РАҚИБ ИЗИДАН

14. РАҚИБ ИЗИДАН

Ўн олти-ўн етти кунлик ой оқ булут ичидан қўтосланиб кўринар эди. Ҳамма хуфтан намозига кириб кеткан, кўчалар сув қуйғандек тинч эди. Кўчанинг бу тинч пайтидан фойдаланған каби уста Алимнинг эшиги ёниға келиб тўхтаған кимсанинг ким эканлигини би-лиш учун ой ёруқлиғиға қарши тушкан бўғот халал берар эди. Бўғот панасида ва эшик ҳалқасида қадалиб бир мунча вақт ниманидир кутиб турған бу киши ниҳоят, авайлабгина эшикни очиб ўзини йўлакка олди. Тағин анчагина эшикнинг ичкариги қисмида турғач, очишидағи эҳтиёт билан эшикни ёпди.
Ой ёруқлиғи уч бурчак равишда йўлакка тушиб турар эди. Бу номаълум кимса оёқ учи билан юриб келди-да, мўралаб айвонға қаради. Айвоннинг токчасида шамъ ёниб, Сайфи ўрин ёзиш билан овора эди. Номаълум кимса йўлакнинг қоронғи қисмиға ўзини олиб, кўзини Сайфидан узмай тура бошлади, Сайфи ўрнини тўшаб бўлғандан сўнг айвоннинг пешонасида ёзилиб ётқан дастурхон ва лаганни кўтариб ҳужрага кирди. Йўлакдаги мажҳул кимарса гўё шуни кутиб турғандек оёғ учини онда-сонда ташлаб ўзини майдон ичига олди…
Барги тўкилиб қуруқ шохлари билан қолған майдон ичи туманлик ойдин, мажҳул киши юзини ойдинға бериб, хароба уй остида қадалиб турғанлиқдан унинг ким эканлигини таниш осон эди. Бу аламзада, зулмдийда юз энг сўнгғи курашка ҳозирланған бир йигит эди…
Отабек хароба уй девори ёнида сўнг чекдаги бир эътибор билан ичкарига қулоқ солмоқда эди. Ичкаридан ўтин ёриб ўчоққа ўт қалаш ҳаракатлари эшитилар, гоҳи хотин кишининг товши ҳам келиб қўяр эди. Ул бир-икки қайта оҳиста адимлар билан хароба уйларнинг у боши билан бу бошиға бориб келди, яъни ичкарига ошиб тушмак учун қулайроқ ўрин чоғлар эди. Хароба иморатларнинг ўрта бир еридаги рахнадан ошиб тушиш қулайроқ бўлғани учун шунинг остиға шумшайиб ўлтурди. Ўлтуриши ҳамоно қаёқдандир оёқ товши эшиткандек бўлди-да, секингина ўлтурган жойиға ерга синггандек қилиб ётиб олди. Оёқ товши тўхтаб нариги ёқдан уста Алимнинг товши келди. Уста Алимнинг хуфтандан қайтиб келганлигини онглади ва унинг майдонга кириш эҳтимоли бўлғанлиқдан шу кўйи ётаберди.
Вақт жуда секин ҳаракат қилар эди. Ул ўзининг ҳар бир юрак тепишини санағандек ўткузар эди. Кузнинг ёқимсиз шамоли ўпкани қичитиб, йўтални қистатар, ул чалқанча ётқан кўйи оғзини ўрамлаб кўмак куткан каби кўкка кўзини тиккан эди.
