Аввал иқтисод, кейин сиёсат

Владимир ЖириновскийКейинги пайтларда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва молиявий аҳволи борган сари оғирлашиб бораётгани, миллатдошларимизнинг яшаш учун курашиш, тирикчиликка доир ташвишларни енгиш мақсадида ўзга юртларни кезиб кетгани, юрт раҳнамоларининг халқбоп бўлмаган ислоҳотлари туфайли мамлакат аҳлининг қийин аҳволга тушиб қолгани ва бунинг натижасида хокисор, оилапарвар, ватанпарвар, меҳнаткаш, уйим-жойим дейдиган ўзбек халқи шаънига путур етаётгани, мамлакатимиздаги иқтисодий тангликдан унумли фойдаланиш истагида бўлувчилар сони кундан-кунга ортиб бораётгани айни ҳақиқатдир.

Бунга яқиндагина Россия Федерацияси Давлат думаси депутати, Россия Либерал-демократик партияси етакчиси Владимир Жириновскийнинг Марказий Осиёдаги давлатлар, жумладан, Ўзбекистонни Россиянинг Марказий Осиёдаги федерал округларига айлантириш тўғрисидаги фикрларини мисол тариқасида тилга олишимиз мумкин. Россия сиёсий саҳнасида қарийб 25 йилдан буён жавлон уриб келаётган жаноб Жириновский гарчи Марказий Осиёдаги давлатларга қарши бундай ғаразли фикрларини мазкур давлатлар ўз мустақиллигини қўлга киритганидан буён бот-бот такрорлаб келаётган бўлса-да, унинг бу сафарги машмашаси ёниб турган оловни пуркаш билан тенг бўлди, десак адашмасак керак.

Жириновский ўзининг бундай фикрларини жиддий тайёргарликлар асосида кимларнингдир буюртмасига кўра илгари сурган ва унинг “очиқ фикрлари” кимларгадир мойдек ёққан бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Чунки Россиянинг тақдири, унинг келажакдаги режалари ечими фақат Жириновскийнинг қўлида эмас, қолаверса, мустақиллиги дунёнинг 200 га яқин давлатлари томонидан эътироф этилган, тан олинган бутун бошли бешта мамлакат ҳақида бундай тарзда ошкора гап қотиш учун назаримизда Жириновскийга ҳеч ким томонидан ҳеч қандай ҳуқуқ берилмаган.

Шундан бўлса керак, унинг бу каби ёвузона фикрлари туфайли нафақат мазкур давлатлар аҳли, шу билан бирга, жаҳоннинг онгли афкор оммаси қаттиқ саросимага тушди. Қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ҳукуматининг Россия ҳукуматидан Жириновский сўзларига оид расмий жавоб талаб қилгани бунга яққол далил бўла олади. Аммо бизникилар ва тожик биродорларнинг бу борада лом-мим демагани ақлга сиғмас ҳодиса бўлди. Бизнингча, Ўзбекистон ва Тожикистон “Ит ҳурар – карвон ўтар” нақлига амал қилишди, ёхуд “Сукунат – розилик аломати” мақоли орқали жавоб бергиси келди, ёинки бели қувватга, билаги кучга тўла ёшаларимизни расмий, норасмий иш билан таъминлаётгани учун Россия томондан Жириновский сўзларига оид аниқ жавоб талаб қилишга чоғланмади, тили қисиқлик қилди.  Аммо ҳукуматимиз ўзларининг ички сиёсатда бебошлиги, ташқи сиёсатда эса, “юввошлиги” замирида туб халққа нисбатан ҳурматсизлик, уларнинг ишончига суиқасд аломати мавжудлигини асло унутмасликлари керак. Ҳар қандай тақдирда ҳам ўзбекона ғурур, ор-номус топталмаслиги даркор…

Ҳа, доноларимиз “аввал иқтисод, кейин сиёсат” деб бежиз айтишмаган экан. Бунинг нечоғли тўғрилигини юқорида тилга олинган ҳодисалар ҳам яққол кўрсатади. Чунки мазкур ҳодисаларнинг сиёсатга айланишига биздаги иқтисодий кемтикликлар туртки бермоқда. Бу эса, бир неча марта Россия Федерацияси президентлигига номзодини қўйган Жириновский каби олчоқларнинг мамлакатимизга қарши ўзларининг тажовузкор сиёсатини эмин-эркин тарзда илгари суришига замин яратмоқда. Марказий Осиё давлатларини Россиянинг федерал округларига айлантириш орқали унинг ички минтақаларини арзон ишчи кучи билан таъминлаш мумкинлигига доир  “мақсад”ларини баралла айтишига олиб келмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз бу каби жараёнларнинг барчасига аввало мамлакатимиздаги иқтисодий бўҳронлар сабаб бўлаётир, деб дадил айтсак бўлади.

