ҲАСАНАЛИНИНГ ҲИЙЛАСИ

10. ҲАСАНАЛИНИНГ ҲИЙЛАСИ

Киши ортиқча қўрққанда гангиб аъзоси ҳаракатсиз ва оғриқ ҳолга тушадирким, албатта буни биз қаттиғ қўрққандан деб биламиз. Дарҳақиқат, бизнинг қарши-мизға йўлбарс чиқса, биз қаттиғ қўрқамиз, чунки бизни ўлум кутадир, инсон учун дунёда ўлумдан қўрқунч нарса йўқ. Биноан алайҳи биз бундаги қўрқувни табиий ҳисоблаймиз. Аммо қизиғи шундаким, бизни дунё бахти кутканда, бизга саодат башорати берилганда нега биз ўлум куткандаги ҳолга тушамиз ва узвий ташкилотимиз (ўрганизмамиз) биринчидаги ҳолатни кечирадир?
Отабек ҳам ҳозир шу кейинги ҳолатка тушкан эди. Эрта биландан бошланған бу ҳолат Ҳасаналининг ке-йинги сўзи билан тамом бир даҳшат касб этди ва ҳушсиз-ларча ўлтуриб қолди.
Ҳасанали киргандан сўнг қилинадирған муомалани таълим берди:
— Онангиз билан Зайнаб анови можароларингиздан хабарсиздирлар, буни қайин онангиз билан келинга ҳам уқдириб қўйғанман. Улар билан сўрашиб, сўзлашқа-нингизда, гўё уч ойдан беригина кўришмаганлардек бўлингиз.
Отабек бўзариб энтикди:
— Ул-ку осон… — деди.
— Қийини қайси?
— Шу чоқғача тушунмадингизми?
Ҳасанали Отабекнинг юзига узоқ тикилиб қолди…
— Йигит эмасмисиз, эй баракалла.
— Йигитлик билан юракни тўхтатиш…
Ҳасанали ҳам ўйлаб қолди. Дарҳақиқат, Отабекнинг ҳозирги ҳоли нозик эди. Ҳасанали бир неча қайта бош қашиниб ва соқол тутамлаб ўйланди. Ниҳоят, ўзича кулинди:
— Тўхтанг бўлмаса,— деди,— мен бир иш қилайки…
— Нима иш қилмоқчисиз?
— Сиз ҳозир сўраманг, аммо шу дақиқадан бошлаб ихтиёрингизни менга топиштиринг.
Отабек кучланиб кулди:
— Нима, ахир? — деб яна сўради.
— Сўраманг, — деди Ҳасанали, — сиз тинчкина таҳоратингизни олиб, намозингизни ўқуй беринг.
Ҳасанали шу сўзни айтиб меҳмонхонадан чиқди. Отабек Ҳасанали тарафидан ташир этилгандек, туриб таҳорат олди ва меҳмонхонага кириб «таробиҳ» бошлади… Орадан ярим соат чамаси вақт ўткан эди, Ҳасанали ичкаридан чиқиб келди.
Отабек эса ҳануз рукуъда, сужудда эди.
— Ўқуб бўлмадингизми? — деб сўради даричадан.
Отабек ёниға салом бермасдан унга қаради. Бу ҳолга Ҳасаналининг кулгуси қистаб келса ҳам, ўзини зўрға тўхтатти:
— Қани, мен билан юринг.
— Қаёққа юраман.
— Ичкарига.
— Тағинми?
Ҳасанали кулди:
— Энди кирсангиз бир мартаба бўладир, — деди. — Сиз… ҳозир ўрта йўлакдан секингина маним уйимга кирасиз… Хотинлар намоз ўқуб ётибдирлар, сизни ҳеч ким кўрмайдир. Сиз киргандан кейин мен эшикни устингиздан ёпиб оламан-да, бир оздан сўнг олдингизға келиннинг ёлғиз ўзини киргузаман… тузикми?
— Тузик…
— Қани, туринг тезроқ!
Отабек турди. Учрашишка ҳали анчагина вақт бор, шунинг учун унинг юраги тинч сумол эди. Ўрта йўлакка кирдилар. Олдинда борған Ҳасанали тўхтади ва уйнинг эшигини кўрсатиб «ўтинг!» деди. Отабек унинг айтканича қилиб ўзини уйга олди. Ҳасанали Отабекни уйга киргузгандан сўнг келиб эшикни қияроқ равишда ёпди ва даричани нариги уйдан қарағанда киши кўринмаслик қилиб қийғоч очди. Шундан кейин ул ўзича нимагадир кулимсираб хотинлар олдига кетди.