Орадан бир-бир ярим соатлар чамаси вақт ўтиб кетди. Теваракдан «жаннат қушлари»нинг биринчи товши қичқирилиб ўтди, шу кезда хароба ҳавли томондан бир неча оёқ товушлари эшитилди-да, ул ўрнидан туриб қулоқ солишға мажбур бўлди. Бир мунча вақт онглашилмаған сўзлашиш товушлари келиб тургач, даричанинг ғийқ этиб очилишидан сўнг, бу товушлар яна ҳам узоқлашдилар. Отабек деворға интилди ва секингина юқориға кўтарилди. Бузуқ уйнинг даричаси-дан нариги қатордағи айвон ва ундаги ўчоқда ёниб турған ўт кўринди. Аммо очиққина бўлиб уй ичидан кишилар товши келар эди. Ул ўмарилмаслиқ этиб девор устига минди ва осонғина хароба уй ичига ўзини олди. Чунки уй томи ўпирилиб остиға босқанлиқдан уйнинг саҳни жуда ҳам юза эди. Авайлаб уч-тўрт адим босди-да, уйнинг бузуқ даричаси ёниға келиб тўхтади ва мўралабқина ҳавли юзига қаради. Қаршидағи уйнинг ҳар икки даричаси ҳам ёпиқ, аммо тирқишларидан шамъ ёруқлиғи кўринар ва бояғиға қарағанда секинроқ бир товушда ғўнғир-ғўнғир сўзлашиш эшитилар эди. Орадан ўн беш дақиқа чамаси фурсат ўтиб товушлар бир оз юқорилашиб келмакка бошлади. Бу орада уйдан қўлиға лаган ушлаган бир хотин чиқди-да, қозондан лаганга бир нарсани кўтара берди. Отабек гўё шуни кутиб турғандек узоқ бир тин олди ва ўзини четка бурди. Хотин лаган билан уйга кириб кеткач, ичидан тақинған ханжарини қинидан суғуриб олди-да, дамини ойдинға солиб боқди ва ханжарининг учини ёнбошидан орқасиға ўтқузиб ушлади, яна уйни кутиб тўхтади. Хотин яна чиқған ва тобоқларға шўрба суза бошлаған эди. Уйга бир-икки қатнаб сузилган шўрбаларни ташиб битирган, уйнинг эшигини беклади-да, кириб кетди.
Отабек ҳавлининг ўртасиға, тут ёғочининг ёниға келиб тўхтаған ва жанубда киши йўқми, деб аланғлар эди. Ул бу тўғрида бир қаноат ҳосил эткач, битта-битта босиб кишилик уйнинг йўлак томонидағи даричаси ёниға етди ва ўзини сўнг чекда эҳтиётлаб дарича остиға ўлтурди. Ўлтуриши ҳамоно димоғиға ичкулик билан шўрба иси келиб урди. Уйдагиларнинг сўзларинигина эмас, ҳатто томоқ чайнашларини ҳам эшитса бўлар эди. Ичкаридан кимдир бирав шап-шап этиб чайнаб дер эди:
— Энди менга берма, Содиқ, Мутал полвонға беравер!
Отабек бу товушнинг кимники бўлғанлиғини билган эди.
— Ҳадеб менга бераверасанларми, оралатиб Жаннат опамга ҳам бериб қўй, ха-ха-ха!
— Бизнинг кампирга берсанг қайтармасдан ича берадир!
— Берса ичабераман, қих… ўзим хотин бўлсам ҳам Мутал полвонларнинг ўнини қочираман, қих…
Бу сўздан сўнг, уй ичини кучлик бир кулги товши қоплади. Кулги босилғач, сўз бошланди:
— Энди шуни ичасиз, Ҳомид ака!
— Йўқ, Содиқбой иним, мен жуда ҳам бўлиб қолдим, ўзи ҳам жуда кучлик чиқған экан.
— Ичмасангиз қўймайман, некин…
— Мутал полвонга бер! Сиз олинг-чи шуни!
— Аниқ ичмайсизми? Кумуш опамнинг саломатлигига ҳам ичмайсизми?
Бу сўзни эшиткан Отабек ихтиёрсиз ўрнидан туриб кетди. Жаннат опанинг хи-хи-хи қилиб кулган товши эшитилди.
— Ораға нозик бир исмни келтуриб солмасанг, худо ҳаққи ичмас эдим. Қани, бўлмаса бер-чи, Кумуш апангнинг саломатлиги ҳаммадан ҳам менга керакдир.
— Ха-ха-ха, нозик жойдан ушладимми?
Отабек бу сўзларни эшитар экан, зўрға-зўрға ўзини даричага ҳужум қилишдан босиб қолған эди. Орада бир мунча майда сўзлар сўзлангач, ким-нингдир уффф, деб юборғани эшитилди.
— Тағин нима бўлди, Ҳомид ака?
— Бу кунги гап жуда ҳам мени чўчитиб қўйди-да, Содиқбой!
