ҲУКУМАТ ХАЛҚҚА, ХАЛҚ ҲУКУМАТГА ИШОНМАЙДИГАН ДАВЛАТДА ЯШАЯПМИЗМИ?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга

Ҳурматли Шавкат Миромонович, 2018 йилнинг 10-ноябрь куни Сизнинг номингизга ёзган хатим «Mulkdor» сайтида эълон қилинган эди. Хатимда Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилиш бўйича Сизнинг номингизга 2016 йил декабрь ойида ёзган расмий Илтимосномамга тегишли жавоб берилмаётганлиги, Илтимосномамга Давлат хавфсизлиги хизмати мутасаддилари беписанд муносабатда бўлиб келаётганлиги, шунингдек, ўзимга яширин кучлар жиддий босим ва таҳдидлар уюштираётганлиги хусусида тўхталган эдим. Шу билан бирга, Тошкент шаҳар Миробод тумани ички ишлар органи ходимлари уйимга бостириб кириб, шахсимни тасдиқловчи ҳужжат — паспортимни олиб кетишга шайланганлигига доир тафсилотларни ёритгандим ва мени ўз ҳимоянгизга олишни, менга нисбатан қўлланилаётган ноқонуний чора-тадбирларни бартараф этишга ёрдам беришингизни ҳамда Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинишимни тезлаштиришингизни лутфан илтимос қилгандим. Аммо, афсуски, ўтган икки йилдан то шу кунгача барча илтимосларим самарасиз якун топмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти порталига ёзган шикоят хатларим қай тариқа жавобсиз қолаётган бўлса, ижтимоий тармоқлар орқали Сизнинг номингизга ёзаётган шикоятларим ҳам шу тариқа жавобсиз қолмоқда. Бундай салбий омиллар битта мен билан эмас, деярли барча мурожаатчилар билан рўй бераётгани ижтимоий тармоқларда кенг ёритилмоқда. Бу эса, бора-бора мен каби жабрдийдалар, ҳуқуқи поймол бўлаётган фуқаролар ва фуқаролиги йўқ шахсларнинг Сизга нисбатан ҳурматимизни, ишончимизни йўқотмоқда, умидимизни чилпарчин қилмоқда. Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилишга доир Илтимосномамизга жавоб берилмаганига яраша ижтимоий тармоқлар орқали поймол бўлаётган ҳақ-ҳуқуқимиз, топталаётган адолат учун курашиб ёритаётган мақолаларимиз туфайли босим ва таҳдидлар ҳам заррача тўхтамаётир. Кундан кунга уйимизни, паспортимизни текширувчи шахслар, идоралар, ташкилотлар вакиллари кўпайгандан кўпайиб бораётир. Деярли ҳар ойда паспорт назорати ўтказилаётир. Энг ачинарлиси, мендан жиноятчи ясашга уринаётган, ҳар бир қадамимни текширишни канда қилмаётганларнинг кўпаяётганлигидадир.

Бугун 3-январь куни ДХХ таркибидаги Ўзбекистон Чегара қўшинлари чегарачилари менинг Ўзбекистондан Қозоғистонга, ўзим туғилиб вояга етган Туркистонга, ота-онамнинг уйига бориш учун чегарадан ўтишимга изн бермади. Ҳатто Қозоғистонга ўтказилмаслигимнинг сабабини ҳам тушунтириб бера олмади. Ҳолбуки, мен Қозоғистонга бориш учун фуқаролиги йўқ шахс бўлганлигим туфайли 200 АҚШ доллари тўлаб виза олганман. Энди кундан кунга қашшоқлашаётган Ўзбекистон шароитида мен каби давлат ташкилотларида ишлашдан асоссиз равишда маҳрум қилинган шахсларнинг 200 доллар топиб, виза олишини бир тасаввур қилиб кўринг! Мен нега Қозоғистонга ўтказилмадим? Бунга нега чегарачилар изоҳ бера олмайди? Ҳеч нарсага тушунмайман! Ўзбекистонимиз шунчали фавқулодда уруш ҳолатида турган, ёхуд юртимиз террорчилар, экстремистлар чуқур ин қурган давлатга айландими? Агар шундай бўлса нега халқни огоҳлантирмайсизлар? Ўзбекистонда одамлардан жиноятчи ясашга уриниш одатларига қачон барҳам берилади ўзи?.. Нега Ўзбекистон фуқаролигини беришда ҳали сансоларликлар бартараф этилмаётир? 2018 йилнинг 28-декабрь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига борганимда, бошқарма бошлиғи Шориксиев йўқлиги туфайли Бош бошқарма бошлиғи ўринбосари Нодир Зиёвга учрашдим. Нодир Зиёев Фуқароликни қабул қилиш бўйича Сизнинг номингизга ёзган Илтимосномам Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати текширувида эканини билдирди. Давлат хавфсизлиги хизмати яна қанча муддат текширади?

