«Қизларимдан энг бўлмаса бири қолса бўларди». Зангиотадаги фожианинг оғир нидоси

Янги йил арафасида Зангиота туманидаги «Ўрикзор» маҳалласида ис гази туфайли 4 ёшдан 14 ёшгача бўлган 5 нафар қиз вафот этди: икки ака-ука ва бир сингилнинг фарзандлари…
Бир хонадондан бешта тобутнинг чиқиши… тасаввурга сиғмас мусибат!..


Мавзу доирасида:
Зангиотада бир хонадонда 5 нафар қиз ис газидан вафот этди
…Мен учун ўша хонадонга бориш жуда оғир бўлди. Маҳаллага кириб борарканман, мусибатнинг шарпасини ҳис қиламан. Ҳамроҳим — шу маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходимаси Маъсуда опанинг ҳам кўзларида мунг, юзида ҳорғинлик. Йўл-йўлакай иккаламиз ҳам мавзудан чалғишга ҳаракат қиламиз.
— Мана, кўчаларимизнинг, йўлларимизнинг аҳволини кўряпсизми, — дейди Масъуда опа ўртамиздаги оғир сукунатга чек қўймоқчидек. — Шу ўртадаги маҳаллалардаги болалар учун боғча йўқ, ўн нафар неварам бор. Аммо боғчага берайлик десак — ё туман марказига ёки шаҳарга олиб боришимиз керак…
Фожеа юз берган хонадонга яқинлашамиз. Кун совуқ бўлишига қарамай йўл чеккасига тўкилган қумда болалар уйча ясаш билан банд. Чеккароқда турган саккиз ёшлар чамасидаги қизалоқ: «Кумушларникига келяпсизларми? Кумуш заҳарланди, энди у йўқ», — деди. Юрагим қинидан чиққудек бўлади. «Кумушларнинг қисмати мунча ўхшаш?» — хаёлимдан шу ўй ўтади. Кечагина ҳовлини тўлдириб турган қизалоқларнинг овози ўрнида оғир сукунат…
…Онаизор бизга пешвоз чиқади. Кўзларига-да қарагинг келмайди. Бироз суҳбатдан сўнг улар ётган хонани кўрсатади.
— Ўша куни печканинг горелкасини янгитдан қўювдик. Хитойники экан. Паст ёнса ҳам яхши қиздиради, дейишувди, — дейди онаизор. — Овсинимнинг икки қизи, қайнсинглимнинг қизи бизникида ётиб қоладиган бўлишди. Унгача роса шўхликлар қилишди. Суратларга тушишди. Катта қизимга байрами муносабати билан кўйлак олиб берувдим. Кийиб «мен маликаман», «мен маликаман», дея роса айланиб, бизга мақтанганди…
Охирги сўзларни айтаётган онаизорнинг овози қалтираб кетди: «Қизларимдан энг бўлмаса бири қолса бўларди». Бу онаизорнинг сўнгсиз армони, иложсизлик ортидаги иложсиз юпанчи…
— Кумуш кичкинам — у бошқача эди. Меҳрибон… ўша куни мен учун олиб қўйган ширинликларини ортимдан кўтариб юрди. Бошқача эди у… Йўқ, йўқ Қундузим… Ҳамиша «хўп бўлади», деб айтганимни қиларди… йўқ, йўқ… Қундуз, Кумуш… Кумуш, Қундуз, йўқ, йўқ… Иккаласи ҳам ўлмаслиги керак эди, Кумушим, Қундузим, Жасмина…
Аёл йиғлаб юборди: «Ҳаммаси бирдан ўладима-а…».
Онанинг айтишича, қизалоқларнинг тепада ўз хоналари бўлган. Қишда газ пасайиб кетгани натижасида у хоналар яхши исимагани боис ошхона ёнидаги печкаси хона ичига қурилган экан. Чиройли таъмирланган уйга ўша куни кўчиб ўтишган…
____________________________________
Нюренберг, Освенцим фожиаси…
Иккинчи жаҳон уруши йилларида газ камерасида неча минглаб болалар ўлдирилган атайлаб. Тарихнинг бу қора саҳифаси ҳамон қалбларни ларзага келтиради. Бу ҳақда кинолар ишланди, китоблар ёзилди. Ҳатто Германияда ўша болаларнинг хотирасига атаб музей ташкил этилган. Бориб келган шоиралардан бири газ камерасида ўлдирилган болаларнинг туфличаларига атаб ҳатто шеърлар ёзди. Чунки инсон қурбон бўлди, ёруғ дунёга тўймаган гўдаклар увол кетди. Бир инсоннинг ҳаётига бевақт нуқта қўйилиши — фожиа.
Бугун у ерда бир оила ис газидан вафот этаётгани, эртасига яна бошқа жойда болалар умри якун топаётгани шунчаки бир кўз югуртириб ўқийдиган, эшитганда бир марта «воҳ» деб қўядиган хабар эмас. Мусибатки, ҳар бир инсонни огоҳликка чорлайди, фожиаки, умрбод эслаганда кўнгилни ларзага соладиган. Худди газ камераларига шафқатсиз одамлар томонидан гўдаклар атайлаб тиқилгани каби бугун бизнинг юртимизда ҳам одамларнинг, бутун халқнинг лоқайдлиги туфайли ҳали ҳам газ камералари кўринмай ўз ишини бажараётгандек гўё… Агар шундай бўлмаганда атиги беш ойлик қиш мавсумида қанчадан-қанча оилалар, ота-оналар ва болалар эссиз кетармиди? Бу ҳақда тинимсиз ижтимоий тармоқларда, сайтларда, ОАВда мақолалар, шумхабарлар тарқалмоқда. Аммо қурбонларнинг охири кўринмайди, қиш тугашига эса ҳали камида уч ой бор.