— Манинг гапимга нима учун ишонмайсиз, ахир! Юз мартаба сизга айтиб ётибман-ку, хумсани дарбозадан чиқардим, тағин қанчағача орқасидан бориб то карвонларга қўшилиб кеткунча кутдим, сўнгра қайтиб келдим, деб. Агар ўша кетиши бўлса, бу кун худда Қўқонға бориб еткан.
— Эй, сан билмайсан, ука!
— Некин манга қолса, шу ишдан ҳеч бир қўрқа–турған гап йўқ, уста билан танишлиғи бўлса, унинг уйига меҳмон бўлғандир, савдогарчилиғи бўлса Марғилонға келгандир, ахир кетиб турғандағи сўзини ўз қулоғингиз билан эшитдингиз-ку!
— Бу мулоҳазанг тузик-ку, бироқ мен билан аччиғлашқан бир кишиникида меҳмон бўлиши бошни қотирадир, тағин сизларнинг ҳавлиларингиз ёнида…
— Агар сиррингиздан уста Алимнинг хабари бўлса, ул вақтда қўрқсангиз ҳам арзийдир.
Аммо менга қолса у хумпар (Отабекни айтадир) Марғилонда хотини борлиғини ҳам унитиб юборған, деб ўйлайман.
— Манинг бу сирримни сиздан бошқа ҳеч ким билмайдир. Умарбек билан бир оз нари-бери бўлиб қолған эдик, ҳайтовур тағин орани очиб юбордиқ.
— Ундоқ бўлса тағин нимадан қўрқасиз?
— Мен унинг Тошканд кетишини кўз бўяш учун бўлған ҳийлами, деб қўрқаман.
— Хайр, кетмаган ҳам бўлсун: ул ҳолда ўзингиз айткандек қилиб тўппа-тўғри эртага Салим шарбатдор-нинг олдиға бораман-да, ўғлингни Мирзакарим аканинг илгариги тошкандлик куяви ўлдирди, мен ўз кўзим билан кўрдим, дейман. Ана ундан сўнг хумсанинг ҳолиға маймунлар йиғласин! Агар ул сиррингизни билган бўлғанда ҳам аллақачон келатурган ишка тушуниб олиб, Марғилондан думини хода қилди, десангиз-чи!
— Қих… Содиқнинг гапи жўялик, — деб қўйди Жаннат опа.
Отабек бу сўз даҳшатидан титраб кеткан эди. Содиқ давом этди:
— Энди ишнинг бўладирғанини ўйлаш керак, сизнинг қўрқоқлиғингизни кўриб, мана Мутал полвон ҳам ухлаб бошлабдир.
— Ухлағаним йўқ, ҳез, дорингдан қуй-чи!
— Муталбой ўртоқ, — деди Ҳомид, — биз биравнинг яхшилиғини унутатурған киши эмасмиз. Ўртоғингиз Содиқбой мен билан биргалашиб камлик кўрмади, аввали худо, қолаберса мен уни уйлантириб қўйдим… Мен бирав билан ошначилиқ қилсам, ҳатто, ундан жонимни ҳам аямай, кўнглини олмоқға тиришаман.
Содиқ:
— Муталбой сизни ўбдан яхши биладир, Ҳомид ака! Сизнинг қандай хизматингиз борлиғиға ҳам қонған… Аммо унинг сиздан бир илтимоси бор экан.
Ҳомид:
— Нима илтимосингиз бор, Муталбой?
Мутал (сархуш):
— Битта я-я-я -римтадан уч-тўрт т-т-танга қ-қ-қарз-ларим бор эди, Ҳомид ака.
Ҳомид:
— Ошналиқ деган уч-тўрт танга билан боғлана олмайдир, Муталбой! Мен сизга ҳали айтиб қўйдим: ма-нинг ошналиғим ошнадан жонни ҳам аямаслиқ билан бўладир. Уч-тўрт танга эмас, муҳтож бўлсангиз ўттуз-қирқ танга ҳам сўрай беринг!
Жаннат опа:
— Илоҳи Ҳомидбой мурод-мақсадиға етсин, қих. Ошна-оғайнидан дунё аямайдир!
Бир оз вақт танга товши эшитилиб турғач, Ҳомиднинг овози келди:
— Мана, Мутал полвон, ҳозирга оз бўлса ҳам шуни олиб турарсиз, аммо хизмат ҳақингиз ўз йўлиға бў-ладир.