Чегарадан тушкун кайфиятда уйга келдим. Кимдан мадад сўрашни, кимга мурожаат қилишни билмайман ҳатто! Эслаб кўрсам 20-25 йилдан бери Ўзбекистондаги расмий идораларга хат орқали ёки шахсан мурожаат қилиб, мурожаатларимга атиги бир марта бўлса ҳам ижобий жавоб олмабман. Ўтган йилларда Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш бўйича Ислом Каримов номига ёзган Илтимосномаларим эса худди сув тубига чўкиб кетган ўлик балиқ каби ғойиб бўлди, кетди. Фуқаролар, фуқаролиги йўқ шахслар ҳасратини эшитишни ор қиладиган, уларнинг қалбига қулоқ тутишни билмайдиган, оғирини енгил қилишга лаёқатсиз, халққа мададкор бўлишга иштиёқи йўқ, халқ билан дилкаш бўлишга қурби етмайдиган қандай давлат бўлдик биз?! Фуқаролари тақдирига шунчали бефарқ давлат ер юзида яна бошқа жойларда ҳам бормикин? Битта масала ечимини 20-25 йиллаб куттирадиган яна қандай давлат бор экан?! Шундай ўйлар исканжасида ўтирганимда уйимиз эшиги қўнғироғи жиринглади. Яна «Янги Қўйлиқ» маҳалла фуқаролар йиғини раисаси Танзила Абдуллаева. Яна паспорт назорати! Танзила опанинг юз-кўзидан ноиложликдан «назорат» ўтказаётгани шундай маълум. Бояқуш опа 3-январь давлат томонидан расман байрам куни дея эълон қилинишига қарамасдан оила аъзоларимизнинг паспортларини «назорат» қилишга кирибди. Мени текширишни қачон бас қиласизлар, деган саволимга бошини кўтариб, кўзимга тик боққан ҳолда жавоб беролмасдан, кимларнингдир уйимизни притонга айлантирганлигига доир воқеа тафсилотларидан уялиб, ерга кириб кетгудек бўлган қиёфада секингина: битта сизни эмас ҳамма хонадонларда яшовчиларнинг паспортларини текширяпмиз, дея олди, холос. (Рости, паспортларимизни ҳадеб текшираверишдан мақсад нима эканини ҳам тушунолмайман). Бу сафар опанинг қўлига паспортларимни «назорат»га бергим келмади. Бундан олдин кирганларида нима ишлар қилаётганимга, қаерларга бориб келаётганимга доир талаб қилган Тушунтириш хатини ёзиб бермаган эдим. Паспортларни эртага ишхонангизга ўзим олиб чиқаман, деган заҳотим, Танзила Абдуллаева ҳовлиққанча, «йўқ у ҳужжатларни мен бугун топширишим керак», деб паспортларимизни ўз хоҳиш-иродасига кўра назорат қилмаётганини билдириб қўйди. Яна кўп ўтмай аён бўлдики, Маҳалла фуқаролар йиғини раисаси бу сафар ҳам фақат менинг паспортимни «назорат» қилибдилар.

Шу куни, яъни 3-январь кеч соат 23-15 да яна эшигим яна жиринглади. Тунда эшик жиринглатган одам жиринглатганига яраша ўзи излаб келган одам билан гаплашиш ўрнига эшик очаётган пайтимдаёқ кўчага қараб чиқиб кетди. Уй кийимида бўлсам ҳам меҳмонни чақириб, орқасидан кўчага чиқдим. «Кутилмаган меҳмон»нинг орқасидан мен ва уйимиз олдида турган қўшнилар бақирсак ҳам орқага ўгирилиб қарамай қадамини дастлаб катталаштириб, сўнгра югурганча қочиб кетди. Уйга кириб кийиниб чиққанимдан кейин тўғри Ички ишлар органи таянч пунктига бордим. Мақсадим, кейинги пайтларда бемаврид тез-тез келаётган «кутилмаган меҳмон»нинг кимлигини кўчаларда ўрнатилган камералар орқали билишга қаратилганди. Бироқ, афсуски, ички ишлар ходими таянч пункти ёпиқ экан. Мажбурликдан тунги соат 24-00 дан ошган бўлса ҳам Маҳалла фуқаролар йиғини раисасининг уйига бориб, ундан участка нозири адресини олиш илинжида бордим. Бироқ эшикни очган раисамизнинг ўғли раисамиз уйда эмаслигини билдирдилар.

Шавкат Миромонович, айтингчи, фуқароларнинг паспортини кимлар назоратдан ўтказиш ҳуқуқига эга? Ички ишлар органиданмиз деб келиб текширади, Маҳалладан «назорат» қилишади, яна фуқаро формасида келиб, шахси номаълум шахслар текширишади. Бундай текширувлар нимани англатади? Нега ҳукуматда Ўзбекистон фуқароларига ва фуқаролиги йўқ шахсларга нисбатан ишонч етишмаяпди? Одамлар ҳукуматга ишонмай қўйганлиги боис ҳукумат ҳам халққа ишонмаётирми? Жавоби топилмайдиган саволларимиз камаядиган даврга қачон етиб борарканмиз? Хатимнинг сўнггида яна бир бор Сиздан мени ўз ҳимоянгизга олишингизни, Ўзбекистон фуқароси паспортини олишимни тезлаштиришингизни илтимос қиламан.

Рўзибой Азимий, Тошкент шаҳри, Миробод тумани.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ҳуқуқини ҳимоя қилган шахс безори эмас

Президент қабулхонаси ёнида намойиш ўтказган Нафосат Оллошукурова Тошкент шаҳар ИИББнинг Яшнобод тумани Чашма кўчасида жойлашган Тутқинларни махсус ушлаб туриш бўлимида мана ...

Ўзбекистон “бирдамлик” халқ демократик партиясининг дастури

Лойиҳа ХАЛҚ ҲОКИМИЯТИ, ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЗАМИНИДАГИ, ОЗОД ВА ФАРОВОН ЎЗБЕКИСТОН УЧУН! ЎЗБЕКИСТОН “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ ДАСТУРИ МУҚАДДИМА Биз, жонажон ...

“бирдамлик”  нимани хоҳлаяпти, ёхуд чўян маматқуловга очиқ хат

"Бирдамлик" халқ демократик ҳаракати ва партияси фаолларига  мурожаатингизда кўтарилган баъзи жиҳатлар борасида фикрларимни билдиришни лозим деб топдим. Мурожаатингиз бошида ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400