Бундан икки ой олдин пойтахтимизнинг Чилонзор туманида содир бўлган воқеа бутун Ўзбекистонни ларзга солганди. Бир оиладан тўрт нафар бола-я… Тинчлик, тўкинлик замонида… Бунга қандай чидаш мумкин.
Чилонзорда содир бўлган воқеадан кейин мутасаддилар хулоса чиқариши, эҳтиёт чораларини кўриши керак эди. Манбаларнинг барчасини ўрганиб чиқдим. Ва жуда кўпчиликка савол билан мурожаат қилдим. Шунча тарғибот-ташвиқот ишларига қарамай кўпчилик ҳали ис газининг нима эканлигини билмайди. Кўпчилик табиий газнинг сизиб чиқишидан фожиа юз беради деб ўйларкан.
Аслида табиий газ одам организмига газ тарзида ҳавода 10 фоиздан ортиқ концентрацияси мавжуд бўлганда бўғилишга сабаб бўларкан. Ис газининг манбаи эса ёқилғининг тўлиқ ёнмаслиги. Табиий газ, ёқилган кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги оқибатида пайдо бўладиган заҳарнинг ҳаво таркибида атиги 0,1 фоиз бўлиши инсонни заҳарлаб ўлдириши мумкин. Мана шу ерда одамлар чалкашади. Газ ёниб турибди, ўчиб қолмадими, демак, заҳарланмаймиз деб ўйлашади. Йўқ, айнан ёниб турган газнинг тўлиқ ёнмаслиги оқибатида пайдо бўладиган ис гази носоз дудбўрон, ҳаво алмашиш каналларининг йўқлиги, ностандарт иситиш жиҳозлари ва ускуналаридан фойдаланиш ҳавога ис газининг тарқалишига олиб келади. Юқорида айтганимиздек, унинг 0,1 фоизгинаси одамларни ҳушсизлантиради ва инсон қайта ҳушига келмайди.
— Айни пайтда ушбу соҳа ходимлари уйма-уй юриб, ана шундай хавф туғилган хонадонларни жаримага тортяпмиз, газ тармоғидан узиб қўяяпмиз, — дейди туман газ тақсимоти бош муҳандиси А.Ҳакимов. — Афсуски, кўпинча аҳоли яна ўзбошимчалик билан газ тармоғига уланиб олган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Аҳоли ҳар йили қиш бошланишидан олдин янги печка сотиб оладими, дудбўронни алмаштирадими, дуч келган устага эмас, соҳа мутахассисига мурожаат қилиши керак. Уларда шундай кўникмани шакллантириш лозим…
— Ота-онам шифокор бўлган, — дейди маҳалла оқсоқоли Талъат ака. — Авваллари маҳаллада бирор одам сариқ касал бўлибди, деса ҳамма сергак тортарди. Фарзандларини текширтирарди, чорасини кўрарди. Аммо ҳозир одамлар ҳар қандай воқеага ҳам совуққон. Уйма-уй юриб, текширув ишларини олиб боряпмиз. Аммо ҳамюртларимизда мен билан бу ҳодиса бўлмайди, деган қараш бор.
Ҳа бу совуққон қараш худбинликдан бошқа нарса эмас. Бу қараш эса ҳар доим кўпгина йўқотишларимизга сабаб бўлади.
Уловда маҳаллага кириб келаётганимда бир келин: «Газ аввал жуда паст эди. Мана шу фожиадан кейин яхши ёнаяпти. Газнинг кўтарилиши учун шундай қурбонликлар беришимиз керакми?» — дейди. Гўдакларнинг қурбонлиги эвазига бунақа шароит яратиладими?!
Дарҳақиқат, қаерда қандайдир фожиа бўлса, ўша жойда дарров назорат ишлари кучаяди, гўёки ҳамма сергак тортади. Аммо бундай воқеалар бўлмасдан олдин, октябрь ойиданоқ республика бўйича хонадонлар назоратга олиниши керак эмасмиди?
Газ соҳаси мутахассисларининг «Газ, чироқ хавфсизлиги бўйича хонадонларни текширишга борсак, уй эгалари киргизмайди», деган фикрларини ҳам айтишади. Яна савол туғилади-да, агар бирор фуқаро газдан қарз бўлса, дод-вой солишига қарамай МИБ ходимлари қўли илинган буюмларини олиб кетади. Истеъмолчиларга кўнгилдагидек шароит яратишга келганда минг хил баҳона, сабаб кўрсатилади. Бу жараёндаги суиистеъмолчиликларни-ку, қўяверинг!
Шу ўринда жавоб ҳам пайдо бўлади: Хонадон эгалари текширувчиларни киргизмаса ҳам бостириб кириб, носоз печка учун жарима солиш, керак бўлса, ўша жойнинг ўзида тузатиб қўйиш мумкин эмасмиди?