Сархуш:
— Р-раҳмат, Ҳ-ҳомид ака, сиз ж-жонни аямасангиз, м-мен ҳам йўлингизга бошимни тикдим, жамшиднинг арвойи!
Содиқ:
— Бизнинг Муталбой ҳам қуруқ йигит эмас!
Ҳомид:
— Дастурхонни йиғиштириб олингиз-чи, Жаннат опа!
Лаган-товоқнинг бир-бирисига теккан товши эшитилиб, Отабек ўзини оҳистагина йўлакка олди. Ўчоқ бошида бир-икки дақиқа чамаси товоқ-қошиқ ва оёқ товши эшитилиб турғач, Жаннат опа ҳавлиға тушиб келди ва қўлидағи дастурхонни тут остиға қоқиб кетди. Отабек қайтиб келиб дарича остиға ўлтурган ҳам эди, Ҳомиднинг шу сўзини эшитиб қолди.
— Эшикнинг занжирига бир қараб келингиз-чи, имон топкур Жаннат опа!
Содиқ:
— Қўрқасиз-да, Ҳомид ака, эшикни ўзим занжирлаганман.
Ҳомид:
— Сан ҳали ёшсан, иним Содиқбой, сиз чиқабе-рингиз, Жаннат опа!
Отабек учун вақт ортиқ танг ва қўрқунч эди. Хароба уйга борай деса, Жаннат опанинг кўриб қолиши аниқ эди. Эшикни очиб чиқиб кетай деса, ўлтуришнинг мақсади ҳали очилмаған бўлиб, бутун машаққати шамолға кетар эди. Жони ҳалқумиға тиқилиб теварагига аланғлади ва йўлакдан нарироқда уста Алимнинг девориға суёғлиқ турған занбилга кўзи тушди. Занбилнинг остиға яшириниш жуда ҳам хавфли эди эса-да, аммо ўлтуришнинг мақсадиға қонмай кетиш ундан ҳам хатарлик эди. Сир фош бўла қолса, уч душманга баробар ҳужум қилишни бўйнига олиб қўйди. Уй эшиги очила бошлағанда занбилнинг остиға кириб олған эди. Ўзини нечоғлиқ сиқиб ғужанак қилған бўлса ҳам, аммо бир қараш билан занбил остида киши борлиғини би-лиш унча қийин эмас эди. Занбил остида ханжарини қисимлаб, гўё сичқонни пойлаған мушукдек ҳужумга ҳозирланиб ётар эди.
Жаннат опа йўлакка томон юриб келди-да, занбил остидағини пайқамай йўлакка бурилди.
Ойдиндан эшик-нинг занжирлиги аниқ кўриниб турар эди. Шунинг учун эшик ёниға бориб ўлтурмай йўлакнинг ярмидан қайтди. Қайтиши ҳамоно юқоридан учиб ўткан бир-икки мошак қушнинг чев-чев-чев деган товшини эшитиб кўкка қаради. Шимол-шарқиға тўғри отилиб ўқдек учиб борған мошак қушларға қарағанича йўлак-дан уй томониға қайрилиб кетканини ўзи ҳам сезмай қолди. Жаннат опа айвонға чиққанда, Отабек устидаги занбил тўрт энлик юқориға кўтарилиб, тағин секингина уни босиб тушкан эди. Жаннат опа эшикни очиб, уйга кирганда, ул оҳистагина занбил остидан чиқди, унинг юрак тепиши ҳали ҳам шиддатлик эди. Дарича ёниға юриб келди-да, ҳамон ҳужумга ҳозирланғандек ичкарига қулоқ солиб турди. Жаннат опанинг «ешик занжир» деган товшини эшиткач, роҳат тин олди ва дарича ёниға чўнқайди.
Ҳомид:
— Бўлмаса, душанба куни кечасига бўлсин!
Содиқ:
— Биз қайси кунга десангиз ҳам ҳозирмиз!
Мутал:
— Менга қолса, шу топта борсақ дейман!
Ҳомид:
— Яхшиси душанба кун, ундан нарига ўткани ҳам ярамағандек, бериси ҳам фойдасиз бўладир, чунки бир-икки кун бунга ҳозирлик ҳам керак.
Содиқ:
— Тағин қанақа ҳозирлиги бор?