Отабек киргузилган Ҳасаналининг уйи Ойбодоқ она тарафидан тозағина йиғиштирилиб, ўрта ҳоллик кишиларнинг уйидек асбоб, жиҳозлар билан зийнатланган эди. Деворлар ганчланган, шиплар сирланган, оёғ ости алвон гуллик кийиз билан тўшалган ва тахмонға кирпўш кўрпалар осилған эди. Отабек кафшини даҳлизга ешди-да, уй бўйича бир-икки қайта юринди ва энтикиб нафас олди. Шу вақт тахмонға осилған кирпўш ўз-ўзидан қимирлағандек бўлди. Бу қимирлашни Отабек пайқамади. Ҳалиги қимирлаған кирпўш бирдан очилиб кетиб Отабек чўчиди… Бирав тахмондан унга қараб кулимсирар эди. Отабек титрар эди… Бир оздан сўнг иккиси ҳам ўзларини бир мунча тўхтатдилар-да, бир-бирларига томон юришиб келдилар ва сўзсизғина қучоқлашдилар… Отабек сунбул ислик сочлардан руҳ олар, Кумуш гўё унинг бағриға сингиб кеткан эди. Бу ҳол бир дақиқа чамаси давом эткандан кейин бир оз ажралишқан кўйи уйнинг оёғиға юриб бордилар ва тиза-батиза ўлтурдилар… Бириси ҳам сўзлай олмас, фақат термулишар эдилар. Неча дақиқағача шу ҳолатда бўлдилар. Ниҳоят, Кумуш кулги аралаш кўзига ёш олди.
— Сиз… қочқоқсиз, — деди.
— Сиз…
— Мен?
— Сиз қувлоқсиз.
— Ажаб қиламан, — деди Кумуш ва шапалоғи билан эрининг юзига секингина уриб қўйди.
— Бу ёққа ҳам…
— У ёққа Зайнаб урсин.
— Зайнабнинг… уришка ҳаққи йўқ.
Кумушнинг кўзида ҳалигача кўрилмаган бир шодлиқ ўйнади:
— Тўғри айтасизми?
— Тўғри айтаман!
— Мана бўлмаса, — деди Кумуш. Отабекнинг иккинчи юзини ҳам силагандек қилиб қўйди.
Яна кулимсирашиб, термулишиб қолдилар…
— Биравнинг ғамида куйиб қаридим, — деди Кумуш.
— Бекор айтасиз… Мени айтсангиз тўғри.
— Сизними? — деди Кумуш. — Сиз энди қирчиллабсиз!
— Тўғри гапирмадингиз.
— Тўғри гапирдим.
— Аммо сиз…
— Мен?
— Кейин айтаман…
Кумуш ўпкалади:
— Айтинг ҳозир, — деди ва жоду кўзини аллақандай ҳолатка қўйди. Отабек жавоб ўрнида Кумушнинг юзидан ўпди… Кумуш ўзини қутқазиб ўрнидан турди.
— Яхши қолинг энди.
Отабек тушунолмай унга қаради:
— Нима бўлди сизга, қаёққа борасиз?
— Марғилонға…
— Бу кун кеч бўлиб қолди, эртага кетарсиз.
Кумуш кулиб Отабекнинг юзига урди:
— Бизнинг овлоқда кўришканимизни, — деди, — ойим ва Ҳасанали отамдан бошқа ҳеч ким билмайдир, айниқса Зайнабингиз билса яхши эмас.
— Билса нима қиладир?
— Ҳеч нарса қилмайдир… Яхши эмас-да,— деди,— бир оздан кейин чиқиб ойим билан сўрашинг, кирмаганингиз учун қайин оналарингиз сўйинишиб ўлаётиптилар.
Кумуш яна бир кулиб қарағандан кейин уйдан чиқди. Отабек энди тамом ўзини босиб олган, эндиги юрак уриши фақат ҳалиги фаришта томонға ошиқибқина эди. Ўзи ёлғиз қолғандан сўнг нимага бўлса илжайди ва Ҳасаналига илгаригидан ҳам қуюқроқ ўзида муҳаббат сезди. Шу дақиқадан бошлаб кечирадирган масъуд кунларини тасаввурдан ожиз ва Зайнаб тўғрисида ўйлаб ҳам қарамас, бошқа гап эсига-да келмас эди. Орадан Кумушнинг уйга кириб олиши фурсат ўткандан кейин, уйдан чиқди ва парвосизча меҳмонлар ўлтурган уйга борди. Унинг келишини ўз уйидан кўрган Зайнаб югирганча Отабек орқасидан меҳмонлар олдиға кирди.
Уйдагилар Отабек-ни кўриш ила ўринларидан турганлар, фақат Ўзбек ойим «ҳап» этканча ўлтурар эди. Отабек Офтоб ойим билан кўришди… Офтоб ойим уни қучоқлаб юзидан ўпди ва кўзига ёш олди… Сўнгра кичкина қайин онаси билан, Зайнабнинг опаси ва бошқалар билан сўрашиб чиқди ва кулимсираган ҳолда Кумушка «есонмисиз…» деб қўйди. Кумуш ҳам «шукур» деб кулинди. Сўрашиш тамом бўлғандан кейин ўлтуришдилар. Отабек онасининг ёниға, Зайнаб унинг ёниға ўлтурдилар. Кумуш Зайнабнинг бу қилиғиға ғижиниб бир-икки қайта ер остидан унга кўз юборди.
