“Сеҳргар” судьягина мактаб спортзали томини 1,6 миллион сўмга қуради

Бизнинг  таҳририятимизга  хоразмлик  тадбиркордан мактуб келди.  Тадбиркор ўз  мактубида  туман прокурорининг ҳомийликка мажбурлашига рози бўлмагани сабабли, унга турли сохта айбловлар билан жиноят иши очилгани ортидан бугунга келиб инқирозга учрагани хусусидаги саргузаштларини баён  қилади.  Адолат истаб бош урмаган эшиги қолмаган тадбиркорнинг ҳасратини диққат билан ўқиб, ПРЕЗИДЕНТ томонидан айтилаётган ва қабул қилаётган қарорлар аксарият ҳолларда фақат қоғозда қолиб кетаётганина яна бир бора амин бўласиз!

Иллюстратив фото

Мен Шуҳрат ҲАКИМОВ  Урганч шаҳридаги  “Агротемир қурилиш сервис” хусусий корхонаси раҳбари, қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолиятини юритиб доимий равишда 14 нафар ёшларни  доимий иш билан таъминлаб, юртимиз равнақи учун ўз ҳиссамни баҳоли қудрат қўшаётган эдим.   Бироқ Урганч тумани прокурори Д.Мадиримов тадбиркорни 100 миллион сўм хомийликка жалб қилиб, иш бажартирмоқчи бўлди, табиийки мен рози бўлмадим. Чунки мен мамлакатимизда қонун устиворлигига, тадбиркор ҳимоясида эса шахсан Президент турганига қаттиқ ишонар эдим. Энди билсам мен янглишибман. Хоразм Ўзбекистон Республикасининг қонунлари прокурор ва судларнинг истаган талқинида тадбиқ қилинадиган, ҳамда Пезидентнинг фармон ва қарорлари, энг юқори минбарларда туриб айтган гаплари етиб келмаган ўзига хос ҳудуд эканлигини англаб етдим.

Мен бунча катта миқдордаги ҳомийликка қурбим етмаслигини айтиб рози бўлмаганимдан кейин прокурор жаноблари очиқдан очиқ менга таҳдид қилиб, рад жавоби учун пушаймон бўлишимни айтганида очиғи унча эътибор бермаган эдим.

Бироқ сал ўтмай  ЎзРЖКнинг 205-моддаси билан асоссиз жиноят иши қўзғатилди.   Аслида тадбиркорларга нисбатан бу модда қўлланилмайди. Кейин порталга ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишларини сўраб чиққанимиздан кейин Гурлан тумани прокурори Ж.Ахмедов ва иш ўрганувчи терговчи Б.Давлетовлар яна 5 та модда қўшиб беришди.

Жиноят ишлари бўйича Янгиариқ туман суди раиси Ў.Машариповнинг 2018 йил 28 февралдаги ҳукмига кўра, тадбиркорлар ўзлаштириш ва бошқа 5 та модда билан ноҳақ айбланиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шунингдек, суд раиси Урганч туманидаги 3-сон мактаб спорт зали томини мукаммал таъмирлаш учун ажратилган 148 миллион сўмлик маблағнинг 95,6 миллион сўми мақсадсиз, 50,8 миллион сўм зарар деб, жами 146,4 миллион сўмини тадбиркорлар ўзлаштирганликда асоссиз айблаб, ундиришни белгилади. Холбуки ажратилган маблағ ҳисобига занглаган, қулаш хавфи катта бўлган яроқсиз 16 та 3х12 метрлик плиталар ўрнига мактаб спортзалининг 625 метр квадрат томи енгил металл ферма ва профнастил билан қопланди.

Биринчидан, тумандаги 3-мактабнинг 32 йил давомида ёмғир сувидан занглаб чириган, икки сантимертлик бетоннинг ҳимоя қатлами қолмаганлигидан яроқсиз ҳолга келган 3х12 метрлик кенг габаритли хавфли плиталари ГОСТ 13015-2012 ва ГОСТ 31937-2011 талабларга жавоб бермаслиги ҳақида Тошкентдаги 2 та лаборатория ташкилотининг хулосаси берилган. Лекин яроқсиз 12 та плита, устидаги яроқсиз керамзит 64,1 миллион сўмга баҳоланди ва мақсадли шифер қилиб янгидан қопланган 31,5 миллион сўмлик профнастилни ҳам қўшиб жами 95,6 миллион сўм мақсадсиз ишлатилган деб ёзилган банк ходимининг асоссиз хулосаси билан тадбиркорлар бўйнига уришди.

Аслида банк ходимининг 95,6 миллион сўм мақсадсиз ишлатилган деб кўрсатилган 2017 йил 31 майдаги далолатномаси мақбул эмас (яроқсиз) далилдир.

Мақсадсиз ишлатилган дегани бу зарар ҳисобланадими? ГОСТ талабларига жавоб бермайдиган, хавфли бўлгани учун ишлаб чиқаришдан олиб ташланган 3х12 метрлик яроқсиз плиталарга қўшиб, шифер қилиб мақсадли қопланган 31,5 миллион сўмлик янги профнастил, жами 95,6 миллион сўм мақсадсиз ишлатилган деб киритилганлиги асоссиз эмасми? Суд жараёни ўртасида вилоят ДАҚН инспекцияси бош мутахассиси Р.Ўдаев томонидан сохталаштириб яроқли деб тайёрланган 2016 йил 22 августдаги 388-а-сонли синов лаборатория хулосаси ҳам асоссиз, чунки 388-а дегани бу қалбакидир. Аслида ёмғир сувидан занглаб чириган плиталар умуман лаборатория синовидан ўтказилмаган.