Ҳомид:
— Олиб чиқғандан сўнг, уни Марғилон ичида олиб туриб бўлмайдир: то ром қилғунча бирарта қишлоқға юборишка тўғри келадир. Олиб чиқишимиз душанба кечасининг қайси пайтига тўғри келишини ҳам ҳозирдан айтиб бўлмайдир. Олиб чиқған замон Марғилондан чиқарилиб юборилмаса, кундуз куни чиқариш тағин хавфлик. Кечаси маълум, Марғилон дарбозалари ёпиқ бўладир. Шунинг учун бирарта дарбозабонни қўлга олиб қўймоғимиз, албатта, керак…
Содиқ:
— Яхши маслаҳат, қутидорникига қанақа қилиб тушамиз?
Ҳомид:
— Масаланинг бу ёғини ҳам ўйлашимиз керак экан ҳали!
Содиқ:
— Энг яхшиси дарбозасидан кириш!
Мутал:
— Дарбозасидан кириб бўлмаса, томидан ошиб тушамиз!
Содиқ:
— Ҳа-ҳа-ҳа, балли, Мутал тўрам!
Мутал:
— Кулишингни бежо қилма, ҳез Абдикарим! Сан ҳали дунёға келиб нимани кўрдинг-ку, санга кулиш тушиб қолди! Бу бош дунёга келиб нималарни кўрмади-а? Бунақангги қочириқ ишларни энди қилиб турипти, деб ўйлайсанми? Эйха-х-х, Мутал аканг нималарни қилмади? Ха-ха-ха… Мусулмонсан отангнинг арвойи, Ҳомид ака! Бир куни Жонкелдибой ҳасратини қилиб Ҳотам тўранинг ўғлини яхши кўрганлигини, дийдорига тўёлмай бесар бўлғанини арз қилиб қолди-ку, ёнимда Қаландар полвон бор эди, Жонкелдига, бўлмаса ўн оқта бер бизга, биз Қаландар билан бирга дўндиқчангни муҳайё қилиб берайлик, дедим. Жонкелди ўлиб турған экан, қулоқ қоқмай хўб, деди. Биз қаландар билан тунни ярим қилдиқ-да, Ҳотам тўранинг ҳавлисига келдик. Ишнинг эбини жўблаб қарасақ жуда кашал, девор — тош ҳамин! Ошиб тушишнинг сира ўнқови йўқ. Бу ишкални кўрган Қаландарнинг тарбузи қўлтуғидан тушиб «беш оқтани қайтариш увол-ку?!» деди. Ўзимнинг сал шунақангги кайфим баландроқ эди, ханжарчамни қинидан суғуриб олдим-да, тўғри Ҳотам тўранинг дарбозасиға бориб чақира бошладим. Бу ишимдан жон-пони чиқиб кеткан Қаландар ёнимға келиб турта бошлади: «Ҳой, Мутал, санга нима бўлди?» Мен Ҳотам тўрани чақира бериб «товшингни чиқарма, хотинға ўхшаған йигит», дедим. Қаландар ёнимда туролмади, мени ёлғуз қолдириб ура қочди. Бир вақтда ҳалиги Ҳотам тўра дарбоза орқасиға келиб «ким» деди. Мен товшимга шошилишқан тус бериб «Мен, мен, очинг тезроқ!» дедим. Бечора гўл тўра дарбозани очиб юбориши борми, лип этиб ўзимни ичкарига олдим ва Ҳотам тўрани қўлидан ушлаб ҳавлиға бошладим. Бечора энди мени таниған, авзоғимнинг бузуқлиғини ҳам пайқаған эди. Ке-кирдагига ханжаримни тираб: «Жонингдан умидинг борми, йўқми, ноинсоф!» дедим. Жуда тили шишиб қолған эди хумсанинг — «бовв-бовв» деб ғўлдираб жавоб берарди… «Бир бечора ўғлингни деб кўкрагини захка бериб ётсин-да, сан тинчкина ўғлингни олиб ёт!.. Қани ўғлинг, ётқан жойини кўрсат!» дедим. Ҳотам тўра дир-дир қалтирар эди, шу кўйи уни айвонға ўзим етаклаб бордим-да, ўғлини кўрсатди. Болани уйқу аралаш турғузиб кийинтира бошлаған эдим, бир томондан она-си додлаб қолди-ку, ханжаримни олиб унга югирдим. «Товшингни ўчир, мочахар… ўғлингни ўлимға олиб бораётқаним йўқ, ниҳояти бир пиёла чой ичади-ку келади!» дедим. Қисқаси, илгари даҳшат бериб, кейинидан яхши гаплар билан уларни ишонтириб, болани олиб чиқдим ва Жонкелдига топшириб кетдим… Бахтимга ўша куни битта ҳам миршаб йўлиқмади. Эй-й, Содиқча, сан ҳали нимани кўрдинг-ку, нимангга ишондинг, бузоқ бўғузлағандек қилиб бир-иккитани сўйган билан одам бўлдинг-қўйдингми? Гап билан бўлиб занғар кайф ҳам тарқаб кетди, қани, қуй-чи бир-иккини!
