоққа ариза берган, — деди ва сўзини бу ерда тўхтатиб устадан сўради: — Ўзингиз ҳам билсан-гиз керак, Ҳомид бир кеча йўқолиб, уч ойлаб бедарак кеткан ва уни қўрбоши йигитлари қидириб юрган эдилар.
Уста Алим тасдиқ ишорасини бериб:
— Сўзлай берингиз, — деди. Аммо Отабек бу даҳшатлик ҳақиқатни эшитмакда бўлған қулоқлариға ишонмас ва ўзини куч орқасида тутиб турар эди.
Уста Фарфи товшини секинлатиб давом этди:
— Ҳомиднинг Мусулмон чўлоққа берган аризасидан сўнг Отабек билан Ўтаббой қушбеги Қўқонға чақириладирлар-да, сўроқдан сўнг яна оқлиққа чиқадирлар.
Аммо Ҳомид уч ойлаб Марғилон келалмай юргач, ниҳоят яна қўрбошининг ёрдами билан келишка ҳам муваффақ бўладир. Бироқ Ҳомид ҳануз тинч ётолмайдир. Фурсати келиши билан яна бир ёмонлиқ қилмоққа, қутидорнинг қизини ўзиники этишка ўйлаб юрадир. Тўнғизнинг бахтига бу фурсат ҳам тўғри келиб, яна ёмонлиққа юз қўядир. Шундоқки, Отабекнинг Тошканддан ҳам уйланганини билиб, унинг тилидан бир талоқ хати ёздиради-да, Мирзакарим аканикига киргузадир.
Отабек ўзини нечоғлиқ босиб ушлаб келган бўлса ҳам, лекин энди ичидан қайнаб тошиб кеткан ҳиссиё-тини босолмади — «виждонсиз, тўнғуз!» деди-да, ихти-ёрсиз ўрнидан туриб кетди. Уста Алим ҳам ўзини тинч тутолмади, «Бадбахт, кофир!» деб қўйди. Отабекнинг ўзгаришидан уста Фарфи шубҳага тушаёзған бўлса-да, лекин уста Алимнинг ҳам унга қўшилиши уни ўйла-тиб турмади, Отабек қайтиб ўрнига ўлтурғач, ул давом этди:
— Бу сохта талоқ хати тўғрисида Отабекнинг нима қилғанлиғи Ҳомидга ҳам маълум бўлмайдир. Лекин иш Ҳомиднинг ўйлағанича натижаланиб, бир неча вақтдан сўнг Мирзакарим аканинг қизини талоқ қилиниши хабари чиқиб қоладир. Орадан уч-тўрт ойни ўтказуб, бизнинг Ҳомид Мирзакарим аканикига совчи киргузадир. Аммо Мирзакарим ака унинг совчиларини қуруқ қайтарадир. Бир неча вақтдан сўнг, Ҳомиднинг сохта талоқ хатиси билан эридан чиқған қиз Комилбекка бериладир ва нима учундир тўйлари бир неча вақтка кечикиб қоладир-да, орадан бирар йилни ўтказиб, ниҳоят, кеча уларнинг тўй ва никоҳ кунлари эканки, Комилбекнинг ҳаммомда ўлдирилган хабарини эшитиб турибмиз. Мана мен юқоридағи сабабларга биноан Комилбекни ўлдиргучи аниқ Ҳомид, деб ўйлайман, — деди.
Уста Алим бошини чайқаб:
— Бундан шубҳа йўқ, нах Ҳомиднинг ўзи, — деди ва ўзича: — Эҳ, эссиз мусулмончилиқ, шунчалик ҳам инсофсизлик бўладими, ўзингнинг бир эмас иккита хотининг бўлатуриб, тағин бир йигитнинг ҳалолига кўз олайтириш… Яна ўзингнинг бўйинг етмаслигини билатуриб ҳам, икки орада бир гуноҳсизнинг қонини тўкиш — эҳ, шайтон боласи! — деб қўйди.