Фотиҳа ўқулиб куяв қайин онаға узр айтди:
— Аввало сизлар келгунча қайтарман, деб эрталаб бир гуноҳ қилдим. Ундан кейин меҳмонхонадан қўзғалолмай иккинчи уятка қолдим…
Офтоб ойим:
— Боламизникини айби йўқ.
Ўзбек ойим:
— Қимиз киргузиб қайин онангнинг оғзини ҳўл-ламағанингда нах балоға қолиб эдинг, болам.
Кулишдилар. Карима отин:
— Кумушой бўлса, сен эримни яширғансан, деб Зайнабнинг энгка-тенгкасини чиқарди.
Яна кулгу бир-бирига элашди. Зайнабнинг бояғи ишига Кумушнинг ғаши келганини айтилмаса, ҳозир ул ҳам жуда очилған, кулар ва ер остидан Отабекка кўз қирини ташлар, Зайнаб бўлса Кумушни таъқиб этар эди. Мажлиска бир оз жимжитлик киргандан сўнг Отабек ҳам ўз томонидан бир кулгу тўқумоқчи бўлиб, Зайнаб билан Кумушка қараб олди:
— Мен бир ишка ҳайронман, — деди.
— Нимага? — деб сўради Моҳира ойим.
— Нега Зайнаб семизу Кумуш озғин?!
Ўзбек ойим жавобланди:
— Бунинг ҳикматини мендан сўра, болам, — деди,— Кумушинг ўзингга ўхшаш серфикр кўринадир, Зайнаб бўлса менга ўхшаш қувноқ.
Отабекни ўзига ўхшатқани учун Кумуш қайин онасидан рози бўлди. Аммо Зайнаб ўзини Отабекдан четка қоққани учун Ўзбек ойимга ғижинди.
Ўзбек ойимнинг бу фикрига Карима отин қарши тушди:
— Янглишдингиз, ойи, — деди, — бундаги фарқни Юсуф-Зулайҳо қиссаларини ўқуған киши биладир… Уч ой деган фурсат озғина вақт эмас, Кумуш хонимнинг озғани соғинишники!
Карима отин қош қўяман, деб кўз чиқараёзди. Яъни Отабек билан Кумушни Юсуф-Зулайхога ўхша-тиб, Зайнаб ва қариндошларини ўт ичига ташлаған эди.
— Ўзбек ойимники тўғри, — деди Моҳира ойим, — Зайнаб қувноқ, Кумушниса маним кўзимга ҳам серфикрга ўхшаб кўринадирлар…
— Тўғри-тўғри, — деди Хушрўй.
Кумуш билан Офтоб ойим орадан кечкан сирга тушуниб жим ўлтурар эдилар. Кумуш ер остидан Отабекка ризосизча кўз ташлади.
— Тўхтанглар-чи, — деди Отабек, ҳамма унга қарадилар, — ҳеч қайсиларингиз ҳам тополмадингиз.
— Тополмаған бўлсақ ўзингиз айтинг! — деди Шарофат чевар.
— Ўзларингиз тополмағандан кейин мен айтиб нима қилай?
— Мен топдим, хах шайтон! — деди Карима отин, — қизил гулнинг ҳам ўз олдиға, оқ гулнинг ҳам ўз олдиға иси бор, демакчи!
Ҳамма бирдан кулишиб:
— Худда-худда! — дейишдилар.
Отабек кулиб ўрнидан турди ва «тополмадингиз, тополмадингиз» деганча уйдан чиқди. Кумуш билан Офтоб ойимнинг кўнггиллари бирдек бўлса ҳам бу кашфдан кейин Зайнаб билан Моҳира ойим анча енгиллашдилар. Бу қий-чув орқасидан меҳмонларга қуюқ-суюқ берилди.

Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар романи

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ҳайбаракалла! (ҳажвия)

Муаллиф: Бахтиёр Темур Қойил эмасман лекин шу Зиё Шокирга ҳам! Шеърингизнинг ярми гап деб, муҳокамага қўймади асаримни. Ҳой, инсон, ахир бу янги жанр - “Ҳайбаракалла”! Ҳали ...

Чингиз айтматов:қиёмат 37-қисм

Тоғларга турнақатор тизилиб кўтарилиб боришар,  гаплашишга фурсат йўқ, бунинг устига хотини билан уришиб Бозорбойнинг таъби тирриқ бўлган эди.  Индамай йўл босишарди. Қиш ...

Рақиб изидан

14. РАҚИБ ИЗИДАН Ўн олти-ўн етти кунлик ой оқ булут ичидан қўтосланиб кўринар эди. Ҳамма хуфтан намозига кириб кеткан, кўчалар сув қуйғандек тинч эди. Кўчанинг бу тинч ...