Ҳомид:
— Сизга қойилман, Мутал полвон, сизнинг шуна-қанги ишларингизни билиб юрганим учун бу ерга чақиртириб келдим-да!
Мутал:
— Шуни билган бўлсангиз бас, бу ишни менга топшириб қўяберинг!
Ҳомид:
— Содиқ айткандек дарбозадан киришни хоҳламайман, чунки миршабларнинг оёғ усти.
Мутал:
— Бўлмаса ҳавлининг орқасидан тушамиз!
Ҳомид:
— Орқаси ҳавлидир?
Жаннат опа:
— Қих, ҳалиги оти қурсин… Маликбойнинг майдони-да!
Ҳомид:
— Жуда яхши экан. Бўлмаса томиға шоти етармикин?
Жаннат опа:
— Қих, жуда балан.
Мутал:
— Балан бўлса, зарари йўқ, осони уйнинг тегидан тешамиз, қўямиз!
Ҳомид:
— Қийин бўлмасмикин?
Мутал:
— Ҳаммадан ҳам осони тешиш, мўлжалини яхши олсақ бас.
Ҳомид:
— Бир-икки соатда уни тешиб бўлармиди?
Мутал:
— Ўзи майдонми, ахир?
Жаннат:
— Майдон, қих.
Мутал:
— Яқинида одам йўқми?
Жаннат:
— Йўқ, қих.
Мутал:
— Бали, мўлжални олиб берсаларинг, эртадан бошлаб қазиғаним бўлсин.
Ҳомид, Содиқ:
— Бали, раҳмат, полвон!
Мажлиснинг сўзи шу ерга етканда Отабек ўрнидан туриб йўлакка келди. Эшик занжирига қўлини олиб борғани ҳолда ўйланиб тўхтади ва эшикни очмай орқасиға қайтди. Хароба уй орқалиқ уста Алимникига чиқиб айвон ёнида тўхтади, уларнинг хуррак ва пишиллашларига қаноат ҳосил эткач, оёғ учи билан йўлакка ўтди ва эшикни очиб чиқди…

* * *

Ўз оғзидан эшитканимиздек Содиқ уни, Ҳомиднинг таълимотича Қўқон дарбозасидан чиқариб то карвонларга қўшилиб олғунча таъқиб этиб борган эди. Отабек бу таъқибни жуда яхши сезганликдан Содиқ йўлда қолғандан сўнг ҳам яна бир бекат олдинға борған ва иккинчи бекатдан йўлни чаплаб, Тошлоқ дарбозаси орқалиқ яна қайтиб Марғилонға кирган эди.
Уста Фарфининг Ҳомид ва ўзи тўғриларидағи мудҳиш ҳикоясини эшиткач, Марғилонда қолиш ва қайин отасининг уйига бориб онглашиш ўрнига жуда ошиғичлиқ билан Марғилондан жўнаб кеткан бўлиб кўриниши албатта ўринсизга эмас эди. Чунки Комилбек ўлдирилган бир кунда Ҳомиднинг кўз ўнгида қолиши, билатуриб, ўз-ўзига қабр қазиш, қабрғина эмас номусни барбод бериш ва қотиллиқ исмини олиб халқ олдида шарманда бўлиш бўлур эди, нучукким, биз юқорида Содиқ оғзидан эшитканимиздек Ҳомид бу туҳматдан ҳам қайтмас ва ўз туҳматини маҳкама олдида мантиқий ра-вишда исбот ҳам қила олур эди. Мана ул шу мудҳиш, бошқа тушмоғи аниқ турған ҳалокатнинг дафъи учун Марғилондан ошиғич чиқиб жўнаған эди. Орқасидан қилинған таъқибни пайқаши эса аввало бу унинг бир мулоҳазаси бўлған эди, иккинчи, отини эгарлар экан, девордан ўзиға қараған бош билан бу мулоҳазасини чинга чиқишини билган эди. Учунчи, кўчада уста Алим билан хайрлашар экан, қўшнининг йўлагида кўринган киши кўлагаси яна таъқиб этилишини таъкидлаган эди.