Аслида Россия тараф бизнинг нозик томонларимиздан унумли фойдаланиб қолишни Жириновскийнинг шов-шувли хабаридан анча олдин бошлаган, десак хато бўлмайди. Улар кейинги пайтларда Ўзбекистон (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон)га тазйиқ ўтказишнинг антиқа йўлларини ўйлаб топишда устаси фарангга айланди. Гўёки Ўзбекистондан борган меҳнат мигрантлари Россия пойтахтию унинг турли  вилоятларида деярли ҳар куни ҳар хил жиноятлар содир этмоқда. Одам ўлдираётганлар ҳам, ўғирлик, товламачилик, фирибгарлик, фоҳишабозлик,  одам савдоси, мамлакатга ноқонуний кириб бориш ва бошқа жиноятлар билан шуғулланаётганлар ҳам ўзбеклар бўлиб чиқмоқда. Бундай хабарларнинг ҳаммаси ҳам баравар тўғрилигига кишининг ишонгиси келмайди. Бироқ онгли одам уларнинг замирида Ўзбекистонни обрўсизлантириш ғояси ётганини яхши тушунади. Россиянинг бизнинг иқтисодий қийин аҳволимизни дунё аҳлига етказишдан кўзлаган ягона мақсади Ўзбекистоннинг Россия ёрдамисиз гўё ҳеч ким эмаслигини кўрсатишдан иборат холос. Бироқ Россия томоннинг бундай йўл тутишига маълум маънода юртимиздаги жараёнлар – ишсизлик, иқтисодий танглик, давлат арбобларининг халқимиз тақдирига бефарқликлари ҳам сабаб бўлаётганини инкор этмаслигимиз керак.

Руслар юртдошларимизни ўзларига қаратиб олишнинг бошқача йўлларини ҳам пухта ўйлаб чиққан кўринади. Бунга Москвадаги меҳнат муҳожирлари учун ўзбек ва тожик тилларига таржима қилинган Инжил китобини чиқараётгани яққол мисол бўла олади. Яқинда “Афиша-Город” нашри Москва епархиясининг Миссионерлик комиссияси Лука Инжилини ўзбек ва тожик тилларига таржима қилаётгани тўғрисидаги хабарни тарқатди. Мазкур нашрнинг хабарига кўра, бу тадбир ўрта осиёлик меҳнат муҳожирларини насронийларнинг қадриятлари билан таништириш мақсадида амалга оширилмоқда. Комиссия вакили иеромонах Дмитрий эса, Inmsk нашрига Инжил таржимаси Москва ОАВ ва реклама департаменти кўмагида амалга оширилаётганини маълум қилган. Шунингдек, хабарда ўзбек ва тожик тилларига таржима қилинаётган Лука Инжили “илмий, академик ва сифатли” бўлиши алоҳида таъкидланган. Гарчи меҳнат муҳожирларининг мазкур таржима китобни қаердан олиши номаълум бўлса-да, хабар юрагимизга ғулғула солмай қолмайди. Чунки китобни таржима қилиб, нашр эттиришни уддалаган одамнинг уни кимга, қаерда, қандай усулда етказишини, юртдошларимизни ўз динидан қайтариб, ўзга динга қай тариқа ўтказишни  ҳам эплаши аниқ…