— Бу бир ит! — деди уста Фарфи, томдаги луқмани ўзи ҳам еёлмайдир, бошқаға ҳам едирмайдир, нах итнинг ўзи!
Отабек ўз ҳаётидаги фожиъаларнинг манбаъи бўлған бир ҳабисни ниҳоят биринчи мартаба таниб турар эди. Бу палид душманга қарши ўзида қўзғалған битмас-туганмас нафрат ва ғазаб ҳиссиётини сирининг фош бўлишидан қўрқиб ичига ютишка мажбур эди. Шундоқ бўлса ҳам ичда қайнаған ҳиссиёт ўз шарпасини унинг юзига очиқ ташлаб турмоқда, кўзи ўт каби ёнар ва юзи юз хил туска кирар эди.
Анчагина орадан сўз кесилиб қолғандан сўнг уста Фарфи деди:
— Сиз билан мен шу чоқғача Ҳомиднинг бундай ишлари бор эканидан хабарсиз юрганимизга ҳайрон қоламан.
— Ҳайрон қолишға ўрин йўқ, — деди уста Алим, — сиз-ку яқинда кириб ишлай бошладингиз.
Аммо мен йигирма йиллаб шунинг уйида қолиб сира ҳам Ҳомиднинг ичидагига тушуна олмас эдим ва ҳамиша кўзимга димланган қоронғу ўрадек қўрқунч кўринар эди, — деди ва бир оз тўхтаб олғач, бир нарса топқандек ҳаракат ясади.— Бу гапларнинг бош омили албатта Ҳомид бўлса ҳам, лекин бунда унинг бошқа ёрдамчилари ҳам бор кўринадир, ёдингизда борми, кўпинча чахчайған кўзлик бир йигит ишхонамизга уни сўраб борар эди?
— Биламан, бу кунда ҳам Ҳомид билан сермуомала, оти Содиқ бўлиб, сизнинг қўшнингиз эмасми?
— Отангга раҳмат! Ана шу йигит билан унинг онаси бу ишда Ҳомиднинг энг ишончлик ёрдамчилари бўлса керакки, ул икки йилдан бери шу қўшнимникига ҳамиша қатнаб қолғон эди. Содиқлар ўз овқатларини ҳам ўтқузолмаған ҳолда фақирликда яшаб йил сайин менга оз-оз ерларидан сотиб тириклик қилар эдилар. Бир йилча бўлди, бирдан сув олиб қолдилар ва Содиқ уйланиб ҳам қўйди. Мен ҳайтовур бечора йўлини топиб олдиёв деб юрар эдим. Энди билсам, Содиқни уйлантиргучи ҳам шу Ҳомид экан, — деди ва Отабекдан сўради: — Сиз ҳали Ҳомиднинг қўшнимникидан чиқиб кетканлигини сўзлаб эдингизми? — Отабек тасдиқ ишорасини бергач, негадир бир энтикиб қўйди. Ҳақиқатан уста Алимнинг бу кейинги сўроғи уни энтиктирарлик эди. Ўткан кунларини заҳар билан булғаб келган бу мудҳиш душманига қайси йўсун билан жавоб қайтариш йўлларини излаб турған чоқда бу савол берилиб, Ҳомид билан бояғи учрашишини унга хотирлатқан ва энди ҳам кулиб қарамаған бахтиға лаънат ўқутқан эди. Ул ўзининг ҳозирги ҳаётини-да улуғ таҳлика остида бўлғанлиғини ва бу таҳликанинг ўткандагиларга қарағанда тамоман бошқача бир даҳшатда бўлишини онглар эди.
Уста Алим ошхонаға бориб ош қилиш ҳаракатига тушкан эди. Отабекнинг тўсатдан кетиш ҳаракатига тушиб қолғанини кўриб:
— Бек, шунча ўлтурганнинг қаторида яна ярим соатка таҳаммул қилсангиз, ошни еб йўлға тушасиз. Мана мен, савзини ҳам босдим, — деди.