Иккинчидан, банк ходимларининг аслида бажарилган ишни 50,8 миллион сўм зарар деб кўрсатилган 2017 йил 14 сентябрдаги ва 2018 йил 28 сентябрдаги далолатномалари мақбул эмас (яроқсиз) далилдир.

Чунки Ҳ.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси Хоразм вилоят бўлинмасининг 2018 йил 7 февралдаги хулосасида белгиланган тартибда назорат ўлчови ўтказилмаганлиги сабабли 50,8 миллион сўм зарарни аниқлаш имкони бўлмаганлиги, жорий таъмирлаш сметасини мукаммал таъмирлаш сметаси билан солиштириш белгиланган Тартибда кўзда тутилмаганлиги кўрсатилган.

Суд экспертизасининг ушбу хулосаси устувор далил ҳисобланадими? Белгиланган тартибга зид равишда қонуний кучга эга бўлмаган жорий таъмирлаш сметаси экспертизадан ўтган, қонуний кучга эга мукаммал таъмирлаш сметаси билан солиштирилиб, 50,8 миллион сўм зарар чиқарилгани қайси қонунчиликда кўрсатилганлигини асослаб берар олишадими? Зарар иккита қоғозни кабинетда ўтириб солиштириб аниқланмаслигини, мактабга бориб ўлчовдан ўтказилишини судьялар наҳотки билишмаса?!

Учинчидан, экспертизадан ўтган, қонуний кучга эга мукаммал таъмирлаш лойиҳа-сметаси бўйича мактаб спортзали янгидан металл ферма ва профнастил билан 625 метр квадрат қилиб қопланди ва 148 миллион сўмликдан зиёд қурилиш ишлари бажарилди.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддасида, айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Яроқсиз плиталар ва керамзитлар мактаб ҳудудида турибди-ку!

У.Бактурдиев, Ш.Раззақов, С.Тоганов таркибдаги Хоразм вилоят апелляция суди ҳам “сеҳргар” ибн Ҳаттобдек 1,6 миллион сўмга мактаб спортзали томини қурса бўлади, деб ўзларини ишонтиришди, аммо гувоҳларни эмас.

Олий судга ёзган назорат тартибида шикоятимизни икки ой ушлаб, Олий суд ЖИБ судлов ҳайъати раисининг ўринбосари В.Назаров томонидан Хоразм вилоят прокуратурасига (!) қайтариб юборгани ЖПК талабларини қўпол равишда бузиш эмасми? Ахир суд томонидан қўшимча терговга қайтариш институти аллақачон бекор қилинган-ку!

Олий суд раиси К.Камилов 2018 йил 18 августда Хоразмда сайёр қабул қилганида учрашиб, ҳолатни тушунтирган эдик.  Ҳужжатлар билан танишиб чиққанида беихтиёр “бу ғирт ясама  ишку!”  дея хитоб қилиб,  бу ишни шахсан ўзи назоратга олишга, адолатли ва ҳаққоний кўрилишига ваъда берди.

Икки ойдан кейин Олий суд судьяси Ш.Ражабовнинг Хоразмдаги сайёр қабулида бўлдик. “148 миллион сўмлик қурилиш маблағидан 5 миллион сўмини ўзлаштирган дейишса, ишонса бўлади, лекин 146,4 миллион сўмини ўзлаштиришни ҳеч ақлимга сиғдира олмаяпман, бу умуман спортзал томи ёпилмади дегани-ку. Бу иш албатта ҳаққоний ва адолатли кўрилади”, деб ваъда берди.

Ҳайрият, имонли ва инсофли судьялар ҳам борлигидан, республикамизда суд ҳокимияти мустақил эканлигидан хурсанд бўлдик.

Аммо хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади.  Билмадим,  бу ишни негадир Олий судда кўриб чиқшни асли хоразмлик бўлган, отаси бир неча йиллар вилоят судида фаолият кўрсатган, ҳозирги кунда Хоразм вилоят халқ қабулхонаси раҳбари ловозимида ишлаётган   Олий суд судьяси Х.Бердиқличевга топширилибди. Табиийки бу судъя жаноблари бир пайтлар отаси ва ўзи билан бирга ишлаган ҳамтовоқларининг умидларини пучга чиқармай  2018 йил 28 майдаги назорат тартибидаги шикоятимизни беш (!) ой судраб, 1 ноябрдаги ажрими билан ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.   Ахир 1,6 миллион сўмга 625 метр квадрат  спортзал томини қура оладиган судья “сеҳргар” эмасми?  Ёки яна кимнингдир “буюртмаси” билан иш кўрилдими?  “Сеҳр” кучи шунчаликми?

Олий суд судьяси Х.Бердиқличев мактаб спортзалининг 625 метр квадрат томини металл ферма ва профнастил билан қоплашга 1,6 миллион сўм етишини ҳамда тадбиркорлар 146,4 миллион сўмни ўзлаштирганлигини асослаб бера олармикан?

Шуҳрат ҲАКИМОВ,

“Агротемир қурилиш сервис” хусусий корхонаси раҳбари

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Россия барча рус тилида сўзлашишни биладиганларга фуқаролик бермоқчи

Россия барча русийзабонларга фуқаролик бермоқчи. Россия ҳукумати руслар ва рус тилида сўзлашувчиларга фуқароликка қабул қилишни соддалаштирувчи янги концепция қабул қилади. ...

Тошкент шаҳрига раҳимберди домла раҳмонов бош имом-хатиб бўлди

Бугун, 4 январь куни Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳридаги вакили, ...

Тошкентдаги «оқтепа лаваш»да 15 киши заҳарланди

Тошкентда "Оқтепа лаваш" умумий овқатланиш шохобчаларида тайёрланган товуқли сендвични еган 15 киши заҳарланди. Бу ҳақда «UzNews.uz» сайти ёзмоқда. 4 июнь куни 11 киши ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400