Халқимиз орасида эътибор берилиши шарт бўлган ҳолатлар четда қолиб, аҳамиятсиз нарсаларга эътибор кучайиб кетган. Сериаллар учун бефарқ бўлолмаймиз. Тўйга янги кўйлак олиш учун лоқайд эмасмиз. Келин сарпосига совундан тортиб пайпоққача қўшиш эсимиздан чиқмайди. Аммо ҳаётимизни хавф остига солаётган бурнимизнинг тагидаги носозликлар учун қўл силтаймиз. Оқибати эса жуда аянчли. Янги йил арафасида Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида қўлбола пиротехника туфайли бир боланинг оёқ-қўли сочилиб кетгани ва вафот этгани ҳақида шумхабар тарқалди. Энг ачинарлиси, пиротехника воситаларидан дунё бўйича 380 минг бола жароҳат олгани — факт. Тинчлик, тўкинлик, фаровонлик замонида-я. Уруш даврида ҳам болалар шунчалик қурбон бўлмагандир? Бунга ҳам аввало катталар сабабчи. Боласини атайлаб майиб-мажруҳ қилаётган, ҳатто ўлимга етаклаётган ота-оналар десам муболаға бўлмайди. Пиротехника воситаларини сотаётганларни оқламайман, аммо улар бу «ажал овунчоқлари»ни уйингизга мажбурлаб ташлаб кетаётгани йўқ-ку. Мактабда ўқитувчи фарзандимизнинг хулқи ёмонлиги ёки баҳолари пастлиги учун бир шапалоқ урса, ижтимоий тармоқларда ойлаб муҳокама қиламиз. Ёки газета обунаси учун ўқувчидан пул сўраган ўқитувчига қўл кўтаришгача борамиз. Аммо фарзандларимиз пиротехника воситалари учун сарф қилаётган маблағнинг ҳар томонлама кўрсатаётган асоратлари нега бизни жунбушга келтирмайди?!. «Гап»га вақтида пул берганимиздек, чойхонага бориш вақти эсимиздан чиқмаганидек масъулиятли бўлишга қачон ўрганамиз?
Бир оиладан бир неча аъзоси бевақт вафот этиши фақатгина ўша хонадоннинг фожиаси эмас, миллат фожиаси. Бугун ҳатто печка ва дудбўрон ясайдиган мутахассисларни тайёрлашга эҳтиёж бор. Хитойнинг, Эроннинг газ мосламалари бизнинг печкаларимизга тўғри келмас экан, сифатсиз маҳсулотларни ажал учун сотиб олиш керак эмас. Бугун ана шундай иситиш жиҳоз ва ускуналарни қурилаётган уйларга мослаб ишлаб чиқарадиган корхоналарга, мутахассислар тайёрлайдиган ўқув даргоҳларига эҳтиёжимиз бор. Бугун қурбонлик бериб, кейин ортидан огоҳликка чорлайдиган эмас, қурбонлик бермаслик учун масъулият билан ўз вазифаларини бажарадиган мутахассисларга эҳтиёжимиз бор.
…Ҳовлидан чиқиб кетаётганимизда ортимга қарагим келмади. У менга гуллаган тобутни эслатди. Онаизорга қандай юпанч беришни билмадим. Юпанч, таскин тополмадим. Ҳар бир сабрнинг, синовнинг ажри бор. Қўлимдан сабр тилашдан бошқа нарса келмади. Онаизор эса дилидаги юпанчини тилига чиқарди: «Фақат бир нарса таскин беради. Қачонлардир бу дунёдан паймонам тўлса, фаришталарим билан энди уёқда учрашаман…».
Жасмина, Қундуз, Кумуш ва яна икки фариштача… Охиратда бу дунёдан куйиб ўтаётган ота-оналарига шафоатчи бўлсин!
Бундан ортиқ яна нима ҳам дея олардик…

Барно Султонова

Манба:facebook.com

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ишсиз магистрнинг ҳикояси ёҳуд журналистика университети кимга керак?

«Холбуки фанимиз интернет тўғрисида экан, сизга интернетдан фойдаланишингизга рухсат бераман», дея домла секин қадамлар билан аудиториядан чиқиб кетди. Контрол иши ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400