Отабек қайтиб ўлтурмади ва ҳавлининг ўртасидан туриб узр айтди:
— Раҳмат, уста, мен бу кун ошиғич юриб, эрта-лаб жўнаб кетган юкларнинг кетидан етиб олмасам бўл-майдир.
— Ошни ташлаб кетсангиз хафа бўламан, қирққа чидаган қирқ бирига ҳам чидай оладир.
— Ўлтуринг-ўлтуринг, меҳмон, — деди уста Фарфи.— Ошға савзи босилди — пишди!
— Мен устанинг ошини биринчи мартаба еб ёт-қаним йўқ, агар савдогарчилик омон бўлса, ҳар ўн беш кунда бир келиб устанинг жониға ҳам тегаман, — деди Отабек ва боқчаға қараб юрий берди.
Уста Алим ошға савзи босиш билан овора эди:
— Мен сизни зўрламайман, лекин йўл устида қорнингиз очиб қолса, ўзингиздан ўпкаланг, — деди.
Отабек майдонда отини супириб эгарлар экан, майдоннинг ғарбидаги хароба уйнинг деворидан бир бош кўтарилиб мунга қараб турар эди. Мундан унинг хабари бормиди, йўқми, лекин ул бу томонға қарамасдан отини эгарлаш билан машғул эди. Ул эгарланиб бўлинған отини ҳавлиға қараб етаклай бошлағанда, ҳавлига қараб турған бош ҳам девордан қуйиға тушиб йўқолди. Ул отини ҳавлининг ўртасиға қантариб қўйиб айвондағи хуржун ва пўстунини олар экан, уста Фарфи билан хайрлашди. Отни Сайфи етаклагани ҳолда уста Алим Отабекни кўчага узатиб чиқди ва унинг қўлтуғидан олиб отка миндирар экан, ўпкалаш оҳангида деди:
— Ошни ташлаб кетканингизни унутманг, бек.
Отабек эгарга ўлтуриб олғач сўради:
— Хафа бўлдингизми?
— Нега хафа бўлайин, аммо йўлда очиқиб қо-лишингиз учун сизга ачинаётибман.

— Тайёр ошни ташлаб кетиб, йўлда очлиқдан қийналишимни ўзим ҳам тушуниб турибман, уста, — деди Отабек ва, — бироқ туякашлар билан Андижонда бу кунга учрашиш учун ваъдалашкан эдим, уларга етиб олиб йўл харажатлар учун бир оз ақча бермасам, яъни ўз роҳатимни кўзлаб сизни ошингизни кутиб қолсам, беш кишини кўра-била туриб оч қўйған бўламан.
Уста Алим отнинг жиловидан қўлини олиб сўради:
— Андижон ўткан кезларингизда йўл устидан кириб туришка ваъда берасизми?
— Бўлмаса-чи, — деди Отабек, — шу ўн беш куннинг ичида саккиз тепки атласдан лоақал икки кўра йиғиб қўйингиз, ёдингиздан чиқармангиз!
— Ёдимда бор, хотиржамъ бўлингиз!
— Хайр, хўш!
— Яхши қол, Сайфи!
Саман йўрға йўлга тушди, човиға одатдан ташқари бир-икки қайта келиб тушкан аччиғ қамчи зарби билан бир онда кўздан ғойиб бўлиб кетди. Отабекни узоқлатиб уста Алим уйга кирган ҳам эди, Жаннат опанинг эшиги очилди-да, Содиқ от етаклаган ҳолда чиқиб келди. Ул отқа минар экан, эшик ичида кўринган Ҳомид — «тезроқ!» — деган амрни берди. Содиқ ҳам Отабек изича отини ҳайдаб юборди…
Уста Алим Отабекни кузатиб келиб, айвон пешонасига ўлтурар экан:
— Табиъати жуда қизиқ йигит-да, — деб қўйди.
Уста Фарфи сўради:
— Бу йигит билан қандай ошналиғингиз бор?