Марғилондан иккинчи бекатка қўниб, чойхонада бир-икки чойдиш чой ичиб узоқ ўйлаған ва Марғи-лонға қайтиш қуруқ туҳматка қолиш билан фарқсиз эканлигини яна бир қат тушунган эди эса-да, Ҳомидни майдонда музаффар ҳолда қолдириб кетишни ҳеч бир турлик юрагига сиғдира олмаған, ғайри расмий яшириниб бўлса ҳам Марғилонда туришка ва туриб Ҳомиднинг мундан сўнгги режаларини ўрганишка ва шунга қараб кураш бошлашға қарор берган, шом билан аср орала-рида Марғилонға кирган эди. Келиб биринчи келишида тушкан саройга жойлашқан ва жойлашиб тинчий олмаған, яъни таъқибини бу кунданоқ бошлашға қарор берган. Ҳомиднинг ёмонлиқ корхонаси уста Алимнинг қўшнисиникида бўлғанлиғи учун ҳеч бир тараддудсиз йўлни тўғрилаб Содиқникига солған эдики, биз мундан кейинги гапларни юқорида кўриб ўтдик.
Уста Алимнинг эшигини очиб чиқғач, Содиқнинг йўлагига қулоқ солиб ғўнғир-ғўнғир келган товушни эшитди ва секин-секин йўлға тушди.
Душман билан бетма-бет учрашмоқ куни белгуланганликдан ўзининг бу кунги кутилмаган муваффақи-яти тўғрисида ҳеч бир таажжубланмас, фақат душанба кун кечаси билан мияси машғул эди. Душанба кун кечаси бир эмас, уч душман билан кураш тўғрисидағина ўйлар эди. Бу бирга уч масаласи бир оз унинг миясини қотирған; кишилар ёллаш, ҳукуматка билдириш, қутидорни хабардор қилиб қўйиш мулоҳазала-ригача келиб еткан бўлса ҳам, аммо иззати нафси бу қўрқоқлиққа тамоман зид турар эди. Бора-бора бу мулоҳазасини тамоман кўнглидан чиқариб ташлади; на кишилар ёллайтурған, на ҳукуматка билдиратурган ва на қутидорни хабардор қилатурған бўлди. Чунки рақиб билан дилдорнинг уйи орқасида танҳо олишмоқ, ёр оёғи остида қонлик тупроққа қоришмоқ — унинг учун жуда лаззатлик ва шоирона туйила бошлаған эди. Саройга кирар экан ўзича: — Ширин ўлим, — деб қўйди.
Гарчи кечаги тун «Хўжа Маъоз»ни тунаб уйқудан қолған эди, аммо узоқ вақт бу кунги гапларни ўйлаб ётди. Ул ухлаб кетар экан, ўзини гоҳ қонға беланиб ётқан ҳолда, гоҳ Кумушни эркалаб турған ҳолда кўрар эди.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-1

  Ўғлим Асқарга Оқсой, Кўксой, Сариқсой — кезмаган ер қолмади, Лекин ҳеч бир ўлкадан ўхшашинг топилмади... Қирғиз халқ қўшиғи * * * Иовга элтди чопар шумхабар: ...

Ғамгин қўшиқ (шеър)

Аям Офтоб Мамажон карвон қизига Гўзаллашиб кетарди борлиқ Шаҳрихондан ўтганда Офтоб, тўкиларди кулган чоғи дур, нур уйнарди кўзларида соф. Уни кўриб тўхтарди сувлар, ...

Видолашув (шеър)

Хайр, Баҳор! Алвидо, Баҳор! Раҳмат, оппоқ гулларинг учун, шохларимга зумрад ғўралар қадаб қўйган қўлларинг учун. Хайр, Баҳор! Алвидо, Баҳор! Ушалмасдан қолди армоним. ...