Ўзбекларнинг ер куррасига тариқдек сочилиб кетгани бор гап. Бу кеча ёки бугун пайдо бўлган жараён эмас. Замона зайлига кўра узоқ ва яқин хорижий давлатларга ҳар хил йўллар билан кетган, ўзлари қўним топган ерларнинг туб аҳолисига айланган ўзбеклар ҳозирги кунда Афғонистоннинг шимолида, Тожикистоннинг  шимоли-ғарбий, шимолий, ғарбий қисмларида, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг жанубий қисмларида, Туркманистоннинг шимолий ва шарқий қисмларида кўплаб яшайдилар. Шу билан бирга, меҳнат, иқтисодий ва сиёсий мигрантлар бўлган ўзбекларнинг катта гуруҳи Россия, АҚШ, Туркия, Украина, Европа Иттифоқи давлатларида ҳам яшашади.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Туркманистонда 479 000 ўзбеклар яшайди. Бу аҳолининг 9,38% ини ташкил этади ва сон бўйича учинчи ўринда. Қозоғистонда ўзбеклар 493 783 киши бўлиб, сон бўйича қозоқ ва руслардан кейинги учинчи ўринни эгаллайди. Бироқ статистик ҳисоботлардан воқиф бўлган айрим миллатдошларимиз ҳукумат томонидан келтирилаётган расмий маълумотларда хатолар мавжудлигини, ҳозирги кунда мамлакатда тахминан 800-850 минг ўзбеклар яшаётганини тилга олмоқдалар. Қўшни Қирғизистонда ўзбеклар 5,5 миллион аҳолининг 14,34% ини ташкил этади ҳамда мамлакатда истиқомат қилаётган миллатлар сони бўйича иккинчи ўринда туради. Афғонистонда эса, этник ўзбек гуруҳлари 6% дан 9,2%  гача ташкил этади ва сон бўйича тўртинчи ўринни эгаллайди. Уларнинг барчаси бир пайтлар юртимиздан кўчиб кетган ёки шу ўлкаларда туғилиб вояга етган аждодларимиз ворисларидир.

Мустақиллик йилларида ўз юртимиздан ўзга юртларга кўчиб кетган юртдошларимизнинг аксарият қисмини эса Каримов сиёсатининг қурбонлари ташкил этади. Меҳнат мигрантлари ҳам шулар жумласидандир…

Ўз навбатида бугунги кунда яратилаётган тарихий, илмий асарларга мурожаат қилсак. Унга кўра, ўзбеклар ҳозирги Ўзбекистон чегарасидан ташқарида кеча ёки бугун эмас, балки бундан 4-5 аср илгари жойлашиб, яшай бошлагани, ўзбекларнинг халқ сифатида шаклланган ҳудуди ҳозирги Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан анчагина катта бўлгани аён бўлмоқда. Гарчанд, ўтмишни қайтариб, тарих ғилдирагини орқага айлантириб бўлмаса-да, илмий жиҳатдан исботланган бундай далилларни чегараю ҳудуд даъвоси тарзида эмас, балки ўтмишга оид тарихий ҳақиқатни айтиш учун келтириш сиёсий хато ҳисобланмаса керак. Зеро, биз ўзимизнинг жуда улкан ҳудудларда халқ бўлиб, миллат бўлиб шаклланганимизни, аждодларимиз, ота-боболаримиз ҳар хил қийинчиликларни мардонавор енгиб, бизни бугунги даражага етказганини асло унутмаслигимиз, ўз навбатида ўзбеклигимизни, ўзимизга ўзимиз беклигимизни Жириновский каби жирканчли шахслар ва бошқа калтабинларга билдириб қўйишимиз, ҳар қандай тақдирда ҳам катта авлод вакилларидан мерос қолган инсоний хислатларимизни топтамаслигимиз, миллатимизга хос ғурур ва шаънимизни бодном қилмаслигимиз лозимлигини асло унутмаслигимиз мақсадга мувофиқ.

Асил ЭЛЎҒЛИ 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чустдаги мактабда ишлаган аёллар ўқитувчи эмаслигини айтмоқда

Аввалроқ Наманган вилояти, Чуст шаҳридаги 9-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалганди.  Туман ҳокими ўринбосари ...

Тадбиркорнинг ҳафсаласини пир қилиш кимга керак бўлиб қолди?

Ғиждувонлик тадбиркор Акмалжон Ҳалимов эзгу ташаббусни илгари сурди, аммо кимлардир унинг ҳафсаласини пир қилди… Гап шундаки, у бундан 8 ой муқаддам туман марказида “Доно ...

Би-би-си меҳмони – ўзбекистон иқтисодиёти бўйича эксперт шермуҳаммад абдуллазода

Шермуҳаммад Абдуллазода Ўзбекистонда солиқ ва молия соҳалари бўйича узоқ йиллар ишлаган. Шермуҳаммад Абдуллазода 1966 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни олтин ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400