— Мен сизга ўзоғи йили бир йигитнинг Ҳомиднинг дарбозасида адашиб юрганлигини ва мен билан бирга ҳавлиға келиб бир кун ётиб кетканлигини сўзлаб эдим шекиллик?
— Ҳа, ҳа, ҳали ўша йигит шуми?
— Шу. Шундан бери ҳар бир Марғилон келганида ва Андижон ўтканида манинг олдимға кирмасдан кетмайдир. Ўзи жуда оғир ва ақллик йигит, бунинг устига қизиқ табиъати ҳам бор, — деди.
— Қизиғи қанақа, — деб сўради уста Фарфи.
— Жуда қизиқ, — деди уста ва кечаги воқиъани сўзлаб чиқди. — Кеча эрталаб шаҳарни бир айланиб келайин деб чиқиб кеткан ва тушлик ошка етиб келиш учун ваъда ҳам берган эди. Мен ваъда вақтиға ошни дамлаб ўлтурибман-ўлтурибман, сира келса-чи! Ниҳоят, сиздан сал илгарироқ келиб турған эди. Сўрасам: «Хўжа Маъоз»ни тунаб қолдим, дейдир. Кўзи уйқусизлиқдан бир қарич ичига тушиб кетибдир. Жуда ҳам табиъати қизиқ йигит.
— Яхши йигит экан, — деб қўйди уста Фарфи.
Ошни еб бўлғанларида у ёқ-бу ёқдан жумъа товши кела бошлаған эди. Шунинг учун чой ичиб ўлтуришка тўғри келмай уста Фарфи уста Алимдан илгарироқ намози жумъага қўзғалди ва эшикдан чиқиши билан ўз уйидан келаётқандек кўринган Ҳомидга учрашди.
— Ҳа, уста Фарфи, бахай? — деди Ҳомид.
— Уста Алимникига келган эдим.
— Бўлмаса зиёфат қуюқ экан-да!
— Қуюқ! — деди кулиб уста Фарфи, — уста Алим ўз уйига дўкон қурған экан, гилалаб юрмасин деб фотиҳага келган эдим.
— Шундоқми! — деб қўйди Ҳомид. Биргалашиб кета бошладилар.
— Бўлмаса уста Алим ўз уйига дўкон қурибдир, денг-чи!
— Дўкон қурибдир.
— Арвоҳ пири бермасдан-а?
— Қишда арвоҳ пири қилиб бермоқчи! — деди уста Фарфи. Яна бир неча дақиқаға орадан сўз кесилиб қолди.
— Ош қилиб бергандир?
— Албатта.
— Бошқа меҳмон ҳам бор эканми? — деб сўраб қўйди Ҳомид. Уста Фарфи Отабекнинг Ҳомид билан учрашғанини хотирлаған эди.
— Тошкандлик бир савдогар меҳмони ҳам бор экан,— деди. Масжидга яқинлашиб қолған эдилар. Ҳомид яна ниманидир сўрамоқчи бўлса ҳам, уста Фарфи шошиб масжидга бурилди.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Хаёл

Дунё... дуне... кўп кадим дунё... на туби бор. на чегараси. Сомон йули бузилган зиё — сайёранинг тилло зарраси. Хаёл ўсган ёруғ лаҳзада эҳтиёт бўл фосиқ дунёдан. ...

Эсини киргизди

15. ЭСИНИ КИРГИЗДИ «Кундашлик уйда кунда жанжал» деганлар. Албатта буни айткучи киши ўйламасдан ва билмасдан айтмагандир. Жилла, ҳар куни жанжал бўлмағанда ҳам ҳафтада, ўн ...

От кишнаган оқшом (қисса) 7-қисм

7 Биродарлар, бўз от қандай бўлади? Сурпдай оппоқ бўлади! Борди-ю, аждодида бўлса, тўққизга тўлганда тарлон бўлади. Тўққиз ёшида бўзнинг баданида холдай-холдай қора доналар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400