Озодликдан маҳрум қилиш жойларида халигача ҳам муассаса раҳбарлари ўзларича қонун-қоидалар яратмоқдалар.
Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларига 36-манзил муассасадан келиб тушган шикоятга кўра, муассаса раҳбарияти маҳкумлар учун яқинлари билан учрашувда турли ноқонуний амаллар ўйлаб топмоқдалар.

Жумладан, Навоий вилояти , Бесапон қўргонида жойлашган 36-манзил муассасада жазо муддатини ўтаётган собиқ куч ишлатиш тизимлари ходимларига яқинлари билан узоқ муддатли учрашув беришганида, улар ўша куни ишга эрталабдан чиқишмайдилар.
Бошқа оддий маҳкумлар эса учрашув куни сменани тўлиқ ишлаб, фақат шундан кейингина учрашувга қўйиладилар.
– Биз учрашувга бориб, шу кундан руҳсат берилганига қарамасдан, яқинимизнинг кундузги иш сменасидан чиқишини кутишга мажбур бўлдик. Шундан кейин учрашувга кириб, эртасига эрталаб яқинимиз яна ишга чиқарилди ва кечқурун учрашувга келди. Бундай холат берилган уч кун муддатда давом этди,-дея фукаролардан бири инсон ҳуқуқлари химоячисига хабар берди.
Диний қарашлари учун жазо ўтаетган маҳкумлар Алишер Розиқов ва Ғайрат Хайдаровлар, яқинларининг ҳуқуқ химоячиларига айтишларича, ўзларига бўлаётган бундай қонун бузулишларидан юқорига шикоят қилишларини билдиришган. Шундан сўнг маҳкумларга муассаса бошлиғи вазифасини бажарувчи майор С. Г. Нуфтуллаев томонидан ички тартиббузарлик холати қайд қилиниб, учрашувдан чиққанларидан кейин хибсхонага жўнатилиши тўғрисида огоҳлантирилган.
Бугун 5 -январда маҳкумларнинг 3 кунлик учрашув муддати тугайди. Улар ҳақиқатан ҳам хибсхонага жўнатиладими, йўқми, буни вақт кўрсатади.
Қолаверса, собиқ куч ишлатар тизимлар ҳодимлари учун алоҳида “имтиёзлар” берилаётгани юзасидан Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тегишли текширишлар ўтказиб, муаммога ойдинлик киритади, деб уйлаймиз.